Туризм      Бош саҳифа

БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

Юртимиздаги энг катта ва экстремал ғорлардан бири 

БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

Пешоғорга саёҳат
Ёзги таътил кунларининг бирида «Ёш сайёҳлар» тўгараги аъзолари билан Зоминнинг қадимий ер ости Пешоғорига саёҳат қилиш учун йўлга чиқдик. Саёҳат олдидан фонар, машъала, арқон ўрами ва сафар халталарга зарур анжомларни жойлаб, жиддий тадорик кўрдик. Бўлмасачи, ахир юртимиз­даги энг катта ғорлардан бири бўлган бу масканга саёҳатда кутилмаган ҳолатларга дуч келишингиз аниқ.
Баланд тоғ тизмалари бўйлаб юқорига кўтариларканмиз ғор теварак-атрофи бурканган ям-яшил арчазорлардан баҳри-дилимиз очилиб, кўнгиллар яйраб кетди. Маҳаллий аҳоли Такали ва Қумбел тоғлари туташган бу сўлим масканни мовий тоғлар деб бежиз айтишмас экан.
Теварак-атрофи ҳарсангтош, шох-шабба ва йирик бутазорлардан иборат баланд тепалик остидаги катта ҳажмли бўшлиқда пайдо бўлган тубсиз йўлаклар неча-неча асрлар илгари вулқон, табиий офат ва оҳактошларнинг емирилишидан вужудга келган. Бу ерга келиб-кетувчи сайёҳ, йўловчи ва табиат ошуфталарининг қадами узилмайди.
Гуруҳимиз раҳбари етакчилигида тор ва кичик туйнук орқали ғорга тушиш истаги бизни янада ғайрат-шижоатга ундарди. Кейин ички йўл бўйлаб борарканмиз қаршимизда турфа ранглар жилоси намоён бўлди. У шунчаки ерости йўлаги эмас, балки моҳирона яратилган санъат асари – кошона, десак муболаға бўлмайди. Ғорнинг сеҳри ва сукунати бирпасда кишини мафтун этиб қўяди. Оҳактош қатламлари яхлит кўринишга эга.
Ғор девори шифтларида сон-саноқсиз кўршапалакларга кўзимиз тушди. Улар зимистондаги уяларини адашмай топиб келишар ва шифтга осилиб олиб хатардан холи яшарди. Беозор жониворлар ташқаридаги узун тумшуқли калхат, савсан ва шу каби йиртқичларни чалғитиш учун зич ҳалқа ҳосил қилиб олишганди. Улар қўлимиздаги фонар чироғи ёруғида ғалати товуш чиқариб безовталана бошлашди. Турли капалак, суварак, ялтироқ қурт ҳамда ер устида учрамайдиган яна кўплаб жониворлар ҳам беҳисоб бу ерда. Аслида ғорда тахмин қилганимиздан кўп жониворлар яшашаркан. Озуқа танқис бўлгани учун улар ҳаёти кўпроқ чириндиларга боғлиқ экан.
Қизиғи, шифтдан осилиб тушган ўргимчак тўрлари ажиб кўриниш ҳосил қилган. Жуда ғаройиб манзара. Бу ерда табиатнинг неча асрлар давомида яшириб келаётган дурдоналари ва мўъжизаларига ҳар қадамда гувоҳ бўласиз. Оҳактош қатлами яхлит кўринишда эканидан ғор деворларига худди сайқал берилгандек туюлади.
Тобора ичкарилаб борарканмиз бутунлай қоронғилик қўйнида қолдик. Ҳайрат ва қизиқишимиз устун келиб гуруҳимиз аъзолари ҳамжи­ҳатликда фонар чироғи ва машъала ёрдамида йўлда давом этарканмиз ғор саҳни кенгайиб борарди. Уч-тўрт қадам олдинни умуман кўриб бўлмайди. Адашиб кетмаслик учун арқондан фойдаланишни ҳам унутмадик. Айрим йўлак­лар худди қувурдек номаълум томонга чўзилиб кетган. Баъзан энсиз ва тор йўлаклардан эмаклаб ўтишимизга тўғри келди. Ерости ёриқларидан сиқилиб ўтдик. Эгнимиздаги кийимлар ҳўл бўлиб, танамиз мадорсизланиб, бўғинларда бўшашиш сезила бошларди. Аммо ўзимизни қўлга олдик.
Келишувга мувофиқ, бироз нафас ростлаб тамадди қилиб олгач, машаққат ва заҳматлар чекиш эвазига яна кичик, тор, баъзан тик ва ўнқир-чўнқир йўлларни босиб ўтдик. Айниқса, сирпанчиқ, учқир ва қиррали ҳарсангтошлардан ўтаркансиз эҳтиёт бўлмасангиз, сирпаниб кетиш ҳеч гапмас. Ҳар бир қадам ҳисобга олиниб, ҳушёрлик талаб этилади. Акс ҳолда адашиб қолиб, бу кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Энсиз ва эгри-бугри йўлаклардан ўтаётиб «ғир-ғир» эсиб турувчи елвизакдан юрагим ҳапқираб кетди. Эртаклардаги сирли мўъжизанинг худди ўзгинаси. Шу онда ёнимдагиларнинг кўнглидан нималар кечди экан?..
Ғор деворларидан сизиб тушаётган сув томчиларидан бир неча жилғалар ҳосил бўлган. Ерости йўлида агар оқим мавжуд бўлмаганида мавҳум ва ўлик ғор деб атаган бўлардик.
Афсонавий ер­ости йўлида юриб борарканмиз, беихтиёр деворлардаги гранит ва оҳактошларга назар ташлаймиз. Деворлари нафис безаклар билан безанган. Ғорнинг ички кўриниши ниҳоятда ғаройиб. Айрим тошлардаги шакллар одам ва шерларни эслатади. Ғор ичи бутунлай зимистон бўлиб, тун билан куннинг фарқи сезилмасди. Ихтиёримиздаги фонар чироғи хиралашиб, бир нечта машъала қолганди, холос. Ортимизга қайтарканмиз, йўл азоби ва синовлардан нолиш хаёлимизга ҳам келгани йўқ. Қолаверса, бу саёҳатнинг ўзгача гашти бор.
Ғорнинг номаълум бўшлиқ­ларидан шахдам одимлаб ёруғлик сари яқинла­шарканмиз қуёш энди уфққа бош қўймоқда эди. Ғор ичкарисидаги кўршапалаклар қоронғилик тушиши билан тор туйник орқали ташқарига чиқаркан, чарх уриб самога кўтарилишди. Уларни турли ҳашаротлар, гуллар нектари ва сув ўсимликлари жалб қиларди. Бу ғаройиб сут эмизувчилар шу қадар очкўзки, дуч келган ҳашаротларни бирпасда қириб битирарди. Кейин тун зулматига кириб кўздан йўқолади.
Бир кунлик саёҳатимиз шу ерда якун топиб, барчамизнинг кўнглимизда хотиржамлик, юз-кўзларимиздан эса мамнунлигимизни сезиш қийин эмасди. Ана шу ҳаяжон ва ҳиссиётларга бой туйғулар она табиатга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат ва эҳтиром ифодаси эди, албатта. Кўпдан Пешоғорга саёҳат қилиш орзуси ушалиб, қадимий ерости обидаси сир-синоати ва ғаройиб мўъжизалари билан танишиш бахтига муяссар бўлдик.
Энг муҳими, маҳаллий аҳоли ўртасида тарихдан яхши хабардор бўлган кексалардан ғор билан боғлиқ ҳикояларни мароқ билан тингладик. Жумладан, қадимий обиданинг бир неча йиллар ёв йўлига мустаҳкам тўсиқ вазифасини ўтаганлиги ҳамда маҳаллий аҳолини душман суворийларидан ҳимоя қилиб келганлиги ҳақидаги маълумотлардан воқиф бўлдик.
ХII асрнинг 70-йилларида яшаган Али ибн Умархонни ёв қувиб кетаётганида тўриқ оти билан у шу ғорга яшириниб жон сақлаган экан. Бу зот кейинчалик ғор теварак-атрофига бир қанча чўп суқуб, уларни парваришлашга эътибор қаратибди. Йиллар ўтиши билан ниҳоллар кўкка бўй чўзиб, атроф дов-дарахтга бурканибди. Темурийлар авлоди бўлмиш Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шу юрт­да босиб ўтган табаррук қадам излари бор... Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Абдулла САИДОВ,
журналист




Ўхшаш мақолалар

«КЕЛИНТОШ»

«КЕЛИНТОШ»

🕔13:49, 01.11.2019 ✔288

Қояга чирмашиб чиқиш учун хийлагина тер тўкишимга тўғри келди. «Пастликка қараманг, бошингиз айланади. Қиррадор шаклдаги қоянинг кемтик жойига оҳиста оёқ қўйинг. Ана шунда тепага кўтарилишингиз осонлашади...»

Батафсил
ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

🕔13:48, 01.11.2019 ✔283

ёхуд Тошкент вилоятининг бугунги салоҳиятидан бир шингил

Тошкент вилояти Буюк Ипак йўлининг шундоққина чорраҳасида жойлашгани учунгина катта ва улкан аҳамиятга молик манзил ҳисобланади. Шундан бўлса керак, Мовароуннаҳрнинг бир вақтлар кўзга яқин шаҳри бўлган, солланиб оқаётган Сирдарё қирғоқларида савлат тўкиб турган «Шоҳруҳия» қалъасини кўришга келаётган саёҳларнинг қадами узилмайди.

Батафсил
БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

🕔19:43, 24.10.2019 ✔769

Юртимиздаги энг катта ва экстремал ғорлардан бири 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «КЕЛИНТОШ»

    «КЕЛИНТОШ»

    Қояга чирмашиб чиқиш учун хийлагина тер тўкишимга тўғри келди. «Пастликка қараманг, бошингиз айланади. Қиррадор шаклдаги қоянинг кемтик жойига оҳиста оёқ қўйинг. Ана шунда тепага кўтарилишингиз осонлашади...»

    ✔ 288    🕔 13:49, 01.11.2019
  • ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

    ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

    ёхуд Тошкент вилоятининг бугунги салоҳиятидан бир шингил

    Тошкент вилояти Буюк Ипак йўлининг шундоққина чорраҳасида жойлашгани учунгина катта ва улкан аҳамиятга молик манзил ҳисобланади. Шундан бўлса керак, Мовароуннаҳрнинг бир вақтлар кўзга яқин шаҳри бўлган, солланиб оқаётган Сирдарё қирғоқларида савлат тўкиб турган «Шоҳруҳия» қалъасини кўришга келаётган саёҳларнинг қадами узилмайди.

    ✔ 283    🕔 13:48, 01.11.2019
  • БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

    БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

    Юртимиздаги энг катта ва экстремал ғорлардан бири 

    ✔ 769    🕔 19:43, 24.10.2019
  • БОБОЛАР ХАЗИНАСИ – АФРОСИЁБ

    БОБОЛАР ХАЗИНАСИ – АФРОСИЁБ

    Рўйи замин сайқали Самарқанднинг бир муҳим бўлаги бўлган Афросиёб харобалари ҳақида гап кетгудек бўлса, бобом қачонлардир бобосидан эшитган мана бундай қадим ривоятни мароқ билан сўзлаб берарди:

    ✔ 1207    🕔 23:12, 15.08.2019
  • Ахсикентнинг учар арғумоқлари

    Ахсикентнинг учар арғумоқлари

    Санкт-Петербургнинг марказида, мавжланиб оқаётган Нива дарёси соҳилидаги хиёбонни кезиш одамга ўзгача кайфият бағишлайди. 

    ✔ 1150    🕔 11:30, 26.04.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар