Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ҚАДРИЯТДАН ТАШВИШГА АЙЛАНАЁТГАН МАРОСИМ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари томонидан «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарор ва Низомнинг тасдиқланиши мамлакатимиз аҳолисини қувонтирди.

ҚАДРИЯТДАН  ТАШВИШГА  АЙЛАНАЁТГАН  МАРОСИМ

Чунки ушбу қўшма қарор ижрога киритилиши билан турмушимизда, маданий ҳаётимизда катта ўзгаришлар бўлиши, бу борада ҳал этилмай келинаётган жиддий муаммо ва камчиликлар бартараф этилиши, халқимиз фаровонлигининг сезиларли тарзда ошиши, тўй баҳонасида бўлаётган исрофгарчиликларга барҳам берилиши, тўйчилар ўртасида «мен сендан кам эмасман» тарзидаги зарарли чиранишлар бўлмаслиги табиий.

Тўй-ҳашамлар, маърака-маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишлаб ўтказиладиган тадбирлар орқали шуҳратпарастлик, ўзини, бойлигини кўз-кўз қилиш, атрофидагиларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини инобатга олмаслик, энг даҳшатлиси, тўй ва тадбир давомида исрофгарчиликка йўл қўйиш, миллий урф-одатларимиз ва анъаналаримизни очиқдан-очиқ менсимаслик каби иллатларнинг пайдо бўла бошлаганига жуда ҳам кўп вақт бўлгани йўқ. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларигача тўй-ҳашамлар ўтказиш тугул одамлар қандай оғир аҳволда яшаганлигини, очарчилик, қаҳатчилик туфайли қанча-қанча одамнинг ёстиғи қуриганини, бир бурда нонга зор бўлган кунларни унутдик. 
Тинчлик ва омонлик бўлган узоқ ва яқин ўтмишда ҳам тўйчилар ўз имкониятлари ва шароитидан келиб чиқиб эл олдига дастурхон ёзган. Ўша замонларда ҳам бой-бадавлат, ўзига тўқ одамлар кўпкарили, курашли, дорбозли ва қизиқчи-артистли, бахшилар баҳсию санъаткорлар мусобақаларини ташкил этиб, данғиллама тўйлар қилган, етти иқлимдан меҳмонларни чорлаш баробарида, маҳалла-кўйдаги етим-есир, бева-бечора, камбағал-ночор, кексаларни ҳам таклиф этиш, сийлашни, меҳмон қилишни унутмаган. Қўл учида кун кўрадиган ёки ўртаҳол одамлар эса яқинлари ва маҳалла аҳли билан ўтказиладиган одми, камчиқим, ортиқча даҳмазаларсиз тўй қилиб, фарзандлари, невара-чевараларини элга қўшган. 
Бироқ кейинги вақтларда одамлар ўртасида кимўзарга тўй қилиш орқали дабдабабозлик, манманлик, сохта обрў орттиришга интилиш, тўқликка шўхлик тарзида ўйлаб топилаётган, миллий қадриятларимизга мутлақо зид турфа, янгича урф-одатларнинг авж олиши кўпчиликни ташвишу хавотирга солиб қўйди. Бундай тўйларда халқимизнинг азалий маънавияти, маданияти эмас, балки айрим калондимоғ кимсаларга хос мақтанчоқлик, хўжакўрсинлик, кибру ҳаво намойиш этила бошлади. Бу хатти-ҳаракатлар натижасида жамиятда «мен сендан камми» тарзидаги тақлидчилик иллати келиб чиқди. 
Хўш, яхши ниятлар билан бошлаган тўй ёки оилавий маросимни нега ўзингиз хоҳлагандек ўтказа олмайсиз? Нега тўйни аввалги пайтлардагидек ҳовлида ёки кўчанинг бир қисмини ёпиб қўйиб ўтказишнинг иложи йўқ? Ҳозир ўтказиладиган тўйларнинг инон-ихтиёри осмонўпар, қасрсифат базмгоҳлар эгасию тўйдан тўйга юрадиган «санъаткорлар»га боғлиқ. Улар билан келиша олсангиз марра сизники.
Айтайлик, кейинги ойнинг ўрталарида тўй қилмоқчисиз. Ҳамма нарса тайёр. Режангиз ва имкониятингизга кўра, камроқ меҳмон таклиф қилмоқчисиз, аммо базмгоҳ эгаси «меҳмонлар камида 400 (агар 600 ёки 700 демаса) нафар бўлиши керак, бўлмаса бошқа базмгоҳга боринг» дейди. Бунинг устига яна ҳар бир меҳмонга 150-200 минг сўмлик дастурхон қилиниши, таомномада эса турли таомлар, қуруқ мевалар, қанд-қурс, ширинликлару пишириқлар, балиқ таомлари ва ичимлик­лар бўлиши шарт, агар шундай қилмасак, базмгоҳимиз обрўйига тўғри келмайди, деб туриб ҳам олади.
Сиз истаган санъаткорларга эса қўлингиз етмайди, уларга яқинлашишнинг ҳам имкони йўқ. Базмгоҳ эгаси санъаткорларнинг ҳам иложини топади. Аммо нархлар осмонда, на илож, базмгоҳ эгасининг айтганига кўнасиз. Булардан ташқари, базмгоҳнинг фалон пулга хизмат қиладиган видеотасвирчилари, сураткашлари, бошловчиси ҳам бўладики, улар ҳам тўйчилар ҳисобидан фаолият юритади. 
Ана сизга харажату мана сизга базми жамшид. Тўйга келган меҳмон таомлардан нари борса, ўттиз-қирқ минг сўмлик истеъмол қилиши мумкин. Бундай тўйларнинг турган-битгани исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас. 
Тўйга таклиф этиш ҳам тўй маданиятининг бир бўлаги ҳисобланади. Яқин вақтларгача тўйга оғзаки тарзда таклиф этилар эди. Одамларнинг иш, турмуш ташвишлари, турли юмушлар билан чалғиб, тўйни унутиб қўймасликларини таъминлаш мақсадида таклифнома тарқатиш одат тусига кирди. Аммо бугунги кунга келиб таклифномалар ҳам тўйчиларнинг қандай мавқе ва имкониятга эга эканини кўрсатувчи воситага айланди. Таклифномаларнинг бугунги нархи 3 минг сўмдан 60 минг сўмгача эканини бошига тушмаганларнинг ҳаммаси ҳам билмаса керак?!
Атрофдагилар билан ҳисоблашмайдиган айрим каттазанг одамлар ўзларининг кимликларини кўрсатиб қўйиш мақсадида дабдабали тўй, маросимларга ҳисобсиз маблағ сарфламоқда. Уларга кўр-кўрона, элчилик деб эргашаётган камхарж инсонлар эса тўй ва маъракалар туфайли қарзга ботмоқда, қарзини вақтида узолмагани оқибатида оилалар барбод бўлаяпти, қариндош-уруғлар бегоналашиб, ўйламай тўй қилган одамлар соғлиғидан айрилмоқда. Қанийди, бундай дабдабалар янги қурилаётган оилаларнинг мустаҳкамлигига, бардавомлигига кафолат бўлса... 
Фарзандлари бахти учун ҳамма нарсага тайёр ўзбек халқидек болажон миллат дунёда кўп бўлмаса керак. Болалари туғилган кундан бошлаб бутун кучини, топган-тутганини тўйлар қилишга, уйлар қуришга сарфлайди, ўзининг роҳат-фароғати, ҳатто саломатлигини ҳам ҳеч қачон ўйламайди, ўйлашга вақти ҳам йўқ. Ўйлагани элдан қолмаслик. 
Аммо кейинги пайтларда тўйлар қуюшқондан чиқиб кетди. Айниқса, никоҳ тўйларида соатига фалон сўм тўлаб ёлланадиган бир хил ранг ва маркалардаги ўнлаб қимматбаҳо машиналар карвонининг кўчалардаги тартибсиз ҳаракати, тўй билан боғлиқ турли-туман кераксиз харажатлар, ҳаракатлар, тўй дастурхонига тортилиб, ҳатто қўл ҳам урилмай увол бўлаётган ноз-неъматлар, келин-куёвга олинадиган кийим-кечак­лардан ташқари, қариндош-уруғ, қуда-андаларга совға қилиниши шарт бўлган ва нарх-навосини айтишга ҳам тил бормайдиган сарпо-суруқлар, тўйма-тўй кўтариб юриладиган кўрпа-тўшаклар, нархи «осмон»даги чет эл мебеллари, квартираю машиналарнинг калитларини совға қилиш, асал ойини ўтказиш учун хорижий санаторияю чет эл саёҳатига йўлланмалар тортиқ қилиш...
Карнай-сурнай садолари остида базмгоҳга кириб келган келин-куёв устидан анвойи гуллар ўрнига даста-даста пул сочиш, улар оёғи остига пулдан поёндоз тўшаш, аммаю холалар, амаки-тоғалар, хешу таборларни даврага чиқариб, чаккаларига катта-катта, сиқим-сиқим пул қистириш, келин ёки куёв тараф бўлган сочи елкасидаю соқоли ҳафтада бир қиртишланмаган ёш-ялангларнинг маст-аласт ҳолда беўхшов ҳаракатлар билан рақсга тушиб, даврани ҳеч кимга бермай чир айланишлари нафақат тўйчининг, ҳатто тўйхўрларнинг ҳам кўнглини айнитиб, жонини ҳалқумига келтиради. Тўйларда иқтисодимиз таянчи, халқимиз ифтихори бўлган миллий валютамизга нисбатан қилинаётган салбий муносабат, нописанд­лик, кўрнамаклик ва уни очиқчасига таҳқирлаш жиддий қораланиши, бунга иштиёқманд кимсаларга нисбатан кес­кин чоралар кўрилиши керак. Айниқса, миллий анъаналаримизга, ҳатто тўйларимизга суқилиб кириб келаётган «оммавий маданият»га хос гулдаста улоқтириш, келин дугоналарини бир хил кийинтириб кўз-кўз қилиш, одобсиз шоулар, шарқона ахлоқ-одобга зид бўлган «муҳаббат тарихи» (love story) каби хунук одатларга эргашишни бас қилиш керак. Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушадигани тўй оқшомида, меҳмонлар олдида келиннинг куёв билан ёки ўз отаси билан «вальс»га тушиши ҳеч бир ақлга ҳам, ҳеч қайси одоб-ахлоқ қоидасига ҳам сиғмайди.
Ўзбекона миллий рақслар, куйлар, қўшиқлар, ранг-баранг пайровли аския ва қизиқчиликлар, халқ достонларини куйлаш тўйларимизнинг асрлар давомидаги чиройи ва бетакрор безагигина бўлиб қолмасдан, тўй иштирокчиларига шодлик, қувноқлик, хурсандчилик, яхши кайфият улашган, қатнашчилар онгу шуурига ўзбекона қадимий миллий қадриятларни сингдириб келган. Ҳозирги тўйларимизда эса катта-катта овоз кучайтиргичлар ёрдамида ресторанни ағдар-тўнтар қиларли даражадаги баланд пардаларда ижро этилаётган бошқа тиллардаги тушунарсиз қўшиқлар тўйга келганингга минг пушаймон қилдиради. «Санъаткор»лардан радио аппаратураларидан тарқалаётган шовқин-суронни бир оз пасайтиришларини сўрасангиз, бунинг иложи йўқлигини айтишади. Муҳораба майдонидаги каби даҳшатли шовқин-сурон (буни мусиқа ёки қўшиқ деб бўлмайди!) қон босимингизни ошириб, танангиз совуқ терга ботади, юрагингизга санчиқ киритиб, уни чангаллашга мажбур қилади. Тўйга келиб дам олмайсиз, азоб-уқубат тортасиз, бир илож қилиб қариндошлик қарзингизни узасизу тезгина хайр-маъзурни насия қиласиз. 
Тўйчиларимиз тонг саҳардан – соат олтидан карнай-сурнай, доираю чирмандалар чалдириб, меҳмонларни наҳор ошига чорлаши ёки кеч соат 23:00 дан сўнг ҳам кучайтирилган дамбур-думбур садоли ёқимсиз мусиқаларни бас қилмасликлари базмгоҳлар атрофида яшайдиган одамлар, беморлар, кексалар, болаларнинг тинчи бузилишига, соғлиқларининг ёмонлашувига сабаб бўлмоқда.
Тўқликка шўхлик қилувчи «ихтирочи»лар томонидан ўйлаб топилиб, никоҳ тўйларида кўр-кўрона жорий этилаётган, миллий қадриятларимизга мутлақо зид, турмушимизга мос келмайдиган янгича урф-одатлар авж олиб бораётгани ҳам бор гап. Фарғона водийсида никоҳ тўйидан сўнг қиз узатган хонадоннинг куёв томонга 40 кун турли таомлар ташиши, андижонликларнинг эса мана шундай кераксиз «мазар» удумига риоя қилишлари, Хоразмда «қиз йиғин», «хина ёқар» каби ортиқча маросимлардан кўпчилик ота-оналар азият чекмоқда. Миллий анъаналаримизга ёт бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйдан олдинги, тўй вақтида ва тўйдан кейинги қўшимча – «танишув», «рўмолча берди», «оқ ўрар», «сеп ёйди», «қуда таниш», «нон синдирди», «фотиҳа», «тўй юборди», «совға бериш», «ота кўрди», «ота келди», «қиз оши», «ҳолва келди», «қатлама юборди», «сомса элтиш», «тоғора юбориш», «юз очар», «чарлар», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «куёв навкари», «келин навкари», «келин салом», «куёв салом», «торт кесиш», «пул қистириш», «пул сочиш» каби кераксиз удумлар ва одатларга мутлақо барҳам бериш керак. 
Хуллас, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қабул қилган қўшма қарори мамлакатимизда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланадиган тадбирлар ўтказиш борасида йўл қўйиб келинган камчилик­лар ва нуқсонларга, мавжуд муаммоларга барҳам беради, деб ишонамиз.

Мардон БОЛТАЕВ,
Самарқанд давлат университети доценти
 




Ўхшаш мақолалар

ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

🕔22:38, 10.10.2019 ✔91

Кун келиб оёқ остидан унга қулдек энгашиб олишингизга сизни у мажбур қилиши мумкин

Батафсил
МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

🕔22:37, 10.10.2019 ✔49

Эрамиздан аввалги беш минг йиллик. Ибтидоий одамлар манзилгоҳи. Эр-хотин тўй ташвишида.

Батафсил
ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

🕔22:36, 10.10.2019 ✔97

Буни эшитяпсизми? Фарзандингиз қандай хавфга қўл урмоқчи эканидан хабарингиз борми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

    ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

    Кун келиб оёқ остидан унга қулдек энгашиб олишингизга сизни у мажбур қилиши мумкин

    ✔ 91    🕔 22:38, 10.10.2019
  • МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

    МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

    Эрамиздан аввалги беш минг йиллик. Ибтидоий одамлар манзилгоҳи. Эр-хотин тўй ташвишида.

    ✔ 49    🕔 22:37, 10.10.2019
  • ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

    ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

    Буни эшитяпсизми? Фарзандингиз қандай хавфга қўл урмоқчи эканидан хабарингиз борми?

    ✔ 97    🕔 22:36, 10.10.2019
  • «КАНАЛ» ТАЛАШГАН КАТТАЛАР

    «КАНАЛ» ТАЛАШГАН КАТТАЛАР

    ёхуд ахборот хуружлари ҳимояси аслида кимнинг зиммасида?..

    Шиддат билан ўзгараётган бугунги ахборот асрида энг хавфли ҳужум – бу инсон онгига салбий таъсир этувчи маънавий таҳдидлар. Уларнинг вазифаси турли кўринишда, ҳар хил йўллар билан ёшлар маънавиятини «қашшоқ»лаштириб, онгини ёт ғоялар билан тўлдиришдир.

    ✔ 152    🕔 17:57, 03.10.2019
  • «Ўзгидромет» раддия берди

    «Ўзгидромет» раддия берди

    «Тошкент жаҳоннинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари рейтингида 2-ўринни эгаллади»... «Ўзгидромет» ушбу маълумотга муносабат билдирди.  

    ✔ 109    🕔 17:56, 03.10.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар