Инсон ўзинг      Бош саҳифа

ҚОТИЛЛИК ҚИЛАЁТГАН БОЛАЛАР

Уларнинг дийдаси қаттиқ ва бемеҳр бўлиб қолаётгани қандай мудҳиш оқибатларга олиб келмоқда?

ҚОТИЛЛИК ҚИЛАЁТГАН  БОЛАЛАР

Қотиллик? Болалар а? Наҳотки? Ҳа, айнан буни қотиллик дейиш мумкин. Ахир, тирик жонзотни, юраги уриб турган ҳайвонни қийнаб ўлдириш ҳар қандай қотилликдан кам эмас...
Яқинда телеграм каналлари орқали Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги ўсмирлар жиноий гуруҳ тузиб, шаҳар бўйлаб ит ва мушукларни қийнаб ўлдиришаётгани ҳақида хабар тарқалди. Бу гуруҳ ҳайвонларнинг оёқ-қўлини синдириб, кўзларини ўйишган, думидан ушлаб, деворга бошини уриб ўлдиришган. Мазкур жиноий гуруҳга ­29-сонли мактабнинг 6-синф ўқувчиси бошчилик қилган. Унинг ёрдамчиси эса 1-сонли мактабда 5-синфда ўқийди. Гуруҳнинг барча аъзолари 9-12 ёшли болалардир. Катталар бир неча маротаба танбеҳ бермоқчи ­бўлишганида, болалар уларни ҳақоратлаб кетишган. Худди шу шикоят «Меҳр ва оқибат» ННТ вакилларига ҳам келиб тушган.
Болаликда ҳайвонларни қийнаш ва ўлдириш кун келиб қотиллик каби хавфли бир жиноятга йўл очиши ҳеч гап эмас. Боладаги юқоридаги каби оддий шўхлик ёки шумтакалик эътиборсиз қолдирилиши, кейинчалик албатта даҳшатли фожиаларни келтириб чиқараверади. Даҳшатли фожиаки, кап-катта одамнинг яқинда тирик кучукни ёқиб юбориб, бир туки қилт этмай томоша қилаётгани каби...

Тириклай кўмилган кучукчалар

Болалигимдаги бир воқеа сира эсим­дан чиқмайди. Икки қишлоқ нарида яшайдиган узоқ қариндошимиз мен билан укамни уйларига меҳмонга олиб кетди. Биз ниҳоят таътилда меҳмонга бораётганимиздан хурсанд эдик. Уларнинг дарвозасидан киришимиз билан ҳовлисидан оқиб ўтадиган ариқ ёнидаги чуқурчага тўкилган қон кўлмагини кўриб сесканиб кетдим.
«Кеча болалар мол сўйишганди», – деди холамиз ҳайрон бўлганимизни кў­­­риб. Очиғи бизнинг ҳам уйда жонлиқ сўйиларди. Аммо ҳеч қачон биз болалар молнинг сўйилишини кўрмасдик. Уйга яқинлашарканмиз, шундоққина эшикка яқин жойда қорамолнинг калласини кўриб укам менга, мен укамга қарадик. Шу-шу менда бир тушуниксиз оғир кай­фият пайдо бўлди. Бизни дастурхонга таклиф қилишди. Бир пасдан кейин ҳовлига ўйнагани чиқсак холанинг ўғли хотинига бақираётган экан. Кейин шу орада хотинининг елкасига қаттиқ туртиб юборди. Келинчак чўк тушиб қолди, бизнинг қараб турганимизни кўриб баттар хижолат бўлди. Нимадир дея тиззасини силаб ишини давом эттирди.
Кечқурун овқат пайти холамиз ўғлига норози оҳангда нимадир деганини тушунмай қолдим, аммо ўғли чиройли келинга тишларини ғижирлатиб қараб қўйди. Келин кўзларини олиб қочди. Биз укам иккаламиз бу муомаладан ҳайрон эдик. Биз отамизни ҳар замонда койигани учун баджаҳл деб ўйлардик. Аммо дастурхон бошида ҳеч қачон қовоқ-тумшуқ қилиб ҳеч кимнинг кайфиятини бузмас эдилар отам. Ётиш олдидан келинчакнинг уйига кирдик. У бешикдаги боласини овқатлантираётган экан. Бизни кўриб чеҳраси ёришди. Шу пайт озроқ очилган ўнг елкасига кўзим тушди. Тирналган экан.
– Янга, елкангизга нима қилди, – дедим.
У синиқ жилмайди:
– Тоғангиз... ҳовлидаги тошларни кўрдингизми, ўша жойдан уйгача судраб олиб келган, – деди.
Энди англашимча, ўшанда келин дардини кимгадир айтгиси келгану бизга илк бора ёрилди, шекилли. Кечаси ҳовлида ётдик. Кўзимга сира уйқу келмади. Кўз олдимда ҳовлига кириб келганимиздаги чуқурчадаги қип-қизил қон, дарғазаб «тоға», елкаси тирналган янга... Эрталаб бола қалбим билан бу нарсаларни унутиб уйғондим. Укам билан югуриб кучукчаларнинг олдига бордик. Она ит тўрт нафар боласини эмизаётган экан.
Кучукболаларнинг кўзи очилган, бирам ёқимтой эдики. Укам, бизга берса олиб кетсак бўларкан, деди. «Оқтўшинг борку» дедим мен. «Отам иккита кучукка рухсат бермайди». «Оқтўшимни соғиндим», деб қўйди укам. Ана шу кучук неча йиллар укамнинг ҳақиқий ҳимоячиси бўлди.
Шу пайт «тоға» келиб қолди. Иккита кучукчани оёғидан кўтариб уёқ-буёғига қаради ва биттадан қўлимизга бериб қўйди. Биз хурсанд бўлиб кучук болаларни қучоқлаб олдик. Бирам ёқимтой эдики. Кейин бизга «кетдик» деди. Уйнинг орти яланглик, қир эди. Бироз юриб уйдан узоқлашганимиздан сўнг «тоға» олдиндан ковланган чуқурча олдига келдию кучукчаларни қўлимиздан олиб итқитиб юборди. Нима бўлаётганини англамасдик. Кейин оёғи билан тез-тез чуқурчани тўлдириб устидан тепкилаб текислади. Укам билан мен рангимиз оқарганча туриб қолдик. Кейин укам шоша-пиша тупроқни ковламоқчи бўлди. Аммо «тоға» рухсат бермади. Агар яна шундай қилсанг сени анави ариққа отиб юбораман, деб тиржайди. Бу гапни ҳазиллашиб айтди, аммо биз ишондик, қўрқа-писа ортидан эргашдик. Кейин билсам, кучукнинг эркагини олиб қоли­шаркан.
Кечқурун анча пайтгача уйқум келмади. Хаёлимда кучукчалар тиригу, «қутқаринглар» деб ғингшиётгандек эди. Аммо ухлаб қолибман. Эрталаб ёмон кайфиятда турдим. Фақат кучукчаларнинг кўмилаётганда жон алфозда типирлаши эмас, қон тўла ариқча, елкаси шилинган янга... ҳамма-ҳаммаси хаёлимдан бирин-кетин ўтаверди. Биз укам иккаламиз кетамиз, деб туриб олдик. Уловга солиб кузатиб қўйишди...
Ҳозир жиноятчилар, ёвуз одамлар ҳақида ўйласам ўша кучукболаларни тириклай кўмган, боши ғам-алам, ташвишдан чиқмай яшаётган «тоға» ва унинг кейинчалик ҳаётда рўшнолик кўрмай ўз жонига қасд қилган хотини хаёлимда жонланади...
Яқинда ижтимоий тармоқлардан бирига кўзи ожиз кучугини йўқотиб қўйган бир инсон ва у кучугини излаб дайди кучуклар сақланадиган вақтинчалик бошпанага излаб боргани ва ниҳоят, уни Қибрайдаги «Ҳаёт – Жизнь» деган итлар бошпанасидан топгани ҳақида пост қўйдим. Жуда кўп инсонлар бу одамнинг яхшилигига таҳсинлар айтишда ва албатта жавобсиз қолмаслигини таъкидлашди. Айниқса, бир дўстимизнинг ёзиб қолдирган изоҳи жуда кўпчиликни ҳаяжонга солди.

Мушук болалари ва ҳаётга қайтган она

Баҳодир МАНСУРОВ: Бу воқеага анча бўлди. Кеч соат 23:30 ларда Тошкент­дан Қашқадарёнинг Китоб туманига қай­тиш учун «Бек-барака» бозоридан таксига ўтирдим. Энди юрмоқчи бўлганимизда 20-22 ёшлардаги йигит келиб онаси ҳаётдан ўтиб қолганини, шошилинч бориши зарурлигини айтиб йиғлаб юборди. Таксидагиларга илтимос қилиб, «Биронтангиз жойингизни менга беринг, тезликда йўлга чиқмасам бўлмайди», деди. Шунда талаба йигит жойини бўшатиб, «мен бошқа таксида бора қоламан», деб бояги йигитга сабр тилаганча тушиб қолди. Ёмғир аралаш қор тинимсиз ёғарди, кун совуқ. Орқа ўриндиқда ўтирган бояги йигит орада «оҳ, онажон», деб йиғлаб оларди. Биз ҳам сабр тилаб, қайғусига шерик бўлиб далда берардик. Жиззахга етиб келганимизда ёнилғи шохобчасида тўхтадик, машинадан тушдик. Такси чиқишини кутиб турганимизда бояги йигит тўртта мушук боласини қаердандир устидаги қалин курткасига ўраб келиб қолди. «Изиллаган совуқ, бечораларни кимдир ташлаб кетибди», деб дўконга югуриб кетди. Мен ҳайрон эдим, ўзи нима аҳволдаю, мушукчалар кўнглига сиққанига... Дўкондан балиқ консервасини олиб келиб тўртта мушук болаларига эринмасдан едирди. Бу орада машина ҳам чиқиб келди. Йўловчилар ва ҳайдовчи кутиб турганига қарамай мушукларни меҳрибонлик билан қорнини тўйдирди. Мени ҳайрон қолдиргани, устидаги қалин курткага мушук болаларини ўраб ёруғроқ жойга қолдириб келгани бўлди. У хурсанд эди: «мушуклар энди ўлмайди, бирон меҳрибон инсон албатта эгалик қилади, ҳеч бўлмаса курткамга ёзиб қолдирган хатимни ўқийди ва мушук болаларини олиб кетади» деди... Биз тонг отарда Китоб туманига етиб келганимизда бояги йигитга кимдир қўнғироқ қилди ва туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига келишини айтди. Ҳайдовчи машинани ўша томонга ҳайдади. Биз бояги йигитга қўшилиб касалхонага кирдик... Ишонасизми, йигитнинг онаси тирик экан, шифокорларнинг айтишича мўъжиза рўй берибди, жони узилиб яна жонланибди. Йигит тинимсиз йиғлаб, «ё Аллоҳим, ўзингга шукр, онам тирик экан...» дерди.

Ҳайвонларнинг митти халоскори

Россиянинг Владикавказ ўлкасида олти ёшли болакай уч йилдан буён юздан зиёд эгасиз қолган уй ҳайвонларига ғамхўрлик қилиб келяпти. Бу борада болакайнинг отаси ҳарбий Вадим Шапранов ўғлига доимо ёрдамга шай. Ота-бола кўчада адашиб қолган, ҳайдаб юборилган эгасиз мушук ёки кучукни уйга олиб келишгач, дастлаб овқатлантиришади, кейин ветеринар кўригига олиб боришади. Касал бўлса даволатади. «Уй ҳайвонларига қараш жуда мушкул иш, қолаверса, уларнинг овқати, дори-дармони оила даромадидан, – деб ёзади Вадим Шапранов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Яхшиямки, ҳайвонларга мурувват кўрсатадиган одамлар кўп. Улар бу борада биздан ёрдамларини аямайди».
Уй ҳайвонларини «Меҳрли қўллар»га бериш мақсадида ота-бола ижтимоий тармоқларда саҳифа очишган. Болакайнинг дўстлари билан тушган суратлари меҳрибон одамларни бефарқ қолдирмаяпти. Уй ҳайвонларини олиб кетиш учун кейинги пайтда қизи­қув­чиларнинг сафи кенгаймоқда. Ҳай­вон­ларга бефарқ бўлмаган одамлар кучук ёки мушукни уйларига олиб кетишгач, ота-ўғил тез-тез улардан хабар олишни ҳам канда қилмайди.
Дарвоқе, Ваня билан унинг отаси қилаётган ишларини ижтимоий тармоқ орқали кузатаётганлар сони тобора ошиб бормоқда. Шундан ҳам билсак бўладики, болаларда ҳайвонларга меҳр қачонки ўзимиз уларга ўрнак бўлсакгина уйғонади. Аслида болаларнинг ҳайвонга меҳрини боғча ёшида, мактабгача таълим муассасаларида ва мактабларда жонли бурчаклар ташкил қилиш орқали ҳам уйғотиш мумкин. Афсуски мамлакатимизда кейинги пайтлар ана шундай жонли бурчаклар ташкил қилишга эътибор сусайди. Қолаверса, телевидениеда ҳайвонларга меҳр кўрсатиш ҳақида кўпроқ кўрсатувлар тайёрланса ҳам мақсадга мувофиқ бўларди. Хориж киноижодкорлари ишлаган, барчанинг кўнглидан жой олган, садоқатли ит ҳақи­даги «Хатико» каби кинофильмларни қачонлардир ўзимизнинг киноижодкорлар яратишини эса ҳозирча фақат орзу қилиш мумкин.

Барно СУЛТОНОВА




Ўхшаш мақолалар

«ТАҚДИРИН  ҚЎЛ  БИЛАН  ЯРАТУР ОДАМ...»

«ТАҚДИРИН ҚЎЛ БИЛАН ЯРАТУР ОДАМ...»

🕔17:39, 29.11.2019 ✔615

Интернет орқали «бахт» овлаган «келинчак»нинг аянчли тақдири

Батафсил
«ТЕЗ  ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ  ЁРДАМИ ЗАРУР?

«ТЕЗ ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ ЁРДАМИ ЗАРУР?

🕔17:37, 29.11.2019 ✔538

Яқинда университетимизда бир фалокат содир бўлди. Таниш қизлардан бири бино зинасидан тушаётганида ҳушидан кетиб йиқилибди. Эшитибоқ оёғимни қўлимга олиб, университет тиббиёт хонаси томон югурдим. Ҳаммани қўрқитиб юборган шекилли, эшик ёнида бир қанча талабалар тўпланиб туришарди. 

Батафсил
ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

🕔16:12, 29.11.2019 ✔272

«Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» 
(Қуръони каримнинг «Аъроф» сураси, 31-оят).

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «ТАҚДИРИН  ҚЎЛ  БИЛАН  ЯРАТУР ОДАМ...»

    «ТАҚДИРИН ҚЎЛ БИЛАН ЯРАТУР ОДАМ...»

    Интернет орқали «бахт» овлаган «келинчак»нинг аянчли тақдири

    ✔ 615    🕔 17:39, 29.11.2019
  • «ТЕЗ  ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ  ЁРДАМИ ЗАРУР?

    «ТЕЗ ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ ЁРДАМИ ЗАРУР?

    Яқинда университетимизда бир фалокат содир бўлди. Таниш қизлардан бири бино зинасидан тушаётганида ҳушидан кетиб йиқилибди. Эшитибоқ оёғимни қўлимга олиб, университет тиббиёт хонаси томон югурдим. Ҳаммани қўрқитиб юборган шекилли, эшик ёнида бир қанча талабалар тўпланиб туришарди. 

    ✔ 538    🕔 17:37, 29.11.2019
  • ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

    ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

    «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» 
    (Қуръони каримнинг «Аъроф» сураси, 31-оят).

    ✔ 272    🕔 16:12, 29.11.2019
  • ҚОТИЛЛИК ҚИЛАЁТГАН  БОЛАЛАР

    ҚОТИЛЛИК ҚИЛАЁТГАН БОЛАЛАР

    Уларнинг дийдаси қаттиқ ва бемеҳр бўлиб қолаётгани қандай мудҳиш оқибатларга олиб келмоқда?

    ✔ 690    🕔 12:36, 19.11.2019
  • Сақоқушлар қайтмоқда

    Сақоқушлар қайтмоқда

    Ўзбекистоннинг шимолий минтақаси – Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва Хоразм вилоятидаги сув ҳавзаларига ноёб сақоқушлар галаси келиб қўнмоқда.

    ✔ 434    🕔 14:12, 11.11.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар