Инсон ўзинг      Бош саҳифа

«ТЕЗ ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ ЁРДАМИ ЗАРУР?

Яқинда университетимизда бир фалокат содир бўлди. Таниш қизлардан бири бино зинасидан тушаётганида ҳушидан кетиб йиқилибди. Эшитибоқ оёғимни қўлимга олиб, университет тиббиёт хонаси томон югурдим. Ҳаммани қўрқитиб юборган шекилли, эшик ёнида бир қанча талабалар тўпланиб туришарди. 

«ТЕЗ  ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ  ЁРДАМИ ЗАРУР?

Тиббиёт хонасига кирдим. Ҳамма қўрқиб қолган, кимнингдир қўлида сув, кимдир қизнинг қўл-оёқларини иситиш билан овора, ҳамшира дори-дармон бериб, беморни ҳушига келтириш учун ҳаракат қиляпти. 
Бироқ ҳеч бир муолажа фойда бермади, бемор баттар қалтираб, кўзидан тинмай ёш оқар, нафаси қисилиб, қўл-оёқлари музлаб кетаётган эди. Вазият ўнгланмаганини кўрган устозимиз «Тез тиббий ёрдам»га қўнғироқ қилди. Беморнинг исм-шарифи, ҳозирги аҳволи ҳақидаги обдон савол-жавоб­лардан кейин, ўқитувчимиз университет жойлашган манзилни қайта-қайта тушунтира кетди. Университет йўл ёқасида эмас, кўп қаватли бинолар орасида жойлашган.
Ҳаммамиз тез ёрдам тезроқ келишини бетоқат бўлиб кута бошладик, бемор танишимнинг аҳволи эса ҳеч яхшиланмас эди. Орадан ўн беш дақиқа ўтди ҳамки, тез ёрдам машинасидан дарак йўқ. Бир курсдошим билан университет дарвозаси ёнига чиқдик, яна тез ёрдамга қўнғироқ қилдик ва «йўлда, боряпти» деган жавоб олдик. Балки топиб кела олишолмаётгандир, деган ўйда кўча бошигача чиқдик. Ҳарқалай бироз ўтиб, тез ёрдам машинаси кўринди. Машинанинг ёнига бориб, қайси тарафга бурилиши кераклигини тушунтирдик ва улар ортидан югурдик. Шифокор машинадан тушиб, университет биносига кирди-ю «тиббиёт хонаси» қайси тарафда эканини билмай ҳар тарафга аланглай бошлади. Қизиқ, шифокор, бунинг устига тез тиббий ёрдам машинаси олдидан талабалар бепарво ўтиб кетяпти, биров нима бўлди, ким керак деб сўрамаса...
Хуллас, бемор ётган хонани шифокорга кўрсатиб юбордигу, дарсга кирдик. Бироқ бутун хаёлим айтилган манзилни тез топиб келолмайдиган «тез ёрдам»га кетди…
Кейин эшитсак, бемор шифохонага олиб кетилган. Биргаликда шифохонага борган ҳамроҳ қизнинг айтишича, йўлда кетаётганда бир ҳайдовчи «тез ёрдам» машинасига йўл бермай, ўтиб кетмоқчи бўлган ва тўқнашиб кетишига оз қолган. Буни эшитиб, «Нега ҳар доим «тез ёрдам» кечикишини танқид қиламизу, унинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилаётганимиз кўзимизга кўринмайди?» деган савол миямда чарх урди. Ҳаёти хавф остида бўлган бир беморга ёрдам бериш учун ошиққан «тез ёрдам»га баъзида ёрдам керак бўлиб қолмаяптимикан?
Шошаётган «тез ёрдам» машинасига йўл бермай, бепарво ўтиб кетаётган ҳайдовчиларни кўп кўрганмиз. Сиренани ёқиб келаётган «тез ёрдам» машинасининг кўмагига, балки бизнинг яқинларимиздан бири кўз тутиб тургандир. Қолаверса, кимнингдир фарзанди, отаси ёки онаси, жон-жигарининг ҳаёти қил устида турган бў­лиши мумкин-ку?..
Ривожланган мамлакатларда йўлнинг бир қисми тез ёрдам ёки шу каби фавқулодда ҳолатдаги машиналар учун доим очиқ туради. Ҳатто йўл тирбанд бўлиб қолса ҳам ўша йўлакка бошқа автомашиналар кирмайди. Бизда-чи? Яқинда гувоҳ бўлдим, чироқларини ёқиб, сирена овозининг чинқиришига қарамай йўл тирбанд, тез ёрдам машинаси ўртада қолиб кетган. Унинг ичида аҳволи оғир бир бемор ўлим билан олишаётгани аниқ эди...
Баъзида тез тиббий ёрдам чақир­ганимизда, уйимиз ичкарироқда жойлашган бўлса, манзилни тушунтиришга ҳам анча вақт кетади. Ваҳоланки, «Yandex taxi»га манзил ёзиб ташласак, узоғи билан беш дақиқада етиб келишади. Наҳотки тез ёрдам машиналарини ҳам манзилни осонлик билан топиб келишлари учун мана шундай GPS-навигаторлар билан таъминлаш имкони бўлмаса?! Ахир баъзан ёрдамнинг бир дақиқа олдин кўрсатилиши ҳам бир инсон ҳаётини асраб қолиши мумкин-ку!
Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Даврон Султоновнинг қайд этишича, манзил ноаниқ кўрсатилиши ҳам кўп ҳолларда машина кечикиб боришига сабаб бўлади: «Кўча-кўйда йўловчиларнинг тоби қочиб қолганда ёки қандайдир бахтсиз ҳодиса юз берганда тез ёрдам чақирилса, кўпинча манзил нотўғри кўрсатилади. Берилган рақам бўйича алоқага чиқилса, тез ёрдам чақирган одам аллақачон воқеа жойидан кетиб қолган бўлиши мумкин. Кўча номлари нотўғри берилган, мўлжал ноаниқ кўрсатилган вақтлар ҳам кўп бўлади. Бу эса ўз-ўзидан ёрдамнинг етиб боришини кечиктиради».
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили имзоланган «Ўзбекистон Респуб­ликасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юртимизда тез тиббий ёрдам хизматини янада ислоҳ қилишда катта аҳамиятга эга. 2019-2021 йилларда тиббий техника ва жиҳозлар, GPS-трекерлар ва планшетлар, ҳар бир машина учун видео­регистраторлар харид қилиниши кўзда тутилган эди. Бироқ уларнинг амалий исботи ҳозирча кўзга кўринма­япти, негадир.
Куни кеча курсдошим билан таксида кетаётган эдик. Биз ўтирган машинанинг олдидан тез ёрдам машинаси чиқиб қолди. Ҳайдовчи жаҳл билан ичида нималардир деб ғўлдирар, олдидаги машиналардан ўзиб кетмагани учун жаҳл қиларди. Аввалига бизни тезроқ манзилга боришимизни ўйлаб шошаётгандир, деган хаёлда «Шошилмасдан юраверинг, тез ҳайдаш шарт эмас», дедик ҳайдовчига босиқ оҳангда. Ҳайдовчи бўлса: «Шундай ҳамма машинага йўл бериб, секин юраверсам, тирикчилик нима бўлади?» деди гапимиздан норози бўлиб. Тортишишдан фойда йўқлигини сез­дигу, тез ёрдам машинасини кузатдик. Атрофидаги баъзи ҳайдовчилар четга ўтиб йўл беряпти-ю, қолганлари ҳеч нима кўрмагандай тез ёрдам машинаси билан пойгага отлангандай гўё.
Биргина мисол: жорий йил 11 сентябрь куни тонгги соат 7:25 да Тошкент халқаро аэропортидан чақирув марказига 60 ёшли кишининг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани ҳақида чақириқ тушади. Бу маълумот зудлик билан Яккасарой туманидаги 10-бўлимга етказилиб, соат 7:26 да «Тез ёрдам» бригадаси чақириқ жойига отланади. Бироқ, «Яккасарой» тўйхонасининг ёнидаги йўл тиқилинч бўлгани сабабли тез ёрдам машинаси 5-6 дақиқа кутиб қолади. Сигнал чи­роғи ёниб, чақириқ янграб турса-да, атрофидаги ҳайдовчилар йўл беришмаган. «Тез ёрдам» манзилга етиб борганича аэропорт шифокорлари беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган. Бироқ, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор вафот этган.
Ўзимизга, яқин инсонларимизга тез тиббий ёрдам зарур ҳолларда қандай ҳаракат қилишимизни, ҳар дақиқа қанчалик қадрли бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Тез ёр­дам сал кечикадиган бўлса, жиғи-бийрон бўламиз. Бошқа вақтда эса ўзимизнинг ташвишларимиз билан овора бўлиб, манзилга шошамиз-у, тез ёрдамнинг ўз атрофида учиб кетаётган машиналардан кўмак истаб, шошилиб кетаётганига аҳамият бермаймиз. Ахир, ўша тез ёрдам машинасида ҳам ким­нингдир яқини, кимнингдир оила аъзоси борлиги, худди бизга ўхшаб кимдир дақиқа санаб, тез ёрдамнинг йўлларига муҳтож бўлиб ўтиргани ҳақида ўйлаб кўрамизми?
Маҳфуза ПЎЛАТОВА,
«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«ТАҚДИРИН  ҚЎЛ  БИЛАН  ЯРАТУР ОДАМ...»

«ТАҚДИРИН ҚЎЛ БИЛАН ЯРАТУР ОДАМ...»

🕔17:39, 29.11.2019 ✔616

Интернет орқали «бахт» овлаган «келинчак»нинг аянчли тақдири

Батафсил
«ТЕЗ  ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ  ЁРДАМИ ЗАРУР?

«ТЕЗ ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ ЁРДАМИ ЗАРУР?

🕔17:37, 29.11.2019 ✔539

Яқинда университетимизда бир фалокат содир бўлди. Таниш қизлардан бири бино зинасидан тушаётганида ҳушидан кетиб йиқилибди. Эшитибоқ оёғимни қўлимга олиб, университет тиббиёт хонаси томон югурдим. Ҳаммани қўрқитиб юборган шекилли, эшик ёнида бир қанча талабалар тўпланиб туришарди. 

Батафсил
ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

🕔16:12, 29.11.2019 ✔272

«Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» 
(Қуръони каримнинг «Аъроф» сураси, 31-оят).

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «ТАҚДИРИН  ҚЎЛ  БИЛАН  ЯРАТУР ОДАМ...»

    «ТАҚДИРИН ҚЎЛ БИЛАН ЯРАТУР ОДАМ...»

    Интернет орқали «бахт» овлаган «келинчак»нинг аянчли тақдири

    ✔ 616    🕔 17:39, 29.11.2019
  • «ТЕЗ  ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ  ЁРДАМИ ЗАРУР?

    «ТЕЗ ЁРДАМ»ГА КИМНИНГ ЁРДАМИ ЗАРУР?

    Яқинда университетимизда бир фалокат содир бўлди. Таниш қизлардан бири бино зинасидан тушаётганида ҳушидан кетиб йиқилибди. Эшитибоқ оёғимни қўлимга олиб, университет тиббиёт хонаси томон югурдим. Ҳаммани қўрқитиб юборган шекилли, эшик ёнида бир қанча талабалар тўпланиб туришарди. 

    ✔ 539    🕔 17:37, 29.11.2019
  • ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

    ношукрлик – исрофга ва гуноҳга етаклайди

    «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» 
    (Қуръони каримнинг «Аъроф» сураси, 31-оят).

    ✔ 272    🕔 16:12, 29.11.2019
  • ҚОТИЛЛИК ҚИЛАЁТГАН  БОЛАЛАР

    ҚОТИЛЛИК ҚИЛАЁТГАН БОЛАЛАР

    Уларнинг дийдаси қаттиқ ва бемеҳр бўлиб қолаётгани қандай мудҳиш оқибатларга олиб келмоқда?

    ✔ 690    🕔 12:36, 19.11.2019
  • Сақоқушлар қайтмоқда

    Сақоқушлар қайтмоқда

    Ўзбекистоннинг шимолий минтақаси – Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва Хоразм вилоятидаги сув ҳавзаларига ноёб сақоқушлар галаси келиб қўнмоқда.

    ✔ 434    🕔 14:12, 11.11.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар