Туризм      Бош саҳифа

ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

ёхуд Тошкент вилоятининг бугунги салоҳиятидан бир шингил

Тошкент вилояти Буюк Ипак йўлининг шундоққина чорраҳасида жойлашгани учунгина катта ва улкан аҳамиятга молик манзил ҳисобланади. Шундан бўлса керак, Мовароуннаҳрнинг бир вақтлар кўзга яқин шаҳри бўлган, солланиб оқаётган Сирдарё қирғоқларида савлат тўкиб турган «Шоҳруҳия» қалъасини кўришга келаётган саёҳларнинг қадами узилмайди.

ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

Меҳрнинг адоқсиз жилвалари
Бекободдан, Бўстонлиқдан,
Озод одам шод,  фаровон,
Чирчиқда бор ГЭС чарағон,
Дарёларнинг буриб изин,
Фарҳод топар ўз Ширинин.
Очиғи, пойтахтга туташиб кетган Тошкент вилоятига илк қадам ранжида қилган чоғларим, бу гўша одамларидаги мағрурлик ва фахр-ифтихор ҳисси мени беҳад ҳайратлантирган эди. Чиндан ҳам, бунинг ўзига хос сабаблари бор эди. Чунки, нон шаҳри дея тилдан тушмайдиган пойтахт ҳамда Тошкент вилояти азал-азалдан жон ришталари бир-бирига пайванд бўлиб кетган маъволардан саналади. Шунинг учун бу эл одамлари билан икки шингил суҳбатлашиб қолгудек бўлсангиз, туғилиб ўсган юртлари тўғрисидаги мислсиз афсона ва ривоятларни шу қадар кўтаринки кайфият, баланд руҳ билан айтиб беришадики, беихтиёр, қойил қолмасдан ҳеч ило­жингиз қолмайди.
Бу ердаги инсонларда яшаб келаётган болаларча пок ва беғубор туйғулардан ҳамда самимий ишончдан беихтиёр ғайратингиз ортади. Ўзингизда она юрт­га меҳр туйғусини шоирларнинг кўнгли тубидан отилиб чиққан юқоридаги дилбар ва ўйноқи сатрлардаги каби рўй-рост ҳис эта бошлайсиз. Қолаверса, бундай сатрлар одамларни ўз юртидан фахр ва ғурурланишга доимо чорлаб туради.
Озод одам шод, фарОвон
Қут-барака томчиларидан яшнаган адирлар, ҳосили пишиб етилиб, еллар бошларини оҳиста силаётган бепоён буғдойзорларни кезиб, эл-улусга нон-насиба, ризқ-рўз тилаган меҳнаткаш ва қўли қадоқ воҳа меҳнат аҳлининг саъй-ҳаракатларига ҳар қанча тасаннолар айтса арзийди. Ва шу аснода эртаклардаги сўлим ошёнларни ёдга соладиган Тошкент воҳасининг бугунги қиёфаси бутун бўй-басти билан гавдаланади.
Тошкент вилоятига 1938 йилда асос солинган бўлиб, бугунги кунда унинг маъмурий маркази Нурафшон шаҳри ҳисобланади. У ерга бориш учун пойтахт­дан роса ўттиз беш чақирим масофани босиб ўтишга тўғри келади. Қизиқ ҳолат, вилоятнинг бир учи пойтахтни доимо тоза ҳаво билан таъминлаб турадиган Бўстонлиқ, Қамчиқ довони ҳамда Паркент тоғларига туташса, иккинчи қисми Тожикистон, Қозоғистон республикалари билан чегарадош, учинчи томондан эса шаҳд ва шиддат билан оқаётган Сирдарё соҳилларига ушлашиб кетади. Вилоятнинг умумий майдони 15,6 минг км. квадратни ташкил этади (республикадаги улуши – 3,4 фоизга етади). Еттита шаҳар ва ўн бешта туман мавжуд. Бугунги кунда вилоятда 2,9 миллион киши умргузаронлик қилади, бу мамлакат умумий аҳолисининг роппа-роса 8,7 фоизига тўғри келади. Қувонарлиси, минтақада ўзбек, қозоқ, тожик, рус, корейс, татар, бошқирд каби миллатларга мансуб турли хил элатлар бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ истиқомат қилиб келади. Улар бир-бирлари билан қиз олиб, қиз бериб қуда-анда бўлиб кетишган. Эт билан тирноқни бир-биридан асло ажратишнинг имкони бўлмагани сингари, бу миллатлар ҳам бир-бирисиз ўзларини ғариб сезишади.
Агар ўхшатиш жоиз бўлса, мен Тошкент вилоятини жуда улкан салоҳиятга эга бўлган манзилга менгзаган бўлардим. Бу фикримни қуйидаги рақамлар ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Мисол учун, ялпи ҳудудий маҳсулот – 9,4 фоиз, саноат маҳсулотлари – 14,6, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги 12,1, чакана савдо айланмаси – 10,6 фоизга етади. Аслида бу ҳазилакам кўрсаткичлар эмас. Қазилма бойликлари халқимизнинг талай орзу-умидларини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ана шу ҳолат эътиборга олиниб, бу масъулиятли юмушга жиддий аҳамият қаратилмоқда. Бунинг исботини бугунги кунда вилоятда ўттиз иккита табиий қазилма бойлик конлари топилганидан ҳам билса бўлади. Шу аснода тағин бир юз учта фойдаланилмаётган ойна, керамик плита, мармар, тош карьерлари ва цемент хомашёси борлиги аён бўлди. Галдаги вазифа ана шу бойликлардан, мислсиз хазинадан халқимиз фаровонлиги учун унумли фойдаланишда қолган.
Замин руҳи уфУриб турар
Тарих китобларида мадҳ этилган, етти иқлим ҳукмдорларини ошуфта этган Тошкент воҳасини атрофлича, миридан-сиригача билиш, англаш учун энг аввало, шу кўҳна замин руҳини вужудингизга сингдиришингизга тўғри келади. Эмишки, эл узоқ вақтдан буён ардоқлаб, асраб-авайлаб келаётган воҳадаги сон-саноқсиз зилол сувлар, яъни булоқлар – шунчаки тоғ-тошлар бағрини ёриб, сизиб чиқадиган об-ҳаёт эмас, эҳтимол покиза фаришталар инъом этган томчилар эканига амин бўласиз. Бу сингари чиройли гапларни қадим заминни севганимиз, беҳад ардоқлаганимиз учунгина айтаётганимиз йўқ. Буни одамлар билан суҳбат жараёнида ангаб етдик. Уларнинг кўзларидан кейинги йиллар бадалида воҳада кенг миқёсда амалга оширилаётган бунёдкорлик юмушларидан мамнуният ҳиссини яққол сезиш, ангаш мумкин бўлади. Айниқса, бу нарса мамлакатимиз Президентининг шу йил Тошкент вилоятига уюштирган навбатдаги сафари чоғида аниқ сезилди. Мазкур ташрифдан сўнг воҳанинг барча шаҳар, қишлоқ ва овуллари мислсиз қурилишлар майдонига айланиб кетди. Сон-саноқсиз кўприклар қурилмоқда, кўчалар ободонлаштириляпти, янги иншоотлар барпо этилмоқда. Кетма-кет янги ғояларга қўл урилаётир.
– Одамлари меҳнат қилишдан, топ­ганларини доимо яхшиликларга сарф қилиб, кекса-ю ёшнинг дуосини, олқишини олишни ўзига доимий одат қилиб олган Тошкент вилоятининг нуфузи ва салоҳияти ўта баланд. Айнан шу гапларни мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев қачон воҳага келсалар, зўр фахр ва ғурур билан сўзлайдилар, – дейди Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Муроджон НОСИРОВ.­ – Албатта, бундайин фикрларда тўла асос бор. Мисол учун, шу йилги ташрифлари давомида вилоят ривожи учун давлат раҳбари оз эмас, кўп эмас – бир триллион бир миллиард сўмдан кўп маблағ ажратди. Шубҳасиз, ажратилган мазкур маблағлар воҳа қаддини тиклашга, ободончиликка, одамларнинг турмуш шароитларини янада яхшилашга, қўшма корхоналар ташкил этиш сингари хайрли ва савобли ишларга йўналтирилмоқда. Шу мақсадда бугунги кунда вилоятнинг барча гўшалари улкан қурилиш майдонига айланган, десам муболаға бўлмайди.
Вилоятда ер юзининг гултожи бўлган инсонларнинг кўнглига туккан орзу-умидларини руёбга чиқариш учун жиддий ишлар кетяпти. Биргина ана шу эзгу ва савобли мақсадни амалга ошириш учун кўплаб кекса ёшдаги инсонлар сиҳатгоҳларда дам олиб қайтишди, ёш келин-куёвларнинг никоҳ, ота-онасидан айрилган болакайларнинг хатна тўйлари канда қилмасдан ўтказиб турилибди. 
– Умуман олганда «Инсон манфаати барча нарсадан устун», деган тамойил вилоят касаба уюшмалари ташкилотларининг бош мақсадига айланган, – дейди Тошкент вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Ўткир Рашидов. – Жамоа одамлар ҳақ-ҳуқуқлари ва инсоний манфаатларини муносиб ҳимоя қилишга доимо тайёр. Бир сўз билан айтганда, вилоят салоҳиятини кўтариш учун барча бирдек меҳнат қилмоқда.
Шамолларга дилим ёрдим...
Баъзан турмуш ташвишларидан, кундалик ғала-ғовурлардан кўнгил безиб кетади. Шу маҳалда одамни маълум вақт ёлғиз қолгиси, ўзининг чексиз ва тубсиз хаёллар қучоғига отгиси келади. Барча нарсани унутиб, салобатли ва осмон билан бўйлашган тоғларга, арғумоқлар кишнашига, гул-чечакларнинг хушбўй ифорига лиммо-лим тўлган гўшаларга чиқиб кетгинг келади. Бунинг учун Тошкент вилояти тоғларидан соз ошён бўлмаса керак. Ростдан ҳам, бу макон хушманзара, инсон кўнглини кўтариб, ажаблантирадиган сўлим гўшаларга бой. Вилоятда дам олиш масканлари 182 тага етади. Шундан 24 таси санатория, 2 таси болалар санаторияси, 52 таси профилактика санаторияси, 83 таси дам олиш уйлари, 4 та пансионат, 17 таси оромгоҳлардир. Айни кезда бундай дам олиш масканлари сонини янада ошириш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳудудига қадам ранжида қилган маҳаллий ҳамда хорижлик сайёҳ бўлсин, уларни муносиб кутиб олиш ва жойлаштириш учун ҳар куни 68 та меҳмонхона ҳамда беш юздан ортиқ хусусий меҳмонхона уйлардан фойдаланилади. Ёзги туризм мавсуми давомида сайёҳлар «Чорвоқ сув омбори», «Угом Чотқол» миллий боғида мириқиб дам олишади. Қиш мавсумида эса чанғи учиш майдонларига ихтисослашган, мос тушадиган «Чимён», «Белдирсой» тоғли ҳудудларида кўнгил чигалини ёзишади. Буни қаранг, айнан ўша ҳудуддаги роҳатбахш, ажабтовур иқлим оппоқ қорнинг олти ой давомида эриб кетмасдан сақлаб қолинишини таъминлаб туради. Бундай қулай иқлим ва шарт-шароит инвесторларга дунё стандартларига мос келадиган чанғи туризми ривож топишига имкон яратади.
Тарихни ўрганиш ҳамда англаш учун қадимий қадамжоларнинг ўрни бўлакча. Шу маънода, минтақада беш юздан ортиқ маданий мерос объектлари ва юздан зиёд тарихий маъмурий обидалар савлат тўкиб турибди. Бариси ўз қаърида қанчадан-қанча сир-асрорларни яширган. Бу манзиллардан зиёратчилар қадами узилмайди.
Мамлакатимизда иқтисодий зоналар ташкил этилиши билан маҳаллий аҳоли муқим иш ўринларига эга бўлмоқда. Қолаверса, эҳтиёждан ошиқ маҳсулотлар пешма-пеш хорижга жўнатилмоқда. Бу ўз навбатида, валюта тушумининг яхшиланишига салмоқли улуш қўшмоқда. Анг­рен эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган текстиль маҳсулотлари, керамик плиталар, электр жиҳозлари, юқори сифатли қурилиш материаллари тайёрланаётган бўлса, «Бўстонлиқ фарм» ҳамда «Паркент фарм» зоналари фармацевтика йўналишига ихтисослашган.
Сирасини айтганда, қадим Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларидаги эзгу ишларни бир мақолага сиғдириш, жойлаш мушкул. Бу гўшада тобора авж олаётган хайрли тадбирлар бунга сира ҳам имкон бермайди. Воҳанинг сўлим ва оромижон ошёнларини кезганим сайин қалбимни яна келиш иштиёқи эгаллайди. Зеро, шоир ўз шеърида тараннум этганидек, «Мана, бугун иқболи кенг даланг бор, Кенгликларга чин яшнатган инсон бу, Еринг яқин «жаннат» деган мақомга, Бобур бобом орзу этган замон бу».

Улуғбек ЖУМАЕВ,
«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«КЕЛИНТОШ»

«КЕЛИНТОШ»

🕔13:49, 01.11.2019 ✔288

Қояга чирмашиб чиқиш учун хийлагина тер тўкишимга тўғри келди. «Пастликка қараманг, бошингиз айланади. Қиррадор шаклдаги қоянинг кемтик жойига оҳиста оёқ қўйинг. Ана шунда тепага кўтарилишингиз осонлашади...»

Батафсил
ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

🕔13:48, 01.11.2019 ✔284

ёхуд Тошкент вилоятининг бугунги салоҳиятидан бир шингил

Тошкент вилояти Буюк Ипак йўлининг шундоққина чорраҳасида жойлашгани учунгина катта ва улкан аҳамиятга молик манзил ҳисобланади. Шундан бўлса керак, Мовароуннаҳрнинг бир вақтлар кўзга яқин шаҳри бўлган, солланиб оқаётган Сирдарё қирғоқларида савлат тўкиб турган «Шоҳруҳия» қалъасини кўришга келаётган саёҳларнинг қадами узилмайди.

Батафсил
БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

🕔19:43, 24.10.2019 ✔769

Юртимиздаги энг катта ва экстремал ғорлардан бири 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «КЕЛИНТОШ»

    «КЕЛИНТОШ»

    Қояга чирмашиб чиқиш учун хийлагина тер тўкишимга тўғри келди. «Пастликка қараманг, бошингиз айланади. Қиррадор шаклдаги қоянинг кемтик жойига оҳиста оёқ қўйинг. Ана шунда тепага кўтарилишингиз осонлашади...»

    ✔ 288    🕔 13:49, 01.11.2019
  • ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

    ЕРИ ЯҚИН «ЖАННАТ» ДЕГАН МАҚОМГА

    ёхуд Тошкент вилоятининг бугунги салоҳиятидан бир шингил

    Тошкент вилояти Буюк Ипак йўлининг шундоққина чорраҳасида жойлашгани учунгина катта ва улкан аҳамиятга молик манзил ҳисобланади. Шундан бўлса керак, Мовароуннаҳрнинг бир вақтлар кўзга яқин шаҳри бўлган, солланиб оқаётган Сирдарё қирғоқларида савлат тўкиб турган «Шоҳруҳия» қалъасини кўришга келаётган саёҳларнинг қадами узилмайди.

    ✔ 284    🕔 13:48, 01.11.2019
  • БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

    БУ – ЕРОСТИ ЙЎЛАГИ ЭМАС, САНЪАТ АСАРИ

    Юртимиздаги энг катта ва экстремал ғорлардан бири 

    ✔ 769    🕔 19:43, 24.10.2019
  • БОБОЛАР ХАЗИНАСИ – АФРОСИЁБ

    БОБОЛАР ХАЗИНАСИ – АФРОСИЁБ

    Рўйи замин сайқали Самарқанднинг бир муҳим бўлаги бўлган Афросиёб харобалари ҳақида гап кетгудек бўлса, бобом қачонлардир бобосидан эшитган мана бундай қадим ривоятни мароқ билан сўзлаб берарди:

    ✔ 1207    🕔 23:12, 15.08.2019
  • Ахсикентнинг учар арғумоқлари

    Ахсикентнинг учар арғумоқлари

    Санкт-Петербургнинг марказида, мавжланиб оқаётган Нива дарёси соҳилидаги хиёбонни кезиш одамга ўзгача кайфият бағишлайди. 

    ✔ 1150    🕔 11:30, 26.04.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар