Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҚОВУРДОҚ

ёки бугуннинг Ўзбек ойимлари

Таассуфки, кўз ёриш муносабати билан ўтказилаётган бу галги қовурдоқ рўйхатига мени ҳам тиркашибди. Бу каби аёллар йиғинида бўғилиб, жон аччиғида ўтиришимни билганим боис келинойимга узримни айтдим.

ҚОВУРДОҚ

– Йўқ, – дедилар келинойим кескин. – Қовурдоққа фақат яқин қариндошлар айтилади. Сизни ўзимга яқин олиб айтвомман. Бормасангиз, ғоят хафа бўламан-а!..

Хуллас, тутилдим-қолдим...

Қовурдоқ. Ана, бугуннинг ўзбек ойимлари уйни тўлдириб, ясан-тусан ўтиришибди: опоқижонлар, жон қоқиндиқ қудахолалар, холапошша-ю аммапошшалар, пазанда келинойилар-у чой узатишни қойиллатаётган келинболалар. Улардан ҳеч бирининг ковуши кўчада қолмаган – айтилмаган жойга оёқ қўймайди, борадиган жойига қўлини қовуштириб бормайди ҳам. Тоғара-ю сарпо-суруқсиз, ҳеч йўқ, бир сиқим пулсиз юролмайди бу пошшалар.

Чуғур-чуғур сўрашишларнинг охири кўринмаса-да, ликобларда хил-хил ширинликлар кетма-кет тортилаверди, тортилаверди... Оқибатда, ҳатто чақаётган писта пўчоғини дас­турхон четига қўймоққа ҳам жой қолмади.

– Қўлларинг гулми дейман, ширинликларни сайратвориб­сиз-а. Ўзингиз ҳам таътиб кўринг... Олинглар, олиб ўтиринглар!..

Манзиратнинг чеки йўқ. Ҳар эшик очганда қўлини кўксига қўйиб: «Хуш келибсиз!»ни канда қилмайдиган меҳмонсевар халқимга борман-да!.. Чак-чак бол томаётган лутфлар эсдан оғдиради-ей!.. Ҳеч қанча ўтмай, «бизни ҳам шу даврага қўшинглар» дегандек, қўшсалату сомса бирин-кетин дастурхонга илинади. Қуруқ-ҳўл меваларнинг ликопи қисқартирилиб, давра ясатиб келган янги егуликлар билан ўрин алмашади. Бири-биридан хуштаъмдек... Қатлари урчиб кетган қатлама сомсадан есаммикин, тўртбурчак бежалган сабзавотлар биргалигидаги нафис салатданми? Нозик қоматига дақиқ зирвакни жойлаган хамир санъати – юпқадан тотсам-чи?.. Шу онда ичимда ғимирлаётган, сал тегсанг гарди қоладигандек аллақандай қоракуяни сезаман. Кўнглим ғашланиб, бутунлай иштаҳам бўғилади. Ёнимдаги пошшаларнинг буйруқнамо такаллуф-қистови билан бироз тотинган бўламан.

Чаққон бекажонлар бўшаган ликопларни йиғар-йиғмас пазанда бегойимлар буғи аримаган суюқ овқатни тортадилар. «Олинг-олинг» овозини қошиқнинг майин жаранг-журингги босиб кетади... Ҳамма ўзича машғул. Кимдир таом, кимдир гап ейиш билан банд. Кимдир эса иккаласиниям хафа қилаётгани йўқ...

Тақир-туқир косалар йиғилиши ҳамоно: «Қуда­жонлар, жонинглар омон бўлсин! Олинг­лар, олиб ўтиринглар!» деганча бекажонлар қази-ю дўмбоқ жўжалар билан кириб келишади. Энди кўксимни биров калтаклаётгандек секин дастурхондан тисариламан. Кутилмаганда орқамда турган нимагадир дўқиллаб уриламан. Уйни-ку, атрофидан бир кўрпачалик жой ташлаб, ҳашам хонтахта тўлдириб турганди. Хўп, анув бурчакни печь эгаллабди, бу бурчакни нима банд қилди экан? Астағфируллоҳ, бу – янги она бўлмишнинг онагинаси юборган кир ювадиган машина-ку!?.

Ҳай-ҳай, ҳукуматимиздан айланай!.. Бундан анча олдин тўйлардаги исрофгарчиликларга чек қўйиш илинжида қарор ва кўрсатмалар жорий этилиб, маҳалла билан ҳамкорликда анча-мунча саъй-ҳаракатлар олиб борилди. Ажабки, шохида юрсанг, баргида югурадиганлар топиларкан. Кўриб турганим кир ювиш машинаси ҳам, аксар келин-куёвларнинг тахмонидан жой олган телевизор ҳам ана ўшаларнинг ҳосиласи.

 Мутасадди ходимлар аёлларнинг қирқ тоғорасини ўн-ўн бештага туширганидан хурсанд. Орзу-ҳавасли аёллар эса пулларини майда-чуйдалаб эмас, бус-бутун қилиб сарфлаётганидан шод.

Қовурдоқ ёки чаллардан аввалги кун кир ювадиган машина, идиш ювадиган машина, телевизор ёки тикиш машинаси каби матоҳлар чарлаётган (меҳмон кутадиган) хонадонга келиб тушади. Бу сийловни қучоқ очиб кутиб олган қудалар ялтиллоқ қоғозларга ўралган туҳфани меҳмонхонага ясатишни асло унутмайди.

Хуллас, манти, кабоб, норин, қовурдоқ силсиласини улаб ош келди ҳамки, қочишга жой тополмадим...

Ўтган ҳафта олти ойдан бери сиҳатгоҳда даволанаётган жиянимдан хабар олишга аҳд қилдим. Ота-онаси узоқ вилоятда бўлгани боис беш яшар жияним тез-тез ичикиб қолиб, кўзини деразадан узмасдан одам пойлайди. Аксига олиб, музлатгичимга ўша кунларда гўшт кирмаганди. Кўча таомини кўнг­лим тилар-тиламас олдим-да, ёнига бир неча хил меваларни қовуштириб, жияним ётган сиҳатгоҳга йўл олдим. Бу сафар у мени ҳар галгидан қувноқроқ қаршилади:

– Холажон, келганингиз учун раҳмат!.. Лекин, опкеган овқатларингизни қайтиб олиб кетинг. Қорним тўқ, ҳозиргина тўй оши едик! Зўр экан, мазза қилдим!..

Қўли узун бир амакининг эҳсон дастурхони сабаб кичиккина одамчанинг қувончи шунчалар каттарибди. Умридан барака топсин, қўли очиқлар!..

Яна, «кетма-кет икки қиз туғдинг. Сен билан яшасам, этагим қиздан бошқасини кўрмайди», дея эри қўл силтаб кетган Дилбар опа, унинг уззу кун нинага ёпишган қўли кўз олдимдан ўтаверади. Ҳаттоки, қулоқларим остида тикиш машинасининг ғувиллаши эшитилади... Бетон уйда кун кўрадиган ўртоғим Нафиса, унинг тўшаксиз йўлакчаларда югуриб юрган болалари... Сархил неъматлар жам бўлган тўкис дастурхон атрофида уларнинг оёқ товушларини эшитиш қийин, лекин эшитса бўлади!..

Эшитяпсизми?.. Ҳов-анов, тўрини тўлдириб ўтирган фалонча холапошша, беш йил бурун тушган келинининг пахмоғигача ҳалиям қуда томони бутлаб беришини оғзидан бол томиб сўзламоқда. Инсоф қилайлик, сув пуркайдиган жўмрагига тилларанг жило берилган ўзбек ойим нега ўз набирасининг эҳтиёжи бўлган таглиги учун қудасининг чўнтагига кўз тикади? Ёки, ҳув бурчакни эгаллаган аммапошшанинг уйида биров туғилса, қудаси бошдан-оёқ ҳаммани кийинтиради. Нега?.. Аммапошша-чи?!.. Бирор дафъа: «Қўйинг, шу даҳмазаларни!» дея, қудасининг «сийлов»ларини рад қилдими? Аксинча, ўша кунни эшикларни ланг очиб, сарпо-суруқнинг келишини пойлаб ўтказди-ку!? Нега? Уларнинг атрофида малҳамга етгулик арзимаган маблағ тополмай, ширин жонидан ажраётганлар йўқми?! Ёки уларни кўрмаслик, эшитмаслик учун, кўзларини, қулоқларини беркитиб яшайдими улар?! Охири кўринмас «орзу-ҳавас» отлиғ бу иллат, яна неча Кумушнинг, неча Отабекнинг ёстиғини қуритмоқчи?!

Ичимдан ўтаётган қирин­диларни базми-жамшид қи­либ ўтирган ўзбек ойимларга тўкиб солгим келади-ю,­ бироқ уларнинг ўткиргина тишларидан ҳайиқаман. Янги келинлигимдаёқ ўзбек ойимларнинг таъбини билган бегим: «Катталар гап очганда, «хўп» ёки «йўқ» деб жавоб беришдан нарига ўтма, бўлмаса, миянгнинг ковагида шўрва қайнайди!» дея «нўхта»лаб қўйганди. Рост-да, Ўзбек ойимнинг томоқ йиртишларига оқилу адолатпеша Юсуфбек ҳожи бас келолмади-ю, менга йўл бўлсин... Қолаверса, хонадонда қиз туғилиши билан унинг қулоғини тилла зираксиз, сандиғини сепсиз қўймайдиган, туғилмаган чақалоққа тахмон йиғиб, оғир ётган беморнинг худойисига пишириладиган таомларни жон топширмасдан бурунроқ бўлашиб оладиган, орзуси етти осмонни тўлдиргулик ўзбек ойимнинг кичик бир келиннинг оғзига уришга ҳозирлиги йўқми?..

Бир таёқ бўлиб барчасини йиқолмасам-да, бир-бир йиқсам бўлар-ов?!. Улардан баъзи бир, сал кўзи очиқларини четга тортиб, фикримни айтсам, дарров илғашди. Фикримни бир овоздан тасдиқлашди, аммо даврага киргач... Нетайликки, ўзбек ойим оғма-да!..

Дуогўй опоқижонлар қўл очди:

– Борига шукр! Берганига шукр! Қовурдоқлардан айир­масин!.. Яна биргалашиб қовурдоқларга келайлик!..

Ўзбек ойимлар гур-р этиб қўзғалди. Тоғораю ноғоралар қуршовида, бир ҳафталик чақалоғу янги кўзи ёриган она шарафига уюштирилган «бешиктўй» дабдабасидан йироқлашар­канман, еганларим заҳармиди-шакармиди англамайман... Ана ўшанда, ўзимни ўзим ғажий бошлайман: кўчада қолган ковушим-а, кўчаларда қолган ковушим!..

 Мавжуда АБДУЛЛОҲ




Ўхшаш мақолалар

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

Ё ҲАЁТ... Ё ҲАЛОКАТ  МАСАЛАСИ

🕔23:00, 18.07.2019 ✔25

Адашаётган ота-оналар қанча? «Тарбияси оғир»лар­нинг ҳаммаси ҳам жиноятчими?

Батафсил
Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

Иш ҳақи ошди ва...  жарималар ҳам

🕔22:59, 18.07.2019 ✔32

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

Батафсил
БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

БОЗОРДА СЎЛАЁТГАН чинни гул

🕔22:57, 18.07.2019 ✔28

У кимнингдир онаси,  кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар