Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

«БИЗ БАХТЛИ БЎЛАМИЗ... АЛБАТТА»

Бу мактабга «Ўзимиз биламиз» дея кириб, «Биз ҳеч нарсани билмас эканмиз», деган иқрор билан чиқиб кетишмоқда

«БИЗ БАХТЛИ БЎЛАМИЗ... АЛБАТТА»

Бузилган қўнғироқ
«Онам ишга кетдилар. Кечроқ қайтарканлар. Сен ишдан қайтганингдан сўнг музлатгичдан гўштни олиб тузлаб, кечга овқат қилиб қўяркансан...» Психолог ташқарида кутиб турган бўлғуси куёвларни бирма-бир чақирди. Биринчи йигитга юқоридаги хатни ўқиб берди, йигит эшитганини ташқаридан кириб келган иккинчи йигитга сўзлаб берди. Иккинчи йигит эшитганини учинчи йигитга... Охирги йигит эшитганини шундай шарҳлади: «Музлатгичда овқат бор экан, гўшт бузилибди...»
Психолог: ана кўрдингизми асл гапнинг одамларга бошқача талқинда етиб келганини. Хат мазмунини эшитган ҳар бир йигит айтилган асосий гапларни бузиб талқин этди. «Қўшнига айтсанг қўшади, овулга айтсанг ошади», деб бежиз айтишмаган ота-боболаримиз. Ёш оилаларнинг ажрашишига баъзида мана шундай оддий гапнинг нотўғри етиб келиши сабаб бўлаётгани – бу чинакам фожиа...
Бу «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий шаҳридаги «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби»да ўтказилаётган дарсдан бир лавҳа. Бўлғуси келин-куёвларга ҳеч қандай панд-насиҳатсиз, оддий, содда усулда тушунтирилган бундай мисоллар бир умрга сабоқ бўлиши шубҳасиз.
– Ёшлар билан мана шундай методлар орқали дарс ўтиш жуда мароқли. Кўриб турганингиз­дек дарснинг биринчи куни ҳатто бир-биридан тортиниб турган бўлғуси келин-куёвлар учинчи кунга келиб анча бир-бирларини ўрганишди, яъни бир-бирини кашф қилишди, – дейди психолог Дилмурод Сафаров. – Ёшларнинг биз психологларга умуман ҳар бир дарс ўтувчига саволлари жуда кўп. Ҳатто кўпчилиги биз билан кейинчалик ҳам мулоқотда бўлиб туриш учун телефон рақамларимизни сўрашади. Чунки дарсларимиз шунчаки насиҳат ёки маърузадан иборат эмас. Ҳаётий мисоллар, интерфаол ўйинлар орқали ёшларда оила муқаддаслиги тушунчаси сингдирилади.
Оилага маърифат 
китоб орқали
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 10 август куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида берган топшириғи ҳамда «Оила» маркази томонидан ўтказилган илмий тадқиқот натижалари асосида республика бўйлаб «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» фаолияти йўлга қўйилган эди. Илк бор 2018 йилнинг август ойида пилот лойиҳа сифатида Паркент тумани ФҲДЁ қошида очилган мактаб кўп ўтмай, яхши натижалар бера бошлади.
– Инновацион мактаблар фаолиятининг мониторинги оила қуришга оид билимга эга бўлиш жуда кўпчилик учун қизиқарли эканини кўрсатмоқда. Ушбу мактаблар битирувчилари орасида ҳозирга қадар оилавий ажрашишлар, келишмовчиликлар, психологик номутаносибликлар кузатилмади, – дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳфуза Ҳамроева. – Марказ мутахассислари томонидан Тошкентдаги Инҳа университети ходимлари кўмагида ўсмир қизларни мустақил ҳаётга ва турмушга, рўзғор ишларини юритишга, ҳар томонлама оқила оила бекаси бўлишга тайёрлаб бориш учун мўлжалланган «Оила сабоқлари» деб номланган мобиль илова яратил­ган. Шунингдек, янги турмуш қураётган йигит-қизларнинг оила соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мавзуида тавсия ва маслаҳатлар ўрин олган «Мустаҳкам оилага йўлланма» номли энцик­лопедик ён дафтарча ишлаб чиқилди. Булар сертификатга қўшиб бўлғуси келин-куёвга тақдим этилади.
Дарвоқе, мактабда бўлғуси келин-куёвларнинг ҳар қандай саволига жавоб олиши учун буюк алломаларимиз, таниқли ижодкорларимизнинг оилапарварлик, фарзандлик, келин-куёвлик, қайнона-қайноталикнинг муқаддас бурчларини англатишга, оилавий ришталарни мустаҳкам боғлашга ва ёшларимизнинг диний-ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи китобларидан таркиб топган «Маърифатли оила кутубхонаси» ва оила мавзусига бағишланган таъсирчан видео ва анимацион фильмлар, видеороликлар, инфографик лавҳалар асосида Медиатекадан фойдаланиш имконияти яратилган.
Инновацион мактабда таҳсил оладиган никоҳланувчиларга ахборот-коммуникация технологияларининг ёшларбоп, замонавий ютуқларидан, ривожланган давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг илғор тажрибаларидан самарали фойдаланган ҳолда креатив ёндашувлар ва илмий-инновацион усулларда машғулотлар олиб борилмоқда.
18 минг жуфтлик – 
18 минг бахтли оила
– Оила масаласи фақатгина илмий марказ ёки биргина ташкилотга тегишли эмас. Оилалар мустаҳкамлиги учун маҳалла, қўни-қўшни, ота-она барча бирдек курашиш лозим, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Насиба Содиқова. – Ҳозирга қадар юртимизнинг вилоят ва туман марказларида 137 та инновацион мактаб фаолият олиб бормоқда. Уларнинг фаолиятига 400 дан зиёд мутахассислар жалб этилиб, 18 мингга яқин жуфтлик ёки қарийб 36 минг нафар бўлғуси келин-куёвлар ўқитилди. Ўқув жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида машғулотларни интерфаол усулларда, ёшларга қизиқарли қилиб ўтказиш малакасига эга бўлган психолог, иқтисодчи, ҳуқуқшунос каби бир қатор етук экспертлар жалб этилган. Яъни ҳамкорларимиз ҳам бу ишда бизга беминнат ёрдам кўрсатишмоқда.
Савол қийинми 
ёки жавоб?
Ёшларга савол билан мурожаат қиламан: «Ёш оилалар, энг фойдали машғулотлар қайси бири, деб ҳисоблайсиз?» Улар бир овоздан жавоб беришади: Бизга жуда ёққани «Оилавий ҳаёт психологияси», кейин «Диний ва ахлоқий тарбия» соатлари.
– Мен «Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар» мавзусидаги дарс­лар орқали ўзимни қизиқтирган жуда кўп саволларга жавоб олдим, – дейди бўлғуси келинлардан бири. – Англадимки, янги тушган хонадонларда келинларнинг ҳам ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари бўларкан. Айниқса репродуктив саломатлик дарс­лари орқали жуда кўп маълумотларга эга бўлдим. Баъзида қизлар, келинлар саломатлик борасида ўзини қийнаётган саволни кимга беришни, ким билан маслаҳатлашишни билмас­лиги рост. Бу ёғи менталитет...
– Баъзан савол қийин, жавоби ундан қийин. Ушбу мавзунинг йигит ва қизларга алоҳида ўтилиши ва биз ҳатто оналаримиздан сўрашга-да истиҳола қиладиган муаммоли саволларга жавоб топганимдан хурсанд­ман», – дейди яна бир келинчак.
– Рўзғорни зиммага олиш масъулиятига шунчаки енгил қарар эканмиз, – дейди турмуш қуриш остонасида турган бўлғуси куёвлардан бири. – «Оила бюджети ва иқтисоди» деган дарс давомида бу ҳақда кўп фойдали маълумотларни ўргандик. Оддийгина тежамкорлик нафақат аёллар, балки биз эркаклар учун ҳам шунчалик аҳамиятли эканини тўғриси аввал тасаввур ҳам қилолмас эканман.
Ўзаро тушуниш – 
бахт калити
– Сатторовлар оиласи, яъни Отабек ва Маржона мана шу мактабда ўқиган, турмуш қурганига тўрт ой бўлди, сертификатини рамкага солиб уйининг тўрига қўйганининг ўзи ёшларда мустаҳкам оилага нисбатан тушунча пайдо бўлгани исботи, – дейди Кармана тумани Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Рўзигул Зиёдуллаева. – Маҳалламизда икки нафар шундай мактабда ўқиган ёшларимиз бор. Айни пайтда бу ёш оила вакиллари ФҲДЁга ариза топширган тенгдошларини мана шу мактабда ўқишга чорламоқда.
Биз Сатторовлар хонадонига ташриф буюрдик. Ҳар доимгидек янги келинчак хос кийимда меҳмонларга салом қилди. Дастурхон атрофига так­лиф этди. Барча шарт-шароити яратилган хонадон келинига, очиғи, ҳавасимиз келди. Сўнгги русумдаги телевизордан тортиб уй жиҳозларигача дид билан жойлаштирилган.
Ўйлайсан, ҳеч нарсадан ками йўқ ёшлар фақат бир-бирлари билан муроса қилиб яшашса бўлди. Айнан бир-бирини тушунмаслик туфайли қанча оилалар ажрашиб кетаётганини эшитяпмиз. Демак, мана шундай мактабларнинг ташкил қилиниши айни муддао.
– Бу мактаб дарсларини кузатсангиз ҳатто қайноналар ўрганиши керак бўлган нарсалар борлигини англаб етасиз, – дейди ушбу маҳалла фуқароси, қайнона Шоира Файзиева. – Масалан, эмпатия – кўпчилик ёдидан чиқариб юборадиган асосий инсоний хусусият. Бу бошқа одамнинг кечинмаларини ҳис эта билиш, яъни бировнинг дардига шерик бўлиш дегани экан. Яъни биз инсонлар ўзгаларнинг кечинмаларини менсимаслик туфайли жуда кўп тушунмовчиликлар келиб чиқади. Бу гап фақат келинларда эмас қайнонаю қайноталарда, ўғилда умуман ҳар биримизда ўзганинг дардига шерик бўлиш фазилати бўлиши лозим. Хонадонимга келин келганига 4 ой бўлган бўлса бирон марта танбеҳ эшитмади. Тўғри, ушбу мактабда ёшларга қийин вазиятлардан оқилона йўл билан чиқиб кетиш, ҳар қандай гапни ўзига олмаслик, хушмуомала келин бўлиш йўл-йўриқлари ўргатилади. Лекин масаланинг иккинчи томони бор, келин мана шу мактабда ўқиганларини қўлласа, оиласини мустаҳкамлашга ҳаракат қилсаю, биз учинчи шахс – яъни қайнота, қайнона, овсину қайнэгачилар унинг яхшилигини суиистеъмол қилсак, қилдан қийиқ ахтарсак, ахир келин ҳам ўқиганларини унутишига тўғри келади. Шунинг учун хоҳлардимки, учинчи шахслар учун ҳам лоақал бир кунлик мана шундай ўқув машғулотлари олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Аммо мен қайнона сифатида янги ҳаётга кўникиб олиши жараёнида келинни хафа қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини бир лаҳза ҳам унутмайман...
***
«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий вилоят бошқармасининг «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» ташкил этилганига 6 ойдан ошмаган бўлса-да ҳозирги кунга қадар 151 жуфт бўлғуси келин-куёвлар дастур асосида ўқитилиб, сертификат билан тақдирланган. Демак, мана шунча оиланинг мустаҳкамлиги кафолатланган...
Уч кунда 18 соатлик сабоқ тугади. Дастлаб бундай мактабнинг борлигини эшитган ва «биз ўзимиз ҳамма нарсани ўқимасак ҳам яхши биламиз», деган фикрда келган ёшларнинг нигоҳида ўзгача бир тараддудни кўрдик. Баъзиларининг биз жуда кўп нарсаларни билмас эканмиз, ҳатто оила қуришга тайёр эмас эканмиз, деган иқрорларини эшитдик. Энг муҳими эса жуфт-жуфт бўлиб ўтирган ёшларнинг мана шу мактаб туфайли бир-бирига муҳаббати янада ошганини, қалбларини чуқурроқ англаб етганларини ҳис қилдик. Том маънода, улар бир-бирини бошқатдан кашф қилишди, машғулотлар жараёнида ҳамфикр, ҳамжиҳатликда оилада келиб чиқиши мумкин бўлган низоларга ечим топишди, йўл қидиришди. Қувонарлиси, психологлар ҳаётининг ажралмас қисми эканлигини шу мактаб орқали анг­лаб етишди. Уларнинг кўзидаги ифодадан эса биз албатта бахтли бўламиз, чунки оила бу шунчаки одамларнинг бирга яшаши эмас, балки кўнгилларнинг, дилларнинг бир-бирига пайвандланиши, деган янги ҳаётга янгича қарашни англаш мумкин эди.

Барно СУЛТОНОВА




Ўхшаш мақолалар

АЁЛИНИ ҲИМОЯ ҚИЛА ОЛМАГАНЛАРНИ ким деб аташ керак?

АЁЛИНИ ҲИМОЯ ҚИЛА ОЛМАГАНЛАРНИ ким деб аташ керак?

🕔13:35, 03.06.2020 ✔86

Йигитлар ҳақида сўз кетса, албатта, уларни ҳимоячилар, деб атаймиз. Улар Ватан тинчлиги, оиласининг хотиржамлиги учун кўксини қалқон қила олади.

Батафсил
ҲАР БИР ОИЛА ДАВЛАТИМИЗНИНГ КЎМАГИНИ ҲИС ҚИЛИШИ ЛОЗИМ

ҲАР БИР ОИЛА ДАВЛАТИМИЗНИНГ КЎМАГИНИ ҲИС ҚИЛИШИ ЛОЗИМ

🕔13:34, 03.06.2020 ✔130

Юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга бўлган ишончини ошириш бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезони, фаолиятимиз ва ҳаётимизнинг асосий тамойили бўлиши керак.

Батафсил
«БОЛАМГА ЭРИМНИНГ ФАМИЛИЯСИНИ ҚЎЙМАЙМАН...»

«БОЛАМГА ЭРИМНИНГ ФАМИЛИЯСИНИ ҚЎЙМАЙМАН...»

🕔13:13, 03.06.2020 ✔48

ёхуд муқаддас қўрғонни емираётган иллатлар нега ҳамон давом этмоқда?
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • АЁЛИНИ ҲИМОЯ ҚИЛА ОЛМАГАНЛАРНИ ким деб аташ керак?

    АЁЛИНИ ҲИМОЯ ҚИЛА ОЛМАГАНЛАРНИ ким деб аташ керак?

    Йигитлар ҳақида сўз кетса, албатта, уларни ҳимоячилар, деб атаймиз. Улар Ватан тинчлиги, оиласининг хотиржамлиги учун кўксини қалқон қила олади.

    ✔ 86    🕔 13:35, 03.06.2020
  • ҲАР БИР ОИЛА ДАВЛАТИМИЗНИНГ КЎМАГИНИ ҲИС ҚИЛИШИ ЛОЗИМ

    ҲАР БИР ОИЛА ДАВЛАТИМИЗНИНГ КЎМАГИНИ ҲИС ҚИЛИШИ ЛОЗИМ

    Юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга бўлган ишончини ошириш бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезони, фаолиятимиз ва ҳаётимизнинг асосий тамойили бўлиши керак.

    ✔ 130    🕔 13:34, 03.06.2020
  • «БОЛАМГА ЭРИМНИНГ ФАМИЛИЯСИНИ ҚЎЙМАЙМАН...»

    «БОЛАМГА ЭРИМНИНГ ФАМИЛИЯСИНИ ҚЎЙМАЙМАН...»

    ёхуд муқаддас қўрғонни емираётган иллатлар нега ҳамон давом этмоқда?
     

    ✔ 48    🕔 13:13, 03.06.2020
  • МУРОСА – ТОТУВЛИК КАФОЛАТИ

    МУРОСА – ТОТУВЛИК КАФОЛАТИ

    Шунақа экан – Бағдод туманининг Қирқволида маҳалласида яшовчи Мусаевлар оиласининг бошлиғи айтди шу гапни! Иймани-и-и-иб ўтирмади, ҳижолат тортмади, қандай тушунаркин, деб ўйламадиям. Шартта айтди-қўйди: «Гоҳида янгангизнинг гапигаям хўп деймиз, сизники маъқул, деймиз. Хонадонимиздаги файз, тинчлик-тотувликнинг сабаби – шу», дейди Мўминжон ака.
     

    ✔ 165    🕔 11:13, 27.05.2020
  • Оилаларни ажратаётган учунчи қўл

    Оилаларни ажратаётган учунчи қўл

    — Шерзод, икки кундан бери нега мактабга бормаяпсан? Ёки дарслар ёқмаяптими?..
    Аввалига у бироз жим қолади, саволга жавоб бергиси келмайди. Лекин яна нимадандир ташвишланиб, бошини эгганича секин гап бошлайди:

    ✔ 1187    🕔 10:26, 13.03.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар