Долзарб мавзу      Бош саҳифа

МИЛЛАТ НОМУСИ

Унинг қисмати мамлакатнинг ҳам, миллатнинг ҳам тақдирига дахлдордир

МИЛЛАТ НОМУСИ

Бу йил «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганига ўттиз йил тўлади. Бу санани алоҳида нишонлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор она тилимизга кўрсатилаётган юксак муносабатнинг яна бир намунаси бўлди. Айниқса, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ушбу сананинг махсус байрамона тарзда ўтказилиши, ўтказиладиган тадбирларда она тилимизнинг ривожига жиддий эътибор қаратилиши айни муддаодир.

Тил учун қайғуриш, унинг софлиги учун ҳаракат қилиш бу бир кишининг қўлидан келадиган иш эмас. Бунинг учун ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши зарур. Бу ҳаракатнинг негизида эса она тилига бўлган ҳурмат-эҳтиром ётади. Шу маънода мазкур қарор жамиятда тилимиз мавқеини яна бир бор таъкидлашга омил бўлди.

«Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганига ўттиз йил тўлган бўлса-да, ҳалигача давлат тили ҳамда ўз она тилини «унутиб», бошқа тилда иш юритадиган тизимлар йўқ эмас. Банк тизими, бухгалтерия, алоқа-коммуникация каби қатор соҳаларда ҳалигача халқнинг саломига ажнабийча алик бўлиб келинаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу йил она тилимизга давлат тили мақоми берилган санани давлат миқёсида нишонлаш шу каби баъзи бир тизимларни ҳам ўттиз йиллик уйқудан уйғотса, ажаб эмас.

Алишер Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн»да тилимизда ишлатиладиган баъзи сўзларга бошқа тилда умуман муқобил йўқлигини, баъзи ҳолларда эса бошқалар бизнинг сўзимиздан фойдаланишини, ҳатто бошқа тилда ишлатиладиган битта сўз бизда турли маънолар фарқлайдиган етмишта сўз билан ифода қилинишини кўрсатиб ўтган:

«Яна ғизо ва ҳар таомки, еса бўлур, егулик дерлар ва сорт элининг кўпи, балки барчаси емакни ҳам ва ичмакни ҳам «хўрдани» лафзи била адо қилурлар.

Ва улуқ қардош ва кичик қардошни иккаласин «бародар» дерлар ва турклар улуғни – «оға» ва кичикни «ини» дерлар. Ва алар улуғ, кичик қиз қардошни ҳам «ҳоҳар» дерлар: Ва булар улуғни – «эгачи» ва кичикни «сингил» дерлар. Ва булар отанинг оға-инисини «абоға» дерлар. Ва онанинг оға-инисин – «тағойи» ва алар ҳеч қайсиға от тайин қилмайдурлар ва араб тили била «ам» ва «хол» дерлар. Ва кўкалтошни туркча тил била дерлар. Ва атка ва энагани ҳам бу тил била айтурлар».

«Бирдамлик зарур»

Юлдуз МУҲАМ­МАДИЕВА,

катта илмий ходим

—  Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгач, ўтган ўттиз йил давомида анча-мунча ютуқларга эришилган бўлса-да, ҳали олдимизда ечимини кутаётган масалалар ҳам кўп. Шулардан бири имло масаласи. Имлодаги беқарорлик  тилнинг мукаммаллигига путур етказади. Биз ҳали янги имло масаласидаги саволларга тўла жавоб топа олганимиз йўқ. Узоқ йиллардан бери бу масала охирига етмай келяпти. Масалан, оддийгина сўзларнинг ёзилишида ҳам турли тафовутларга дуч келамиз. Бир жойда «sentabr», яна бошқасида «sentyabr» деб ёзиш ҳалигача давом этяпти.

Она тилимиздаги бу каби ҳолатларни бартараф этиш учун янада бирдам бўлишимиз керак. Шундагина муаммоларга биргаликда ечим топа оламиз.

Миллат руҳиятининг кўзгуси

Комилжон ҲАМРОЕВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

— Ўзбек тили давлат тили сифатида юридик мақомга эга бўлиши билан  миллатнинг руҳияти, ўзлиги сақлаб қолинди. Сабаби, бошқа бир тилни қабул қилиш инсондан қайсидир маънода ўша халқнинг руҳиятига ошно бўлишни ҳам талаб этади. Миллий тилимиз воситасида миллийлигимиз ҳам сақлаб қолиниши катта муваффақият бўлди, дейиш мумкин. Ўтган йиллар ичида жаҳонга тил борасида ҳам нималардир бера олдик. Масалан, жаҳон майдонларида бизнинг «кураш», «чала», «ёнбош» каби сўзларимиз жаранглаши, бошқалар шу сўзларни эшитиб, уларга амал қилиб келаётгани бизнинг ютуғимиз эмасми!?

Она тилимиз кўп асрлик илмий-маънавий меросимизга яна қайта эгалик қилиш ҳуқуқини берди. Бундай асарларнинг кўпчилиги бугунги имлода нашр қилинди ва уларни халқимиз ўқияпти. Ўзбек тилининг давлат тили бўлиши бизга ота-боболаримиз қолдирган меросга чинакам ворислик ҳуқуқини берди.

Шу билан бирга, она тилимиз бугунги замон билан ҳамнафас бўлишга чоғланяпти. Компьютер линг­вистикаси, компьютер тилини яратиш каби илмий лойиҳалар, тадқиқотлар олиб бориляпти. Буларнинг ҳаммаси она тилимиз жаҳонда ўз ўрнига эга, эътиборга муносиб тил эканини яққол кўрсатиб турибди.

Тилимизнинг мавқеини бундан-да ошириш эса бугун ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак. Аввало, жамиятда она тилимизга бўлган эъзози­ни сақлаш, унинг қадрини баланд тутиш, унга ҳурматсиз муносабатда бўлмасликнинг ҳуқуқий-норматив асосларини ишлаб чиқиш керак. Уларга аниқ ва бир хилда риоя қилинишини таъминлашнинг амалий механизми ишга тушиши зарур.

Масалан, бугун кўпчилик хорижий тил бўйича махсус сертификатга эга бўлишга интиляпти. Улар ўз она тилларини қай даражада билади ва ҳурмат қилади? Уларнинг ўз она тилига муносабати қандай? Нега одамлар ўзбек тилини эмас, бошқа бир хорижий тилни мукаммал эгаллаш бўйича қаттиқ ҳаракат қиляпти? Сабаби, бугун ўзбек тилини зўр билганга эмас, хорижий тил бўйича мутахассис бўлганга жамиятнинг қараши бошқачароқ. Керак бўлса, уларга айрим имтиёзлар-устамалар ҳам жорий қилинган. Тил ўрганишни рағбатлантириш яхши албатта. Лекин унинг ўз она тили — давлат тилидаги саводхонлиги, унга муносабати масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Нега ўзбек тилини мукаммал билганларга тил ўрганишда стимул бўлаётган даражалардан ҳам юқори мақомлар — керак бўлса, сертификатлар — жорий қилмаймиз? Нега ҳалигача хорижий тилни биладиганларга қарашимиз бошқача? Менимча, бу масалаларни ўйлаб кўриш керак.

Таълим тизимида тил ўрганиш борасида амалий усулларга ўтиш вақти аллақачон келган. Мактаб ўқувчисига умри давомида деярли керак бўлмайдиган тилшуносликнинг назарий қоидалари ўрнига ижтимоий ҳаётда  ёки танлаган мутахассислиги юзасидан зарур бўладиган жонли тил хусусиятларини, энг муҳими, ўз фикрини ўз она тилида оғзаки ва ёзма шаклда бемалол ифода эта олиш кўникмасини ўргатишимиз керак. Кўпчилик оғзакида бинойидек гапиради, лекин шу фикрини ёзма ифода этишга қийналади. Ўз вақтида олди олинмаса, бу жамиятда бошқа муаммоларни ҳам келтириб чиқаради.

«Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш она тилимизга ҳурмат кўрсатиш, уни авайлаб-асраш йўлида қилиниши зарур бўлган ишлар учун муносиб дебоча бўлди.

Эҳтиром рамзи

Севара ХУДОЙБЕРДИЕВА,

таянч докторант

— Мен «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарордан бениҳоя хурсанд бўлдим. Ўзбекистон ҳали давлат мустақил­лигини қўлга киритишидан олдин ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Менинг назаримда, бу ҳодиса давлат мустақиллигини қўлга киритишга ҳам маълум маънода сабаб бўлди.

Ўтган ўттиз йил ичида қўлга киритилган энг катта воқеа, менингча, она тилимизнинг қадри ва қадди кўтарилиб, юксак эътироф этилиб, юқори мақомга лойиқ кўрилгани бўлса керак. Шундан бери ҳамма давлат идораларидаги барча расмий ҳужжатлар давлат тилида юритиляпти. Ўзбек тилида яратилган асарлар хорижий тилларга таржима қилиб етказиляпти. Ўзбек халқи ўз она тилида яратган асарлари орқали дунёга чиқяпти. Биз жаҳонга миллийлигимизни шу тақлид кўрсатиш имконига эгамиз. Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг ўттиз йиллигини кенг миқёсда нишонлашимиз жаҳондаги бошқа давлатлар олдида бизнинг ўз она тилимизга, давлат тилига қанчалик юксак эътибор ва ҳурмат кўрсатаётганимизни намойиш этиб турибди. Бу ҳар бир юртдошимиз учун катта фахр-ифтихор бўлса керак».

Мўътабар ворислик

Тил худди тирик инсон каби жонли ҳодиса. У ҳам турли синовли кунларни бошдан ўтказиши табиий. Лекин ўзбек тилимиз тарихда бир неча бор давлат тили сифатида эъзоз-икром топди. Унинг бундай мақомга эришиши ҳазрат Алишер Навоий номи билан ҳам боғлиқ. Бу буюк адиб инсоннинг тилга муносабати қандай бўлиши зарурлигини нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам яққол кўрсатиб, исботлаб бера олган фидойи инсон сифатида эътироф этилади. Бугун тилимиз билан боғлиқ қутлуғ санада бундай улуғ аждодларимиз меросига эҳтиром кўрсатишимиз бизнинг ворислик бурчимиздир. Тил билан боғлиқ муаммоларни фақат гапириб, муҳокама қилиш, кези келганда бу борада жон куйдириб, амалий ишлар қилиш, соҳа ривожига ёрдамчи бўлиш ҳам ворис сифатидаги вазифамиздир.

Шунингдек, бу санани тантанали равишда мамлакат бўйлаб нишонланиши биринчи навбатда ёш авлод — фарзандларимиз учун жуда муҳим. Улар она тилига муносабат қандай бўлаётганини катталардан, жамиятда бўлаётган ҳаракатлардан кўриб-билиб улғайишади. Агар она тилига катталарда эҳтиромли муносабат, ҳурмат-эътибор бўлса, шубҳасизки, болалар ҳам бундан ўрнак олиши табиий. Болалар бу сананинг аҳамиятини узундан-узоқ маърузалар, илмий-назарий анжуманлардан эмас, байрам ва тантаналар орқали кўпроқ эсда сақлаб қолишади. Ўз она тилининг нуфузини билиб, ҳис қила олган инсон эса, она юрти, миллати, миллийлиги ва ўзлигини ҳам албатта ҳурмат қилади.

Ғулом БОБОЖОНОВ




Ўхшаш мақолалар

МИЛЛАТ НОМУСИ

МИЛЛАТ НОМУСИ

🕔22:39, 10.10.2019 ✔136

Унинг қисмати мамлакатнинг ҳам, миллатнинг ҳам тақдирига дахлдордир

Батафсил
ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ  нималарга боғлиқ?

ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ нималарга боғлиқ?

🕔18:03, 03.10.2019 ✔239

Гўштнинг нархи тобора ошиб бормоқда. Бунинг сабабини ҳар ким турлича изоҳламоқда. Кимдир аҳоли меъёрдагидан кўпроқ гўшт истеъмол қилаётганини таъкидласа, яна кимдир бошқа сабабларини рўкач қиляпти. Аммо ҳеч ким гўшт етиштиришдаги жиддий муаммолар ҳақида ғинг демайди.

Батафсил
МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

🕔18:01, 03.10.2019 ✔158

«Ё уларнинг шунча пули кўп ёки такси сувтекин?»

«Ҳазорасп-Бўстон» йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилмагани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МИЛЛАТ НОМУСИ

    МИЛЛАТ НОМУСИ

    Унинг қисмати мамлакатнинг ҳам, миллатнинг ҳам тақдирига дахлдордир

    ✔ 136    🕔 22:39, 10.10.2019
  • ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ  нималарга боғлиқ?

    ГЎШТ НАРХИНИНГ КЎТАРИЛИШИ нималарга боғлиқ?

    Гўштнинг нархи тобора ошиб бормоқда. Бунинг сабабини ҳар ким турлича изоҳламоқда. Кимдир аҳоли меъёрдагидан кўпроқ гўшт истеъмол қилаётганини таъкидласа, яна кимдир бошқа сабабларини рўкач қиляпти. Аммо ҳеч ким гўшт етиштиришдаги жиддий муаммолар ҳақида ғинг демайди.

    ✔ 239    🕔 18:03, 03.10.2019
  • МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

    МАКТАБГА ТАКСИДА ҚАТНАЁТГАН БОЛАЛАР

    «Ё уларнинг шунча пули кўп ёки такси сувтекин?»

    «Ҳазорасп-Бўстон» йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилмагани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

    ✔ 158    🕔 18:01, 03.10.2019
  • КРЕДИТ ДЕСАЛАР,  ЎРТАДА САРСОН ТАДБИРКОР

    КРЕДИТ ДЕСАЛАР, ЎРТАДА САРСОН ТАДБИРКОР

    ёхуд қурилиши бошланган болалар боғчаси учун ресурсни яна қанча кутиш керак?

    ✔ 304    🕔 10:15, 27.09.2019
  • ПОРАНИ «ҲАЛОЛ»ЛАБ ОЛАЁТГАНЛАР КИМ?

    ПОРАНИ «ҲАЛОЛ»ЛАБ ОЛАЁТГАНЛАР КИМ?

    Порахўрлик – жамият ривожига жиддий тўсиқ. 
    Порахўрлик – ноқонуний, нопок йўл билан моддий бойлик орттириш...

    ✔ 239    🕔 10:14, 27.09.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар