Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Карим БАҲРИЕВ: «БИР ҚОШИҚ ҚОНИМДАН КЕЧИНГ, РОСТИНИ АЙТАМАН...»

Рост ва эркин сўзни етказишдаги жасорат ҳамда бу йўлни шарафли қисмат деб билиш жуда кам инсонга насиб қиладиган саодатдир. Шоир, таржимон, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси каби бир неча соҳаларда чинакам фаолият юритиб келаётган Карим Баҳриев худди ана шундай инсонлардан бири.

Карим БАҲРИЕВ: «БИР ҚОШИҚ ҚОНИМДАН КЕЧИНГ, РОСТИНИ АЙТАМАН...»

27 июнь — Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан уюштирган суҳбатимиз бугунги журналистика, газеталар тақдири ҳақида бўлди.

Журналистика соҳасига доир барча мақолаларингиз ва китобларингиз соҳани қадди ва қадрини кўтаришга қаратилган. Биз Сизни узоқ йиллар шу соҳада жонкуярлик қилиб келаётган мутахассис, фидойи журналист, ўз эркин фикри ва мустақил қарашларига эга ижодкор сифатида биламиз. Айтинг-чи, бизда журналистикани журналист шахслар ислоҳ эта оладими? Ёки бунинг учун давлатнинг ислоҳотчилиги зарурми?

— Келинг, гапни индаллосидан бошлай қолайлик. Оммавий ахборот воситалари шунчаки бир оддий соҳа эмас, у давлатдаги Конституциявий институтдир, яъни унга Асосий Қонунимизда алоҳида боб ажратилган. Миллионлаб пахтакорларга, юз минглаб тужжорларга, миллионлаб ишчиларга, мардикорларга, банкирларга, сартарошларга ва бошқаларга ажратилмаган.

Мамлакатда бир ярим мингга яқин оммавий ахборот воситаси бор, холос ва уларда, нари борса, ўн минг киши ишлайди. Шу ўн минг киши Ўзбекистоннинг халқаро мажбурияти ва Конституцияси қатор моддаларида бўлган ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини амалга оширадиган мўътабар касб эгаларидир. Дейлик, инсон сиёсий ҳуқуқлардан бўлган сайлов ҳуқуқига 18 ёшдан эга бўлади. Эътиқод эркинлигига, ахборот ҳуқуқига энди туғилган гўдаклигидан то сўнгги лаҳзасигача ҳамиша эгадир. Бу ҳуқуқларнинг рўёби оммавий ахборот воситалари ва журналистларга дахлдордир.

Журналистикамизнинг аҳволи, фаолият шартлари ва ислоҳ этилиши масалаларига келсак, давлат томонидан, албатта, аввало сиёсий ирода зарур, яъни давлат ҳокимияти бир фикрда қатъий бўла олиши керакки, журналистлар «камчилик топиб, юртни шарманда қиладиган»лар эмас, улар камчиликларни топиб, ошкор қилар экан, юртни камчиликларсиз, мукаммал бўлишига хизмат қиладилар, инсонларнинг конституциявий ҳуқуқини юзага чиқариш, камчиликларни тузатишига, коррупция каби иллатларнинг жиловланишига, ижтимоий адолатга хизмат қилиш билан ижтимоий бўҳронларнинг ҳам олдини оладилар. Шоиримиз айтгани каби: «Ёлғоннинг тахтдаги минг йил даврони Ҳақиқат айтилган бир дамча бўлмас».

Отам айтиб берган қадимий достон ва ривоятларда ҳар гал подшоҳ атрофдагилардан бир нарса сўраса, аҳли аъёнлар, итоатдагилар: «Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, бир гап айтаман...», – дердилар. Бугун ўйлаб қарасам, бу ҳақиқатни айтишим мумкин, фақат қонимни тўкмасангиз, ростини гапирганим ўз бошимга бало бўлмасайди, дегани экан. Мамлакатда сўз эркинлиги ҳақида минглаб гаплар айтилиши, том-том қонунлар қабул қилиниши мумкин, лекин ростини ёзган бир одам ноҳақ жабрланса, одамларнинг кўз ўнгида ҳам, журналистларнинг кўз ўнгида ҳам шу тақдир туради ва улар жимликка чўкадилар.

— Журналистика соҳасидаги муаммоларнинг бир учи кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ. Сизнингча, журналист кадрларни тайёрлашда қандай йўл тутилса, ўзбек журналистикаси жаҳон журналистикаси билан бўйлаша оладиган даражага етади?

— Журналист ва умуман ижодкор учун учта нарса керак – жасорат, маҳорат ва маърифат. Журналист тайёрлайдиган олий даргоҳлар ёки мактаблар ана шу уч фазилатни сингдириши керак. Нега мен жасоратни биринчи ўринга қўяман, чунки ҳамма нарсани биладиган, етарлича маърифатли ва яхши айтиб, яхши ёза оладиган одамлар ҳам жасорати, жўмардлиги бўлмагани учун жим ўтираверади. Қолаверса, жасорати бор инсоннинг жувонмардлиги унинг ёзишига ҳам таъсир ўтказади, шунинг учун журналист аввало жасур бўлиши керак. Жасур бўлса-ю, маҳорати бўлмаса, фикрини етказа олмайди, қизиқарли ёза олмайди, ичидагини одамларнинг қалбига бевосита етадиган қилиб ёзолмайди, шунчаки ё минғирлайди, ё шовқин солади, холос. Маърифат журналистга кенг мушоҳада юритиш, илмни эгаллаш, рост ва ёлғонни ажратиш, ички бир маданиятга эга бўлиш учун керак. Тўпориликни ўқувчилар ҳазм қила олмайди.

Ўқиш амалиёт билан боғланган бўлиши лозим. Таълим ҳаётдан узилмаслиги керак, назарий билимлар, юксак хаёлларга тўла толиби илм ўқув хонасидан ташқаридаги гўзал ва айни пайтда, даҳшатли, адолат ҳамиша ҳам қарор топмайдиган, яшаш учун кураш бораётган ҳаётни ҳар зум кўз ўнгида тутиши, ҳалокунинг итидай сарсон юрган қавмини билиши, унинг дардини ҳис этиши шарт.

Қолаверса, бугун журналистика мактабларида оқсаётган нарса ҳуқуқий билимга эътибор йўқлигидир. Бу касбнинг остида, замирида, аввал таъкидлаганимиздек, муҳташам халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Конституция ва ўнлаб қонунлар ҳамда юзлаб қонуности меъёрий ҳужжатлар ётади. Бу меъёрлардаги нозик жиҳатларни йиллаб ўрганиш мумкин. Ахборот ҳуқуқи ва касб этикаси борасида факультетлараро кафедралар зарурдир.

Бир куни халқаро бир анжуманда ўзбек журналистлари: «Бизга грант беринглар, биз коррупцияга, мафияга қарши курашамиз», – деганида, италиялик журналист дўстимиз: «Сал пастга тушинглар, мафияни фош этишга оғизларингни гапга жуфтлаганларинг заҳоти ўзларингни бўғизланган ҳолда бирор хандақдан топасиз, коррупцияга қарши гап бошлашингиз билан, омадингиз бўлса, бирор сохта айб билан ўзингизни қамоқхонада кўрасиз... Яхшиси, коммунал хўжалик камчиликлари, иссиқ-совуқ сув ва газ муаммосидан бошлаб кўринглар», – деди.

Узоқ йиллар сўз эркинлиги йўқ эди, лекин мажбурий обуна бор эди. Газеталарда танқид йўқ эди, мабодо танқид бўлиб қолса, тепадан аллақачон дўппослашга розилик берилган соҳа ёки амалдор танқид қилинарди. Цензуранинг хотиржамлиги шу эдики, тепадан кўриб берилган ва ўтказилган газета, эшиттириш ёки кўрсатувнинг бутун масъулияти ҳам кўриб берганларда эди.

Бугун, ниҳоят, янги ислоҳотлар умидида сўз эркинлиги сари қадамлар қўйила бошлади. Энди газеталар тиражини ошириш учун ўқувчини кўнглига кириши, рост сўзни ёзиши керак бўлмоқда ва энди бунинг масъулияти ҳам пайдо бўлди. Аста-секин журналистларни ва оммавий ахборот воситаларини судга бериш, муҳокама қилиш бошланди. Шунинг учун журналистларнинг институтдаёқ ҳуқуқий онги муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

— Ҳозирда матбуотда кўтариб чиқилаётган бирон танқидий масалага масъуллар жавоб ё муносабат билдирмайди. Ёки шунча катта ислоҳотлар қилинаётган бир пайтда шу арзимаган нарсаларни ёзиш шартми, қабилида қарайди.

Айрим раҳбарлар ўз фаолияти матбуотда танқид қилинса ҳам қилт этмайдиган даражада бети қаттиқлашиб кетганми ёки бугун матбуотимиз сўзининг таъсири пасайиб кетяптими?

— Биз шўро давридаги матбуотнинг таъсирини қўмсамаслигимиз керак. Ўша пайтда бирор танқидий мақола чиқса, кимдир ишдан кетган, деймиз. Бунга фавқулодда воқеа тарзида қараймиз. Бугун нега танқид қилинган амалдор жойида қилт этмай турибди, деймиз. Аслида бугун ҳам матбуотда кўтарилган масалалар ечилаётган, амалдорлар жазоланаётган ходисалар бор. Бунга кўпроқ электрон ахборот воситалари эришмоқда. Масалан, фермерларни сувга туширган Бош вазир ўринбосари ишдан олинди. Самарқандда мактаб ўқитувчиларини йўл тозалашга олиб чиққан туман халқ таълими бўлими бошлиғи ишдан кетди. Бу каби мисоллар кунора юз бермоқда.

Афсуски, давлат муассислигидаги нашрлар ҳали кибру ҳаво билан: «Биз жиддий ҳукумат газетасимиз ёки давлат телекомпаниясимиз, биз олди-қочди гапларни чиқармаймиз, деб, ҳали ҳам мақтовни авжга чиқармоқдалар. Чунки уларнинг обунасини таъминлаб берган идоралар мақтаб беришларини истайди.

Ҳозир бир матнни келтираман:

«Хорижий, мухолиф ва танқидий кайфиятдаги бошқа ОАВларга бўлган муносабатимизни кўриб чиқиш ва ўзгартиш вақти келди. Уларнинг танқидий мақолаларини бизнинг камчилик ва муаммоларимизни кўрсатувчи кўзгу деб қабул қилишимиз керак. Улар бизнинг мамлакатимизга таҳдид солишмайди, аксинча, муаммоларни топиш ва бартараф қилишга ёрдам беришади. Мен, масалан, мамлакатдаги ҳақиқий аҳвол ҳақида сизларнинг ҳашамдор ҳисоботларингиздан кўра, «Озодлик» радиоси, «Би-Би-Си» ва баъзи мухолифат сайтларидан, шунингдек ижтимоий тармоқлардан биламан. Шунинг учун ҳар доим қайтараман, сизлар мени алдай олмайсизлар...»

Буни ким айтган деб ўйлайсиз?

Бу – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев­­нинг сўзларидир.

Энди сезгандирсиз, кўпсонли газета ва журналларимизни эмас, ижтимоий тармоқлар ва хорижий мухолиф сайтларни юрт раҳбари ўқишини айтгани учун амалдорлар айнан шу ахборот воситаларидаги чиқишларга жавоб бермоқдалар.

Биз ҳам ўз нашрларимизни тишли-тирноқли қилсак, ижтимоий фикрга таъсир ўтказадиган даражада ростлигимиз билан мартаба қозонсак, албатта, мақолаларимизга амалдорлар эътибор қилишга мажбур бўлади. Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганлари каби: «Ҳақ берилмас, олинур!» Мансабдорлар ижтимоий фикрдан ва шу фикрни шакллантиришга қодир журналистдангина қўрқадилар.

— «Пулини тўлаган мусиқани буюртма қилади» дейишади. Бугун журналистикамиз, матбуотимизда кузатилаётган мана шундай ҳолатга барҳам бериш, чинакам ошкора ва демократик матбуотга эришиш йўли нимада деб ўйлайсиз?

— Сиз орзу қилаётган демократик матбуот жамиятдаги камчиликларни аёвсиз танқид қилади, лекин бу шунчаки фидойилик эмас. У халқ ғамини ҳам бекорга емайди, албатта. Зеро, у ҳақиқатни ёзмаса, машҳур газета чиқаролмайди, ўқувчисини кўпайтиролмайди. Ўқувчиси кўпаймаса, кўп тиражда чоп этилмаса, ҳеч ким реклама бермайди. Реклама беришмаса, молиявий аҳволи оғирлашади, инқирозга учрайди, тўхтаб қолади.

Биз ижодий жамоанинг муассисга қарамлигидан таҳликадамиз. Демократик жамият бўлса, бунақа таҳлика бўлмайди. Шубҳалар замирида биз барпо этишга интилаётган, лекин ҳали қуролмаган демократик жамиятнинг ва бозор иқтисодиётининг реалликларини билмаслик ётади. Модомики, газета кўпсонли халқ манфаатларини ифода қилароқ машҳур бўлган ва фойда топаётган экан, уни сотиб олган сармоядор газетанинг сиёсий, ижтимоий ва маънавий йўналишини ўзгартиришдан манфаатдор эмас, мабодо шундай қилса, у ҳаққоний сармоядор эмас. Агар газетанинг йўналиши ўзгарса, халқ уни ўқимай қўяди, газетанинг ўқувчиси камаяди ва натижада, у фойда келтирмай қолади.

Мисол учун айтиб ўтайлик, маълумки, яқин-яқингача Италиянинг Бош вазири лавозимида ишлаган Силвио Берлусконни аслида қатор телеканалларнинг, газета ва журналларнинг, бошқа оммавий ахборот воситаларининг мулкдори, эгаси ҳамдир. У Бош вазир лавозимини эгаллагач, ўз телеканалларининг, газета ва журналларининг оғзини беркитмади, унинг сиёсатини мақташларини талаб қилмади, чунки агар ушбу оммавий ахборот воситалари йиллар бўйи шаклланган йўналишларини ўзгартирганларида, лаганбардорлик, маддоҳлик йўлига ўтганларида бир неча кундаёқ ўз мухлисларидан ажралган бўлардилар (бошқа мамлакатларда биздагидек ярим йил-бир йилга тайин обуна бўлиш, яъни ҳали қандай чиқиши номаълум нарсага пул тўлаб қўйиш йўқ ҳисоби, газетхонлар газетани ҳар куни сотиб оладилар ёки агар ёқмаса, олмайдилар — уларнинг меҳри ёки нафрати натижаси тезда кўринади), оқибатда Берлусконни хонавайрон бўлиб қоларди.

Шунинг учун Берлусконнининг Бош вазирлик пайтида ҳам барча оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, унинг газета ва журналлари ҳам ҳукумат сиёсатининг хато ва камчиликларини ёритиб турдилар, зеро демократик давлатларда матбуотнинг ана шу «кўз-қулоқ»лиги ҳукуматни айнишдан, турғунликдан, таназзулдан сақлайди, бу билан халққа ҳам, ҳукуматга ҳам, давлатга ҳам фойда келтиради. Шунинг учун демократик давлатларнинг раҳбарлари ҳам, фуқаролари ҳам эркин матбуотни қўллаб-қувватлайдилар, керак бўлса, ҳимоя ҳам қиладилар.

Матбуотни демократлаштириш учун бизда нималар қилмоқ керак? Менинг фикримча, бу масала қатор шарт-шароитларга боғлиқдир. Биринчидан, сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи жаҳоний мезонларга мос қонунларнинг мавжудлиги, яъни ҳуқуқий асос мустаҳкамлиги шарт. Иккинчидан, ушбу қонунларнинг қоғоздагина эмас, ҳаётда ҳам амал қилинишини таъминлаш зарур. Учинчидан, эркин фикрни чоп этишга чоғланган оммавий ахборот воситалари молиявий қувватга — иқтисодий асосга эга бўлиши ва бунинг учун ҳурфикрли, бозор шароитларига, сезгир, қобилиятли ходимларга ва омма истаётган ҳаққоний мулоҳазаларини чоп этиш натижасида уни пул билан таъминлайдиган обуначилари сонини ошириш имконига эга бўлиши лозим.

Менинг назаримда, матбуотни демократлаштириш жамиятни демократлаштириш билан чамбарчас боғлиқ жараёндир, яъни тоталитар жамиятда демократик матбуот бўлмайди, худди шунингдек, демократик жамиятда матбуот ибтидоий қолишининг иложи йўқ. Жамият демократлашмасдан туриб, унинг ичидаги матбуот демократлаша олмайди, матбуотики демократик бўлмас экан, жамиятни демократик, деб аташ ҳам ноўриндир.

— Нима деб ўйлайсиз, ўзбек журналистикаси чинакам журналистикага айланиши учун бизда нима етишмаяпти?

— Чинакам журналистлар Мағрибда, Машриқда ҳам бор. Бу журналистлар — дунё ва ўз мамлакатлари учун энг муҳим ҳақиқатларни айтган ҳамда шунинг учун ўлимга ва азобга тик борганлар. Уларнинг қанчаси фожиали, яна қанчаси «тасодифий фалокатлар» оқибатида қурбон бўлмоқда.

Биласизки, глобаллашув асри дунё халқларини бир-бирига яқинлаштиргани баробарида жиноятчи ва коррупционерларни ҳам глобаллаштирди. Дейлик, бир давлатдаги, масалан, Ўзбекистондаги порахўр, коррупционер топган ҳаром пулларига Швейцария ва Англиядан уй сотиб олади, Малтада ва Дубайда офшор зоналарига пул жойлаштиради. Ватанида вазирнинг ойлиги 300 доллар бўлгани ҳолда, 300 миллион долларлик заводни сотиб олса ёки қурса ёхуд 600 миллион долларга «сити»лар барпо этса, халқ бойликнинг манбасини сўраши мумкин. Шунинг учун у Англияда фирма очади, пулни аввал у ерга ҳайдайди ва кейин «тендер»да ютган «хорижлик сармоядор» сифатида ўз юртидаги завод-фабрикаларни сотиб ола бошлайди. Топган фойдасини олис ороллардаги офшор зоналарга беркитади. Буни фош қилмоқчи бўлган ўзбек журналисти мамлакатма-мамлакат юриб, бу жиноятларни очишга вақти, имкони ва маблағи бўлмайди. Шунинг учун журналистларнинг коррупцияга қарши давлатлараро уюшмалари, текширувчи гуруҳлари ташкил топди. Мана, «Панама ёзишмалари» деган ходисадан хабарингиз бор — дунёда амалда турган кўплаб амалдорлар, президентлар, вазирлар, бойларнинг маблағлари яширинган манзилларни ошкор қилди. Бу фош этилган исму шарифлар ичида Ўзбекистондан бўлганлари ҳам бор. Бу фош этувчи гуруҳда турли мамлакатларнинг журналистлари бирлашган ва улар бир иш бўйича барча мамлакатларда бир вақтнинг ўзида фаолият юритади. Ана шундай жасур ва ўктам журналистика билан ўзбек журналистикасини солиштирганда... нима дейиш мумкин?!

Шарқ матбуоти («шарқона» ва «ғарбона» ажратишларимиз шартли, албатта) кўпинча эзгу ишларни ахтаради, ижобий томонларни топиб, мақтаб туради, яъни: «Яхшилик кўпроқ бўлсин!» ғарб матбуоти асосан негатив излайди, иллатларни топиб, фош қилади, яъни: «Ёмонлик камроқ бўлсин!» Иккиси ҳам тамойил сифатида тўғридир. Сир-синоат шундаки, ғарб матбуоти самаралироқ, чунки эзгулик мақтовга муҳтож эмас, ёвузлик эса доимий назорат остида бўлиши керак. Шунинг учун биз мақтаб, кўпиртирган билан эзгулик кўпаймайди, улар танқид қилгани сари ёмонлик, ёвузлик камаяди, билъакс, ғарбона демократик журналистлар фаолияти шунинг учун самаралироқдир.

Иссиқ-совуқ сув ёки қайнона-келин муаммосини ёзиш даражасида турган, ҳали катта муаммоларни кўндаланг қўйишга юраги дов бермаётган журналистикамизни кўтаришнинг қатор йўллари бор — булар ОАВ ҳуқуқий асосларини чинакам такомиллаштириш, қонунларни амал қилишига эришиш, мустақил ва ҳалол суд тизимини барпо этиш, ОАВ бизнесидаги чекловларни либераллаштириш, халқаро ташкилотларни Ўзбекистонга қайтариш, сўз эркинлиги билан бирга сўз айтганларнинг эркинлигини ҳимоя қилиш лозимдир. Энг муҳими сиёсий ирода керак.

Бугунги биз билган «Озодлик», «Америка овози» ё ВВС ўзбек хизматининг журналистлари ўзимизнинг Тошкент давлат университети талбаларидир. Зарур муҳитда улар дунёвий стандартларга мос журналистикада пешқадам ишламоқдалар.

Шундай бир ҳикмат бор: «Машинани ичига ўтириб, бошқариш учун тажрибали ҳайдовчи керак, лекин машинанинг ичига ўтириб, бошқармасдан туриб, тажриба орттириш мумкин эмас». Худди шундай тажрибали журналистлар етишиши учун, оммавий ахборот воситалари кучли бўлиши, дунё станлартларига чиқиши учун сўз эркинлигига чидайдиган тузум, ахборот низоларини одил ҳал қиладиган мустақил суд тизими, халқаро ҳуқуққа мос миллий қонунчилик ва ҳалол амалиёт лозим.

— Бир вақтлар ҳеч қаердан ҳеч бир ташкилот маълумот бермаса ҳам сиз «Ой бориб, омон қайтмаган болам» мақолангиз билан ўткир муаммони яққол очиб бергансиз. Бугун баъзан мақолаларда статискадан нарига ўтилмайди. Нима учун шундай дардли чиқишлар кам ёки бундай чиқишларга ҳозир талаб йўқми?

— Албатта, бизни у замонлар оёққа қалқитган нарса ижтимоий дард эди, миллий дард эди. Эзилган халқнинг дарди эди. Қалбдан чиққан сўз қалбларга боради. Тилнинг учидан чиққан ҳиссиз сўз қулоқдан нарига ўтмайди.

Бугун технократлар замони ва юксак технологиялар асри. Қалбга, дардга ўрин йўқдай. Алберт Эйнштейн келажакни кўргандай башорат қилганди: «Ҳали юксак технологиялар даври келади ва тентаклар авлоди пайдо бўлади». Олим айтмоқчики, технологиялар ҳамма ишни қилавергач, мия ишламай қолади, чунки бармоқда санаб ҳисоблашни ўрганган бола математикани билади, лекин ҳамма ҳисобни калькуляторда қиладиган болага қийналиб ҳисоблаш керак бўлмай қолади, тафаккур сўнади, унинг мияси танбаллашади. Бу фожиадир.

Журналистикага келсак, бугун ҳам «дардли журналистика» бор, лекин бу юрт дарди, дин дарди, халқ дарди эмас. Бу маиший дардлар журналистикасидир. Лотин Америкаси ё ҳинд сериалларига монанд журналистикадир.

Мен нимани назарда тутганман?! Болалигимда кўчада ўйнаб юрганимизда бир тиламчи келиб қолди ва биздан кўчамиздаги одамлар тўғрисида секин суриштирди. Кимнинг боласи армиядалиги-ю қайси хонадонда бемор киши борлиги, кимнинг ҳомиладорлигини сўраб олди. Кейин боласи ҳарбийда бўлган кишининг дарвозаси олдида: «Армиядагилар эсон-омон қайтсин», нарироқдаги касали бор ҳовли эшигида: «Аллоҳ, беморларга шифо берсин», учинчи фарзандсиз келини бор ҳовли олдида: «Орзумандларга худо қўчқордай ўғил берсин», – деб хиргойи қилди. Оғриқ еридан «тутиб олинган» кишилар унга пул-мул чиқариб тутишди. Журналистикамизда ҳам онаси ташлаб кетган бир болани, қайнонаси ҳайдаган келинни, болалари қарамай қўйган қарияни олиб чиқиб қўйиб йиғлатишдан, шунинг натижасида одамларнинг дийдаси юмшашидан, обрў орттиришдан умидвор журналистика пайдо бўлган. Мен дадил, ўктам, юрт ва миллат эгаси бўлган журналистика тарафдориман.

 Карим БАҲРИЕВ Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети рус филологияси факультетида ва Михаил Ломоносов номидаги Москва давлат университети журналистика факультетида таҳсил олган. «Ўзбекистон адабиёти ва саньати», «Маьрифат» ва бошқа газета ва журналларда фаолият юритган. «Ҳуррият» газетасининг биринчи бош муҳаррири. Ўзбекистон халқ депутати сифатида мамлакат парламентида фаолият юритган.

Карим Баҳриев «Сабр косасининг синиқлари», «Томчидил» шеърий китобларининг, «Демократия ва инсон ҳуқуқлари», «Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти», «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари» номли ўзбек тилидаги илмий-оммабоп китоблар, «ОАВ ва сайловлар» ҳамда «СМИ и выборы» номли ўзбек ва рус тилидаги қўлланма, «Сўз эркинлиги ҳақида сўз» номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги сиёсий-ижтимоий китоб, қатор танқидий-таҳлилий мақолалар муаллифи ҳисобланади.

 

Ғулом БОБОЖОНОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

🕔17:26, 13.12.2019 ✔2

Бугунги кунда фуқаролар жойларда бўлаётган турли қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўринли равишда шикоятлар билан мурожаат қилишмоқда. Уларни ўрганиб чиққанимизда фуқаролар талаби асоссиз эмаслиги маълум бўлди. 

Батафсил
ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

🕔17:25, 13.12.2019 ✔2

Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади, деганда ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамиз. Аммо оилада ҳар бир ота-она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга бугун на ота-она, на атрофдагилар аниқ бир жавоб бера оляпти. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак.

Батафсил
«БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

«БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

🕔11:18, 10.12.2019 ✔140

ёки замонавий судхўрлик феномени 

«Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

    ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

    Бугунги кунда фуқаролар жойларда бўлаётган турли қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўринли равишда шикоятлар билан мурожаат қилишмоқда. Уларни ўрганиб чиққанимизда фуқаролар талаби асоссиз эмаслиги маълум бўлди. 

    ✔ 2    🕔 17:26, 13.12.2019
  • ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

    ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

    Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади, деганда ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамиз. Аммо оилада ҳар бир ота-она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга бугун на ота-она, на атрофдагилар аниқ бир жавоб бера оляпти. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак.

    ✔ 2    🕔 17:25, 13.12.2019
  • «БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    «БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    ёки замонавий судхўрлик феномени 

    «Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

    ✔ 140    🕔 11:18, 10.12.2019
  • ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    иқтидор ва қобилиятни юзага чиқариш осон эмас. Бу ўқитувчидан катта маҳоратни, ўқувчидан, айни вақтда унинг ота-онасидан улкан матонатни талаб этади. Жамиятдаги ҳар бир ўзгариш ҳам, биз катта умид билан кўз тикаётган ислоҳотлар ҳам шунга боғлиқ аслида.
     

    ✔ 142    🕔 11:16, 10.12.2019
  • ДАВЛАТ  БЮДЖЕТИ  ҲАҚИДА ЎЙЛАР

    ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

    Бу ҳақида ошкора маълумот бермаслик фақат қинғирликларни яширишга хизмат қилади

    ✔ 341    🕔 16:14, 29.11.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар