Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«КАНАЛ» ТАЛАШГАН КАТТАЛАР

ёхуд ахборот хуружлари ҳимояси аслида кимнинг зиммасида?..

Шиддат билан ўзгараётган бугунги ахборот асрида энг хавфли ҳужум – бу инсон онгига салбий таъсир этувчи маънавий таҳдидлар. Уларнинг вазифаси турли кўринишда, ҳар хил йўллар билан ёшлар маънавиятини «қашшоқ»лаштириб, онгини ёт ғоялар билан тўлдиришдир.

«КАНАЛ» ТАЛАШГАН КАТТАЛАР

Глобал оламни интернет эгаллаётган даврда, унинг ижобий сифатлари билан бир қаторда, салбий жиҳатлари ҳам кўзга ташланмоқда. Эндиликда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томондан «чирмаб олаётган» ёт ғоя ва иллатлар, ахборот хуружларининг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш тобора долзарб аҳамият касб этиши билан бирга, бу масала жамиятдаги ҳар бир шахс зиммасига масъулият ҳиссини юклайди. Ота-оналардан айниқса ҳушёрликни, сергакликни талаб этади.

Ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш давлат ва жамият олдидаги устувор вазифа эканлигини инобатга олган ҳолда, мазкур масала оммавий ахборот воситалари эътиборидан ҳам четда қолгани йўқ. Муаммони биргаликда муҳокама қилиш, унга фикр билдириш осон, албатта. Бироқ унинг ечимини амалда қўллаш, ёшлар тарбиясига бефарқ бўлмаслик учун анча-мунча фидойилик керак бўлади. Тадбирлар, кўрсатувлар орқали ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш ҳақида қанча бонг урмайлик, тарбияга масъул ота-она, ўқитувчи, маҳалла-кўй бу жараёнга лоқайдлик муносабатида бўлар экан, калаванинг учини қидирмоқдан маъно чиқмайди.

Тўғри, интернет ёшларнинг амалий кўмакчисига айланиб улгурган: маҳаллий ва дунё янгиликларидан баҳраманд бўлиш, доимий мулоқот ва ахборот алмашиш, ҳеч бўлмаганда, эрталаб об-ҳавони билишу, узоқдаги ёр-биродарлар аҳволидан хабардор бўлишгача яқин кўмакчи. Ҳозир ҳатто тил ўрганишнинг янги методларидан фойдаланиш учун ҳам интернетга, ижтимоий тармоқларга мурожаат қиламиз. Шубҳасиз, интернет вақтимизни тежаш ва билим-кўникмаларимизни оширишга хизмат қилади. Лекин пичоқ ошпаз қўлида мазали таом пишириш воситаси бўлса, қотил учун кимнингдир умрига зомин бўладиган совуқ қуролга айланади. Демак, ҳар бир нарсадан қандай, нима мақсадда фойдаланиш ҳар бир инсоннинг ўзига, тафаккурининг нақадар соғлом эканига, бир сўз билан айтганда маънавиятига боғлиқ.

Айрим ёшларнинг виртуал олам асирига айланиб, балки билиб-билмай, балки қизиқувчанлик ортидан экстремистик гуруҳларга қўшилиб, ёвуз инсонлар билан ахборот алмашиб, уларнинг «беминнат ёрдамчиси»га айланиб қолаётгани бор гап. Бунда кимни айбдор санаймиз? Пул ортидан қувиб чарчамайдиган, фарзандига бутун кунининг лоақал икки соатини ажратолмайдиган ота-онаними ёки дарсини хўжакўрсинга ўтадиган, «бировнинг боласи нима олиб берарди» дея лоқайдлик қилаётган баъзи устозларними? Маҳалладаги, қўни-қўшни орасидаги аянчли муҳит бунга бош сабабчи бўлаётгандир балки?.. Муаммо, аслида, ёшларга эътиборсиз муносабатда бўлиш, уларни ўз ҳолига, ўзибиларчиликка ташлаб қўйиш, тарбияга ўзини масъул деб билмасликдан (ўқитувчилар ота-она тарбияга масъул деса, ота-она фарзандининг кўп вақти ўқув даргоҳида ўтишини пеш қилиб, тарбияни мактабга ташлаб қўйишади) келиб чиқмаяптими?!

Ота-она интернетдан фойдаланиш маданияти тўғрисида фарзандига маълумот бериши учун, аввало, ўзлари бу соҳа доирасида маълум билимга эга бўлиши, «зарарли ахборот» тушунчасининг моҳиятини англай билиши, атроф­даги воқеалардан ҳамиша хабардор бўлиб туриши зарур.

Болалар психологи Лайло Нодирова муаммонинг олдини олиш ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди: «Атрофда тарбияга масъулман деган ҳар бир шахс соғлом фикрга эга бўлиши ва ахборотни анализли синтез қилишни билиши керак. Ота-она ҳар қадамда фарзанди тарбияси борасида огоҳ бўлиши зарур. Зарарли ахборот ҳам маълум маънода керак, чунки ёмон ахборотлар борлигини сезиб, огоҳ бўлиб турсак, биз кейинги хатти-ҳаракатларимизнинг стратегиясини тузиб олишимиз мумкин. Агар зарарли ахборот нима мақсадда тезлик билан тарқатилаётганини ота-она фарзандига олдиндан тушунтирса, кейинчалик бола миясида ёт ғояларга қарши иммунитет пайдо бўла бошлайди, интернетдан фойдаланаётган пайтда ахборотни яхши ёки ёмонга ажратадиган бўлади».

Шуни таъкидлаш жоизки, зарарли ахборот ёшлар онгига фақатгина интернет орқали таъсир кўрсатиб қолмай, балки телевизорда ҳам ёшлар маънавий дунёсига зид келадиган эфирлар етарлича. Эндиликда қонунчиликка мувофиқ эфирга узатилаётган ҳар бир кўрсатув, кинофильм ёхуд сериалларда томошабин ёшининг чегараси белгиланмоқда: барчасида бўлмаса ҳам аксариятида «+16», «+18» каби ёзувли огоҳлантиришлар қўйиляпти. Аслида, ота-она буни «огоҳлантириш» дея қабул қиляптими?! Устоз журналист Хуршид Дўстмуҳаммад интервьюларининг бирида: «Болалигимизда французларнинг «Калдуня» деган киноси бўларди. Воқеалар давомида экран пастига «+16» деб ёзиб қўйилган эди. Шунда ўн олти ёшга тўлмаганлар кўрмасин, деб уйда роса тўполон бўлган. Ҳозир ҳам телевизорда шундай ёзилади, бироқ ҳеч ким эътибор қилмайди. Бизнинг оилада шунга ҳам аҳамият қаратилган», – деган эди. Хўш, бугун фарзандлари телевизор қаршисида нимани томоша қилаётгани билан қизиқаётган ота-оналар борми, бўлса улар сони қанча? Афсуски, бу саволга жўяли жавоб бўлганида ҳозир биз кўтараётган бу масала унчалик долзарб аҳамият касб этмаётган бўлар эди. Аслида телевизор кўраётган бола ёзилган ёш чегарасига қараб ҳам ўтирмайди, аксинча «ёши етмаган»ларини кўришга кўпроқ қизиқади. Демак, экранда ёзиб қўйилган ёш чегараси фақат ота-она учун, фарзанди нимани кўриши мумкин ёки мумкин эмаслигини англаши учун керак холос.

Ҳозир телевизорни қайси каналга олмайлик, ундаги турк кино ижодкорлари томонидан яратилган сериал ва кинолар намойишига кўзимиз тушади. Баъзи аёлларга телеканаллардаги турли сериалларнинг ҳар бирини қолдирмай кўришларига қараб, «тасанно»лар демасдан илож йўқ. Бироқ ота-она сериални шунчалик қизиқиш билан томоша қилганиданми, фарзанди кўриши мумкинми ёки йўқ, аслида, тарбиянинг бузилиши нимадан келиб чиқиши ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Оила катталари телевизор қаршисида бешикдаги гўдагидан тортиб, боғча ва мактаб ёшидаги фарзандлари билан бирга турнақатор тизилиб, мароқ билан сериал томошасига ошиқишади. Ярим яланғоч кийиниб чиқадиган хонимлар, муҳаббат деган туйғуни оёқости қиладиган ошиқлар, эрига хиёнат қилиб, фарзандининг ҳақиқий отаси кимлигини яшириб юрган хотинлар... Мана шу иллатларнинг ҳаммаси вақти келиб навниҳол бола тафаккурида ниш урмаслигига ким кафолат беради?

Оила бошлиғи футбол ишқибози, уйнинг бекаси эса сериал шинавандаси бўлса борми, телевизор пультининг торта-торт бўлганини кўринг. Бири «Спорт»га оламан деб, бири «ЗўрТВ»га қўяман деб, аразу жанжалгача боришади. Хонадонда икки-учта телевизор бўлса хўп-хўп... масала ҳал... ҳаммаёқ тинч... Бироқ «Болажон»га қўйинг, зўр мультфильм бўляпти» деган болакайни агар кичик бўлса ёки уйқуга жўнатишади ёки дарсларингни қилишинг керак деб, ўз хонасига кузатишади. Ваҳоланки, дарс қилиняптими, эртанги ўқиш кунига фарзандида тайёргарлик қандай эканлиги ҳақида қизиқиб ҳам кўрмаслиги ачинарли ҳол.

Мактабда ҳар ҳафта ахборот соати ўтказилишини ҳисобга оладиган бўлсак, ўқитувчи ёшларга ахборот хуружлари тўғрисида маълумот берса фойдадан холи бўлмайди. Агар ота-она фойдали сайтларни фарзандига тавсия этиб, қандай маълумотларни олиши мумкин эмаслиги ва тақиқланган сайтлар ҳақида тушунча берса, сериал кўраётганларида «+18»ларга аҳамият бериб, «атрофига бир назар ташлаш»ни ўрганса, жамиятни ўйга толдираётган муаммо оз бўлсада камайган бўларди, балки. Бунинг учун ҳали айтганимиздек, тарбияга масъулман деган ҳар бир шахс борки, бу масалага ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда, шахсий фикр-мулоҳазалари билан эътибор қаратиши лозим.

 

Маҳфуза ПЎЛАТОВА,

ЎзЖОКУ интернет

журналистика талабаси




Ўхшаш мақолалар

ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

🕔22:38, 10.10.2019 ✔90

Кун келиб оёқ остидан унга қулдек энгашиб олишингизга сизни у мажбур қилиши мумкин

Батафсил
МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

🕔22:37, 10.10.2019 ✔49

Эрамиздан аввалги беш минг йиллик. Ибтидоий одамлар манзилгоҳи. Эр-хотин тўй ташвишида.

Батафсил
ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

🕔22:36, 10.10.2019 ✔97

Буни эшитяпсизми? Фарзандингиз қандай хавфга қўл урмоқчи эканидан хабарингиз борми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

    ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

    Кун келиб оёқ остидан унга қулдек энгашиб олишингизга сизни у мажбур қилиши мумкин

    ✔ 90    🕔 22:38, 10.10.2019
  • МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

    МИНГ ЙИЛЛИК ТУШОВ

    Эрамиздан аввалги беш минг йиллик. Ибтидоий одамлар манзилгоҳи. Эр-хотин тўй ташвишида.

    ✔ 49    🕔 22:37, 10.10.2019
  • ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

    ЎСМИР РУҲИЯТИДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

    Буни эшитяпсизми? Фарзандингиз қандай хавфга қўл урмоқчи эканидан хабарингиз борми?

    ✔ 97    🕔 22:36, 10.10.2019
  • «КАНАЛ» ТАЛАШГАН КАТТАЛАР

    «КАНАЛ» ТАЛАШГАН КАТТАЛАР

    ёхуд ахборот хуружлари ҳимояси аслида кимнинг зиммасида?..

    Шиддат билан ўзгараётган бугунги ахборот асрида энг хавфли ҳужум – бу инсон онгига салбий таъсир этувчи маънавий таҳдидлар. Уларнинг вазифаси турли кўринишда, ҳар хил йўллар билан ёшлар маънавиятини «қашшоқ»лаштириб, онгини ёт ғоялар билан тўлдиришдир.

    ✔ 152    🕔 17:57, 03.10.2019
  • «Ўзгидромет» раддия берди

    «Ўзгидромет» раддия берди

    «Тошкент жаҳоннинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари рейтингида 2-ўринни эгаллади»... «Ўзгидромет» ушбу маълумотга муносабат билдирди.  

    ✔ 108    🕔 17:56, 03.10.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар