Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ДАРДНИ «ТИНГЛАЁТГАН» ОҚ ҚОҒОЗ...

«Маҳаллага янги раис келибди! Беғамжон акани бошқа ишга олишибди!..» Бутун қишлоққа тарқалган шунга ўхшаш «хабар»ларни эшитар экан, Мўмина аянинг юрагида бир умид пайдо бўлди.

ДАРДНИ «ТИНГЛАЁТГАН» ОҚ ҚОҒОЗ...

«Наҳотки?! Эски раисимизнинг ўрнига бошқаси келган бўлса?! Демак... Демак энди маҳалла биноси ҳар куни очиқ бўлади?! Демак, энди шўрлик набирагинамга бирор ёрдам сўраб раиснинг олдига чиқсам бўлади?! Эй Яратганим, етказганинга шукр...» − ичидан ўтказди ая. Маҳалла биноси томон елдек учиб борар экан, бутун фикр-у хаёлини кўрган кечирганлари эгаллай бошлади...

Мўмина ая кўпчилик қишлоқ аёллари сингари меҳнатсиз бир кун ҳам яшамади. Ёлғиз боши билан биттаю битта дилбандини катта қилди. Тиришиб-тирмашиб элга тўй берди. Кўзда ёш ила келинининг пешонасидан ўпди. Бироқ... Илк набираси юрагида оғир хасталик билан дунёга келди. Ўша кунлари аянинг ичидан нималар ўтганини фақат ўзи билади... Хуллас, оиланинг тинчи йўқолиб, уларнинг уйидан қувонч ариди. Ёлғиз ўғли касалманд боласини даволатмоқ учун пул ишлаш мақсадида чет элга кетди.

Бу ҳам етмаганидек касалманд бола боқишни истамаган келини ҳам аяни ташлаб кетди. Ойда йилда бир келиб боласидан хабар олиб туради. Шунда ҳам кўп қолмайди, худди ҳаммасига Мўмина ая сабабчидек қайнонасига ўқрайганича ҳовлидан чиқиб кетади...

Шу-шу хаста набираси билан ёлғиз қолди ая. Бу мушкулларни ечолмай боши қотди. Бирон ёрдам қиладиган яқини бўлмаса, дардини айтадиган одами бўлмаса қари кампирнинг қўлидан нима ҳам келарди?! Қўни-қўшни, эл-улус ўзидан ортмаса, нафақа пулини-ку айтмаса ҳам бўлади, арзимаган уч-тўрт сўм нимага ҳам етарди... Биров ундай маслаҳат берди, биров бундай. Аянинг бормаган идораси, учрашмаган одами қолмади. Юраги хаста митти вужудга бирон ёрдам қилолмади. Фақат йиғлади. Аламини кўз ёшидан олиб, бағрини муштлаб-муштлаб йиғлади.

Маҳалла биносига-ку чиқмаган куни йўқ. Эрталабдан ҳамма ишини ташлайди-да, тўғри ўша ёққа қараб «югуради». Аммо, ҳар сафар келганида бино эшиги очилмаган, очилган бўлсада, маҳалла раиси келмаган бўларди. Беғамжон ака билан жуда кўп гаплашди. Ялинди, ёлворди. У ҳам ҳар сафар дардини тўкиб солаверадиган аяни кўрганида юзини тескари буриб, кетиб қоладиган одат чиқарди. Тилидан эса фақат шу сўзларгина чиқарди: «Ҳаракат қиляпмиз ая! Ёрдам сўраб тегишли жойларга мурожаат қилдик, кутяпмиз...». Ҳа, ая кўп кутди. Бирон кимдан садо чиқармикан деб кутаверди-кутаверди. Аммо, ҳалигача ўша садодан дарак йўқ эди...

Мўмина ая бинога кириш олдидан қийшайиб кетган рўмолини тўғрилади. Сўнг оҳиста қадамлар ила ичкарига кирди.

− Она, кимнинг олдига?! – савол берди янги келган бир қиз.

− Қизим, раисимиз келдиларми?! Беғамжон ака эмас, ҳалиги янги келгани бор-ку...

Котиба қиз аяга бошдан-оёқ разм солиб чиққач, паст товушда шундай деди:

− Ҳозир улар йўқ эди. Муҳим иш билан шаҳарга кетувдилар. Тинчликми, бирон ёрдам керакми?!

− Ёрдам?! – Шошиб қолди ая. Ва бирдан йиғлаб юборди. – Айланай қизим, шўрлик набирам...уч ойдан бери касал! Шунга озроқ ёрдам бўларми деб келган эдим...

− Бўлди, менга маълумотларингизни қолдиринг, сиз билан албатта боғланамиз...

Ая маҳалла идорасидан ўзида йўқ шод бўлиб, котиба қизни дуо қилганича чиқиб кетди. Аммо бу сафар ҳам ая кўп кутди, охири кутавериб тақдирга тан берди...

*  *  *

Ёз ҳам бошланиб кунлар одамни жизғанак қила бошлаган палла. Ая бир ўзи қишлоқнинг тош кўчаларидан ўтиб бормоқда. Шу пайт унинг олдида башанг кийинган, сочлари тартиб билан таралган, хушсурат бир йигит пайдо бўлди.

− Ассалому алейкум буви! – салом берди йигит. Негадир овози пастроқ чиқди.

− Вой болам яхшимисиз, тузуккина юрибсизми?! – ҳол сўради ая.

− Буви, бутун қишлоқ томошага кетди-ю, сиз бўлса...

− Қанақа томоша болам? – қизиқди ая.

− Шаҳардан катта бир санъаткор келиб, қишлоғингизда концерт беряпти. Бормайсизми?!

Шу тоб аянинг юзидаги қувонч сўниб, маҳзун бўлиб қолди. Ва йигитга қараб:

− Кўнглимга томоша сиғармиди болам, қани эди ўша артистларинг халқнинг юрагидаги дардларини куйга солиб қўшиқ айтса, кино қилса! Қанийди шундан кейин одамларда озгина бўлсада ВИЖДОН, РАҲМДИЛЛИК ва энг муҳими ОДАМИЙЛИК туйғулари жунбушга келса...

Йигит бир муддат аяга тикилиб қолди-да, кейин негадир кулиб юборди.

− Эҳ соддасизда буви, соддасиз! Қанақа халқ дарди?! Ҳозир кўпроқ тўйбоп, одамни рақсга туширадиган, ёр висолини тараннум этадиган қўшиқларга талаб катта. Ҳеч ким тўйда сиз айтаётган мавзуларда куйламайди. Кино масаласида ҳам шундай буви. Буни «шоу бизнес» дейдилар...

− Болам, шунча нарсани қаердан биласиз?!

− Мени танимасангиз керак. Мен – шоирман! Ўттизта китобим нашрдан чиққан! Ўша сизлар эшитадиган машҳурларнинг қўшиқларига шеърлар ёзиб бераман!..

Шу тоб аянинг юзига яна қизиллик югурди.

− Вой ўзим айланай, ижодкормисиз ҳали?! Илоё омадингизни берсин! Бу, кўпроқ нималарни ёзасиз болам?! Қизиқиб кетяпман...

− Ижодим асосан севги-муҳаббат, ишқ, дўстлик ҳақида. Қиссаларимда турли криминал оламлар, фантас­тик мавзулар, тўқима воқеалар бор, яна маиший асарлар ҳам ёзаман. Хуллас кўп-да, буви...

− Болам ИНСОФ, ДИЁНАТ, одамларга ЯХШИЛИК қилиш ҳақида борми?! АДОЛАТ, ХАЛҚ ДАРДИ ҳақида-чи?! – овози титраб кетди аянинг. Сўнг тезда ортига бурилди-да, йўлида давом этди. Йигит эса анграйганича аяни кузатиб қолди...

Мўмина ая қўлига оқ қоғоз ва қалам олди. Сўнг юрагини кемираётган барча дардлари-ю аламларини ОҚ ҚОҒОЗга туширди.

Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

🕔22:38, 10.10.2019 ✔90

Кун келиб оёқ остидан унга қулдек энгашиб олишингизга сизни у мажбур қилиши мумкин

Батафсил
МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

🕔22:37, 10.10.2019 ✔49

Эрамиздан аввалги беш минг йиллик. Ибтидоий одамлар манзилгоҳи. Эр-хотин тўй ташвишида.

Батафсил
ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

🕔22:36, 10.10.2019 ✔97

Буни эшитяпсизми? Фарзандингиз қандай хавфга қўл урмоқчи эканидан хабарингиз борми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

    ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

    Кун келиб оёқ остидан унга қулдек энгашиб олишингизга сизни у мажбур қилиши мумкин

    ✔ 90    🕔 22:38, 10.10.2019
  • МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

    МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

    Эрамиздан аввалги беш минг йиллик. Ибтидоий одамлар манзилгоҳи. Эр-хотин тўй ташвишида.

    ✔ 49    🕔 22:37, 10.10.2019
  • ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

    ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

    Буни эшитяпсизми? Фарзандингиз қандай хавфга қўл урмоқчи эканидан хабарингиз борми?

    ✔ 97    🕔 22:36, 10.10.2019
  • «КАНАЛ» ТАЛАШГАН КАТТАЛАР

    «КАНАЛ» ТАЛАШГАН КАТТАЛАР

    ёхуд ахборот хуружлари ҳимояси аслида кимнинг зиммасида?..

    Шиддат билан ўзгараётган бугунги ахборот асрида энг хавфли ҳужум – бу инсон онгига салбий таъсир этувчи маънавий таҳдидлар. Уларнинг вазифаси турли кўринишда, ҳар хил йўллар билан ёшлар маънавиятини «қашшоқ»лаштириб, онгини ёт ғоялар билан тўлдиришдир.

    ✔ 152    🕔 17:57, 03.10.2019
  • «Ўзгидромет» раддия берди

    «Ўзгидромет» раддия берди

    «Тошкент жаҳоннинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари рейтингида 2-ўринни эгаллади»... «Ўзгидромет» ушбу маълумотга муносабат билдирди.  

    ✔ 108    🕔 17:56, 03.10.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар