Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

ёки замонавий судхўрлик феномени 

«Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

«БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

Баъзан кундалик бир хабар ҳам бепоён хаёлларга, тафаккурга судрайди. Ахборот тасмаларидан бирида шу сатрларга кўзим тушди: «Ўзбекистондаги хусусий бандлик агентликларининг ўттизтаси (!) томонидан бирорта ҳам фуқаро шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга юборилмаган...» Бу ҳақда 2019 йил 25 октябрь куни парламент Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан «Ўзбекистонда миграция жараёнлари: муаммо ва ечимлар» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида айтилди.

ИБТИДО...
Маълумки, миграция глобал дунёда бугун муқаррар жараёндир. Одамларнинг чет элда ишлаётгани салбий ҳодиса ҳам, ҳижолатли ҳам эмас. Инсоннинг яхши яшаш учун яхши шароитда ишлаш ва яхши маош олиш ҳуқуқи бутун дунёда эътироф этилган халқаро ҳуқуқдир. Биз­­­нинг одамларимиз каттароқ маошли иш илинжида Россия ва Қозоғистонга кетаётган бир пайтда Россия, Украина ва Қозоғистон фуқаролари Шарқий Европага – Польша, Венгрия, Шарқий Олмонияга ишлашга кетганлар, чунки Россиянинг бизга катта туюлган маоши россиялик­ларнинг ўзи учун камдир. Шарқий Европаликлар – поляк­лар, венгерлар, болгарлар миллионлаб Ғарбий Европага – Францияга, Англияга, Швеция­га ва бошқа юртларга кетганлар ва уларнинг бўшаб қолган ўринларига бизникилар бориб ишлашмоқда. Юз минглаб ўзбеклар бориб ишлаётган Туркиядан миллионлаб турклар бориб Олмонияда ишлайдилар. Катта маош илинжи миллионларни АҚШга етаклаган.
Дунё харитасида ишчи кучи етказиш аҳолининг асосий даромад манбаи бўлган бизники каби давлатлар ҳам кўп. Масалан, Вьетнам, Бангладеш, Филиппин каби давлатлар аҳолисининг меҳнат ёшидагиларининг аксарияти хорижда меҳнат қилади.
Дейлик, Филиппин Республикаси иқ­ти­соди ишчи кучи импортига мослаш­ган. Унинг аҳолиси йилига бир ярим миллиондан зиёдга кўпаяди. Мамлакат­нинг 10 миллион фуқароси доимий таш­қи меҳнат миграциясидадир. Меҳнат муҳожирларининг 60 фоиздан зиёди аёл­лардир. Дунёдаги балиқчилик ва денгиз юк ташуви соҳасининг умумий сонидан 30 фоиз қисми филиппинликлар ҳисобланади. Мамлакат хориж давлатлари билан ишчи кучи жўнатиш бўйича 60 битимга, жумладан 50 ҳукуматлараро битимга эгадир. Чет элда ишлайдиганлар махсус тайёргарликдан ўтади, хорижда улар ҳуқуқий ҳимоя қилинади, бу соҳада давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Одамларни чет элга ишга тайёрлаш, ўқитиш, шартномалар тузиш ва юбориш, чет элларда қийинчиликларга учраганда кўмаклашиш соҳасида ўн минг ходим ишлайди. Биздаги Ташқи меҳнат миграция агентлиги соҳасида элликка яқин одам ишласа керак. Филиппиннинг дунёдаги 135 элчихонасида меҳнат атташелари ишлайди. Филиппинлик мардикорларнинг дунё давлатларидан ватанига жўнатадиган йиллик маблағлари 33 миллион аҳолиси бор Ўзбекистоннинг давлат бюджетидан кўпдир.
Шундай қилиб, давлатнинг мақсади чет элда ишлашга қаршилик қилиш эмас, асл мақсад одамларни чет элга жўнатиш учун ўқитиш, фаррошлик ва қоровулликка эмас, катта маошли жиддий малакаталаб, юксак технологияли касбларни ўргатиш ва мигрантлар оқимини қашшоқ давлатларга эмас, ривожланган давлатларга йўналтиришдир. Шунинг учун хусусий бандлик агентликларига ҳам шу юмушлар билан шуғулланишга рухсат берилди.

ОҚИБАТ...
Маълумотларга кўра, «Хусусий банд­лик агентликлари тўғрисида»ги қонун асосида 88 та юридик шахс хусусий бандлик агентлиги сифатида Меҳнат вазирлиги реестрида рўйхатдан ўтказилган. Улардан 65 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 59 таси ўз фаолиятини юритмоқда. 
Шу билан бирга, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ва бошқа масъул ҳуқуқ-тартибот идораларига айрим хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан кўплаб шикоятлар келиб тушган. Хориж­дан иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентлик­ларидан 30 таси томонидан бирорта ҳам фуқаро шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга юборилмаган.
Бунгача йиллар давомида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳукуматлараро ва ташкилотлараро битимлар асосида Кореяга, шу билан бирга, охирги пайтларда Туркияга, Польшага, Японияга ва бошқа айрим Европа ва араб давлатларига ҳам меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни жўнатишга ҳаракат қилаётган эди ва уларнинг сони йилига тўрт мингтага ҳам бормасди.
Ҳолбуки, хорижда ишлашни истайдиганлар сони саккиз миллионгача эди. Ўша «омадли» тўрт мингтанинг ичида бўлиш учун ҳатто «шапка» беришга ҳам тайёр инсонлар миллионлабдир. Илгари ҳам турли фирибгарлар чет элга ишга юбориш ваъдаси билан одамларнинг пулларини олиб, йиллар бўйи қайтармай юрардилар. Қўлга тушганлари гоҳо судланарди ва чиқиб яна ишини давом эттирар эди.
Шундай бир пайтда хусусий бандлик агентликлари очиш имконияти пайдо бўлди. Хайрли ташаббус ва тадбир эди бу. Аммо... ростакамига ишламоқчи бўлганлар билан бирга, фирибгарлар ҳам шу соҳага ёпирилдилар. Чунки улар кўпдан орзу қилган йўл – фирибгарликнинг миқёсини бир неча поғона юқорига кўтариш имкони очилганди-да.
Улар исталган давлатга ишлашга юбора олишларини эълон қила бошладилар. Гоҳо у ёки бу вилоятда «истаган дардга даво топ­ган» табиблар чиқиб қолади. Шотирлари бу «ракни ҳам даволайди», «песу моховни ҳам даволайди» деб ташвиқот қилади. Борсанг, албатта, тўрт-беш «ракдан даволанган», «моховдан даволанган» ясама беморлар ўша ерда айланиб юради, узоққа кетмайди. Оқибат ҳеч ким даво топмагач, бу вилоятдаги барча содда одамлар тугагач, бошқа вилоятда «истаган дардни даволовчи табиб» пайдо бўлади. Ҳаммаси бир бошдан бошланади... 
Худди шундай «истаган давлатга иш­га юборадиган» агентлик аслида йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Ҳатто давлатнинг қонуний Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам тўртта ё бешта давлат билан ҳукуматлараро ва идоралараро шартномага эга ва фақат шу давлатларга ташкилий тарзда юбора олади. Агентликнинг хусусий шартнома бўлими эса фуқаронинг ўзи иш топган давлатга бориб ишлаш учун рухсатнома расмийлаштиради, холос.
Масалан, хусусий бандлик агентликларига алданган фуқароларнинг каттагина қисми «Жанубий Кореяга ишлаш учун кетаман» деб фирибгар агентликларга чув тушганлар. Ҳолбуки, Жанубий Кореяга ишлаш учун Кореянинг бандликка кўмаклашиш тизимидан ташқари ҳеч ким ҳеч бир кимсани ишлашга юбора олмайди. Бу муқаррар қонундир. Жанубий Корея дунёдаги ўн икки давлатдан ишчи олади ва бошқа бирор давлатдан ишчи олмайди. Ўзбекистон шу ўн икки давлатдан биридир, аммо Жанубий Корея фақат давлат ва ҳукумат ташкилоти орқали олади ва бошқа йўл билан олмайди. Синов тестларини корейсларнинг ўзи қабул қилади, ишчиларни Корея томонининг ўзи танлайди. Ҳатто ҳамкор давлат ташкилоти ҳам ҳеч қачон жўнатишни кафолатлай олмайди. Қолаверса, Кореяга бориб ишлаш учун имтиҳонлар харажатларига тўланадиган бир неча ўн долларлик пул ва мослашиш марказида ўқитиш ҳамда тиб­бий кўрикдан ўтказиш учун Ўзбекистон томони агентлигига тўланадиган бир неча минимал маошдан иборат тўловдан бошқа бир тийин харажати йўқ. Буларнинг бари биргаликда 250-350 доллардан ошмайдиган маблағдир.
Буларнинг бари аён бўлган бир ҳолатда хусусий бандлик агентликлари ваколатлари бўлмаган ҳолда Кореяга ишга жўнатишни кафолатлаб, одамларни жалб этганлар ва ҳатто улардан 2000-5000 АҚШ доллари эквивалентида олдиндан маблағ олганлар. Худди «сохта табиблар» каби теваракда «кечагина укамни шу ердан жўнатдим», «икки ўғлим шу фирмадан кетди, учинчисини юборяпман» деб турадиган «даъватчи»лар юрган. Ҳатто фирмаларнинг бири кореялик тайини йўқ бир кимсани фирмасига ўтқазиб қўйган ва келган «талабгор»ларни гўё унинг суҳбатидан ўтказган. Одамлар агентликда «тирик кореялик»ни кўриб лаққа тушганлар.

НАТИЖА
Бугун аёнки, очилган хусусий агентлик­ларнинг аксарияти бирорта ҳам одамни чет элга жўнатмаган. Жўнатганларининг ҳам ютуқлари мақтангулик эмас, чунки бу мураккаб ишдир. Хусусий бандлик агентликлари билан шартнома тузган хорижий ҳамкорлар ҳамиша ҳам ҳалол ва тайинли шахслармикин? Улар мигрант­ларнинг қадр-қимматини жойига қўйиб ишлатадиларми ёки мажбурий меҳнатга дучор қиладиларми? Хусусий агентликлар юборган мигрантларнинг меҳнат шароитлари қандай? Улар маошларини ўз вақтида оладими? Улар чет элга юборган ишчилар одам савдоси қурбонлари бўлмаслигига ёки диний-экстремистик гуруҳларга жалб этилмаслигига ким кафолат беради? Булар оғир ва оғриқли саволлардир. Ҳали вақти келганда қаршимизда кўп тафсилотлар очилади.
Бугун-чи?! Хабарлар тасмаларига эъти­бор берайлик. «Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти хабарига кўра, «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2019 йил сентябрига қадар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литва давлатларига юбориб, ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, ҳар бир фуқародан таклиф этилган иш туридан келиб чиқиб, 11 миллион 500 минг сўмдан 35 миллион сўмгача бўлган пул маблағларини жамият­нинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиш орқали қўлга киритиб, шу кунга қадар уларни ишга жойлаштириш чораларини кўрмасдан, фуқароларнинг 20 миллиард сўмдан зиёдроқ жуда кўп миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан эгаллаб олишган».
Хўш, чет элга ҳеч кимни жўнатмаган бўлса, пуллар қаерда?
«МЧЖ мансабдор шахслари томонидан жиноий йўл билан топилган пулларга харид қилинган Тошкент шаҳрида жойлашган 4 та ва Тошкент вилоятининг ­Зангиота туманида жойлашган 1 та хонадон, бир дона «KIA» русумли юк машинаси, бир дона «Lacetti» русумли ва бир дона «Cobalt» русумли автомашина ҳамда 6 000 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар олиниб, ашёвий далил деб эътироф этил­ган ва улар келгусида жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашга қаратилади». Бу, албатта, маблағнинг бир қисми, холос.
Яна бир хабар. «Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи фуқаро Хуршид Д. Чилонзор туманида жойлашган «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбарларидан шикоят қилган... Фуқаронинг ҳикоя қилишича, у жорий йилнинг февралида ўз танишлари ҳамроҳлигида мазкур хусусий агентликка борган ва уларни кутиб олган ташкилот ходимига Жанубий Кореяга ишга кетиш нияти борлигини айтган. Фирма вакиллари билан суҳбатлашгач, февраль ойи сўнгида агентлик ва фуқаро ўртасида шартнома тузилган, унга кўра Хуршид Д. банк орқали 27 миллион сўм тўлов қилган. Шундан сўнг, ташкилот директори унга март ойи охирида Кореяга ишга кетишини айтади. Лекин ноябрь ойи­га келиб ҳам фуқарога на иш топилган ва на унинг маблағи қайтарилган. Хуршид Д. Ўзбекистонда ўзи сингари ушбу агентлик раҳбарлари ваъдаларига ишониб юрганлар сони мингга яқин эканини билдирди. Шартномадаги тўловдан ташқари «шапка» ҳам берилган. «Мен кўпчилик қатори тезроқ юборишлари учун нақд кўринишда 1 минг 700 АҚШ доллари миқдорида «шапка» бердим. Бироқ, шунда ҳам олдинга силжиш кузатилмади. Май ойида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига қўнғироқ қилиб, бор ҳолатни айтдим. Мен билан гаплашган ходим хусусий бандлик агентликлари Кореяга ишга юбориш ваколатига эга эмаслигини маълум қилди... Саккиз ойдан бери на ишга юборишдан, на пулни қайтаришдан дарак бор».
Маълумки, 2019 йил 4 январда ташкил этилган «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан ИИВ Тергов департаменти томонидан 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, яъни «алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш» йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қўлга киритиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Аниқланишича, фуқаро Қаҳрамон О. ва бошқалар «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖни таъсис этиб, хорижда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ниқоби остида чет элда ишлаш истагида бўлган фуқароларга ёлғон ваъдалар бериб, жамият­га мурожаат қилган 645 нафардан зиёд фуқаронинг ҳар биридан 27 миллион сўмдан 32 миллион сўмгача бўлган пул маблағларини жамият балансига кирим қилиш йўли билан жами 19 миллиард сўмдан ортиқ пулни қўлга киритган ва ушбу маблағларни шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборишган.
Тафсилотнинг қизиқ ери шундаки, бу агентлик мансабдор шахс­лари Отақулов ва Қобулов муқаддам ЖК 168-моддаси, яъни фирибгарлик жинояти билан судланиб чиққан шахслардир! Бугунги кунга қадар 19 миллиард сўмдан 200 миллион сўм маблағ қолган, қолгани қай мақсадларда ишлатилганини аниқлаш керак. Маълум бўлишича, 1,7 млрд. сўм пулни ўзи раҳбар ҳисобланган «FAYOZ» МЧЖ балансига молиявий ёрдам кўринишида ўтказиб, 1,5 млрд. сўмини ДТ «Халқ банки»дан олинган кредитни қоплаш учун ўтказиб юборган, 5,5 млрд. сўмга бир завод сотиб олинган, 870 млн. сўм пулга 3 дона «Malibu-2» машинаси харид қилинган, яна миллиардлаб маблағ О.Қобилов ва бошқаларнинг пластик картасига ўтказил­ган. Хуллас, йиғилган пуллар инсонларни чет элга жўнатиш учун эмас, шахсий эҳтиёжларга сарфлаб юборилган.
К.Отақулов ва унинг жиноий шериклари Қашқадарё вилоятидан 955 нафар; Самарқанд – 345, Сурхондарё – 254; Наманган – 193, Тошкент – 304 нафар ва бошқа вилоятлар фуқароларини чув туширган.
НИҲОЯТ...
Шу ерда тўхтайлик-да, бир феномен борасида ўйлайлик – нега бу қадар фирибгарликлар авж олмоқда? Бунинг замирида қандай омиллар ётибди? Нега халқимиз тинимсиз чув тушаверади?
Сиз чиройли уй-жойни орзу қиласиз, янги машина минишни хоҳлайсиз, чет элда ишлаб, орзуларингизни рўёбга чиқаришни истайсиз. Ана шу орзуга тезроқ эришиш истагимиздан фирибгарлар фойдаланади. Биз ҳам фарзандимиз бошқа лойиқроқнинг ўрнига ўқишга кириши учун «таниш-билиш» излаймиз, машинани «навбатсиз» олиш учун одам излаймиз, чет элга бошқалардан илгари кетиш учун «шапка» берамиз...
Бир замонлар буюк ўзбек шоири Рауф Парфи бизни «ҳамма нарса текин бўладиган, пул деган бало йўқоладиган коммунизм»га, «буюк келажак»ка талпинишимиздан, фаровонлик истагимиздан фойдаланаётган коммунистларга эътиборимизни қаратишимиз учун болтиқбўйилик шоир дўстига мактуб-шеърида «Бизни орзуларимиз оҳангида алдаётганлар ҳақида кўпроқ ўйлайлик!» – деб ёзганди.
Ҳа, бизни орзуларимиз оҳангида алдаш давом этмоқда! Агар янада устомонроқ бўлганларида бу фирибгарликда айбланаётганлар янада узоқ «даврон суришлари» мумкин эди. Воқеанинг замири шундаки, улар одамларнинг пулларини айлантириб пул топувчи ­судхўрлардир. Сиз чет элга тезроқ кетишни орзу қилдингиз ва бунинг учун пулингизни унинг банкдаги ҳисоб рақамига тушириб бердингиз, у ҳеч иш қилмаганда ҳам, шу пулнинг фоизига улкан бойга айлана олади. 20 миллиард сўм банкда ойига 2 фоиз фойда келтирса ҳам, бу тўда ойига 400 миллион сўм фойда олиб туради. Олти ой-бир йилда жонига текканларга пулини бир тийин камайтирмай аслича қайтарса ва янги келганларнинг пулини яна банкка қўйиб турса ҳам бўлади, арзчилар охири кўниб кетади.
Бироқ бу фирибгарларнинг бу галги интиҳосини нафси яқинлаштирди. Уларнинг бирлари банкнинг фоизига қаноат қилмай, сизнинг пулларингизга завод, уй-жойлар сотиб олди, бошқаси энг қиммат машиналар харид қилди, учинчиси энг қиммат меҳмонхоналарда ётиб, қиммат ресторанларда емак еб, Европани кезди, Канар оролларида дам олди, оиласи билан чет элдан келмай ҳам қўйди... Оқибат ишлари фош бўлмоқда.
Шу бировнинг пулини айлантириш санъати сизга бошқа ходисани эслатмаяптими? Сиз «Ўзавтосаноат»га тегишли заводдан машина сотиб олардингиз. Ахир, бу сизнинг кўп йиллик орзуингиздир. Улар сунъий тақчиллик яратиб, олти ойга, бир йилга, гоҳо икки йилга шарт­нома тузарди. Юз миллионлаб пулингизни унинг рақамига тушириб берардингиз ва йиллаб кутардингиз. Шартномага кўра пулингиз банкда турарди-ю, фоиз ишламасди. Агар бу икки йил давомида машина нархи ошса, яна тўлардингиз. Йилига 150-200 мингта машина ишлаб чиқаришини ҳисобга олсак, ўртача 100 миллион сўм, яъни 1,5-2 триллион сўм пул банкда фоиз ишларди. Бу эса ойига неча юз миллиардлаб фойда келтиришини тасаввур қилаверинг. Сизнинг машина орзусига етгунингизча айлантириладиган пулларингиз бу.
Учинчи бир ходисани келтириш билан чекланаман – эслайсизми, бир замонлар олий ўқув юртларининг аксарияти ўз ҳисоб рақамларини «Парвинабанк» деган хусусий тижорат банкига ўтказа бошлаганди. Кейин бу банк соҳиби хорижга қочиб кетди, деган гаплар чиқди ва кўп мижозлар куйиб қолди. Ўша пайтда биз ишлаётган нодавлат жамоатчилик ташкилотига водийлик бир хусусий банк вакили келиб: «Агар ташкилотларинг­нинг айланма маблағи 20 миллион бўлса, ҳисоб рақамингизни бизда очсангиз битта «Nexia» совға қиламан, агар 30 миллион ёки ундан ортиқ бўлса «Lacetti» минасиз», – деганини эслайман. Бизда бунақа пул ҳеч бўлмаган ва вакилни қайтарганмиз. Гап шундаки, 3-5 минг талабаси бор бўлган дорилфунунда бир ойлик стипендия миқдори ҳар талабага 500 минг сўмдан бўлса ҳам 1,5 – 3 миллиард сўм бўлади, агар уни банкда бир ой ушлаб турилса, банк 30-50 миллион фоиз қўшиб беради. Икки ой ушлаб туриб, кейин стипендия берса, 60-100 миллион пул «ғойибдан» келади. Шунинг учун стипендияларни бир ой-икки ой кечиктириш авжга чиқди. Бу ҳам замонавий фирибгарлик феноменининг бир мисолидир.
Пенсия жамғармаси ҳақида бир афоризм­ни эслайман: «Нега биз давлатдан кредит олиб ўлиб қолсак, кредитдан кечмайди, оила аъзоларимизга юклайди-ю, давлатга кредит берсак, яъни пенсия фондига йиллаб тўлаб қўйсак, ўлганимиздан сўнг пенсияни оила аъзоларимизга қайтармайди,  тўхтатади?»
Демакки, бу тахлит жараён бизда умуммиллий ходиса касб этмоқда.
Кечагина яна бир хабар юз кўрсатди – Нукус марказий бозорида бузилган тўққиз магазиннинг эгаларига: «Мен товон пули ундириб бераман, ҳокимнинг онасиман, ўғлимга айтаман, катта пул тўлаб беради», – деб Тамара Мадреймова деган аёл 645 миллион сўмга тушириб кетибди. Аёл пулни олган, ўзи учун ишлатиб юборган. Маълум бўлишича, унинг ҳокимга ҳеч бир қариндошлиги йўқ ва бундан олдин... беш марта фирибгарлик учун судланган экан...

ИНТИҲО
Биз мазкур мақола устида ишлаётганда янги бир хабар келди – «хорижга ишга жойлаштирадиган» икки фирманинг соҳиби Иброҳимжон Жанузаковга ҳам қидирув эълон қилинди. У 181 кишини Кореяга жўнатаман деб, 6,5 миллиард сўмни қўлга киритган. 2017 йилдан то 2019 йил августигача Жанузаков Global Works Resources ва Profelite Imp Xususiy Bandlik Agentligi номли икки компанияни таъсис қилган ва юритган. Энг қизиғи, у лицензия ҳам олиб ўтирмаган. Унга миллионларини тутқазган хорижда ишлашга «орзуманд»лар ҳатто унинг ташкилоти ҳужжатини ҳам сўраб ўтирмаган.
Нима ҳам дейишимиз мумкин?! Бу ходисаларнинг ҳаммасини бирлаштириб турган бир жиҳат бор: бир томонда – орзуманд, қонунни четлаб, бошқа бировнинг манфаатини поймол этиб, ўзи каби жонларнинг ҳаққи ҳисобидан бўлса ҳам, орзусига, имкон қадар тезроқ етиш талвасасига тушган соддадиллар бор ва иккинчи томонда – шу «орзуга етказиш» ваъдаси билан уларни чув туширадиган муттаҳамлар. Соддадил орзумандлар қанча бўлса, уларни чув туширадиган шунча муттаҳам чиқаверади.
Бир прокурор Олий Мажлис минбаридан порахўрликни тугатиш учун «халқ беришни тўхтатиши керак», деганида ҳамма, шу жумладан, мен ҳам кулгуга олувдик. Аслида унинг гапида жон бор эди. Коррупцияга қарши курашимиз шунга боғлиқ бўлиб қолди. Аниқ бўлдики, агар пастдагилар беришни тўхтатмаса, тепадагилар олишни тўхтатмайди. Тепадагиларнинг  олишни тўхтатишга иродаси етмаяпти. Умид халқимиздан, муттаҳамларга беришни тўхтатайлик. Ҳуқуқимизни билайлик, ҳаққимизни танийлик.
Акс ҳолда, ўзи дўқ-пўписа қилиб, сўкиб, кейин айбни буни ёзиб олиб, эълон қилганларга тўнкайдиганлар, биттагина ҳовлиси 12 миллиардга сотувга қўйиладиган муттаҳамлар, катта-ю кичик «Аҳмадбойлар» чиқаверади, теле­ўйинда машина ютаман, деб мева шарбати ичиб ёки маргарин еб ­ётганлар урчийверади. Ва янги-янги фирибгарлар домига тушаверади. Соддалар муттаҳамларни яратади.
Карим БАҲРИЕВ,
журналист
 




Ўхшаш мақолалар

ҚОНУН ВА «зам»ҲОКИМ ЎРТАСИДА САРСОН АЁЛ

ҚОНУН ВА «зам»ҲОКИМ ЎРТАСИДА САРСОН АЁЛ

🕔12:57, 26.06.2020 ✔172

ёхуд Урганч шаҳар ҳокимлиги камбағалликни қандай қисқартирмоқчи?

Хоразм вилоятида ҳозир 58 минг оила камбағаллик бўсағасида яшамоқда, уларнинг 856 таси эса ўта ночор аҳволда экани ачинарлидир. Бу рақамларни мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг март ойида Хоразмга қилган ташрифи доирасида Урганч шаҳрида ўтказган фаоллар йиғилишида алоҳида таъкидлаган эди.

Батафсил
ЭЪТИҚОД ЗАВОЛГА ЮЗ ТУТГАНДА...

ЭЪТИҚОД ЗАВОЛГА ЮЗ ТУТГАНДА...

🕔12:55, 26.06.2020 ✔172

Инсон ақл-заковати бундан уч минг йил олдинги даврга нисбатан анча юксак, десак хато бўлмаса керак-а? Фан-техника мисли кўрилмаган даражада ривожланган, яшаш учун ҳамма шароит яратилган, гўё. Бироқ инсон ўз ҳаётини ўзи издан чиқармоқда, ўзининг илдизига болта урмоқда. Қандай қилиб дейсизми? Ақл-заковатда тенгсиз кўриладиган бугунги инсоннинг табиатга муносабатига боқинг, ҳаммаси аён бўлади.

Батафсил
 Тўйларимиз: ЎТТИЗ КИШИЛИГИ МАЪҚУЛМИ ЁКИ ЮЗ?

Тўйларимиз: ЎТТИЗ КИШИЛИГИ МАЪҚУЛМИ ЁКИ ЮЗ?

🕔12:52, 26.06.2020 ✔197

ёхуд тўйлар ҳақидаги юз йиллик ўйларимиз бугун ечим топмоқда

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ҚОНУН ВА «зам»ҲОКИМ ЎРТАСИДА САРСОН АЁЛ

    ҚОНУН ВА «зам»ҲОКИМ ЎРТАСИДА САРСОН АЁЛ

    ёхуд Урганч шаҳар ҳокимлиги камбағалликни қандай қисқартирмоқчи?

    Хоразм вилоятида ҳозир 58 минг оила камбағаллик бўсағасида яшамоқда, уларнинг 856 таси эса ўта ночор аҳволда экани ачинарлидир. Бу рақамларни мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг март ойида Хоразмга қилган ташрифи доирасида Урганч шаҳрида ўтказган фаоллар йиғилишида алоҳида таъкидлаган эди.

    ✔ 172    🕔 12:57, 26.06.2020
  • ЭЪТИҚОД ЗАВОЛГА ЮЗ ТУТГАНДА...

    ЭЪТИҚОД ЗАВОЛГА ЮЗ ТУТГАНДА...

    Инсон ақл-заковати бундан уч минг йил олдинги даврга нисбатан анча юксак, десак хато бўлмаса керак-а? Фан-техника мисли кўрилмаган даражада ривожланган, яшаш учун ҳамма шароит яратилган, гўё. Бироқ инсон ўз ҳаётини ўзи издан чиқармоқда, ўзининг илдизига болта урмоқда. Қандай қилиб дейсизми? Ақл-заковатда тенгсиз кўриладиган бугунги инсоннинг табиатга муносабатига боқинг, ҳаммаси аён бўлади.

    ✔ 172    🕔 12:55, 26.06.2020
  •  Тўйларимиз: ЎТТИЗ КИШИЛИГИ МАЪҚУЛМИ ЁКИ ЮЗ?

    Тўйларимиз: ЎТТИЗ КИШИЛИГИ МАЪҚУЛМИ ЁКИ ЮЗ?

    ёхуд тўйлар ҳақидаги юз йиллик ўйларимиз бугун ечим топмоқда

    ✔ 197    🕔 12:52, 26.06.2020
  • «БУ — РОМАНТИКА ЭМАС, СЎНГГИ ИМКОНИЯТ»

    «БУ — РОМАНТИКА ЭМАС, СЎНГГИ ИМКОНИЯТ»

    «Оила даврасида» газетаси оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан таниқли ижодкор, ҳамиша ҳақ сўзни айтиб, ўз қаламига садоқат кўрсатиб келаётган тажрибали журналист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раиси Карим Баҳриев билан махсус суҳбат уюштирди. Ушбу суҳбатнинг бир қисми гарчи таҳририят ва муаллифнинг рухсатисиз эълон қилинган бўлса-да, уни тўлиқ ҳолда сизга тақдим этишни маъқул топдик.

    ✔ 201    🕔 12:48, 26.06.2020
  • ЯХШИ МУТАХАССИС ОСМОНДАН ТУШМАЙДИ

    ЯХШИ МУТАХАССИС ОСМОНДАН ТУШМАЙДИ

    ёхуд келажакда фарзандларимиз ишсиз қолмаслиги учун...

    ✔ 23    🕔 12:36, 26.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар