Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

Кун келиб оёқ остидан унга қулдек энгашиб олишингизга сизни у мажбур қилиши мумкин

ҲИРСУ ҲАВАСИНГИЗГА ОДАМЛАРНИ ШЕРИК ҚИЛМАНГ

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,

То зулму ситам жониға бедод ўлмас.

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас...

Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сатрларини такрор-такрор ўқир эканман, яқинда интернет орқали тарқалган, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилган дабдабали тўй маросими, унда келин-куёвнинг устидан кузги хазон япроқлари янглиғ сочилаётган  пулларни кўриб ёқа ушладим.

Бу нима?

«Ҳавас қилувдик...» – деб жавоб беришади.

Йўқ! Бу ҳавас эмас! Бу ҳирсу ҳавас. Сизнинг ҳавасингиз ёнига ҳирс сўзи ёзилмоғи керак. Навоий ҳазратлари айтганидек «ҳирсу ҳавас хирмани», «нафсу-ҳаво қасри». Сизнинг ниятингизга ҳирс ва нафс аралашган.

Аслида олижаноб инсонларнинг олижаноб фазилатларига ҳавас қилинади. Аслида ҳалол меҳнат қилиб топганини, ўзидан ортганини  муҳтожларга, беморларга, боқувчисини йўқотганларга, олий ўқув юртларига контрактга ўқишга кириб, пулини тўлашга «қўли калталик» қилаётганларга, истеъдодли болаларни чет элларга спорт беллашувига боришига ҳомийлик қилганларга ҳавас қилинади.

Тўй – муқаддас маросим. Тўй кўпчиликники. Тўйнинг эгаси сиз бўлишингиз мумкин. Аммо, у кўлами ва таъсир доираси бўйича юзлаб одамларнинг иштироки, дийдорлашуви, хурсандчилиги, меҳр ва оқибатининг тажассумидир.

Тўй сиз шахсан бир киши билан ўтказадиган шакаргуфторлигингиз эмас.  Тўй қадим қадрият. Уни сиз ўйлаб топганингиз йўқ. Унинг мақсадию мазмунига янгилик киритишга ҳаққингиз йўқ. «Пулим кўплигини бир дўсту душманимга кўрсатиб қўяйин» – дейсиз.

Атрофда сиздан юз баробар пули кўп, аммо сахий одамлар борлигини биласизми?

Атрофда сиздан минг баробар пули кўп, аммо ақл билан ишлатаётган, топганини эзгуликка йўналтирган, оламшумул ғояларга сарфлаётган одамлар борлигидан хабардормисиз?

Билмасангиз билиб қўйинг. Улар топган пулларингизни келин-куёвнинг бошидан сочаётганингизни кўрибоқ сиздан ихлоси қайтади. Шу ҳолатингиз билан сиз замондан орқага қолганлигингизни ошкор этиб турибсиз. Чунки, атрофда катта даромад қилиб минглаб иш ўринлари яратаётган азаматлар бор. Атрофда сиз бир қўшиқчининг бошидан сочаётган ўша икки, уч миллион билан бизнес бошлаб, бир-икки йилда юз миллионлаб фойда келтираётган тиниб-тинчимаслар бор. Бу хурмача қилиқларингиз уларнинг ғашини келтиради.

Гап ош беришингиз, одамларга дастурхон ёзганингиз ҳақида эмас, ортиқча дабдабабозлигингиз ҳақида бормоқда.

Сизнинг бемор қариндошингиз йўқми?

Ишсиз юрган укангиз, жиянингиз, моддий етишмовчилик туфайли оиласи нотинч опангиз ёки синглингиз йўқми?

Ётиб қолган маҳалладошингизнинг ёстиғи тагига ҳеч кимга билдирмай дорисининг пулини ташлаб кетолдингизми?

Йўқ!

Атрофдаги соф ақл-идрокли одамларнинг энсасини  қотирадиган яна бир хунук манзара – ёш болаларни оёқ остидаги сочилган пулларни териши... Улар гўдаклар, қайсисидир оёқлар остида йиқилиб йиғлаган, қайсинидир қўлчасини 80-90 килограмм оғирликдаги одамлар босиб, эзиб ўтиб кетганидан додлагани учун онаси тўйхонадан кўтариб олиб чиқиб кетган, қайсисидир пул теролмаганидан тўйхонани бошига кўтариб йиғлаган. Сизга шу ҳолат завқ бағишлайдими?

Сиз сочган ва оёқлар остида эзилиб ётган пул бизнинг миллий валютамиз ҳисобланади. У ҳам сизнинг шахсий буюмингиз эмас, у миллатимиз мулки. Ундаги улуғ сиймолар тасвирларини ерга ташлашга, топташга, устида ўйин қилишга ҳаққингиз йўқ.

Тўйда меҳмон бўлаётганларнинг кўпчилиги ҳали ёшлар, улар атрофда рўй бераётган, катталар қилаётган ишларни ўзлаштиришга мойил бўлади. Афсуски, сиз уларга ёмон намуна бўляпсиз. Бошқалар билан-ку сизнинг сариқ чақалик ишингиз­ йўқ. Улар орасида ўзингизнинг болаларингиз ҳам бор. «Қуш уясида кўрганини қилади» – деган нақл бежиз эмас. Эртага кексайганингизда топган тўрт тангасига ғўддайиб, сўраган пулингизни қўлингизга бермай, оёғи остидан унга қулдек энгашиб олишингизга сизни у мажбур қилади. Тўйдан сўнг «Оёғим остида одамлар эгилиб бир соат пул теришди» – деб, неча бор такрорлаганингизни оилангиздаги фарзандлар эшитади. Афсуски, сиз улар учун энг зўр, энг қудратли одам бўлиб кўринасиз. Улар сизнинг ҳирсу ҳавасингизни бахт деб тушиниши мумкин. Афсус, афсус... Не бўлганда ҳам сизнинг пул сочиб, ҳазрати инсон боласини оёқларингиз остида пул теришидан завқланишингиз эзгуликка хизмат қилмайди.

Ёшларнинг тарбиясига путур етказадиган ҳар қандай хатти-ҳаракат келажакка хиёнат эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Зулфия МЎМИНОВА




Ўхшаш мақолалар

«БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

«БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

🕔10:38, 03.07.2020 ✔263

Фарзандни севиш нимадан бошланади? Фарзандни севиш, аввало, ота-онанинг ўзаро бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишидан, бир-бирини ҳурмат қилиши, асраб-авайлашидан бошланади. Жумладан, отанинг фарзандини севиши жуфти ҳалолига яхши муносабатда бўлишидан, уй ишларида унга ёрдамлашиб туришидан, киприклар кўзни чанг-ғуборлардан асрагандай, аёлини эъзозлашидан бошланмоғи даркор.

Батафсил
«CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

«CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

🕔10:37, 03.07.2020 ✔252

Бу овоз ҳали-ҳамон кўпчиликнинг қулоғида жаранглаб туради
 

Батафсил
БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА  АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

🕔12:52, 26.06.2020 ✔454

Оддий қоидалар назоратчининг эмас, ўзимизнинг саломатлигимиз учунлигини англашимиз зарур

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

    «БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

    Фарзандни севиш нимадан бошланади? Фарзандни севиш, аввало, ота-онанинг ўзаро бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишидан, бир-бирини ҳурмат қилиши, асраб-авайлашидан бошланади. Жумладан, отанинг фарзандини севиши жуфти ҳалолига яхши муносабатда бўлишидан, уй ишларида унга ёрдамлашиб туришидан, киприклар кўзни чанг-ғуборлардан асрагандай, аёлини эъзозлашидан бошланмоғи даркор.

    ✔ 263    🕔 10:38, 03.07.2020
  • «CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

    «CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

    Бу овоз ҳали-ҳамон кўпчиликнинг қулоғида жаранглаб туради
     

    ✔ 252    🕔 10:37, 03.07.2020
  • БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА  АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

    БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

    Оддий қоидалар назоратчининг эмас, ўзимизнинг саломатлигимиз учунлигини англашимиз зарур

    ✔ 454    🕔 12:52, 26.06.2020
  • ЎРНИМИЗ ҚАЕРДА?

    ЎРНИМИЗ ҚАЕРДА?

    Халқда бир яхши гап бор: қалдирғоч тинч жойда уя қуради. «Тинч жой» деганда фақатгина урушлар ва ҳарбий тўқнашувлардан холи ҳудуд тушунилмайди.  Тинч жой ҳар томонлама қулай, инсонлар эмин-эркин ўз ишини қила оладиган, биров-бировнинг жонию молигагина эмас, ҳурмати, ор-номуси, қадрияти, қалби ва этиқодий эркинликларига ҳам дахл қилмайдиган жойдир. 
     

    ✔ 286    🕔 12:47, 26.06.2020
  • ЧЕТ ТИЛЛАРИНИ ТЕЗ ВА ОСОН ЎРГАНИШ

    ЧЕТ ТИЛЛАРИНИ ТЕЗ ВА ОСОН ЎРГАНИШ

    Бунга қандай эришиш, луғат бойлигини ошириш мумкин?
     

    ✔ 143    🕔 12:27, 26.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар