Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Якуний назорат

Шафақ тонги отади. Кўз очиб юмгунча Қуёш терак бўйи юксалади. Талабалар издиҳоми ўнгу сўлга эътиборсиз Дорилфунун томон оқади. Серташвиш нигоҳлар Қуёш туриш-турмишидаги бежоликни илғамайди.
 

Якуний назорат

Бугун якуний назорат – талабалар учун сўнгги имтиҳон. 
Дорилфунун биноси олдидаги майдон талабалар тўдаси билан тўлиб тошади, терлайди, ҳансирайди, буғланади, гўё адоқсиз оломонни сиғдиришга мажбурлангандай лаҳза сайин кенгайиб боради. Кириш эшиги олди айниқса ғалағовур. Саноғи йўқ қора, сариқ, оқ, малла, қизилу жигарранг бошлар бўсағада ғуж тортган. Бошлардан икки энлик пастда чуғурлашаётган, йўқ, шўх болакай уясини бузиб тухумини олиб кетган она захчадек фарёд солаётганга менгзовчи товушлар эшитилади. Фақат бир амаллаб товуш орасига суқилиб кира олгангина гапни гапдан ажрата олади. Ҳушёр нигоҳгина ушбу бетакрор симфонияга асосан уч талаба дирижёрлик қилаётганини англайди. Бошқа товушлар ҳам шу учовдан бирига тегишлидек гўё: ким жўравоз, ким сомеъ.
– Топшириб чиққанлар борми ўзи? – куч билан бош буриб атрофдан сўрайди қирғийбурун, қорачадан келган, жингалаксоч талаба.
Савол бир муддат жавобсиз қолади. Ниҳоят юзидан тортиб қошу киприк­ларигача малла талаба қирғийбурунга бежоланиб турган кўкқизғиш кўзларини тикади ва палағда товушда дейди: 
– Кириб кетгани кўп, лекин қайтиб чиққанини биров кўрмаган... Янаям билмадим. Кўрган борми? 
– Йўқ, ҳеч ким чиқмади. Чиқса билардик! – Бир неча овоз баравар жавоб беради.
Майдонни ваҳимали сукунат тутади.
Шу пайт дўмбоқ, қориндор талаба йигит қўл телефонига ёпишиб кимгадир сим қоқа бошлайди. Юзлари узундан келган, найновроқ, чўтир қиз каттакон сумкасини титкилашга тушади. Афтидан тун бўйи ухламай ёзиб чиққан шпаргалкасини излайди. Кўзлари қисиқ жиккаккина бошқа бир қиз қўлидаги ёзув дафтарини ўқишга тутинади. Сўнгги русумда кийинган, юзлари сербўёқ танноз унинг елкаси оша дафтарга мўралайди. Умрида илк бор кўраётгандек варақ бетидаги сатрларга бегонасираб тикилади. Кўп ўтмай маънисиз тикилишдан зерикади чоғи, ўзига ўхшаб бўянган ўртоғи билан гапга тушиб кетади.
Майдон четига қўйилган курсиларнинг ҳаммаси талабаларнинг ортиқча кийимлари, тўрва-халталари билан банд. Ўтиришга жой йўқ. Ҳамма тик оёқда. Қуёш қизиғиданми, тиқилинчданми ёки ташвишнинг зўриданми талабаларнинг юз-кўзларидан шаррос тер қуйилади. Дам сайин кўпа­йиб бир-бирига жипслашиб бораётган оламон залворидан пуфакдек шиша бошлаган майдон сатҳини тўпиқ баравар сув босган. Бу сув қаёқдан келганига ақл бовар қилмайди: ё кеча кечқурун фаррош меъёридан ортиқ сув қуйиб юборган ёки тун бўйи ёмғир ёғиб чиққан, у ҳам бўлмаса, сув манбаи имтиҳон ваҳимасидаги талабаларнинг терлари...
Тўпиғидан сал юқорироқ­қача, узун оқ камзўл кийган, оқ юзли, улуғвор бир талаба ерга тикилганча, домладан олган сабоқларини пичирлаб такрорлайди. Чамаси бу сасни фақат уни ўраб турган ҳамсабоқлари эшитишади. Вужудлари қулоққа айланиб, сўзларини англашга, худди у каби такрорлашга уринишади. Чунки бу – аълочи талаба, Дорилфунун фахри. Ҳозир ҳам кенг майдон узра тун қўйнидаги митти юлдуздек ажралиб турибди. У кўп ўқийди, дарсларга тўлиқ қатнашади, одобли, босиқ, қўлидан келганча бошқаларга яхшилик қилади, энг муҳими, домланинг назарига тушган. Буни ҳамма яхши билади. Шундан бўлса керак қирғийбурун билан малла уни зимдан ёмон кўришади.
Чиқиштиришмайди дейиш қийину – чунки ундан қўрқишади – имкон топ­ганда орқаваротдан мазах қилишади. Гаплашганда «тилларини бураб, рамз ўйини» (бу таъриф домланики) қилишади. Ўз ҳамтовоқлари билан устидан турли иғволар тўқишга, унга йўқ айбларни ёпиштиришга уринишади. Оқ юзли талаба буларнинг барчасини сезиб юради. Қитмир гапларининг маънисига ақли етади. Аммо «Бўлмаганни бўлишма» дегандек барча жавобларини теран, хотиржам нигоҳларида ифода этиш билан чекланади. Ҳалигилар ҳаммасидан ҳам унинг мана шу нигоҳидан ҳайиқадилар. Ҳайиқиш асносида унга бўлган ғаразлари ошиб-тошади. Бугун ҳам унинг ҳеч нарса билмагандек хотиржам ўтириши, гап-сўзларга беэътиборлиги уларнинг пинҳоний адоватларига адоват қўшади... Аммо на чора имтиҳон юкидан ҳамма бирдек ташвишда. Душман душмангагина эмас, дўст дўстга ҳам қарамайди ҳозир. Ит эгасини танимайди.
– Домлани қўлга олса бўлармикан-а, – яна гап ташлайди қирғийбурун.
– Нафсиламрини айтсам, – деб ўсмоқчилайди малла. – Қўлга ўрганмайдиганининг ўзи йўқ. Фақат ҳар бирининг тилини топиш керак-да. Масаланинг жиддийлиги шунда.
– Бўлмаган гап, – бевақт қичқирган хўроздек гапга қўшилади дўмбоқ талаба. – Манаман деган танишларимни ўртага қўйиб кўрдим. Ҳатто энг катта «танка»мни аралаштирдим. Биронтаси сен айтган ўша тилни тополмади.
– Тўғри айтади, тўғри айтади... – гувиллайди оламон.
Қуйироқдан сербўёқ хоним луқма ташлайди.
– «Пул бўлса, чангалда шўрва» деб юрадиган дадам ҳам кеча уйга шалвираб кириб келди. Ҳатто ёнига йўлатмабди.
– Дорилфунуннинг уддабурон ходими бор-ку, уни ҳамманг яхши танийсан, бизларни то бугунгача, «Имтиҳонингни ўзим олиб бераман, гарантия», деб ишонтириб юрди. Унинг гапига кириб нималар қилмадик. «Ҳой» деса, «лаббай» деб турдик. Бор деган жойига бордик, қайт деса қайтдик. Унга қилган харажатларимиз, югур-югурларимизнинг сон-ҳисоби йўқ. Кечқурун гапни бир жойга қўйиб келай деб уйига бордим. «Эртага имтиҳон, энди буёғига ўзингиз туриб берасиз-а, ака» десам, нима дейди денглар: «Мен сизларни, сизлар мени танимайсизлар. Ҳамма ўзига жавоб берсин. Қўйни ҳам, эчкини ҳам ўз оёғидан осадилар, укажон!» деса-я. Мен унга: «Сиздек аканинг боридан йўғи яхши, қанақа мунофиқ одамсиз, шу гапни энди айтасизми, хонумонимизни куйдирдингизку», дедим. Аламимдан нима қилишимни билмай роса сўкдим, бу билан ҳам қониқмай, уйининг ҳамма ойналарини синдириб ташладим. Аммо бундан кимга фойда. Фурсат қўлдан кетган эди. Айниқса, қайтаётганимда айтган гапи қизиқ бўлди. Айтишича, домлага фақат биз эмас, унинг ўзидан тортиб барча ходимлар, ҳатто раҳбарлар ҳам имтиҳон топширар эмиш. Бу ҳақда аввал ҳам бир эшитган-у, ишонмай юрган экан. Кеча энг катта бошлиқдан аниғини билганмиш. Тўнини тескари кийиб олгани шундан эмиш. Шуям баҳона бўлди-ю! 
Қирғийбуруннинг бу гаплари ҳаммани гангитиб қўяди. Айниқса малла ўзининг табиий рангини йўқотиб тўқ қизил тусга киради. Таннозхоним билан ўртоғи юз-кўзларида камалак жилосини намойиш қилганча йиғи бошлашади. Жиккак талаба қўрққанидан қунишиб олади. Найнов қиз шпаргалкаларига қаттиқроқ ёпишади. Майдон узра янада оғирроқ сукунат чўкади. Оёқ остидаги сув тизза бўйи кўтарилади.
– Айб ўзимизда, – дейди талабалар томонидан «жайдари» отини олган содда-дўлавор талаба. – Вақтида домланинг айт­ганини ҳазил билдик, топшириқларини бажармадик, дискотека-ю кино, ресторану кафе қилиб юрдик. Сўнгги кунларгача кимларгадир ишондик. Энди ҳолимизга маймунлар йиғлайди.
Қирғийбурун яна дирижёрлик таёқчасини қўлига олади.
– Беҳуда пушаймондан фойда йўқ энди. Кўпчиликмиз, бир йўлини топайлик. Ким нима дейди. Бир калла яхши, икки калла ундан яхши.
– Битта билимдон, битта билмасвой жуфт бўлиб кирсакчи. Билгичлар билмаганларга ўргатади. Шу билан ҳамма ўтиб кетади.
Ҳамиша дарсларга ичиб, чекиб келаверганидан ўзига «нашаванд» лақабини орттириб олган заъфарон юзли талабанинг гапини маллавой шарт кесади:
– Ҳамма гапирса ҳам сен гапирма. Сен бор-ку, қирқ йил лой тепсанг, битта ҳуштак чиқаролмайсан. Домла шу содда макрингга алданиб қолар. У сенга шундай «макр» қилсинки, уйингни тополмай қол.
– Бир айтдим, қўйдим-да. Билганларингни қилинглар, – маъюс тўнғиллайди «нашаванд» ва титроқ қўллари билан чўнтагини тимискилашга киришар экан қарзини ундириб олаётгандек қўшимча қилади. – Ҳамма балонинг боши ўзинг­сану, яна менга дўқ қиласан. Ахир сен эмасми домланинг ҳақ сўзларини ёлғонга чиқариб, буни пана-панада ҳаммага уқтириб юрган. 
Аммо «нашаванд»нинг минғирлашини ҳеч ким эшитмайди.
– Шпаргалкага нима дейсизлар?..
Чўтир қизнинг бу таклифидан теварак ёришиб кетгандек бўлади. Дўмбоқ билан таннозхонимлар ошкора жилмайишга тушишади, ҳатто чўнтак ковлаб пул санай бошлашади.
– Мен бир зумда шпаргалкангни кўпайтириб келаман, – дейди йўлга чоғланиб дўмбоқ.
Ўткинчи чақмоқдек йилт этган бу ёруғликни ҳам қирғий­бурун ташлаган ёқимсиз луқма ютиб юборади.
– Эй биродарлар, шунчалик соддамисиз, ахир бу эшикдан онадан туғилгандек бўлиб кирасан. Тўрва-халта, қўлу эгнинг­даги ҳамма нарса ташқарида қолади. Фақат калланг, билиминг ўзинг билан. Бошқа йўли йўқ. Домланинг низомини билмайсанларми?
Бундай «лутф»дан кейин қони қочган мол ўпкаси рангига кирган маллавой ўз биродари – қирғийбурунга ташланиб қолади.
– К-ў-ўп гапни биласан, ақлинг етмаган нарса йўқ. Ҳаммага ҳакамлик қиласан, йўл кўрсатасан. Сенга ихлос қўйиб эргаш­ганлар қанча. Ҳатто мен ҳам гапингни икки қилмаганман. Ахир шу иддаоинг­ни нега олдинроқ айтмадинг. Имтиҳон бунчалар шафқатсиз бўлишини бизларга билдирмадинг.
– Ай, дардингни олай, биродарим, тўғри айтасан, Дорилфунунда мен ислоҳ киритмаган низом йўқ. Мен буюк ислоҳчиман. Буни ўзим яхши биламан. Ҳатто ўша уддабурон ходимлар ҳам мен тузган низомга ихлос қўйиб, кам бўлишмади. Буни менга ўзлари айтишган. Мен домланинг низомини ҳам ислоҳ қиламан, ўзимизга мослайман деб ўйлардим. Аммо афсус, адашганимни бугун англаб турибман. «Кейинги пушмон – ўзингга душман» деганларидек, энди бари бефойда. 
Майдон ўлик сукунатга чўмади. Сув белдан юқорилайди. Қизу йигитлар баравар оҳ-воҳ қилишга тушишади. Кун қиёмга киради. Талабаларнинг юз-кўзларидан эндиликда тер шаррос қуйила бошлайди. Қирғийбурун билан маллавой ўзларини зинанинг энг юқори поғонасига олишади. Шунда ҳам сув белларига чиқади...
Сув кўпайгандан кўпаяди. Белдан кўкракка, кўкракдан бўйинга етади. Энди майдон узра фақат каллаларгина кўринади. Баъзи талабаларнинг оғзиларига сув кира бошлайди. Шунда дафъатан ҳамманинг нигоҳи майдон четида уммон аро оролдек, ўз сабоқдошлари билан сув қутқусидан омонда турган оқ юзли талабага тушади. Юз-кўзларга ҳайронлик, ҳавас, ҳасад сингари минглаб ифода тўрлари ёйилади. Қирғийбурун билан малла унга гап қотмоққа оғиз жуфтлашади. Бироқ бўйиндан ўтиб, иякка етган сув оғиз очишларига йўл бермайди. Сўнгги лаҳзаларгача кўзи очиқ қолганлар фақат сувнинг узун йўлак ҳосил қилиб чекинганини, оқ юзли талаба ва сабоқдошларининг елкама-елка жипс турганча эшик томон юрганларини, уларнинг қаршисида залварли эшик ланг очилганини кўришга улгуришади...
Эшикдан кирганларни нима кутади, шу кириб кетганча қайтиб чиқадиларми, йўқми, якуний назорат натижаси қандай бўлади – бу ҳаммага қоронғу, бу сирни на ташқаридагилар, на ичкарига қадам қўйганлар биладилар. Куннинг эса интиҳоси кўринмайди...

Ҳабибуллоҳ ҲАЙДАР




Ўхшаш мақолалар

Якуний назорат

Якуний назорат

🕔22:56, 29.08.2019 ✔348

Шафақ тонги отади. Кўз очиб юмгунча Қуёш терак бўйи юксалади. Талабалар издиҳоми ўнгу сўлга эътиборсиз Дорилфунун томон оқади. Серташвиш нигоҳлар Қуёш туриш-турмишидаги бежоликни илғамайди.
 

Батафсил
ТАҚДИР

ТАҚДИР

🕔11:37, 28.06.2019 ✔422

Янгиобод — шаҳардаги энг катта маҳаллалардан бири. Нуриддин ҳожи яқинда шу маҳалла масжидига имом бўлди. Масжиднинг қавми анчагина катта экан. Айниқса, ёшларнинг кўплиги кишини қувонтиради.

Батафсил
Қўшнининг қадами узилса...

Қўшнининг қадами узилса...

🕔11:23, 14.06.2019 ✔439

Бувимнинг узун қиш тунларию, илиқ шабада эсиб турган ёз кечаларида айтиб берган хотираларини эсласам бир нафасга бўлса ҳам яна ўша кунларга қайтгандек бўламан.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Якуний назорат

    Якуний назорат

    Шафақ тонги отади. Кўз очиб юмгунча Қуёш терак бўйи юксалади. Талабалар издиҳоми ўнгу сўлга эътиборсиз Дорилфунун томон оқади. Серташвиш нигоҳлар Қуёш туриш-турмишидаги бежоликни илғамайди.
     

    ✔ 348    🕔 22:56, 29.08.2019
  • ТАҚДИР

    ТАҚДИР

    Янгиобод — шаҳардаги энг катта маҳаллалардан бири. Нуриддин ҳожи яқинда шу маҳалла масжидига имом бўлди. Масжиднинг қавми анчагина катта экан. Айниқса, ёшларнинг кўплиги кишини қувонтиради.

    ✔ 422    🕔 11:37, 28.06.2019
  • Қўшнининг қадами узилса...

    Қўшнининг қадами узилса...

    Бувимнинг узун қиш тунларию, илиқ шабада эсиб турган ёз кечаларида айтиб берган хотираларини эсласам бир нафасга бўлса ҳам яна ўша кунларга қайтгандек бўламан.

    ✔ 439    🕔 11:23, 14.06.2019
  • Шукрона

    Шукрона

    Узоқ қариндошимизникига меҳмонга бордик. Бизни тўрт киши ўтирган хонага олиб киришди.

    ✔ 414    🕔 11:21, 14.06.2019
  • Она кимни кўпроқ  яхши  кўради?

    Она кимни кўпроқ яхши кўради?

    Оила дастурхон атрофида жам бўлди. Аёл боши билан уч ўғил ва уч келиннинг бошини бирлаштириб, қарилик гаштини суриб юрган Соҳиба ая дастурхонга келтирилган таомни бошлаб бергач, ҳамма овқатга қўл узатди.

    ✔ 293    🕔 11:20, 14.06.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар