Оила хуржун      Бош саҳифа

ЎЗИДАН ЎЗИ АСРАСИН!..

Бундан ўттиз йил аввалги гап бу. Ўшанда  ёзувчилар уюшмасида ишлардим. Халқаро муносабатлар бўлимидаман, ишим – чет эллик ёзувчиларни кутиб олиш, Самарқанду, Бухоро, Хиваларни айлантириб, яна кузатиб қўйиш.

ЎЗИДАН  ЎЗИ  АСРАСИН!..

Кунларнинг бирида ишлаб ўтирган хонам эшиги шиддат билан очилди. Соқоли уч кун бурун олинган, юзи қуёшда обдан пишган, йигирма беш ёшлардаги абжир йигитнинг қувноқ чеҳраси  хонага нур олиб кирди. 
– Ассалому-алейкўм, ака мулло!
– Ваалейкум, ука мулло! – дедим ва англадим. Бухоро томонлардан келган.
Йигит рўпарамдаги курсига шартта ўтирди, дуога қўл очди:
– Илоё илобандо, Хўжайи жаҳон бобомизнинг руҳлари қўлласин!
Ҳа, бўлди, тушунарли, бу йигит Ғиждувондан келган.
– Ман, акажон, сизнэ яхши биламан, сиз... ўзимизнэ афандилардан, ўқиганмиз, ёмон эмас. Ака, ман адабиёт ўқитувчиси, отим Населло. Каникул бошланди. Отпускнойларни олиб шаққа сурдим. Бир айланиб, сизни ҳам, устожонни кўрай деб келувдим. 
– Хуш кўрдик, укажон. Мандан нима хизмат? Устожон ким?
– Иби, билмайсизмэ!? Устожон-да!.. Ўзлари адабиётимизда битта. Ғўлдир Ғопий! Шеърларини кечаси уйғотиб сўранг, шариллатиб айтмаган номард. 
Йигит яна шижоат билан ўрнидан турди, Маяковскийча туриш қилди ва шеър ўқий кетди. 
Ҳа, бу шеърларга гап йўқ. Боқий сатрлар-ку!. Муҳаббат куйланяпти. Жавобсиз муҳаббат. Софдил, мажнунларча севган йигитнинг кўкка ўрлаётган армонлари. Шеър оташин тарзда ўқилди. Йигит қизариб-бўзариб олди. Мен ҳаяжонланиб кетдим. 
– Отангизга раҳмат, укажон! Шеърни ана шундай ўқиш керак.
Хуллас, Насилло билан бирпасда ўн йиллик ака-укадек бўлдик. Ва ниҳоят, у илтимосини баён қилди.
– Акажон, ана шу устозим, Ғўлдир Ғопийни манга топиб берсангиз. Манга тириги керак. Битта расмга тушиб, чой бериб, кейин то ўлгунча мақтаниб юрсам, дейман.
Оббо, мана шуниси чакки бўлди. Маслаҳат бердим:
– Эй, укажоним-а, нима қиласан ўзини кўриб? Ҳафсаланг пир бўлади. Бир умр шеърларини ўқи, майли ёд ол, болаларингга ёдлат. Аммо ўзига дуч бўлиш... 
– Ҳа, сизлар мана шунақа сизлар, – йигит мендан астойдил хафа бўла бошлади, – биз – оддий халқ сизларни севамиз, китобларингни қўлма-қўл қилиб ўқиймиз. Сизлар-чи? Бир-бирларингни кўролмайсизлар, зимдан биринг бирингга чоҳ қазиб юрасизлар! Шундайларни ортидан энди оломон эргашсинми?
Қарасам, йигитнинг кўзидан ўт чақнаб, чойнакдек келадиган муштлари ҳавода ўйноқилай бошлади. Тўғриси, бироз чўчидим, тарқоқлигимиз, бир-биримизни ғийбат қилишимиз ва зимдан кўролмаслигимиз учун халқ вакилининг муштига дучор бўлмаслик учун назокату нафосат ила дедим:
– Майли, топиб бераман... Аммо бирор гап бўлса, ўзингиздан ўпкаланг... Мен огоҳлантириб қўйдим.
Столим устидаги шиша остидан Ғўлдир Ғопий ишлаб турган таҳририят телефонини топиб, ўнг қўлим олдида турган телефон чамбарагини ғириллатиб айлантира бошладим. Гўшакни бир аёлгина кўтарди. Гаплашиш оҳангидан сездим: бу ҳам шоира. Қулоғим динг бўлиб ўта ҳушёрлик билан домлани сўрадим. 
– Домлани эрталаб кимлардир келиб мовий гумбазларга олиб кетди.
Ана, эрталабдан мовий гумбазларга. Демак, зиёфат соат ўнларда бошланган, ҳозир соат ўн икки ярим бўляпти. Ғопий ҳазрат пишиб ҳам қолгандирлар. Мен гўшакни қўйиб, домланинг муридига бу гапни айтиб, мовий гумбазларга қандай бориш мумкинлигини тушунтирай десам, йигит деярли эшитмади. Жойидан қуюндек қўзғалди, ишонасизми, ҳатто хайрни ҳам насия қилди.
Шу кўйи ишларимга шўнғиб кетдим. Келиб кетган йигитни унутдим ҳисоби. Орадан уч-тўрт соат ўтиб, тушдан сўнг бояги йигит сувга тушган мушукдек шўппайиб қайтиб келди.
– Ҳа, тинчликми?
Йигитнинг дурустгина кайфи бор. Чайқалиб турибди. Наф­ратга тўла нигоҳларини менга қадаб ўдағайлади:
– Санларни аҳволинг шу! Халқни алдайсан... Ейсан-ичасан, думингни тутқизмай қочасан. Ман санларга кўнгил қўйибман-а...
Йигитни овунтиргандек бўлдим. Бир пиёла қайноқ чой узатдим, кайф устида хонамда «Прима» тутатса ҳам индамадим. У ўзини бироз босиб олди шекилли, секин гап бошлади: 
– Акамулло, куни кеча эрталаб раччётимни олгандим. Биласиз, ўқитувчиларнинг ёзги раччётнийси дурустгина чиқади. Бемалол битта ҳўкизни пули деяверинг. Хотинбойга неччи йилдан бери айтардим, устозни бир кўрсам, битта расмга тушсам, кейин ўлиблар кетсам ҳам майли эди, деб. Олдингиздан чиқибоқ такси тўхтатиб голубой купала томон учиб кетдим. Шопирга босинг, ака, дейман. Ахир кетиб қолиши мумкин-да.
Борсам, голубой купала деярли бўм-бўш, абет тугабди-да. Айланиб мунай қарасам айвоннинг энг четидаги бирлаш­тириб қўйилган столларнинг тўрида бир одам қийшайиб ўтирибди. Яқин бориииб қарасам... Устод! Ўтирганча ухлаяптилар. Ўргилай, устозжон, ўзингизми десам, «ҳмм» дейдилар. Тўғрилаб ўтирғизиб қўйдим. Оққан сўлакларини хотиним совға қилган дастрўмолча билан артиб қўйдим. Кўзларини очиб манга термулдилар! «О, келдингми, жигаргўшам» дедилар! Мани! Мани-я! Оддий бир қишлоқ ўқитувчисини! Апсанкани чақирдим. Шашлик, табака, ҳалигини зўридан буюрдим. Устозга қуйдим. Тик туриб тўртта шеърларини ўқиб ташладим. Кўзларига ёш олдилар. Сан мани энг буюк мухлисимсан дедилар. Мани чўлп-чўлп эткизиб икки марта ўптилар! Мани-я! Ана энди шеърларим газитларда босилади. Оқ йўл ёздириб оламан. Китобларим чоп этилади. Қарабсизки, аканг Насил Ғиждувоний адабиёт юлдузи-да!..
Бир пайт табаррук инсонимизнинг «самовар»лари қайнади шекилли «ман… манн... биррр...» деганча у ёққа кетдилар. Эшигигача кузатдим, кейин келиб апсанкага мева-чева, сок-пок изделай десам, манга қараб:
– Исначала плати, – дейди.
– Платим, платим, давай, –  десам.
– Нет, давай плати, –дейди.
Хўп, тўлаб қўя қолай, сўғин устодни кўнглига қараб иш қиларман деб:
– Исколка? – десам. Қўлимга раччўт каптанса беропти. Қарасааам… кўзим чиқиб кетди! Уч юз қирқ беш сўм! А бу пулга Ғиждувонда катта маърака қилсам бўлади-ку.
– Эббэ, чо ти абмани, – десам.
– Нэ, я нэ абманала, – дейди. – Сэ утра около дватцад челавек пили, ели, стихи читали…
Устоздан сўрай-чи, деб у ёққа борсам, ул зот еру-кўкда йўқ. Бир пайт апсанка мелисани чақириб келопти. Тўламай илож қанча. Тўладим-да. Ўлай агар, одамга алам қилар экан. Устоз билан ўзимга қилган заказим йигирма беш сўмдан ошмасди...
Йигит бошини чангаллаб ўтириб олди.
– Укажоним, мен сизга нима деган эдим. Ёзувчи шоирларнинг китобини ўқинг, шеърларини ёд олинг, аммо ўзига яқин келманг... пушаймон бўласиз. Мана, мен ўзим ёзувчиман, аммо ёзувчи ё шоирни кўрсам чўчиб тураман. Хуллас, асарини сев, аммо... ўзидан Ўзи асрасин!.. 
Ростини айтсам, мен ҳам ўшаларнинг бириман...

Маҳмуд БЎРОН 




Ўхшаш мақолалар

МУТОЙИБАГА МОЙИЛ ИНСОН

МУТОЙИБАГА МОЙИЛ ИНСОН

🕔18:25, 12.09.2019 ✔51

«Ҳар қандай санъаткор ижодиёти унинг шахсияти билан чамбарчас боғлиқ. Мухлисларнинг таниқли ижодкорлар ҳаётига қизиқишлари ҳам бежиз эмас. Томири хушчақчақ аскиялар, бетакрор, серзавқ қочиримлар водийси – Фарғонага туташ Эркин Воҳидов ҳаётда ҳазил-мутойибага мойил, ўзи ҳам ҳазилкаш, қувноқ одам эди...»

Батафсил
ЎЗИДАН  ЎЗИ  АСРАСИН!..

ЎЗИДАН ЎЗИ АСРАСИН!..

🕔22:48, 29.08.2019 ✔217

Бундан ўттиз йил аввалги гап бу. Ўшанда  ёзувчилар уюшмасида ишлардим. Халқаро муносабатлар бўлимидаман, ишим – чет эллик ёзувчиларни кутиб олиш, Самарқанду, Бухоро, Хиваларни айлантириб, яна кузатиб қўйиш.

Батафсил
Фолбинни лақиллатиш

Фолбинни лақиллатиш

🕔11:33, 26.04.2019 ✔526

Аркадий АВЕРЧЕНКО, 
Россия 

— Сен, албатта, фолбинга боришинг керак, — деди менга тоғам. — Ўтмиш, бугун ва келажакни ақл бовар қилмас даражада тўғри башорат қилади…

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МУТОЙИБАГА МОЙИЛ ИНСОН

    МУТОЙИБАГА МОЙИЛ ИНСОН

    «Ҳар қандай санъаткор ижодиёти унинг шахсияти билан чамбарчас боғлиқ. Мухлисларнинг таниқли ижодкорлар ҳаётига қизиқишлари ҳам бежиз эмас. Томири хушчақчақ аскиялар, бетакрор, серзавқ қочиримлар водийси – Фарғонага туташ Эркин Воҳидов ҳаётда ҳазил-мутойибага мойил, ўзи ҳам ҳазилкаш, қувноқ одам эди...»

    ✔ 51    🕔 18:25, 12.09.2019
  • ЎЗИДАН  ЎЗИ  АСРАСИН!..

    ЎЗИДАН ЎЗИ АСРАСИН!..

    Бундан ўттиз йил аввалги гап бу. Ўшанда  ёзувчилар уюшмасида ишлардим. Халқаро муносабатлар бўлимидаман, ишим – чет эллик ёзувчиларни кутиб олиш, Самарқанду, Бухоро, Хиваларни айлантириб, яна кузатиб қўйиш.

    ✔ 217    🕔 22:48, 29.08.2019
  • Фолбинни лақиллатиш

    Фолбинни лақиллатиш

    Аркадий АВЕРЧЕНКО, 
    Россия 

    — Сен, албатта, фолбинга боришинг керак, — деди менга тоғам. — Ўтмиш, бугун ва келажакни ақл бовар қилмас даражада тўғри башорат қилади…

    ✔ 526    🕔 11:33, 26.04.2019
  • «Кампирингиз  нима туғди?»

    «Кампирингиз нима туғди?»

    Туғуруқхонада ётган келинимизнинг ҳолидан хабар олгани вилоят шифохонасига йўл олдик.

    ✔ 653    🕔 21:25, 13.02.2019
  • Мажлисдаги илҳом

    Мажлисдаги илҳом

    Ёзувчи учун илҳомнинг келиши жой танламас экан. Хоҳлаган пайтда ўзи келиб қоларкан. Мениям кейинги пайтда илҳомим қочиб кайфиятим бузилиб, иштаҳасиз юргандим.

    ✔ 792    🕔 17:39, 06.12.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар