Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҲЕЧ ЗОТ ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС, ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

Ҳоким ва вазир: манфаатлар тўқнашувими ёки даҳанаки жанг?

ҲЕЧ ЗОТ  ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС,  ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарини «ифлос, ҳайвон, хезалак» деб сўккан аудиоёзув тарқалиб, анчагина муҳокамаларга нишон бўлган эди. Ўшанда ҳақоратлар оқимининг энг шиддатлиси Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмоновга нисбатан айтилгани англашилади. Икки ярим соатлик аудиоёзув Избоскан тумани маркази Пойтуғда бўлиб ўтган мажлиснинг ёзуви экани кейинроқ маълум бўлди.

Албатта, ҳокимнинг қўполлигидан ижтимоий тармоқлар ларзага тушди. Гарчанд бу тахлит ҳодисалар изчил чиқиб турган бўлса-да (Фарғона вилоят ҳокими бутун бошли бир туман аҳлини ҳақоратлагани, Андижон шаҳар ҳокими мактаб диреторларини сўккани ва ҳатто жарима тўлагани ҳали унутилгани йўқ), бу галги бепарда сўкинишлар ҳаммасидан ошиб тушганди... Шовқин бироз тинди, энди ушбу жанжалнинг тагидаги ходисаларни таҳлил қилиш мумкин.
Икки соатлик бақир-чақирни эшитиш ҳам оғир, бу ерда келтириш ҳам мушкул. Бу бозордаги даҳанаки жанг ё чойхонадаги олифта жанжал эмас, ахир. Бу бир улкан вилоят раҳбарининг зиёли шифокорга айтаётган гапларидир.
Хўш, бу қадар «бақир-чақир»га сабаб бўлган ходиса нима эди? Ҳоким соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига нисбатан айтган ҳақоратли гапларини бошқарма Андижонда ишлаб чиқарилган шприц ва тиббиёт қўлқопларини сифатсиз деб, Тошкентдаги фирмалардан сотиб олаётгани билан изоҳлайди: «...Тошкентдаги битта ифлос бир ердан импорт қилиб олиб келяпти, шприцни. Уни тепасида 15-20 фоиздан ҳаммаси ўтирибди. Энди уларнинг ризқи қирқилди-да!..»
Аён бўладики, ҳоким билан бошқарма бошлиғи ўртасидаги жанжал аслида манфаатлар тўқнашувининг оқибатидир.
Вилоят ҳокими барча туманлардаги тиббиёт бирлашмаларига ажратилган бюджет пулларига фақат у таклиф қилган Андижондаги заводдан шприц ва перчатка сотиб олиш талабини қўйган. Врачлар эса, бу маҳсулотларнинг сифатли эмаслигидан, дорига ўтказилган пуллар ҳам заводга ўтиб кетаётганидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилишган. У ердан ишчи гуруҳ келиб, вазиятни ўрганган ва ҳоким нотўғри иш қилаётганини унга айтишган.
Асл сабаб...
Элнинг оғзини ланг очдирган жанжалнинг асл сабаби аён бўлди: гап соғлиқни сақлашга ажратил­ган пулларнинг тасарруф қилинишида экан. Ўзининг талаби бир қарашда ҳақли кўринган даъвогар икки томон ҳам қарама-қарши томонни тамагирликда айб­лайди.
Ҳоким ҳудудида фаолият юритаётган фирманинг тиббий ашёларини сотиб олиш лозимлигини, бу фирмада шу ерлик халқ ишлаётганини ва у маҳаллий бюджетга сезиларли солиқ тўлашини айтади ва қарши томондаги соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг юқори­даги вазирлигини ўзларига таниш фирма орқали давлат бюджети пулини сарф­лаётганини, шундан манфаатдорлигини даъво қилади.
Соғлиқни сақлаш вазири ва вилоят бошқармаси раҳбарияти беморларнинг соғлиғи муҳимлигини, сотиб олинаётган тиббий ашёлар сифатли бўлиши лозимлигини, вилоятдаги фирмадан олинишида ҳокимнинг манфаати борлигини айтади.
Икки томоннинг ҳам даъво­си асослидай жаранглайди ва шубҳасиз асослидай ҳам кўринади.
Наҳотки ечим бўлмаса?
Ечим бор ва у шундоқ юзада турибди. Юзага келган вазият давлат бюджети маблағларининг тасарруф этилиши жараёни ҳали ҳам тор хоналарда ҳал этилаётганини кўрсатади. Соҳа томонида буни вазир ёки бошқарма бошлиғи ҳал қилади. Ҳокимликда ҳокимнинг айт­гани-айтандир. Аслида ҳар икки томонни шубҳадан холи қилиш учун давлат харидлари соҳасини шаффоф ва ошқаралик асосида ташкил этиш, харидларни ҳалол тендерлар орқали амалга ошириш зарур. Бу Коррупцияга қарши курашга оид Давлат дастурида ҳам, ҳукумат қарорларида ҳам бевосита кўрсатилган. Ўша ҳокимият хайрихоҳ бўлган фирма ҳам, вазирлик хайрихоҳ бўлган дилерлар ҳам ошкора тендерда қатнашса, жамоатчилик соҳага қанча пул ажратилганини, қаёққа сарфланганини билса, матбуот бу жараённи ҳаққоний ёритса, шу тахлит жанжаллар ва ўзаро айбловларга ҳожат қолмас эди.

Іоким ва тадбиркор: 
қурилишлар ва бузилишлар

2019 йил 20 июлда қашқа­дарёлик тадбиркор унинг дўконини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосарига бензин сепиб ёқиб юборди. Воқеа симтоматиклиги билан ҳаммани ларзага солди. Чунки ҳокимларнинг зуғумидан сўнг ўзини осган, ўзини ёққан тадбиркорлар бўлганди. Нима учундир ҳокимларнинг зўравонлигига ҳамма чидаб келаётганди. Махсус тергов гуруҳлари ҳам жўнатилмаган, «босди-босди» бўлиб келаётганди. Энди тадбиркор ҳокимият вакилининг ўзбошимчалигига исён қилганида бирдан юқоридан махсус гуруҳлар юборилди ва исёнчи қамоққа олинди.
Нимадан бошланган?
Хабар қилинишича, 4-5 ойдан буён Яккабоғ посёлкасида «Обод қишлоқ» дастури лойиҳасига тушган ҳудудда кўча кенгайтирилиб, йўл устида жойлашган қурилишлар бузилмоқда. Тадбиркорнинг ҳам дўкони бузилиши керак бўлган ва бунга тадбиркор оила аъзолари билан бир қанча вақт қарши бўлиб келган.
20 июль куни Яккабоғ тумани ҳоким ўринбосари соат 17:30 ларда «Ҳисор Сарлочин» МЧЖнинг бир қатор дўконларини бузмоқчи бўлган. «Тадбиркор бунга қаршилик кўрсатган. Чорасиз қолганидан сўнг ҳоким ўринбосари устига бензин қуйиб уни ёқиб юборган. Оқибатда у терининг 30-40 фоиз куйиши жароҳати билан касалхонага етказилган», – дейилди Бош прокуратура хабарида. Ушбу ҳолат юзасидан Яккабоғ прокуратураси томонидан тадбиркорга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Маълумотларга кўра, бинони бузиш учун ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаган, воқеа бўлиб ўтгач, ҳокимликдагилар огоҳлантириш хати олиб келган. Компенсация ҳақида-ку гап-сўз бўлмаган. Ўша заҳоти тадбиркор ва унинг ўғлини тўғри ИИБ бўлимига олиб кетишган.
Дарвоқе...
Шубҳасиз, самосуд – яъни қонунбузарликларга қарши қонунбузарлик қилиб курашиш мақбул иш эмас. Бировнинг устига бензин қуйиб ёқиб юбориш, ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйиш жиноятдир. Ҳар икки томоннинг ҳам хатти-ҳаракатларига адолат билан ёндошиш керак.
Яккабоғлик тадбиркорнинг ҳокимият вакилига бензин сепиб, ўт қўйишига баҳо бердик. Энди ҳокимият вакилининг ҳаракатини кўрайлик: ичида одамлар турган бинони бузишга унинг заррача ҳақ-ҳуқуқи борми?! Ким унга далда ва ҳуқуқ бердики, на огоҳлантириш хати, на товон пулисиз ўзганинг мулкини вайрон қилади? Экскаватор бошқаришга ўқиганми, шу вайронкор машинани ҳайдашга далолатнома ё ишончнома олганми?
Ҳоким ўринбосарининг бу ҳаракати ҳам – унинг ўзига хос самосуди эмасми?
Ечим бормиди?
Конституция ва қонунларга ҳар икки томон риоя этганда, бу бало йўқ эди. Конституция­мизда мулк дахлсизлиги кафолатланган. Қонунларимизда фуқаро мулкини фақат давлат эҳтиёжлари учун ва олти ой олдин огоҳлантириб, товон пули тўлангачгина, бузиш мумкинлиги кўрсатилган.
Жимжимадор ҳисоботларини, ҳар қадамларини «ривожланган давлатлар тажрибаси», «жаҳон стандартлари» билан изоҳлайдиган ва жаҳондан фақат ўз фойдаларига ишлайдиган тажрибаларни оладиган кўпгина амалдорларимиз бу борада ҳам анча-мунча нарсани билиб қўйишса ёмон бўлмасди. Мисол учун, АҚШнинг конституциясига кўра, «Конгресс сўз ва матбуот эркинлигини чекловчи бирор-бир қонун чиқариши мумкин эмас» ва «хусусий мулк ўрни қопланмасдан жамият фойдасига мусодара қилиниши мумкин эмас». Конституцияда таъкидланишича, ҳукумат ёки хусусий компания бошқанинг мулкини огоҳлантириш ва муносиб компенсация пулини тўламай, тортиб олиш, мол-мулкка зиён етказишга ҳақли эмас. Одатда, мол-мулк тортиб олинаётгани учун тўланадиган компенсация пули бозор қийматидан паст бўлмайди. Ҳукумат ва мулкдор бу борада музокара олиб бориши белгиланган. Агар иш музокара билан ижобий ҳал этилмаса, суд масалани ўрганади ва давлат ё жамият манфаатини кўзлаб эмас, балки адолатли қарор чиқаришга интилади.
Мулкнинг дахлсизлиги халқаро ҳуқуқнинг таркибий ўзагидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасида «Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас», – дея қатъий белгиланган.
Бировнинг уйини огоҳланти­ришсиз ва товон тўламасдан бузаётган ҳокимият нафақат ўз қонунларини ва мамлакат Конс­титуциясини бузяпти, балки халқаро ҳуқуқда кўзда тутилган жиноятни содир этмоқда.
Қонун нима дейди?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори бор. Унга кўра, давлат эҳтиёжларига кўра уйлар бузилиши мумкин, аммо уйни бузиб яна уй қуриш – давлат эҳтиёжи эмас. Уй қуриш бизнеси вакилларига маҳаллаларни тортиб олиб бераётган ҳокимлар коррупция даъвоси остида қолиши табиийдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам бу тартиб яна бир марта такрорланган бўлиб, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўч­мас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар ўрни тўлиқ қоплангандан кейин рухсат берилиши айтилади.
Бунга риоя қилиняптими?
Бугунги кунда ҳокимият­ларнинг аллақачон бузилган уйлар учун товон тўлашидан қарзи 300 миллиард сўмдан ошганлигини Адлия вазирлиги таъкидламоқда.
Алал-оқибат...
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимларни тадбиркорларга тегишли мол-мулк­ни бузишга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирди: «Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман – асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт».

Қандай хулоса чиқарилмоқда?

Мамлакат раҳбари ҳоким­ларни «менинг вакилларим» деганда халқни қонун доирасида бошқариш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жойларда адолат ўрнатишни назарда тутгани шубҳасиз. Халқни сиқиб, сувини ичиш, устига бульдозер ҳайдаш учун эмас асло!
Бу хатти-ҳаракатлар ислоҳот­ эмас, уларга қарши ҳаракат­лардир. Халқнинг бошқа чораси қолмаса, қонуний йўл билан ҳокимларга бас келолмаса, Яккабоғдаги ҳолат­лар юзага келади. Бунақа зўравонлик­лар охири ижтимоий буҳронларга олиб боради.
Президент бир неча марта: «Ҳокимлар – менинг жойлардаги вакилларим. Уларни ўзим ҳимоя қиламан», – деган албатта. Бироқ давлат раҳбарининг «Тадбиркорлар – менинг ҳимоямда», «Шу халқимиз биздан адолат истайди», деган гапларини ҳам унутмайлик.
Подшоҳ саройидаги базмларнинг гули бўлган, император эҳтиром қилган Александр Пушкин: «Император ҳимоясидан қонун ҳимояси афзал», – деган эди. Чунки император бугун яхши кўриши, эртага ёқтирмай қолиши мумкин. Мамлакатда қонун ишлаши керак.
Шубҳасиз, «шоқол», «мараз» дегани ҳақоратдир, «хезалак» дейиш шахснинг эркаклик қобилиятига шубҳадир, шаънига исноддир. Жиноят кодексининг 139-моддасида кўзда тутилган, озодликдан маҳрум этилишга сабаб бўладиган жиноятдир. Буни кўриб ўша мажлисда ўтирган қонун назорати юкланган ташкилот раҳбарларининг ҳеч нарса юз бермаётгандай, жим ўтириши ҳуқуқий давлатга мос иш эмас. Шундай ҳақоратлар оқибатсиз қолаётган бир пайтда яна бир мансабдор – халқ таълими вазири бор-йўғи «газета ва китоб ўқимаган» дегани учун саксон ёшли журналистни ҳақоратда айб­лаб судга бергани ва бу даъвони судлар жон деб қабул қилганини унутганимиз йўқ.
Ҳокимларнинг мажлисларда осонгина «қаматаман», «ол, мана буни олиб бориб тиқиб қўй, кўзи очилсин» дейиши ҳам ҳайратлидир. Эй, биродарлар, бугун буларнинг барчасини дунё кўриб турибди. Шу мажлисда ўтирган прокурор ёки ички ишлар раҳбари: «Узр, сизда бировни қаматишга ҳукм қилиш ваколати йўқ», деб айта олмайдими?!
Демократик ҳуқуқий давлат қураётган эканмиз, қонун устуворлигини эълон қиларканмиз, давлат ва жамият муносабатларида маданиятли, қонунга асосланган, инсоний муносабатларни ўрнатишимиз лозим.

Карим БАҲРИЕВ




Ўхшаш мақолалар

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

🕔23:18, 15.08.2019 ✔14

Жорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди. 

Батафсил
Тадбиркорларга яна эркинлик,  ҳокимларга эса тақиқ

Тадбиркорларга яна эркинлик, ҳокимларга эса тақиқ

🕔23:15, 15.08.2019 ✔14

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

Батафсил
ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

🕔20:36, 08.08.2019 ✔55

Куз ва қиш ойлари тўй-тўлқинлар, ҳар хил тадбирлар мавсуми ҳисобланади. Айниқса куз – пишиқчилик ва серобчилик палласи бундай саъй-харакатлар авжга чиқади. Топганинг тўйларга буюрсин, дея яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлади. 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

    «БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

    Жорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди. 

    ✔ 14    🕔 23:18, 15.08.2019
  • Тадбиркорларга яна эркинлик,  ҳокимларга эса тақиқ

    Тадбиркорларга яна эркинлик, ҳокимларга эса тақиқ

    Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

    ✔ 14    🕔 23:15, 15.08.2019
  • ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

    ЎЗБЕКНИНГ ТЎЙИ қандай бўлиши керак?

    Куз ва қиш ойлари тўй-тўлқинлар, ҳар хил тадбирлар мавсуми ҳисобланади. Айниқса куз – пишиқчилик ва серобчилик палласи бундай саъй-харакатлар авжга чиқади. Топганинг тўйларга буюрсин, дея яхши ниятда қилинган дуолар ижобат бўлади. 

    ✔ 55    🕔 20:36, 08.08.2019
  • СИРДАРЁда ЯШИРИН УЧ СИР

    СИРДАРЁда ЯШИРИН УЧ СИР

    ёхуд Ўзбекистондаги Америка

    «Илгари одамлар бу ерларда фақат ишлагани учунгина яшар эди, бугун эса мана шу жойлар билан фахрланмоқда»
     

    ✔ 554    🕔 20:33, 08.08.2019
  • ҲЕЧ ЗОТ  ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС,  ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

    ҲЕЧ ЗОТ ҚОНУНДАН УСТУН ЭМАС, ҲАТТО ҲОКИМ ҲАМ

    Ҳоким ва вазир: манфаатлар тўқнашувими ёки даҳанаки жанг?

    ✔ 112    🕔 12:48, 02.08.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар