Онаизоримизга инглизча муҳаббат изҳори эмас, ўзбекона меҳр керак!

«I LOVE...»

Бу ҳақда анчадан буён ёзмоқчи бўлиб юрардим. Бир неча бор қўлимга қалам олган ва компьютер қаршисига ўтириб, ёзишга киришган пайтларим ҳам бўлган.

Аммо юртимизда кечаётган оламшумул жараёнлар, мадҳ этишга арзигулик ютуқлар ва ҳали бу қувончларга соя ташлаб турган муаммолар олдида ёзадиганим «майда гап»дек туюлиб, охирига етказмаган эдим. «Рост-да, шаҳарларимизнинг у ер-бу ерида бир-иккита шундай ёзув турса турибди-да, осмон узилиб ерга тушармиди? Ёки ватанпарварликка ундовчи бу безаклар сенга халақит бераяптими?», деган ўй билан ўзимни инжиқликка йўйган эдим. Лекин ҳар сафар жуда ҳафсала билан ишланган ва ўрнатилган, кундузи қуёш нурида жилоланиб, тунда чироқлари ёғдуси билан эътиборингни тортадиган шундай ёзувлар олдидан ўтсам томоғимга нимадир тиқилгандай бўлаверади. Ниҳоят, ёзмасам бўлмаслигини тушундим. Албатта, булар менинг шахсий фикрларим. Мабодо, нотўғри ўйлаётган бўлсам, мулоҳазаларим муҳокамага сабаб бўлса, шу баҳона ўзим ҳам билмаганларимни билиб, тушунмаганларимни тушуниб оларман.

Бу нарсага сизнинг ҳам кўзингиз тушган, уни ҳозир пойтахтимиздан тортиб, барча вилоят ва туман марказлари, ҳатто айрим каттароқ қишлоқларда ҳам учратиш мумкин. У «I love Uzbekistan», «I love Tashkeht», «I love Namangan», «I love Khiva» каби ёзувлардир. Фақат ихчамликка интилибми ёки ҳис-туйғуларни бўрттириб кўрсатиш учунми «love» сўзининг ўрнида юрак рамзи қўйилган. Бир қарашда ҳеч бир ёмон жойи йўқдек. «Мен сени севаман, Ўзбекистон!» (Ундов белгисини ўзимиз қўйдик, инг­лизчасида у йўқ) дейилмоқда. Менимча, (дунё кезган кишилар яхшироқ биладилар) ҳеч бир мамлакатда ватанпарварликнинг бундай оташин изҳори учрамаса керак ёхуд бошқа халқлар ўз ватанларини бизчалик севмасмиканлар-а?!

Биз эса она Ватанимизни шу қадар кучли севамизки, буни баланд бинолар томию хиёбонларга одам бўйи қимматбаҳо пластик шишалардан ясалган, ичига турфа чироқлар ўрнатилган, тунда ҳам назардан четда қолмайдиган ҳарфлар билан ёзиб қўймасак бўлмайди. Она Ватанимиз, яъни онаизоримизга нисбатан меҳр-муҳаббатимизни изҳор қилишга она тилимиз ожизлик қилиб, инглиз тилидан мадад сўраймиз: «Ай лав...». Она Ватанимизга қуруққина қилиб, «love» дейишни ўзимизга эп кўрмай, «Битта жоним бўлса, сенга фидо», деган маънодами, ишқилиб «love»нинг ўрнига юракнинг рамзини қўямиз. Яна камига, меҳр-муҳаббатимизга сиёсий тус бериб, юрак рамзининг ичига давлатимиз байроғини жойлаштирамиз. «Мана, кўриб қўйинглар хорижлик сайёҳлар, меҳмонлар, Ватанни севишни биздан ўрганинглар!», дегандек. Ватанпарварлик бўлса, шунчалик бўлар-да! Қизиқ, нега шу пайтга қадар Ватанимизга муҳаббат изҳор қилишнинг бундай «халқаро» усули хаёлимизга келмади экан-а? Ёки илгари бу қадар севмасмидик юртимизни?

Юқорида андак иштибоҳ қилганимиздек, кимларгадир бу «жар солиш»га арзимайдиган ҳолатдек туюлиши мумкин. Лекин биз қарийб ўттиз йилдан буён миллий маънавиятимиз қайғусида яшаяпмиз, «оммавий маданият»га қарши курашаяпмиз. Аммо инкор этмайликки, ҳали мақтанарли натижага эриша олганимиз йўқ – «оммавий маданият» бизни ичдан ҳам, ташқаридан ҳам тобора ишғол этиб бораяпти. Сабаб? Сабаб шуки, биз «мулланинг айтганини қилу, қилганини қилма», деган беъмани ақидага амал қилаяпмиз. Буни орқа-олдига ажнабий ёзувлар, миллий маданиятимизга ёт суратлар муҳрланган футболкалар ишлаб чиқариб сотилаётгани, маҳсулотларнинг телерекламаларида ҳам кўриш мумкин.

Юракнинг рамзини билмаган киши бўлмаса керак (аслида, юракнинг шакли унақа эмаслигини ҳамма билади). Лекин ҳамма уни севги рамзи сифатида танийди. Бир вақтлар ёшлигида қизларга «севги мактуби» битиб, охирида худди муҳр каби шу белгини – найза тешиб ўтган юрак рамзини қўймаган ўсмир йигит бўлмаса керак. Аммо бу рамзнинг тарихи ва моҳияти билан ҳеч ким чуқур қизиқиб кўрмаган. Ушбуни ёзиш олдидан ижтимоий тармоқлардан шу ҳақда маълумот қидириб кўрдим. Юракнинг рамзи тўғрисида ўзбек тилида деярли ҳеч қандай маълумот йўқ экан (бу ҳам ушбу рамз биз учун нақадар бегоналигидан далолат). Рус тилидаги сайтларда истаганингизча маълумот олишингиз мумкин, фақат талқинлар кўп. Унинг келиб чиқиши ҳатто уч-тўрт минг йилларга бориб тақалиши, Қадимги дунё, Греция, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар билан боғланиши, ўзида мужассам этган маънолари ҳақида кўп маълумотлар берилган.

Шундай талқинлар орасида кенг тарқалгани – юрак рамзига, айтиш ҳам ноқулай, аёллар қоматининг маълум қисми андоза қилиб олингани айтилади ёки яна бир кўпроқ учрайдиган талқин икки оққушнинг ўзаро бақамти тургани тўғрисидадир. Бундан ташқари, яна ўнлаб талқинлар борки, уларнинг бари аёл ва эркак ўртасидаги ошиқ-маъшуқлик, «Валентин куни»нинг асосий белгиси эканини баён этади. Уларнинг бирортасида ота-онага, Ватанга нисбатан ҳис этиладиган беғубор туйғулар тилга олинмайди. Юрак рамзи – «омма­вий маданият»ни зимдан тарғиб қилишнинг бир усули эмасмикан ишқилиб?

Хўш, биз нега муқаддас туйғуларимизни бутун дунёга мазмунан интим бўёққа эгалиги билан танилган рамзга қориштираяпмиз? Қолаверса, Ватанни севишимизни баланд бинолар пештоқига, хиёбонларга ёзиб кўз-кўз қилишимиз миннат эмасми?! Хўп, майли, агар шу зарур бўлса, нега уни инглиз тилида ёзишимиз, ажнабий тилда изҳор қилишимиз керак?! Қайси ўзбек онаизорига меҳр-муҳаббатини шу тариқа изҳор қилади?

Юрак рамзининг ичига давлат байроғини жойлаштириб қўйиш нимаси?! Ахир, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунда байроғимиз қандай бичимда бўлиши, ундан қачон, қаерда, қандай мақсадларда, қанча баландликда, неча даража қияликда ўрнатиб фойдаланиш қоидалари белгилаб қўйилган-ку?!

 Бу нима, билмасликми ё писанд қилмасликми? Юқорида зикр этилганидек, бугун юртимиз­нинг қай туманию шаҳарига борманг, шундай безакларга кўзингиз тушади. Ана шу ёзувларни қимматбаҳо материаллардан тайёрлатишга сарфланаётган миллионлаб маблағни контракт пулини тўлолмагани учун ўқишдан ҳайдалиш арафасида турган бир иқтидорли талабага берилса ёки кўпчиликка нафи тегадиган бирор хайрли ишга сарфланса яхши эмасми? Асл ватанпарварлик ҳам шу аслида.

«Яна билмадим, бировга туҳмат қилиш гуноҳ...», дейди «Шум бола» асари қаҳрамони Қоравой. Мен ҳам шундай, бу эътирозларим ноҳақдир, эҳтимол, яна билмадим. Икки йилча аввал, «Бизни афв этгайсиз, Навоий бобо!» сарлавҳали мақоламизда шаҳар кўчалари ажнабий номлар, ёзувлар билан бежалиб кетаётгани ҳақида мулоҳаза билдирган эдик, биров парво ҳам қилмади. На ҳокимликлар, на маънавият тарғиботчилари ва на бошқа бирор мутасадди ташкилот...

Балки, «I love...» ҳам шундай изсиз кетар. Мен эса онажонимни жимгина севиб, меҳр-муҳаббатим оҳорини тўкмасдан яшайверман. Ўзбекчасига яхши кўравераман. Чунки, мен ўзбекман! Ватаним менинг инглизча «I love...»имга муҳтож эмас!

 

Акромжон САТТОРОВ,

ЎзА мухбири




Ўхшаш мақолалар

ДИЛ РОЗИ

ДИЛ РОЗИ

🕔10:50, 19.11.2019 ✔25

– Сен менга яна сариқ рангли гул олиб келдинг, – қовоқ осди Лола.
 

Батафсил
ИНСОН БЎЛ, ОЗОР БЕРМА!

ИНСОН БЎЛ, ОЗОР БЕРМА!

🕔13:52, 01.11.2019 ✔407

Болалигимда Қоплон лақабли итим бор эди. У қаҳратон қиш фаслида болалади. Совуқ юзни чимчилар, кучукчалар эса онасининг пинжига суқулиб, дағ-дағ қалтирарди. Мен бу ҳолатга эътиборсизлик қилибман. Эрта тонг­да қарасам, тўрттала кучукча ҳам совуқдан қотиб қолган экан...
 

Батафсил
«НЕГАТИВ»МИ ЁКИ «ПОЗИТИВ»...  ХУЛЛАС «ТАВСИЮ»

«НЕГАТИВ»МИ ЁКИ «ПОЗИТИВ»... ХУЛЛАС «ТАВСИЮ»

🕔19:47, 24.10.2019 ✔716

Ижтимоий тармоқ оламига энди кирган пайтларим дастлаб эътибор берган нарсам мен учун ўзбек тилига аралаштириб қўлланилган, баъзиларини илк марта эшитиб турганим рус ва инглиз тилидаги сўзлар бўлганди. Ҳамкасбларим, филолог, блогерларнинг қўйган постлари, ёзган изоҳларида «элита», «адеквать», «гламурный», «сарказм», «позитив», «негатив» каби сўзларни бот-бот учратардим.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ДИЛ РОЗИ

    ДИЛ РОЗИ

    – Сен менга яна сариқ рангли гул олиб келдинг, – қовоқ осди Лола.
     

    ✔ 25    🕔 10:50, 19.11.2019
  • ИНСОН БЎЛ, ОЗОР БЕРМА!

    ИНСОН БЎЛ, ОЗОР БЕРМА!

    Болалигимда Қоплон лақабли итим бор эди. У қаҳратон қиш фаслида болалади. Совуқ юзни чимчилар, кучукчалар эса онасининг пинжига суқулиб, дағ-дағ қалтирарди. Мен бу ҳолатга эътиборсизлик қилибман. Эрта тонг­да қарасам, тўрттала кучукча ҳам совуқдан қотиб қолган экан...
     

    ✔ 407    🕔 13:52, 01.11.2019
  • «НЕГАТИВ»МИ ЁКИ «ПОЗИТИВ»...  ХУЛЛАС «ТАВСИЮ»

    «НЕГАТИВ»МИ ЁКИ «ПОЗИТИВ»... ХУЛЛАС «ТАВСИЮ»

    Ижтимоий тармоқ оламига энди кирган пайтларим дастлаб эътибор берган нарсам мен учун ўзбек тилига аралаштириб қўлланилган, баъзиларини илк марта эшитиб турганим рус ва инглиз тилидаги сўзлар бўлганди. Ҳамкасбларим, филолог, блогерларнинг қўйган постлари, ёзган изоҳларида «элита», «адеквать», «гламурный», «сарказм», «позитив», «негатив» каби сўзларни бот-бот учратардим.

    ✔ 716    🕔 19:47, 24.10.2019
  • ТОПТАЛАЁТГАН НОМУС СИЗГА ТЕГИШЛИ ЭМАСМИ?

    ТОПТАЛАЁТГАН НОМУС СИЗГА ТЕГИШЛИ ЭМАСМИ?

    Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган (балки атайлаб тарқатилаётган) баъзи видеолар, аянчли тасвирлар яшин тезлигида бутун интернет оламини «забт» этмоқда. Билган билмаган, ўзи учун бирор фойдаси бор ёки йўқлигига қарамасдан ҳамма шу видеони излаган, кўчириб олган, бир-бирига жўнатган.

    ✔ 885    🕔 19:47, 24.10.2019
  • ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

    ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

    Кун келиб оёқ остидан унга қулдек энгашиб олишингизга сизни у мажбур қилиши мумкин

    ✔ 863    🕔 22:38, 10.10.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар