Янгиобод — шаҳардаги энг катта маҳаллалардан бири. Нуриддин ҳожи яқинда шу маҳалла масжидига имом бўлди. Масжиднинг қавми анчагина катта экан. Айниқса, ёшларнинг кўплиги кишини қувонтиради.

ТАҚДИР

Имом ўз одати бўйича эрталаб бомдоддан сўнг маҳалла кўчаларини яёв айланиб чиқар, эрта турган маҳалла аҳли билан салом-алик қилар ва айримлари билан суҳбатлашарди. Кун ёйилиб ҳамма кундалик юмушларига отлана бошлагач, Нуриддин ҳожи ҳам ишхонасига кириб, мутолаа ва ижод билан банд бўлар, у ёки бу масала юзасидан келган кишиларни қабул қилади.

Кунларнинг бирида чошгоҳ маҳали унинг қабулига ўттиз беш-қирқ ёшлар чамаси бир йигит кириб келди. Умиджон ташқи кўриниши ва кийинишидан ўзига тўқ, бироз димоғдор ҳам кўринар эди.

– Ассалому алайкум, домла, – деди Умиджон эшикдан кириши билан.

– Ва алайкум ассалом, келинг ука, марҳамат, – деди Нуриддин ҳожи ўрнидан туриб унга пешвоз чиқар экан ва «ўтиринг марҳамат» дея бўш курсини кўрсатди.

Умиджон ўтириб олгач, имом домла унинг рўпарасидан жой олди ва дуога қўл очиб, Яратгандан яхшилик тилади. Ҳол-аҳвол сўралгач «келинг, хизмат» деди Нуриддин ҳожи Умиджонга табассум билан боқиб.

– Домла ака, шу десангиз, дадамизнинг мазалари йўқ. Бир бориб ўқиб қўйсангиз. Шу ўзлари ҳам анча қийналиб қолдилар, бизлар ҳам уриниб қолдик, – деди охирги жумлаларининг ярмини ичига ютиб. Ва «уф» дея ўриндиқ суянчиғига оғирлигини ташлади.

– Ундай деманг ука, оғринманг, «уф» тортманг! Зеро ота-она ғанимат, уларни парвариш қилишимиз ва имкон қадар дуоларини олишимиз зарур.

– ...

– Онангиз ҳам ҳаётмилар, отан­гизнинг ёшлари нечада? – савол ташлади домла Умиджонга синчковлик билан қараб.

– Ҳа, онам ҳам бор, лекин аёл кишининг қўлидан нима ҳам келарди? Дадамнинг ёшлари саксонга бориб қолди, қаратмаган дўхтиримиз қолмади. Натижа йўқ. Келинингиз қаерда зўр фолбин эшитса, опам билан чопади. Миллионлаб пул сарфладим, аммо аҳвол ўша-ўша. Опам сизни «дами зўр мулла экан» деди. Нажот истаб чиқдим, мулла бобо, – деди Умиджон беўхшов тиржайиб.

– Манзилингизни қолдир­сангиз, ярим соатлар ичида чиқаман, – деди имом бу нусха билан ортиқча гаплашишни истамай.

Айтган манзилга етиб борган Нуриддин ҳожи ҳашаматли дарвозани тақиллатар экан, олдин бу кўчадан нима учун ўтмаганлиги ҳақида ўйларди. Ичкаридан одам оёғининг товуши эшитилди ва аёл кишининг «ҳозир» деган овози келди.

– Ассомайкум, мулла бобо! Келинг, ҳозир Умид акамни чақираман, – дедида жувон бурилиб орқасига қайтиб кетди.

Юзига алланималар чаплаб олган, спорт кийимидаги ярим яланғоч бу танноз ҳойнаҳой унинг хотини бўлса керак, деб ўйларди Нуриддин ҳожи. Аёлнинг кийиниши, ўзини тутишидан бу уйда бемор киши борлиги ва айниқса, бу касал ота эканлиги айни вақтда бу аёлнинг касалга қанчалик хизмат қилаётганлиги борасида кўп нарсани англади ҳамда чуқур мулоҳаза қилди.

– Келинг, домла ака, – деди Умиджон дарвозанинг кичик эшигини очар экан.

Ичкарига кирган Нуриддин бу ҳовли қанчалик ҳашаматли бўлмасин, қандайдир совуқ ва файзсиз эканлигини англади.

– Домла марҳамат, бир пиёла чой, – деди Умиджон имомни чорпояга таклиф этиб.

– Йўқ, иложи бўлса бемор ётган хонага бошласангиз, ке­йин чой бир гап бўлар, – деди Нуриддин унинг манзиратини қатъий рад этиб.

– Хўп-хўп, қани унда марҳамат, – деб ҳовли этаги томон бошлади.

Саккиз-ўн сотих келадиган ҳовлининг этак томонида солинган, лойсувоқли пастқамгина икки хонадан иборат ҳужрага кириши билан Нуриддиннинг кўнглини бу хонадан келаётган ёқимсиз зах ҳиди беҳузур қилди.

– Ассалому алайкум, – деб ичкари киришди. Во ажаб, тўшакда ётган отахон ва ёнида ўтирган муштипар онанинг юзларидан нур ёғиларди. Отахон ётган эски диван униқиб қолган, тўшаклар ва гиламлар ҳам анча эскилиги шундай кўриниб турарди. Беморнинг устидаги ки­йим-бошлари, кўрпа-тўшаклари ҳам бир аҳволда. Умиджон, унинг аёли ва уларнинг ҳовли жойларига мутлоқо мос эмасди.

– Келинг болам, келинг, – деб ўрнидан қўзғалган онахон тахмондан кўрпача олиб тўшади.

Бемор кўзини зўрға очиб, Нуриддинга боқди ва қаддини ростлашга ҳаракат қилди.

– Ота безовта бўлманг, бемалол ётинг, мен шу ерда ўтираман, – дедида, онахон тўшаган кўрпачага ўтирганича дуога қўл очиб Яратгандан шифо тилади.

– Яна полбинми? – деди ота зўрға инграганича норози оҳангда.

– Ҳа, йўқ. Бу киши ўзимизнинг мулла бобо, дами ўткир экан. Умиджон чақирган-да, – деди онахон беморнинг юзига яқин келиб хижолатомуз.

Бу ҳолатни тик турганча кузатиб, айни вақтда афтини бужмайтириб турган Умиджонга «ўтиринг» ишорасини қилган имом домла гап бошлади:

– Отахон, мен яқинда маҳалламиз жомеъсига имом бўлиб келдим. Авваламбор шифо Аллоҳдан. Биз эса баҳоли қудрат Яратганнинг каломидан тиловат қилиб, унинг ҳурматидан шифо ва офият сўраймиз. Ўрни келганда айтиб ўтишим жоизки, фолбин ва қўшночларга бориш, уларнинг айтганларига ишониш ва буюрганларини қилиш ўта оғир гуноҳдир, – деди имом домла босиқлик билан.

Шундан сўнг домла Қуръони карим оятларидан узоқ тиловат қилди ва Яратгандан беморга шифо, унинг яқинларига инсофу тавфиқ тилаб дуолар қилди.

– Иложи бўлса, беморни бошқа кенг ва ёруғроқ хонага кўчиринг. Хонанинг ҳавосини доимо тоза тутинг. Отангизни ювинтиринг, тоза кийим-бошларини кийгизиб, ўзлари истаган таомларни беринг. Шифокорларни чақириб, уларнинг айтганини қилинг. Яна айтаман ҳеч қандай фолбину қўшночга борманг ва уларнинг ёлғонларига учиб гуноҳга ботманг. Шифо ёлғиз Аллоҳдан, – деди Нуриддин ҳожи Умиджонга юзланиб.

Айни дамда Умиджоннинг юзида қандайдир совуққонлик ва бефарқлик акс этган, унинг ботинида нима кечаётганлиги ёлғиз ўзига ва Яратганга аён, зоҳирида имом домланинг гапларидан тўғри хулосалар қилаётганлиги ва мавжуд ҳолатдан ўзини ноқулай сезаётганлигини кўриш амримаҳол эди.

Имом хайр-хушлашиб ҳовлига чиққанида Умиджоннинг кечирим сўрашини, отасига у айтганидек, балки ундан ҳам яхши қарашини айтиб хижолатда эканлигига иқрор бўлишини кутди. Афсус, минг афсуски унинг ўйлагани содир бўлмади.

Ортидан халлослаганича етиб келган Умиджон домланинг сўнгги умидини ҳам чилпарчин қилди.

– Домла кечирасиз, сиз масжидда бўласизми? – деди у.

– Ҳа, нимайди, – деди домла ундан бирон-бир жўяли гап кутиб.

– Шу... мен... ҳалиги... нима десам экан, ҳалиги қабр ковлаш­га одам қўйдим. Эҳтиёт шарт, мабодо бирон кор-ҳол бўлса... шунга... Барибир нима дейди, ҳалиги айтишадику... «пишган ош»да, домла, – деди тутила-тутила.

– Яхши ният қилинг, Умид­жон. Отангизга қабр ковлатгандан кўра Яратгандан шифо сўранг ва менинг айтганларим­ни қилинг. Отангиз сизга яхши умидлар билан Умиджон деб яхши исм қўйган эканлар. Вақт ғанимат хизматларини қилиб, дуоларини олиб қолинг, – деди киноя билан.

– Хўп-хўп домлажон, мана буни олиб қўйинг, – деди унинг қўлига бир тахлам пул узатар экан.

– Пулингизни ота-онангизга сарфланг. Шуни билингки, пул ҳамма нарсани ҳам ҳал қилмайди. Пулга топилмайдиган кўп нарсалар бор, кечикиб афсусланиб қолманг, саломат бўлинг, – деди-да дарвозадан чиқиб масжид томон юрди.

Нуриддин ҳожи йўлда борар экан, Умиджон, унинг аёли ва у каби инсонларнинг кам бўлса-да жамиятда мавжудлиги, уларда инсонийлик фазилатларининг пастлиги, меҳр-оқибатларининг йўқлигидан ўкинди. Уларнинг ҳамма нарсани пул билан ўлчаши, ўткинчи дунё ялтур-юлтурларига ортиқча ружу қўяётганликлари ва бунинг натижасида ҳар қандай қабиҳ ишларга ҳам тайёр эканликлари ҳақида ўйларди. Айни дамда Умиджон каби меҳрсиз одамларнинг пайдо бўлиши, уларнинг тарбиясида имомларнинг ўрни ҳақида мулоҳаза қилди. Ўзининг ишларидан ҳар доимгидек қониқмас, ҳали қилиниши лозим бўлган ишлари кўплигини англади. У йўл-йўлакай маҳалла оқсоқолига учрашиб, Умиджон ва унинг ота-онаси ҳақида сўраб суриштириб билди-да, масжидга етиб келди.

Эртаси куни маҳалла ходими келиб имом домлага кечаги хонадонда жаноза бўлганлиги ва аср намозидан кейин жаноза масжидда ўқилиши ҳақида айтганида, домла юзига фотиҳа тортиб, отахоннинг охиратини сўради.

Жанозада кўп одам йиғилди. Нуриддин домла ўртага чиқиб, «Соҳиби майит келсинлар», – дедида атрофга боқиб Умид­жонни қидира бошлади. Шу вақт ўртага тўн кийиб белини боғлаган ўн беш-ўн олти ёшлар чамасидаги ўспирин йигитча пиқ-пиқ этиб йиғлаганича чиқиб келди.

– Дадангиз қани болам, – деди домла йигитчани Умиджонни ўғли эканлигини тахмин қилиб.

– Дадам... дадам, – дея хўрсинганича гапиролмасдан тобут томон ишора қилди бола.

Ниманидир англагандай бўлган имом домла воқеага янада ойдинлик киритиб олиш мақсадида олдинги сафда турган маҳалла раисига юзланди.

– Узр домла, мен хабарингиз бор, деб ўйлабман, ходимим сизга батафсил айтмаган кўринади. Ҳа, афсуски тобутдаги Умиджон, Аллоҳнинг иродаси, тақдир экан, – дедида қайтиб сафга турди.

Анча ўйланиб, тараддудланиб қолган бўлса ҳам тажрибали домла куни кеча Умиджоннинг хонадонида бўлиб ўтган воқеани хаёлидан ўтказиб олдида, марҳумнинг ўғли билан шариат юзасидан суҳбат ўтказиб, сафга туришга буюрди.

Жаноза намозидан олдин дом­ла ўлим ҳақ эканлиги, ким олдин ўлиши ёки кейинга қолишини фақатгина Аллоҳ билиши, шунингдек, ота-онанинг фарзандларидаги ҳақлари, фарзандларининг бурч ва масъулияти ҳақида Қуръони карим оятлари ҳамда саҳиҳ ҳадислардан келтириб, маъруза қилди. Сўнг марҳумнинг ҳақига хайри дуо­лар қилиниб, жаноза намози адо этилди...

 

Қаюм СОБИРОВ,

Самарқанд.

2019 йил, Рамазон ойи




Ўхшаш мақолалар

ТАҚДИР

ТАҚДИР

🕔11:37, 28.06.2019 ✔85

Янгиобод — шаҳардаги энг катта маҳаллалардан бири. Нуриддин ҳожи яқинда шу маҳалла масжидига имом бўлди. Масжиднинг қавми анчагина катта экан. Айниқса, ёшларнинг кўплиги кишини қувонтиради.

Батафсил
Қўшнининг қадами узилса...

Қўшнининг қадами узилса...

🕔11:23, 14.06.2019 ✔89

Бувимнинг узун қиш тунларию, илиқ шабада эсиб турган ёз кечаларида айтиб берган хотираларини эсласам бир нафасга бўлса ҳам яна ўша кунларга қайтгандек бўламан.

Батафсил
Шукрона

Шукрона

🕔11:21, 14.06.2019 ✔96

Узоқ қариндошимизникига меҳмонга бордик. Бизни тўрт киши ўтирган хонага олиб киришди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ТАҚДИР

    ТАҚДИР

    Янгиобод — шаҳардаги энг катта маҳаллалардан бири. Нуриддин ҳожи яқинда шу маҳалла масжидига имом бўлди. Масжиднинг қавми анчагина катта экан. Айниқса, ёшларнинг кўплиги кишини қувонтиради.

    ✔ 85    🕔 11:37, 28.06.2019
  • Қўшнининг қадами узилса...

    Қўшнининг қадами узилса...

    Бувимнинг узун қиш тунларию, илиқ шабада эсиб турган ёз кечаларида айтиб берган хотираларини эсласам бир нафасга бўлса ҳам яна ўша кунларга қайтгандек бўламан.

    ✔ 89    🕔 11:23, 14.06.2019
  • Шукрона

    Шукрона

    Узоқ қариндошимизникига меҳмонга бордик. Бизни тўрт киши ўтирган хонага олиб киришди.

    ✔ 96    🕔 11:21, 14.06.2019
  • Она кимни кўпроқ  яхши  кўради?

    Она кимни кўпроқ яхши кўради?

    Оила дастурхон атрофида жам бўлди. Аёл боши билан уч ўғил ва уч келиннинг бошини бирлаштириб, қарилик гаштини суриб юрган Соҳиба ая дастурхонга келтирилган таомни бошлаб бергач, ҳамма овқатга қўл узатди.

    ✔ 141    🕔 11:20, 14.06.2019
  • Хасбобо

    Хасбобо

    Бундан эллик йилча олдин Ғиждувон тумани қишлоқларидан бирида бир бобой бўларди. Ўша қишлоқда онамнинг холалари яшар ва шу қишлоққа биз онам билан тез-тез меҳмонга бориб турардик.

    ✔ 126    🕔 15:30, 07.06.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар