Туризм      Бош саҳифа

БОБОЛАР ХАЗИНАСИ – АФРОСИЁБ

Рўйи замин сайқали Самарқанднинг бир муҳим бўлаги бўлган Афросиёб харобалари ҳақида гап кетгудек бўлса, бобом қачонлардир бобосидан эшитган мана бундай қадим ривоятни мароқ билан сўзлаб берарди:

БОБОЛАР ХАЗИНАСИ – АФРОСИЁБ

Самарқандга қирқ йилдан ошиқ ҳукмронлик қилган Мирзо Улуғбек давридан то шу кунга қадар Афросиёб харобалари устидан баҳор кезлари турналар карвони учиб ўтаркан. Қизиғи, бу ҳол айнан баҳорнинг маълум бир вақтида, канда қилмасдан ҳар йили такрорланар экан. Ўзига хос тарзда арғамчи бўлиб, «қурай-қурай» деганича овоз чиқариб қанот қоқадиган улкан қушлар шу тахлит бу сеҳрли ва афсонавий заминдан керагича, мислсиз куч-қувват ва энергия олишнинг уддасидан чиқар экан. Мана шу қувват уларга йил давомида ўзгача тетиклик, бардамлик, аъло кайфият бағишлаб тураркан. 

Тўғри, бир қараганда бу сингари гапларга ишониш қийиндай туюлади. Аммо асрлар давомида тилдан-тилга, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган эл-улус сўзларида ҳақиқат учқунлари ҳам йўқ эмас. Бўлмаса, у сира-сира айтилмаган бўларди.
...Афросиёб харобалари ястаниб ётган манзилда сукунат ҳукмрон. Баҳайбат туяларнинг ғадир-будур ўркачини эслатиб юборувчи, тўлқинсимон, қорайиб ётган қир-адирликларда турфа хил майсалар енгил сабода оҳиста чайқалади. Худди улкан денгизнинг, оч тўлқинларини шамол бобо астойдил, жон-жаҳди билан ҳаракатга келтиргани каби. Бу маҳал қариндошимиз билан кўҳна тарих садоларига қулоқ тутардик.
Шу маҳал адирнинг пастига эниб тушган, сел ва ёмғирлар жар қилиб юборган манзилга яқин жойда қўй боқиб юрган қария чўпон бизни имлаб чақирди. Дарров ўша томон юрдик. «Бу адирликларда сир-саноат кўп, – дея гап бошлади қария. – Шу важдан бу манзил тарихи билан қизиқувчилар сероб. Айтишларича, ўтган асрнинг бошларида чўпон ниқобидаги бир афғон ўн минг бош қўй ҳайдаб келади. Сурувларни мана, сиз кўриб турган тепаликларга жойлаштиради. У бозор кунлари икки юз, уч юз бошгача қўй сота бошлайди. Қизиғи, жониворларни у бозордан анча арзон нархда пуллайди. Шундай қилиб ўша кимса шу атрофда узоқ вақт қолиб кетади. Ҳамма ўз ташвиши билан андармон бўлиб, у анчагача эътибор марказидан четда қолади. Бора-бора унинг қўйлар билан ҳам иши бўлмай қолади. Кейин маълум бўлишича, у қўй сотиш баҳонасида Афросиёб харобалари бағрида яшириниб ётган кўпгина ноёб асори-атиқаларни енг ичида ўмариб, жуфтакни ростлаб қолган экан. Қаранг, бизнинг лоқайдлигимиз сабаб, қанчадан-қанча бойликлар ўзга, ёт қўлларга ўтиб кетган экан...»
Негадир, ҳар сафар Афросиёб тепаликларини айланиб юрсам, ўша қариянинг мароқ билан сўзлаб берган ҳикояси ёдга келади. Қадимдан «Ҳисори кўҳна», «Қалъаи кўҳна» деган номлар билан аталиб келинган Самарқанд шаҳри яқинидаги улкан ва баҳайбат бу тепаликлар ўн иккинчи, ўн учинчи асрлардан буён Афросиёб деб юритилади. Биласиз, Афросиёб енгилмас, кураги ер искамаган, афсонавий ҳукмдор бўлган. Бу шахснинг номи «Авесто»да Франграсйан деган тарзда келади. Турон мулкининг енгилмас ҳукмдори, туркий элларнинг тилларда номи достон бўлган қаҳрамони, тарихий шахси узоқ йиллар давомида Эрон ҳукмдорлари билан жанг қилган экан. Тур Афросиёбнинг севимли бобоси бўлган. У бобосидан ҳаёт сирларини мукаммал ўрганган. Эронликлар унинг бобосини ўлдиради. Шунда жаҳл отига минган Афросиёб Эрон заминини босиб олиб, форс ҳукмдорларидан бири Новзарни ўлдиради. Қазвин, Қум, Марв сингари шаҳарлар ҳам унинг саъй-ҳаракати сабаб тикланади. Умуман олганда, бу тепаликлар ўтмишда не-не жангу жадалларни, босқину, тарихий воқе-ҳодисаларга тирик гувоҳ бўлмаган дейсиз.
Юлдузлар илмига нарвон қўйган Мирзо Улуғбек чор-атрофи баланд жарликлар билан ўралган бу манзилда бўлишни, шу жойнинг ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олишни, осмондаги сон-саноқсиз ситораларга узоқ вақт тикилиб туришни беҳад ёқтирган. Негаки, бу баҳаво ва сўлим гўша ўзи бир вақтлари зўр ҳавас ила барпо этган Кўҳанг тепалигидаги обсерваторияга хийла яқин эди. Ҳатто, унинг яқин ва садоқатли шогирди Али Қушчи ҳам Улуғбекнинг бошида қора булутлар лашкари айланиб қолган кезларда беҳисоб китобларни айнан Афросиёб тепаликларига яширмоқчи бўлади. Унинг бу ниятидан афсуски ёвуз ниятли кимсалар бохабар бўлиб қолади. Шу тахлит бу ният саробга айланади. Эҳтимол, Али Қушчи беқиёс хазинани Афросиёб бағрида кўҳна тарихнинг бизу-сиз англамаган, тубига етиб бормаган сир-саноатлари қабатига кўммоқчи бўлгандир. 
1965 йилда қадимшунослар ўша манзилда қазишма ишлари олиб борган. Натижада олтинчи, еттинчи асрларга мансуб сарой қолдиқлари топилади. Сарой деворларига зўр ҳафсала билан чиройли қилиб, дид билан турли мамлакатларнинг элчилари, улкан ва баҳайбат филларга миниб олганича сайр қилаётган маликалар, тўй ва ов маросимлари акс этган расмлар чизилган экан. Буни қаранг, тарихнинг ҳаққоний ва асл манзаралари акс этирилган мазкур расмлар зах тупроқ қатида бўлишига қарамасдан ниҳоятда аъло сақланган.
Қарийб икки юз йигирма гектар келадиган майдонни банд этган Афросиё шаҳарчасидан хуфтон тушган паллада қайтдим. Қайтаяпману, қулоқларим остида бўйни узун отларнинг узун-узун кишнашлари, алпларнинг жангу-жадалдаги бақир-чақирлари, ноғоранинг одамни эсанкиратиб қўювчи садолари элас-элас жаранглагандай бўлди.
Улуғбек ЖУМАЕВ




Ўхшаш мақолалар

«КЕЛИНТОШ»

«КЕЛИНТОШ»

🕔13:49, 01.11.2019 ✔235

Қояга чирмашиб чиқиш учун хийлагина тер тўкишимга тўғри келди. «Пастликка қараманг, бошингиз айланади. Қиррадор шаклдаги қоянинг кемтик жойига оҳиста оёқ қўйинг. Ана шунда тепага кўтарилишингиз осонлашади...»

Батафсил
ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

🕔13:48, 01.11.2019 ✔232

ёхуд Тошкент вилоятининг бугунги салоҳиятидан бир шингил

Тошкент вилояти Буюк Ипак йўлининг шундоққина чорраҳасида жойлашгани учунгина катта ва улкан аҳамиятга молик манзил ҳисобланади. Шундан бўлса керак, Мовароуннаҳрнинг бир вақтлар кўзга яқин шаҳри бўлган, солланиб оқаётган Сирдарё қирғоқларида савлат тўкиб турган «Шоҳруҳия» қалъасини кўришга келаётган саёҳларнинг қадами узилмайди.

Батафсил
БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

🕔19:43, 24.10.2019 ✔711

Юртимиздаги энг катта ва экстремал ғорлардан бири 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «КЕЛИНТОШ»

    «КЕЛИНТОШ»

    Қояга чирмашиб чиқиш учун хийлагина тер тўкишимга тўғри келди. «Пастликка қараманг, бошингиз айланади. Қиррадор шаклдаги қоянинг кемтик жойига оҳиста оёқ қўйинг. Ана шунда тепага кўтарилишингиз осонлашади...»

    ✔ 235    🕔 13:49, 01.11.2019
  • ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

    ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

    ёхуд Тошкент вилоятининг бугунги салоҳиятидан бир шингил

    Тошкент вилояти Буюк Ипак йўлининг шундоққина чорраҳасида жойлашгани учунгина катта ва улкан аҳамиятга молик манзил ҳисобланади. Шундан бўлса керак, Мовароуннаҳрнинг бир вақтлар кўзга яқин шаҳри бўлган, солланиб оқаётган Сирдарё қирғоқларида савлат тўкиб турган «Шоҳруҳия» қалъасини кўришга келаётган саёҳларнинг қадами узилмайди.

    ✔ 232    🕔 13:48, 01.11.2019
  • БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

    БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

    Юртимиздаги энг катта ва экстремал ғорлардан бири 

    ✔ 711    🕔 19:43, 24.10.2019
  • БОБОЛАР ХАЗИНАСИ – АФРОСИЁБ

    БОБОЛАР ХАЗИНАСИ – АФРОСИЁБ

    Рўйи замин сайқали Самарқанднинг бир муҳим бўлаги бўлган Афросиёб харобалари ҳақида гап кетгудек бўлса, бобом қачонлардир бобосидан эшитган мана бундай қадим ривоятни мароқ билан сўзлаб берарди:

    ✔ 1154    🕔 23:12, 15.08.2019
  • Ахсикентнинг учар арғумоқлари

    Ахсикентнинг учар арғумоқлари

    Санкт-Петербургнинг марказида, мавжланиб оқаётган Нива дарёси соҳилидаги хиёбонни кезиш одамга ўзгача кайфият бағишлайди. 

    ✔ 1149    🕔 11:30, 26.04.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар