Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«ПОЕЗДИНГНИ ЖИЛДИРГАН... НИКОЛАЙ ЗАМБАРАГИ»

Ўзбекнинг дунё бўйлаб тарқаб кетган тўқсон икки уруғи ёхуд чет элларда ишлаш яхшими ёки ёмон?

«ПОЕЗДИНГНИ ЖИЛДИРГАН... НИКОЛАЙ ЗАМБАРАГИ»

Яқинда сўровларига гоҳида ишонса бўладиган «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган ижтимоий сўровнинг эътибор марказида Ўзбекистондаги миграция жараёнларининг ўзига хос жиҳатлари ва сабабларини аниқлаш, фуқароларнинг миграцияга оид кайфиятини ўрганиш, меҳнат мигрантларининг ижтимой ва ҳуқуқий ҳимоясизлик даражасини аниқлаш каби жиҳатлар бўлди.

Мазкур сўров Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги «Ички ишлар органларининг миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2018 йил 5 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ ўтказилди.
Ижтимоий сўров шуни кўрсатдики, юртдошларимизнинг аксарият қисми (98,2 фоиз) Ватанимизни бутунлай тарк этишни истамайди ва улар ўз келажагини ота юрти билан боғлайди. Шунга қарамасдан, турли манбаларга кўра бугунги кунда 4 миллиондан 6 миллионгача айни қувватга тўлган ёшдаги фуқароларимиз меҳнат қилиш, ўқиш ва яшаш учун хорижга чиқиб кетган.

«Дангасалар...» эмас, фарзандларимиз

«Меҳнат мигрантлари борасида бизнинг позициямиз аниқ – одам қаерда бўлсаям ишлаши, оиласини, бола-чақасини боқиши керак. Россия билан миграция борасидаги муаммолар 10-15 йилдан бери бизга азоб, ташвиш бўлиб келаётган эди. Нимага десангиз, бизнинг фарзандларимиз бизга ёқадими-ёқмайдими ўша ерда ишлаяпти, уларнинг тинчлиги, осойиш­талиги бизга керак... Шунинг учун биз Россия раҳбарияти олдига ушбу масалани кўндаланг қўйдик: Худо хайрларингни берсин, бизнинг халқимиз сизларнинг иқтисодингизга хизмат қиляпти. Шундай экан, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси тинчлигини, соғлиғини кафолатлайдиган шароит яратиб беринглар, дедик...»
Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан бир парча.
Ҳа, кўз ўнгимизда меҳнат мигрантларига муносабат ўзгарди. «Баднафс», «ношукр», «дангаса» деб санаб келинган меҳнат мигрантларини мамлакат тепасига келган Шавкат Мирзиёев «фарзандларимиз» деб атади. 
Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратилишига катта эътибор берилаётгани қаторида, Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув тасдиқланди. Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республикадан ташқарига чиқаётган фуқароларга 1000 АҚШ доллари эквивалентида кредит ажратиш, Россияга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни комплекс суғурта орқали ҳимоя қилиш кўзда тутилди. Ҳукумат қарорларига кўра, хорижда ишлаган йиллар меҳнат стажига кириши ва меҳнат дафтарчасида қайд этилиши ҳамда меҳнат мигрантлари ҳам тегишли тартибда қариганда нафақа олишига имкониятлар яратилди. Булар сезиларли ўзгаришлардир. Хуллас, муаммо тан олинди ва ҳуқуқий мезонга солинмоқда.

Бугун вазият қандай?

Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик 14,6 миллион иқтисодий фаол аҳолининг ҳар тўртинчиси меҳнат муҳожиридир. Хорижда меҳнат қилаётганларнинг 80 фоиздан зиёди Россияда ишлайди. Албатта, охирги йилларда бу оқимни бир қадар ривожланган мамлакатларга – Шарқий Европага, Туркия, Уммон султонлиги, Араб амирликлари, Япония томон йўналтиришга ҳаракат бошланган. Қолаверса, меҳнат муҳожирларидан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмаларининг асосий оқими фақат битта мамлакатдан бўлиши бир мамлакатга қарамликни оширади.
UzAnalytics таҳлилига кўра, бунга сабабкор омиллар – Россия Федерацияси билан визасиз режимнинг мавжудлиги ва тил тўсиқларининг йўқлиги. Шу туфайли ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун Россия энг яқин ва энг катта меҳнат бозори бўлиб қолаётир.

Хорижга кетаётган куч ва... у ердан келаётган фойда

Сир эмас, чет элда ишлаётган ўзбеклар ватанларига – оилаларига ва яқинларига ҳар йили 5-7 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул ўтказадилар. Мамлакатнинг пахтакорлари ва ёлланма ишчилари йил бўйи қилган меҳнати эвазига етиштириладиган пахтадан 1 миллиард ҳам фойда олмайди. Энди мигрантларнинг юрт иқтисодига фойдаси ҳақида хулоса чиқараверинг. Ўша хориждан келган миллиардлар иқтисодимизнинг бир томонини юритяпти – ахир у пулга соч олдиришса – сартарошнинг иши юришади, гўшт олинса – қассобга харидор топилади, музлатгич ё телевизор, автомобиль олса ёки қурилиш қилса – борингки, «Artel», ўзимизнинг автосаноат ёки қурилиш материаллари саноати ривожига хизмат қилади.
Буни биров эътироф этадими? Давлат статистика қўмитасининг 2018 йилда аҳолининг жами даромадлари тўғрисидаги ҳисоботига кўра, аҳоли жами даромадларининг 23,5 фоизини пул ўтказмалари ташкил этган. Иқтисодий ислоҳотларга, экспорт ҳажмини ошириш, иш ўринларини яратиш саъй-ҳаракатларига қарамасдан, хорижда ишловчилардан юртга келаётган валюта ҳануз мамлакат валюта тушумида салмоқли улушни ташкил этмоқда.
ҲАҚҚОНИЯТНИ АЙТГАНДА, ҚАЧОНДИР ҲАММА ЎЗБЕК ЮРТИДА ИШЛАШИ ИМКОНИ БЎЛИШИ МУМКИНМИ? ШУНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАКМИ?
Бу имконсиз ва бунга интилиш ҳам шарт эмас.
2019 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон аҳолиси 33 миллион 523 минг 600 кишини ташкил этиб, йил бошидан буён 268 минг 100 нафарга ёки 0,8 фоизга кўпайган. Сўнгги беш йил ичида мамлакат аҳолиси йилига ўртача 540 минг кишига ортган. Бундай ўсиш суръати ва ҳозирги ишсизлик даражасида яқин эллик йилда мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли бўлган барча аҳолисини иш билан таъминлаш эҳтимоли ҳам йўқ.
Ўзбекистон Президентининг «2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, 2019 йилда 370 мингдан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилиши керак. Бу – орзу. Бундан ташқари мавсумий ва вақтинчалик ишларда 182 мингдан ортиқ аҳолининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Тасаввур қилинг, ҳар йили ярим миллионга кўпаяди аҳолимиз. Реал рақамларга қарасак, уларнинг ўндан бирига янги иш ўринлари яратилмоқда. Яқин ўн йилда кўпайиш суръати сақланганда ҳам олти-етти миллион одам дунёга келади. Ҳозир четда ишлаётган 5-7 миллионни қўшсак, 12 миллиондан зиёд кишига иш ўрни яратиш имкони борми? 
Биринчидан, шунча ишчи ўрни яратиш учун астрономик миқдорда сармоя керак ва ҳар қадамда завод ва фабрикалар қурилиши шарт. Иккинчидан, Хитойнинг мислсиз ўсган иқтисоди оқибатлари экологияга эътибор зарурлигини кўрсатмоқда – ҳатто пойтахт Пекинда ҳам тутун ва заҳарли газлардан нафас олиш қийинлашмоқда. Жаннатмонанд юртимиз экологиясини адо қиламизми? Учинчидан, чегаралардан ўтиб-қайтиш енгиллашаётган бир шароитда ишчи кучи талаб қилинаётган давлатлардаги иш ўринларини эгаллаш, аҳолининг шунга иштиёқи ва имкони бор қисми хорижда ишлаши афзалдир. Улар сармоя келтиради, тажриба орттиради ва малакали, хориж тилини билган инсон бўлиб қайтади. Ўрганганлари асосида Ўзбекистонда бизнес бошлайди ва замонавий технологияларни киритади.
Бунинг учун эса, биз уларнинг фақат фаррош ва мардикор эмас, юксак технологик корхоналарда ишлашини, ақлий меҳнат соҳаларига жойлашишини йўлга қўйишимиз керак. Замонавий таълим масканларида уларни юксак билимли қилишимиз зарур.
Бунинг учун муайян ишлар қилинмоқда. Амалдаги қонунчилик мамлакатимиз фуқароларига дунёнинг бошқа давлатларида идоралараро ва ҳукуматлараро шартномалар бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикаси Банд­лик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси бўйича агентлик ёрдамида хусусий шарт­номалар бўйича ишга жойлашиш имконини беради, миграция жараёнларини бошқариш ва тартибга солиш бўйича зарур инфратузилма яратилган.

Дунё тажрибаси...

Ишчи кучи экспорти ва ишчи кучи импортига ихтисослашган давлатлар ҳам бор. Масалан, Америкадай давлатни муҳожирлар бунёд этган. Филиппин, Бангладеш, Вьетнам каби қатор давлатларнинг иқтисоди эса асосан хорижда ишлаётганлар сармояси асосида шаклланади.
Яқинда АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюроси турли давлатлардан келиб Америкада яшаётган муҳожирлар қанча пул ишлаб топиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. «Forum Daily» нашрига кўра, энг катта маошни Австралиядан келган муҳожирлар олади: АҚШда уларнинг сони 93,5 мингга яқин бўлиб, уларнинг ҳар бири йилига ўртача 88 минг 100 доллар ишлаб топади. Саудия Арабистони ва Сомалидан келган муҳожирлар эса АҚШда энг кам маош олади – тегишли равишда 19 минг ва 19 минг 200 доллар, бу ҳам ойига 1500 доллар бўлади ва биз учун орзу ҳисобланади.
Филиппин Республикаси ишчи кучи импортига мослашган. Унинг аҳолиси йилига бир ярим миллиондан зиёдга кўпаяди. Мамлакатнинг 10 миллион фуқароси доимий ташқи меҳнат миграциясидадир. Меҳнат муҳожирларининг 60 фоиздан зиёди аёллардир. Чет элда ишлайдиганлар махсус тайёргарликдан ўтади, хорижда улар ҳуқуқий ҳимоя қилинади, бу соҳада давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Филиппинлик мардикорларнинг дунё давлатларидан ватанига жўнатадиган маблағлари Ўзбекистоннинг давлат бюджетига тенгдир.

Дарвоқе...

1916 йилги Жиззах қўзғолонига мардикор олиш сабаб бўлган. Халқ зўрлаб жўнатилган эди. Одамлар дарди оҳли қўшиққа ҳам айланган эди: «Поездингни жилдирган... Николайнинг замбараги» деган нолада шундай сатрлар бор эди: 
Двинска йўл бўлсин, 
Қарағайзоринг кул бўлсин,
Йигитларни қийнаган
Николайинг йўқ бўлсин.
Тошкентингиздан миниб,
Тўп остидан чиқдилар.
Оналари: «Вой, болам!» деб,
Кафан тўнин бичдилар...
Ўнг қўлинда бир қассоб
Чўчқани сўяди беҳисоб.
Бизни тўққиз ой ишлатди
Николай деган қон жаллоб...
Ҳозир Николайнинг юртига ўз ихтиёри билан бораётганларни «мардикор» эмас, «меҳнат мигранти» деймиз. Бизнинг ягона истагимиз, улар доимо давлатимиз ҳимоясида бўлсин ва Ўзбекистон фарзандлари эканини ҳис этсин.

Карим БАҲРИЕВ




Ўхшаш мақолалар

«БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

«БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

🕔11:18, 10.12.2019 ✔69

ёки замонавий судхўрлик феномени 

«Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

Батафсил
ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

🕔11:16, 10.12.2019 ✔73

иқтидор ва қобилиятни юзага чиқариш осон эмас. Бу ўқитувчидан катта маҳоратни, ўқувчидан, айни вақтда унинг ота-онасидан улкан матонатни талаб этади. Жамиятдаги ҳар бир ўзгариш ҳам, биз катта умид билан кўз тикаётган ислоҳотлар ҳам шунга боғлиқ аслида.
 

Батафсил
ДАВЛАТ  БЮДЖЕТИ  ҲАҚИДА ЎЙЛАР

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

🕔16:14, 29.11.2019 ✔306

Бу ҳақида ошкора маълумот бермаслик фақат қинғирликларни яширишга хизмат қилади

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    «БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    ёки замонавий судхўрлик феномени 

    «Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

    ✔ 69    🕔 11:18, 10.12.2019
  • ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    иқтидор ва қобилиятни юзага чиқариш осон эмас. Бу ўқитувчидан катта маҳоратни, ўқувчидан, айни вақтда унинг ота-онасидан улкан матонатни талаб этади. Жамиятдаги ҳар бир ўзгариш ҳам, биз катта умид билан кўз тикаётган ислоҳотлар ҳам шунга боғлиқ аслида.
     

    ✔ 73    🕔 11:16, 10.12.2019
  • ДАВЛАТ  БЮДЖЕТИ  ҲАҚИДА ЎЙЛАР

    ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

    Бу ҳақида ошкора маълумот бермаслик фақат қинғирликларни яширишга хизмат қилади

    ✔ 306    🕔 16:14, 29.11.2019
  • КЕРАКСИЗ  МАВЗУЛАР

    КЕРАКСИЗ МАВЗУЛАР

    Ўқувчини майиб қилаётган бундай мавзуларни кимлар ўйлаб топади ёхуд кўринмас ва самарасиз миллиардлар нега ҳавога учмоқда?

    ✔ 303    🕔 16:12, 29.11.2019
  • ТИЛСИЗ  ЁВ  БИЛАН  ЁВЛАШМАНГ

    ТИЛСИЗ ЁВ БИЛАН ЁВЛАШМАНГ

    Кунлар совуши билан ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар кўпаяверади. Оддийгина эҳтиётсизлик туфайли юз бераётган ёнғинлар, ис газининг чиқиши одамлар ҳаётига хавф солмоқда. Тилсиз ёв бўлган ёнғинларнинг олдини олиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш орқали бунга йўл қўймаслик мумкин.

    ✔ 279    🕔 16:11, 29.11.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар