Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҚАЙНОНА-КУЁВ ҲАЖВЛАРИ ЎЗБЕККА ХОСМИ?

ёхуд қош қўяман деб кўз чиқариб қўйманг

Яқинда телевидениеда «Қаҳқаҳа» гуруҳи чиқишини кўриб қолдим. Улар сайёҳлик агентлиги фаолиятини намойиш этишди. Бири – агентлик ходими, бири – саёҳатга орзуманд одам. Ходим мижозга турли мамлакатларни тавсия қилиб, улардаги диққатга сазовор жиҳатларни санайди бирма-бир....
– Мана, Таиландга саёҳат қилинг, денгиз, тоза ҳаво, пальма­лар... нақ экзотига. Тимсоҳ­­лар ҳам бор. Тимсоҳ кўрган­мисиз ўзи?
– Ҳа кўрганман.
– Қаерда?
– Қайнонам ҳар замонда келиб туради...
Залда ўтирган эркагу аёл гурра кулади. Даҳшатли ва ажабтовур ўхшатишдан қайнона­ларини кўз олдига келтирган эркаклар тиззаларига урганча қотади? Мен кулолмадим, кулгим келмади, қайтанга энсам қотди. Нега дейсизми?
Кейинги пайтларда қизиқчи­ларимиз (аксариятининг масхарабоздан фарқи қолмади) ўз репертуарларига албатта қайноналар ҳақидаги латифаларни қўшишни одат қилиб олишди. «Менинг қайнонам...», «уйимизга қайнонам келганди...», «душман тараф...» Бир-биридан бачкана латифалари билан кулдира-кулдира охирида ўзларини оқлаб ҳам олишади: бу шунчаки ҳазил... Энг ғалатиси, ўша залда турмуш ўртоғию фарзандлари билан бир қаторда қайноналари ҳам ўтирган бўлади. Тунов куни биттаси алмисоқдан қолган латифани айтиб чиқибди телевидениеда. Буни сиз ҳам эшитгансиз кўп бора: «Хотин, белимга туфуриб қўй». «Нега дадаси?» «Дўхтир илоннинг заҳарини суртинг деди». Қизиқчимиз шу латифани ҳам ўзгартириб, ўзича зўр топилма қипти. Хотинга эмас қайнонага туфлатибди. Белигамас, юзига тупурмабди-да деган фикр ўтди ҳаёлимдан.
Булар бир ҳазил-да, нима бўпти, уларнинг касби шу, чипта сотиб олиб концертга кирган одамларни қандай қилиб бўлса ҳам кулдириш. Лекин ўзбекона урф-одатларимизга бир қур назар ташласак, саҳнада ҳар қандай гапни ҳам валдиравермаслик кераклигига амин бўламиз. Қайноналар мавзуси шулардан бири.
Одатда ўзбек жамиятида қайнона-келин муносабатлари мавжуд. Гоҳ салбий бўлсин, гоҳ ижобий бу муносабатлар табиийлиги билан аҳамиятлидир. Маҳаллаларда, ток-шоуларда муҳокама қилинадими, қизиқчиларимиз томонидан кулгу остига олинадими, барча бирдек табиий қабул қилади (лекин қайнона-келин мавзусида ҳам меъёр бўлиши керак, кўп ҳолларда қайноналар кулгу орқали чидаб бўлмас ҳақорат қилинадики, бу ҳам алоҳида мавзу). Аммо қайнона-куёв муносабатлари ҳақида бундай деб бўлмайди, бу муносабат ўта жиддий бўлиши билан бирга, ўта нозик ҳамдир. Хўш, унда нега қизиқчилар бу мавзуга бот-бот мурожаат қилишмоқда? Сабаби оддий: қайнона-куёв муносабатлари тилга олинган латифалар, анекдотлар интернетда тиқилиб ётибди. Ва ҳаммаси рус тилида, русларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳолатларнинг бўрттирилган талқинлари. Бизнинг шоввоз латифачиларимиз ўша анекдотлар ичидан энг «яхши»ларини танлаб олади-да шартта ўзбекчалаштиришади. Қарабсизки, дўппию чопон кийган бир сап-сариқ нусха пайдо бўлади. Ўтирадими, Ҳожибой Тожибоевга ўхшаб изланиб, ўз устида тинмай ишлаб. Тайёрини таржима қилса бўлди, одамлар кулаверади.
Бежиз «русларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳолатлар»га урғу бермадим. Гап шундаки, ўша латифаларни рус тингловчилари табиий қабул қилади. Негаки, улар ҳаётида кўпроқ қайнона-келин эмас, қайнона-куёв муносабатлари устуворлик касб этади. Русларни камситмаган ҳолда айтишим мумкинки, уларда ёшлар оила қурганларидан кейин, биздан фарқли ўлароқ, аксарият ҳолларда куёв келиннинг уйида яшай бошлайди. Шу тарзда биз «ичкуёв» деб атайдиган ва сал бошқачароқ қабул қиладиган вазият улар учун одатий ҳолга айланади. Бунинг кўплаб объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта. Буни қўни-қўшниларимиз ҳаёт тарзи, кинофилмлар орқали кўрганмиз, билганмиз. Жон бор жойда жанжал бўлади, боз устига куёв тушмагур ғирт дангаса ва ичкиликка ружу қўйган бўлса. Онанинг табиийки  қизига раҳми келади. Куёвга қилган насиҳатлари кор қилмагач жанжалу тортишувлар авж олади. Бир-бирини кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ – қайнона куёвдан ёзғиради, куёв вайсақи кампирдан безор. Шундай «жабрдийда» тўртта куёв жам бўлиб қолсами, қиттай-қиттай олгандан сўнг қайноналарини «сийлашга» тушишади, кимўзарга анекдот­лар тўқилади, тор доирадаги бу латифалар катта саҳналарга йўл олади. 
Ана кулги-мана кулги. Ҳеч ким хафа ҳам, ҳайрон ҳам бўлмайди. Чунки ҳар қандай миллатнинг адабиёти, мақол ва маталлари, латифаларигача ўз яшаш тарзидан, дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда пайдо бўлади, шаклланади.
Биз ўзбекларга эса бу ҳолат бегона. Азалдан ўзбеклар куёвларни ўзгача ҳурмат қилиш фазилати билан ажралиб турган. Куёвларни пайғамбарлар сийлаган, ибораси ҳам айнан бизда бўлса керак. Чунки ўзбек оналари қизининг тушган жойида тош қотишини истайди. Бу йўлда ҳар қандай чораларни кўради. Қизи уйига келса, тансиқ таомлар билан сийлайди, қайтишида, куёвимнинг ҳам оғзи тегсин, дея ўша овқатдан тугиб беради қўлига. Қизи аразлаб келса, дарров куёвнинг гўрига ғишт қаламайди. Эр-хотиннинг уруши – дока рўмол қуриши, қабилида иш тутади. Қизининг устидан арз қилиб заҳрини сочган куёвга, болам, дейди, қизим ҳали сал ёшроқ-да, дейди, ўзим насиҳат қилиб қўяман, дейди, сиз овқатдан олинг, болам... Қайнонадан бу ҳурматни кўрган ҳар қандай инсофли куёв гиналарни унутади-да, албатта. Эр-хотин кўп жанжаллашса-да қайнонасининг оқиллиги билан оиласи сақланиб қолгани, кейин­чалик ҳаммаси изига тушиб кетгани учун қайнонасидан миннатдор куёвларни кўп кўрганман. 
Тўғри, куёвини хушламайдиган қайноналар, қайнонасини кўрса пешонаси тиришадиган куёвлар йўқ эмас. Аммо бу айрим мисоллар ўзбек жамиятидаги ҳақиқий қайнона-куёв муносабатини англатмайди. Бироқ бундай бачканаликларга чек қўймасак, уйланмаган йигитлар онгида қайноналар ҳақида жудаям нотўғри тушунчалар, хулосалар пайдо бўлиб қолиши мумкин. Ҳар қанча хато бўлмасин, онг остига ўрнашиб қолган тушунчадан воз кечиш қийин бўлади. Кейин­ги пайтларда қайноналарини муҳокама қиладиган, тап тортмай ёмонлайдиган эркакларнинг пайдо бўлиб қолаётгани балки катта саҳналарда айтилаётган ана шундай латифалар «меваси»дир. Эҳтимол, ёмонлаш­га арзирли сабаблар бордир-да, дейишингиз мумкин. Тўғри, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам қайнонаси ғийба­тини қилиб юриш эркакчиликка тўғри келмайди-да.
Қайноналар ҳақидаги туту­­­руқ­сиз латифаларни эшитганим­да ҳар сафар қиз­ларига бекалик сирларини ўргатиб улғайтирган, ўқитиб, эрларига муҳтож бўлмайдиган даражада нонини бутун қилиб қўйган, бир умр куёвларини эъзозлаб яшаган, саксондан ошса ҳам олт­мишдан ошган куёвлари келгудек бўлса ҳамон қават-қават кўрпача солиб, орқасига ёстиқ қўйишни канда қилмайдиган онажоним кўз олдимга келади. Қизиқчиларимизнинг ўзидан ҳам бачкана ана ўшандай чиқишларини кўрганимда меҳмонга борсам ҳам, меҳмонга келса ҳам ўтқизгани жой тополмай қоладиган, болам-боламлаб бағрига босадиган, пулдор ўғиллари олиб берган қатор-қатор кийимлари қолиб қайсидир байрамда совға қилган рўмолимни, болам олиб келган Тошкентдан, дея давраларда қайта-қайта мақтаниб юрадиган қайнонам-онам (охирати обод бўлсин, илоҳим) гавдаланади. Шунинг учун қайноналар ҳақида бундай беўхшов, ясама латифаларга кулолмайман. Шундай латифа айтгичларга эса раҳмим келади: тирикчилигинг қурсин!
...Майли, шу харитадан ўзингиз хоҳлаган жойни кўрсатинг, жўнатамиз, – дейди «қаҳқаҳачи» агентлик ходими мижозга. Мижоз бармоғи билан бир жойни танлайди. Ходимнинг капалаги учади гўё.
– Тўхтанг, тўхтанг, бу ерни тавсия қилмайман. Бу ер жуда хавфли.
– Нега, қанақасига хавфли?
– Одамхўрлар бор.
Мижознинг чеҳраси ёришади:
– Роса менга керакли жой экан, шу ерни алоҳида белгилаб қўйинг, илтимос.
– Нега?
– Келаси йили қайнонамни юбораман...
Кулгилими? Фақат шошманг, ўйлаб кўринг. Сизнинг ҳам онангиз қайсидир йигитнинг қайнонаси ахир!

Усмонжон ЙЎЛДОШЕВ,
журналист




Ўхшаш мақолалар

ОТ ИЗИНИ БОС(м)АЁТГАН ТОЙЧОҚЛАР

ОТ ИЗИНИ БОС(м)АЁТГАН ТОЙЧОҚЛАР

🕔18:34, 12.09.2019 ✔136

ёхуд «Сен одам бўмайсан...»  тарбия усулидан кимларни яратяпмиз?

Батафсил
ОСМОНГА ОТИЛГАН ТОШ КИМНИНГ БОШИНИ КЎЗЛАМОҚДА?

ОСМОНГА ОТИЛГАН ТОШ КИМНИНГ БОШИНИ КЎЗЛАМОҚДА?

🕔23:16, 29.08.2019 ✔548

ёхуд виртуал майдонлардаги ўйинларнинг асл қиёфаси

Батафсил
ҚАЙНОНА-КУЁВ ҲАЖВЛАРИ ЎЗБЕККА ХОСМИ?

ҚАЙНОНА-КУЁВ ҲАЖВЛАРИ ЎЗБЕККА ХОСМИ?

🕔23:11, 29.08.2019 ✔248

ёхуд қош қўяман деб кўз чиқариб қўйманг

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар