Давр нафаси      Бош саҳифа

МУҲИТ ЎЗГАРМОҚДА, ОДАМЛАР ЎЗГАРМОҚДА...

1990 йил, Шеробод туман газетасида ишлаб юрган кезларим. Хизмат сафари билан Афғонистондан қайтаётган латвиялик бир ҳамкасбимга ҳамроҳлик қилишимга тўғри келганди.

МУҲИТ ЎЗГАРМОҚДА, ОДАМЛАР ЎЗГАРМОҚДА...

У ҳам мен каби ўрис тилига кучли муҳаббат қўймаган, бу борада имконияти кўча сўзлашуви билан чекланган экан, холос. Икковимиз ҳам ўрис тилини лаҳжада гапирамизу аммо, бир-биримизни тез тушуниб олардик. Сурхондарёнинг хушманзара пурвиқор тоғларини кўриб, кўнгли ҳавасга тўлган ҳамкасбим: «Бу тоғларнинг ичи тўла бойлик бўлса керак! Бироқ, бу ерлардан шу кеча-кундуз бирор қимматбаҳо конлар топилса, аминманки, қўшқўллаб иттифоқнинг «умумий» хазинасига топшириб қўясизлар. Аксарият юртдошларингнинг кўнгли ҳали ҳам Мас­ковда! Бизлар аллақачонлар ўзимизни иттифоқдош деб ҳисобламаймиз. Сизлар эса ҳамон иккиланишдасизлар!..» деган эди ўзгача бир куюнчаклик билан.
Рости ўшанда латвиялик ҳамкасбим кўзимга бир душман айғоқчисидек кўриниб, у билан гаплашишга ниҳоятда эҳтиёт бўлиб қолгандим. «Амударёдан ошиб, Афғондан келяпти, ким билсин, кўнглида қандай режалари бор...» Ҳамкасбим эса, тусим ўзгариб, ҳушёр тортиб қолганимга кулиб деди: «Хафа бўлма, ҳали бу гапларимдан кўпчилик шубҳаланади. Буни англаб етиш учун вақт керак, одамларнинг онги ўзгариши керак!..»
Мана шу гапларга ҳам қарийб ўттиз йил бўлди. Ўшандан бери хорижлик ҳамкасбимнинг гапларини эслайман. Ҳа, у айтган ўзгаришларни ўтган йигирма беш йил ҳам ҳазм қилолмадим. Сабаби, мамлакатимиз мустақил бўлгани билан халқ барибир, оғир шароитларда яшади. Айниқса мустақил бўлганимизнинг дастлабки йилларида тўққиз хил озиқ-овқат, жумладан ун билан шакар тақчил, қимматлигича қолаверди. Эски, обкому райкомбоболар ҳокимбоболар бўлишди. Ҳовлиси, дўкону дастгоҳи бузилса, тортиб олинса ҳеч ким «Нима қиляпсиз, нима ҳақингиз бор?» дея олмасди. Бугун эса, муҳит ўзгармоқда, одамлар ўзгармоқда...
Шўро даврида Жанубий чегара вилояти бўлмиш Сурхондарёнинг маркази — Термиз учтагина кўчаси бор, ёпиқ бир ҳарбий шаҳарча эди. Шаҳарга беш километрлар етмасдан чегарачилар йўловчи автобусларни тўхтатиб, барчанинг паспортларини текширар, туғилганлик гувоҳномаси бўлмаса, ҳатто вояга етмаган болаларни ҳам йўлда тушириб қолдиришарди. Шаҳарга бораверишда ўнг қўлда, икки километр ичкарида — Амударё соҳилида буюк аллома Ҳаким ат-Термизий мақбараси бор. Унга деярли ҳеч ким яқинлаша олмас, зиёрат қилмоқ гўёки ушалмас армон эди.
Бундан атиги беш-олти йил аввалги жамиятимизда «Ўйнашмагин арбоб билан» деган ақида устувор эди. Одамлар гарчи ҳақ бўлсалар-да, «Кел, шу раҳбар билан ҳақ талашмай, барибир ютқизаман...» дея амалдорларга тас­лим бўлишарди. Бугун эса, юртимизнинг яқин-олис манзилларида одамлар ўзгармоқда, ўзгаришга интилмоқда. Бир пайтлар пахта теримини қайси санадан бошлашни умрида пахта кўрмаган доҳийлардан, ўтган чорак асрда эса, Тошкентдан сўраб, уларнинг қош-қовоғига қараб иш тутган деҳқонбобо бугун лозим топса, бу ишга августнинг иккинчи ярмидан киришмоқда. Сентябрнинг ярмидаёқ пахта шартномасини бажариб, октябрдаёқ ҳеч кимдан сўраб ўтирмай, ерни шудгорлаб, ўрнига бошқа экин экишга киришаётир. Боз устига пулни, ё шартномадаги бошқа олди-бердиларни кечиктирган амалдорларни судга ҳам бермоқдаки, булар бари одамларнинг ўзгараётганидан далолат беради.
Яқинда Термизга бориб, уни мутлақо ўзгача қиёфада кўрдим. Шаҳар бутунлай қайта қурилмоқда. Янгидан-янги кўча ва хиёбонлар, масжидлар, кўпқаватли уйлар, иншоотлар барпо этиляпти. Вилоят маркази тўрт қутбга қараб ўсиб, кенгайиб бораётир. Бугунга келиб, Ҳаким ат-Термизий мажмуасидан ташқари, ислом дунёсининг саноқли ҳадисшуносларидан бири бўлган хўжа Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг руҳи поклари мангу қўним топган Шерободда ва бошқа туманларда ҳам мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари жадал давом этяпти.
Бир вақтлар, ҳали бундай эминчилик­лар одамларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган пайтлар эди. Ўн саккиз йил аввал «Моҳият» газетасида Сурхондарё вилояти ҳокими ўз ваколатидан ўч олиш мақсадида фойдаланиб, таниқли бир тадбиркор бобога қарши иқтисодий-руҳий санкциялар қўллаётгани ҳақида йирик фельетоним эълон қилинганди. У пайтларда ўзи яшаб, бизнес қилиб турган ҳудуд ҳокимининг иродасига қарши бормоқ ўзининг устига тириклайин тупроқ тортмоқ билан баробар эди. Бироқ, барибир, ўша дамларда ҳам табиатан орли, ғурурли одамлар бир-бир бош кўтариб, ҳақларини талаб қилиб қўярдилар. Ундайлар «Элга келган тўй экан-да», дея барча кўниб, бош эгиб кетаверадиган ноҳақ ишлар билан асло муроса қилолмайдиган ўжар кишилар эди. Ўша пайтлар пахта мавсуми қайнаб турган кезларда Сурхон воҳасига борсам, бир фермер бобо билан ҳоким ўртасида кечаётган тортишувнинг устидан чиқиб қолдим. Деҳқон-фермер далаларидаги пахта ҳосилининг аксар қисмини тердириб олгану аммо, заводга топширмай, алоҳида хирмон қилиб қўйибди. Маҳобатли пахта хирмонининг ёнида эса, баргихазон, чанг-тупроқли кўсак қобиқларидан иборат яна бир кичик хирмонча ҳам қад кўтарган. Унинг бу «хурмача қилиғи»дан жаҳли чиққан ҳоким туман режасини бажара олмай депсиниб турган бир пайтда нега бундай қилаётганига изоҳ талаб қиларди. Деҳқон бобо баҳайбат хирмонга ишора қилиб: «Буниси топ-тоза, аъло навли ҳосил», кичик хирмончани кўрсатиб: «Буниси эса, пахта заводингиз чегириб ташлаётган ўн-ўн икки фоиз ифлос унсурлар», деди. «Ҳозир иккаласини аралаштирсам, умуман пахта хирмони, чиқинди аралаш увадалар тоғига айланиб қолади. Ўн фоиз чанг-тўзон, хас-хашак қўшилган ҳосил бешинчи навга ҳам ярамайди. Уни фақат молнинг охурига ташлаш керак, холос. Бу даражада ифлос ҳосилни заводингизнинг белиоғримас каттаконлари ўлса ҳам қабул қилмайди. Эсимни танибманки, заводларга олиб борган пахтамизнинг ўн-ўн икки фоизи «ифлос», «нам» деб чегириб ташланади. Бу муттаҳамлар қайсидир ғирромларга пахта сотаман деб қачонгача деҳқоннинг ризқини кемтади?», дерди ўктамлик билан. Фермер бобонинг баралла билдирган асосли эътирозларидан сўнг ҳоким унга ён босишга мажбур бўлди: «Бўпти, завод раҳбарига тайинлаб қўяман, Сизнинг ҳосилингиздан беш фоиз скидка қилишади, фақат, гап орамизда қолсин!..» Ўшанда давр ҳам, жамиятдаги муҳит ҳам бошқача эди. Агар ўша фермер бобонинг сўзи ўзига хос кескир бўлмаганида турган гапки, ҳоким уни бу қайсарлиги учун анчагина ачинарли аҳволга солган бўларди.
Бугун, минг шукрки, муҳит ўзгармоқда, одамлар ўзгармоқда. Бир-биридан муҳташам янги уйлар қад ростлаяпти. Бунга халақит берадиган эски иморат ва иншоотларни бузиб ташлашга тўғри келмоқда. Бироқ, бу осон кечаётгани йўқ. Жараёнларда шу кезлари бўлиб ўтган ва бўлаётган тўполонларни кўрдик ва кўряпмиз. Президент ушбу масалада ўз фикрини узил-кесил, қатъий қилиб айтди: «Менинг сизларга айтадиган гапим шу: бу ишларни одамларни рози қилиб, сўнг амалга оширинг...»
Одамларни рози қилишнинг эса ўзи бўлмайди. Ниҳоятда катта маблағлар ва янгидан-янги имкониятлар топиш зарур бўлмоқда. Иккинчи томондан, бу улкан бунёдкорлик ишлари асло тўхтаб қолмаслиги, бардавом бўлмоғи ҳам керак. Аммо азалдан амру фармонга ўрганиб қолган ҳокимбоболар ниҳоят, одамларнинг дилларига йўл топишга ҳам киришдилар.
Шўро замонида Сариосиё туманида «Москванинг назаридаги» Шарғун деган шаҳарча бўларди. Шаҳарча шунинг учун ҳам «марказнинг назарида» эдики, унда сифати бўйича собиқ иттифоқнинг бошқа ҳудудларида муқобили бўлмаган, тупроқнинг юза қатламида жойлашган асрларга етадиган йирик кўмир кони бор эди. Аммо сўнгги чорак асрда қарийб харобазор қиёфага келиб қолган ана шу Шарғун шаҳарчаси жуда катта меҳнатлар эвазига, кўрганнинг кўзи қувнайдиган даражада қайтадан барпо этилмоқда. Барча туман марказларида икки-уч қаватли, шу жумладан кам таъминланганлар учун уйлар бунёд этилмоқда. Ўнлаб азиз-авлиёларнинг сўнгги манзилларида гулзор йўлакчалар, муҳташам мақбаралар бунёд этиляпти. Атиги тўрт йилгина муқаддам, ислоҳотлардан мосуво Бойсун айни кезларда унинг бетакрор сўлим тоғларида сайр этмоққа жазм этган хорижлик меҳмонларга бағрини очган туризм марказига айланган.
Ҳа, ўша ўттиз йил аввал Шеробод тоғларига ҳавас билан қараган латвия­лик ҳамкасбимнинг башорати рост чиқди. Айни чоғда бу ерларда ишлаб чиқарилаётган цементлар, гранит тошлари хорижга экспорт қилинмоқда. Яқиндагина дунё бахшиларини бағрига чорлаб халқаро танловга мезбонлик қилган, жазирама саратонни кузатиб, кўксига салқин шабадалар тега бошлаган қўҳна ва навқирон Термиз янгидан-янги тадбирлару анжуманларга тараддуд кўрмоқда.
Сирасини айтганда, ўтган ўн йиллик­ларда дотациялар ҳисобига яшаб келган воҳа, яқин йиллардаги ислоҳотлару киритилган хорижий инвестициялар ҳисобидан янги тамаддунлар сари юз бурди: вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10 триллион 101,3 миллиард сўмдан зиёд бўлди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103,5 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич таркибида саноат улуши 15,1, қишлоқ хўжалиги 51,4, савдо, яшаш ва овқатланиш соҳалари улуши эса 8,8 фоизни ташкил этди. Айниқса, кичик бизнеснинг улуши сезиларли даражада салмоқли, яъни 78,2 фоизга тенг бўлди. 3 триллион 144,6 милллард сўмга тенг бўлган вилоят иқтисодиётига молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан жалб этилган қўйилмалар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 94,7 фоизни ташкил этмоқда. Айтиш жоизки мазкур жабҳада ҳам жалб этил­ган хорижий инвестицияларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Гап албатта, рақамлару кўрсаткичларда эмас, балки, дунёнинг эътиборида бўлган қадим тамаддун бешиги — Сурхондарёнинг, Термизнинг вақт ўтгани сайин сулув келинчак мисоли ифор, нур таратиб ривожланаётганидадир. Бунинг асосий омили эса, муҳит ўзгармоқда, одамлар ўзгармоқда.
Бахтиёр ОЛЛОМУРОД




Ўхшаш мақолалар

ЎЗБЕКИСТОНДА УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ДАВРИГА ПОЙДЕВОР ҚЎЙИЛДИ

ЎЗБЕКИСТОНДА УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ДАВРИГА ПОЙДЕВОР ҚЎЙИЛДИ

🕔18:38, 12.09.2019 ✔130

«СИЗЛАР ЭНДИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ «ОЛТИН ФОНДИ» БЎЛДИНГИЗ. ХАЛҚНИНГ, МАМЛАКАТНИНГ БУЮКЛИГИНИ ТАРАННУМ ЭТАДИГАН НАРСАЛАР КЎП. ЛЕКИН ЭНГ АФЗАЛИ БИЛИМ БИЛАН НАМОЁН ЭТИШ...»

Батафсил
МУҲИТ ЎЗГАРМОҚДА, ОДАМЛАР ЎЗГАРМОҚДА...

МУҲИТ ЎЗГАРМОҚДА, ОДАМЛАР ЎЗГАРМОҚДА...

🕔23:18, 29.08.2019 ✔366

1990 йил, Шеробод туман газетасида ишлаб юрган кезларим. Хизмат сафари билан Афғонистондан қайтаётган латвиялик бир ҳамкасбимга ҳамроҳлик қилишимга тўғри келганди.

Батафсил
АСРЛАР ҚАЪРИДАН ТАРАЛАЁТГАН НУР

АСРЛАР ҚАЪРИДАН ТАРАЛАЁТГАН НУР

🕔23:17, 29.08.2019 ✔364

Ўтаётган ҳафта буюк истиқлолнинг йигирма саккиз йиллик тантаналарини нишонлаётган Ватанимиз учун янада шукуҳли бўлди. Айниқса, биргина Самарқандда ўтказилган халқаро тадбирларда дунёнинг ўнлаб давлатларидан хорижлик меҳмонлар иштирок этишди.   

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЎЗБЕКИСТОНДА УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ДАВРИГА ПОЙДЕВОР ҚЎЙИЛДИ

    ЎЗБЕКИСТОНДА УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ДАВРИГА ПОЙДЕВОР ҚЎЙИЛДИ

    «СИЗЛАР ЭНДИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ «ОЛТИН ФОНДИ» БЎЛДИНГИЗ. ХАЛҚНИНГ, МАМЛАКАТНИНГ БУЮКЛИГИНИ ТАРАННУМ ЭТАДИГАН НАРСАЛАР КЎП. ЛЕКИН ЭНГ АФЗАЛИ БИЛИМ БИЛАН НАМОЁН ЭТИШ...»

    ✔ 130    🕔 18:38, 12.09.2019
  • МУҲИТ ЎЗГАРМОҚДА, ОДАМЛАР ЎЗГАРМОҚДА...

    МУҲИТ ЎЗГАРМОҚДА, ОДАМЛАР ЎЗГАРМОҚДА...

    1990 йил, Шеробод туман газетасида ишлаб юрган кезларим. Хизмат сафари билан Афғонистондан қайтаётган латвиялик бир ҳамкасбимга ҳамроҳлик қилишимга тўғри келганди.

    ✔ 366    🕔 23:18, 29.08.2019
  • АСРЛАР ҚАЪРИДАН ТАРАЛАЁТГАН НУР

    АСРЛАР ҚАЪРИДАН ТАРАЛАЁТГАН НУР

    Ўтаётган ҳафта буюк истиқлолнинг йигирма саккиз йиллик тантаналарини нишонлаётган Ватанимиз учун янада шукуҳли бўлди. Айниқса, биргина Самарқандда ўтказилган халқаро тадбирларда дунёнинг ўнлаб давлатларидан хорижлик меҳмонлар иштирок этишди.   

    ✔ 364    🕔 23:17, 29.08.2019
  • ОЙНИ ЭТАК БИЛАН ЁПИБ бўладими?

    ОЙНИ ЭТАК БИЛАН ЁПИБ бўладими?

    «ОАВда халқнинг диққат марказида бўлаётган долзарб мавзулар ёритилмоқда, аммо ташкилотлар жим. Ташкилотлар кимдир тепадан буйруқ беришини кутмай ўзи ҳақидаги мақолаларга муносабат билдириши керак».

    ✔ 587    🕔 20:48, 22.08.2019
  • ҲАШАР УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТДИ

    ҲАШАР УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТДИ

    Энг улуғ, энг азиз айём арафасида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари халқимизнинг жипслиги, бирдамлиги, аҳиллигини яна бир карра намойиш этди.

    ✔ 383    🕔 20:47, 22.08.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар