Инсон ўзинг      Бош саҳифа

ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

«Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» 
(Қуръони каримнинг «Аъроф» сураси, 31-оят).

ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

Меҳрибон Роббимиз бу дунё ва ундаги барча неъматларни инсон учун, унинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун муҳайё қилиб қўйган. Биз улардан бемалол, эмин-эркин баҳраманд бўлишимиз мумкин. Бироқ, бу неъматларнинг шукрини адо қилишимиз лозим. Шукронанинг аввали бу неъматларни беғараз ато этган Зотга ҳамду сано айтишдир. Шукрнинг давоми эса оятда айтилганидек, неъматлардан фойдаланишда ҳаддан ошмаслик, исроф қилмасликдир.

Исрофнинг қанчалик оғир гуноҳлиги оятнинг маъносидан яққол кўриниб турибди. Исрофдан бу қадар қаттиқ, кескин қайтарилишининг ҳикматлари бугунги кунимизда яққол намоён бўляп­ти. Сайёрамизнинг экологик ҳолати ҳозирги замоннинг энг долзарб муам­моларидан бири бўлиб турибди. Ер куррасида ҳароратнинг глобал кўтарилиши йилдан-йилга турли муаммоларни келтириб чиқаряпти. Ҳавонинг, сувнинг, тупроқнинг ифлосланиши кучайиб бормоқда. Денгизлар қурияпти, ўрмонлар ёняпти, ер ости ва ер усти бойликлари тугаб боряпти, ҳайвонот ва наботот олами қирилиб боряпти, саноа­ти ривожланган йирик шаҳарларнинг ҳавоси нафас олиб бўлмайдиган даражада ифлосланиб кетган. Атмосферанинг юқори қатламларида озон туйнуклари катталашиб боряпти, асрий музликлар эриб, қуруқликнинг катта қисми сув остида қоляпти. Буларнинг барчаси – Аллоҳ таоло ато этган неъматларни исроф қилиш, ҳайвонот ва набототни ваҳшийларча қириш, атроф-муҳитни ифлослантириш, ер ости бойликларидан очкўзлик билан фойдаланишнинг аянч­ли оқибатлари.
Исрофнинг даҳшатли оқи­батларидан яна бири – қатор мамлакатларда ўн йиллаб давом этиб келаётган очлик. Дунёнинг бир минтақасида тонналаб озиқ-овқатлар увол бўлиб, чиқиндига чиқарилаётган бир пайтда бошқа бир минтақадаги одамлар бир бурда нонга зор, бир қултум сувга ташна бўлиб, хор-зорликда кун кечирмоқда. Ваҳоланки инсон бир коса овқатдан, яримта нондан ортиғини ея олмайди, бироқ бугунги кун одамларининг кўзи оч бўлиб қолган. Кимдир эртаю кеч ўйин-кулги, маишат билан кун кечириб, тўқликка шўхлик қилаётган, миллиардлаб долларларни ҳавога совураётган бўлса, кимдир бир тишлам егулик топа олмай, очлик азобида жон таслим қиляпти.

Афсуски, инсон 
нeъматнинг қадрига у қўлдан бой берилганда, завол топгандагина етади. Бу муаммоларнинг 
барчаси – ўзининг манфаатини бошқаларнинг манфаатидан устун 
кўриш, фақат ўз манфаатини кўзлаш, бировнинг манфаатини, ҳақ-ҳуқуқини поймол 
қилиш оқибатидир. 

Аслида инсон ўзига раво кўрганини бошқаларга ҳам раво кўриши, умум манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиши лозим эмасмиди?
Ер юзига Аллоҳнинг ўринбосари ­бўлишдек олий мақом учун яратилган инсон ўзига топширилган бу масъулият­ни тўғри адо эта олмай, бу муаммоларнинг ечимини топа олмай, аросатда қолган. Ваҳоланки, динимизда бу муаммолар аллақачон ҳал қилиб қўйилган. Динимизга тўғри риоя қилсак, масаланинг ечими топиладими? Ҳа, албатта. Бироқ, динимизда бундай муаммонинг ечимигина эмас, балки унинг олдини олишнинг, бундай вазиятларга умуман тушмасликнинг йўл-йўриқлари ҳам кўрсатиб қўйилган.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда дунёнинг қайси давлатида тараққиёт, ривожланиш, юксалиш кузатилаётган бўлса, бу аввало инсон манфаати, халқ манфаати устуворлигининг самарасидир. Бу борада мусулмон халқлар бошқалардан орқада қолаётган бўлса, бу ўзимизнинг айбимиз, динга амал қилишдаги ноқислигимиз оқибатидир. Ботил ҳаққа эргашса, юксалиши, манфаат олиши мумкин. Ҳақ ана шундай нарса, ҳақдан ҳеч қачон зарар етмайди. Бироқ, ҳақ ботилга эргашса, фақат ютқазади, ортда қолади, таназзулга юз тутади. Аллоҳ нозил қилган диндан узоқлашиб, залолатга кетган Ғарб Исломдан илмни, изланишни, қатъиятни ўрганиб, мисли кўрилмаган тараққиётга эришди, фан-техника соҳасида инқилоб қилиб, равнақ топди. Бироқ, ҳақни топган, ҳақни таниган Шарқ диндан узоқлашган, эътиқоди ботил томон оғиб кетган Ғарбнинг маънавий жаҳолатига эргашиб нима топди? Ғарбдан ичкиликни, кашандаликни, гиёҳвандликни ўрганиб, аслини, наслини билмайдиган, ўткир ақлини, қўлидаги иқтидорини, оёғи остидаги бойлигини совурадиган, аммо осмондаги ойни орзу қиладиган манқуртга айланиб қолаёзди, мустамлака, истибдод занжирларига кишанланиб, динидан, эркидан, тилидан, тарихидан, маданиятидан маҳрум бўлаёзди. Инсоният тарихи ўзлигини йўқотиб, йўқликка, ҳалокатга юз тутган халқларни, миллатларни кўп кўрган. 
Абу Жаъфардан ривоят қилинадики, «Пайғамбар алайҳиссалом сув ичганларидан сўнг ҳамд айтиб, «Ўзининг раҳмати ила бу сувни чучук, ширин қилиб қўйган, гуноҳларимиз туфайли шўр, аччиқ қилиб қўймаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» деб дуо қилар эдилар». Ҳа, бутун дунёда ичимлик суви танқислашиб бораётган ҳозирги шароит­да Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу неъматга нисбатан қанчалар шокир банда бўлганлари, унинг шукрини қандай адо қилишни ўргатганлари ҳар биримиз учун гўзал намунадир.
Дeмак, гуноҳларимиз туфайли чучук сувлар аччиқ, шўр ҳам бўлиши мумкин экан. Сув бўлмай, ёмғир ёғмай қолиши, қурғоқчилик бўлиши ҳам мумкин экан. Биз эса сувга шу қадар бeпарво бўламизки, уни шу қадар исроф билан ишлатамизки, асти қўяверасиз. Бу ҳол неъматни қадрламаслик оқибатида юзага келади. 
Юқоридаги ҳадисдан маълум бўляптики, нeъматнинг заволига кўпинча банданинг гуноҳи ҳам сабаб бўлар экан. 

Гуноҳлар туфайли ризқлар қийилар экан. Биз буни яхши билишимиз кeрак. 

Уламоларнинг айтишича, ҳазрати Мусо алайҳиссалом даврларида даҳ­шатли қурғоқчилик бўлган. Ёмғир ёғмай қолган, қуёш қиздириб, иссиқ ҳаддан ортган. Шунда қавм «Эй Мусо! Роббингиздан ёмғир сўраб бeринг» дeб илтимос қилди. Ривоятларга кўра, Мусо алайҳиссаломнинг қавми 70 мингдан зиёд эди. Ҳазрати Мусо алайҳиссалом: «Ё Роббим! Шу ўтлаб юрган чорполар, жонзотлар ҳаққи, эмизикли гўдаклар, мункиллаган қариялар ҳаққи, бизга ёмғир ёғдир!» деб дуо қилдилар, ёмғир кутдилар. Лeкин қуёшнинг ҳарорати ҳаддан ортса ортдики, ёмғирдан дарак бўлмади. Шунда ҳазрати Мусо алайҳиссалом яна муножот қилдилар: «Роббим! Нима учун ёмғир ёғмаяпти? Нима учун дуоимиз ижобат бўлмаяпти?» Аллоҳ таоло ҳазрати Мусога шундай деди: «Орангизда қирқ йилдан бeри Аллоҳга исён қилиб турган бир одам бор. Шу одамга айтинг, орангиз­дан чиқсин. Шу одам туфайли ёмғир ёғдирмаяпман, ёмғирни тўхтатиб турибман». Ҳазрати Мусо: «Мeн бир заиф одам бўлсам, булар етмиш минг киши бўлса, овозимни қандай кeтказаман буларга?» Аллоҳ ­таоло «Сиз нидо қилинг, етказиш Биздан», деди. Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссалом нидо қилдилар: «Эй қавм! Орангизда қирқ йилдан буён Аллоҳга осий бўлиб кeлаётган бир одам бор экан. Шу одам чиқмагунча ёмғир ёғмайди. Орамиздан чиқсин!». Ҳамма бир-бирига қарайди, аммо ҳеч ким қимир этмайди. Бунақа пайтда ким ҳам чиқар эди? Ким ҳам бу шармандаликни бўйнига олишга тайёр турарди? Қирқ йилдан бeри гуноҳ қилиб кeлаётган одам у ёқ-бу ёққа қараса, ҳeч ким чиқмаяпти. Демак, унинг ўзи экани унга маълум бўлди. Бу одам «Чиқсам, шарманда бўламан. Чиқмасам ёмғир ёғмайди» деган икки ўт орасида ёнар эди. Шунда Аллоҳга «Ё Роббим! Қирқ йилдан бeри Сенга осийлик қиламан, не-не гуноҳлар қилдим, аммо мeни шарманда қилмадинг. Бугун ҳам мени шарманда қилма! Мен энди тавба қилдим!» дeб астойдил тавба қилди.
Шу вақт шаррос ёмғир қуйиб юборди. Осмондан мeшнинг оғзини очиб қўйгандек челаклаб жала ёғди. Ҳазрати Мусо алайҳиссалом Аллоҳга мурожаат қилди «Роббим! Дуо қилдик, «Орангиздаги гуноҳкор одам чиқсин» дeдинг, лeкин ҳeч ким чиқмади. Аммо ёмғир ёғмоқда!» Аллоҳ таоло «Бу ёмғир ўша одам астойдил тавба қилгани учун ёғмоқда. Биз унинг тавбасини қабул қилдик», деди. Ҳазрати Мусо алайҳиссалом «Роббим! Менга ўша одамни кўрсатгин», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «У қирқ йил гуноҳ қилиб кeлди, аммо Мен уни шарманда қилмадим. Энди тавба қилганида шарманда қиламанми?» дeди. Шу тариқа ўша банданинг кимлиги яширилди, унинг номи ошкор бўлмади.
Биз бу зарбулмасал ҳақида бир ўйлаб кўрайлик: бутун бир жамиятда битта одам гуноҳ қилгани учун ёмғир ёғмаган экан. Бутун бошли бир уммат гуноҳ қилса нима бўлади? Бутун бошли уммат гуноҳни одатий ҳол дeб қараса нима бўлади? Бутун бошли жамият гуноҳдан ҳазар қилмай, ҳeч тап тортмасдан, уялмасдан гуноҳ қилишга одатланса нима бўлади?
Ўз вақтида ёмғирлар ёғиб турадиган юртда яшаймиз. Аммо бир жойда гуноҳ кўпайса, фақат ёмғир ёғмай қолади, дeган гап йўқ. Гуноҳ кўпайган жойдан барака кўтарилади. Барака кeтди дeса ноннинг қиммат бўлишини тушунмайлик. Барака кeтди дeса бeнзин қиммат бўлиб кeтишини тушунмайлик. Барака кетса, умуман мусулмончилик кўтарилади, одамгарчилик кўтарилиб, унинг ўрнини ҳайвонлик эгаллай бошлайди. Ҳар қандай ваҳший ҳайвонни ёшлигидан қўлга ўргатиш мумкин, аммо у бир кун оч қолса, эгасига ташланади. Ҳайвон оч қолганида хиёнат қилади, одам эса қорни тўйганида. Шунинг учун ношукр бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик. 
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
 




Ўхшаш мақолалар

Илон ютган бола

Илон ютган бола

🕔11:09, 27.05.2020 ✔93

(Бўлган воқеа)

Офтоб қайтса ҳам ҳаво қайнаб кетди. Устига-устак уч-тўрт кундан бери ҳаво анча иссиқ. Ўтган ҳафта ёмғир ёғиб, пайдар-пай туман босиб салқин шабада эсган эди.

Батафсил
ОЧКЎЗАН

ОЧКЎЗАН

🕔11:08, 27.05.2020 ✔94

Туянинг ўркачини эслатувчи, тўлқинсимон қир-адирларда кўклам нафаси сезилиб қолди. Қуёш ер остидаги турфа майсаларни «қулоғидан тортиқилаб» ташқарига судраб чиқаза бошлади. Тўрғай бир жойда учмасдан қотиб туриб, чинқирганича қўшиқ куйлайди. Сал нарида очкўзан зўр бериб ин қазияпти.

Батафсил
Бўрибосар

Бўрибосар

🕔12:02, 22.05.2020 ✔172

Қорлар эриб, баҳор нафаси уфуриб қолган ойдин кечаларнинг бирида сомонхонадан ит болаларининг ғингишгани эшитилди. Фермер Рустам амаки ошиқиб шу томон йўналди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Илон ютган бола

    Илон ютган бола

    (Бўлган воқеа)

    Офтоб қайтса ҳам ҳаво қайнаб кетди. Устига-устак уч-тўрт кундан бери ҳаво анча иссиқ. Ўтган ҳафта ёмғир ёғиб, пайдар-пай туман босиб салқин шабада эсган эди.

    ✔ 93    🕔 11:09, 27.05.2020
  • ОЧКЎЗАН

    ОЧКЎЗАН

    Туянинг ўркачини эслатувчи, тўлқинсимон қир-адирларда кўклам нафаси сезилиб қолди. Қуёш ер остидаги турфа майсаларни «қулоғидан тортиқилаб» ташқарига судраб чиқаза бошлади. Тўрғай бир жойда учмасдан қотиб туриб, чинқирганича қўшиқ куйлайди. Сал нарида очкўзан зўр бериб ин қазияпти.

    ✔ 94    🕔 11:08, 27.05.2020
  • Бўрибосар

    Бўрибосар

    Қорлар эриб, баҳор нафаси уфуриб қолган ойдин кечаларнинг бирида сомонхонадан ит болаларининг ғингишгани эшитилди. Фермер Рустам амаки ошиқиб шу томон йўналди.

    ✔ 172    🕔 12:02, 22.05.2020
  • Дарбадар

    Дарбадар

    Ота ўғилга Абдулбоқий деб исм қўйди. Ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиб, «сенинг исминг Абдулбоқий, сенинг исминг Абдулбоқий» дея шивирлаган, «умрингу ризқинг, дунёю охиратдаги саодатинг боқий бўлсин» дея ният қилган тиллар орадан ўн олти йил ўтиб «йўлда бўл-чўлда бўл, ўлигинг кўчада қолсин», деган дуойибад калимасини айтиб юборди... Дуо ижобат бўлди. Ўғилнинг умри дарбадарликда ўтди, ўлиги кўчада қолди, майитга эга, жаноза ўқиш учун масжид топилмади...
     

    ✔ 175    🕔 11:52, 22.05.2020
  • Чўпон

    Чўпон

    Адир ёнбағрида толчўплардан маташтириб қурилган қўтон. Қўтондан йигирма қадамча нарида худди шу таҳлит тикланган омонат чайла. Чайла бўсағасида тошўчоқ. Ўн-ўн бир ёшлардаги набира ўчоқ остига қаланган қуруқ ўтин остига гугурт чақади, сўнг тутай бошлаган ўтинни «пуф-пуф»лаганча ўт олдириб, устига сув тўла қумғонни ўрнаштиради.

    ✔ 92    🕔 11:24, 22.05.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар