Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

БОБО, НАБИРА... ВА КОНСТИТУЦИЯ

ўтмишдан сабоқ, бугундан шукрона

Давлат ўз фаолиятини 
инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оши­ради.

(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 14-модда)

БОБО, НАБИРА... ВА КОНСТИТУЦИЯ

...Нусрат бир пайтлар набирасидек жуда ёш эди. У ҳам боладек қувнашни, ёйилиб кулишни, хархаша қилиб йиғлашни истарди. Хоҳишлари кўп эди, орзулари мўл эди. Аммо бола бўлишга, боладек яшашга ўзини ҳақли деб ўйламас эди гўё...

* * *
Дилшод бугун негадир эрта уйғонди. Ёпишқоқ киприкларини ярим букилган муштлари билан ишқаларкан, ҳали тонг ёришмаганини сезди. Баҳона бўлди-ю, яна бироз мизғиш ниятида ўринга чўзилди. Аммо дераза ойнасидан бобосининг шарпаси кўринди:
– Нега яна қайта ётиб олдинг, уйқучи болам? Тур. Ёнимга кел.
Набира бобоси айтганини қилди. Юз-қўлини ювиб, хонтахтанинг бир четига ўтирди. «Нима гапингиз бор», дегандек бобосига қаради. Нусрат бобо Дилшоднинг мақсадини тушунгандек сўз қотди:
– Биласанми бугун қандай кун? Эслаб кўр-чи...
Бобо набирасининг кўзини ярим юмиб бир нуқтага тикилиб қолганидан фойдаланиб телевизорни ёқди. Бироз ўтиб экранда миллари тонгги олтини кўрсатишга ҳозирланаётган соат акси кўринди. Дилшод эса бугун кимнинг туғилган куни эканини эслаш билан овора. Сабри тугаган набира бобосини қистовга олди:
– Ўзингиз айта қолинг, бобожон. Бугун кимнинг туғилган куни?
– Нега бугун кимнингдир туғилган куни, деб ўйлаяпсан, болам? Аммо тахмининг бир томонлама тўғри. Чунки бу кун она юртимизнинг мустақиллиги, озодлигининг ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қонунимиз – мамлакатимиз Конс­титуцияси туғилган кун. Конституция қабул қилинган кун байрам сифатида Ўзбекистон тарихига муҳрланган.
Нусрат бобо гапини тугатиши ҳамон телевизор экранидаги соат роппа-роса тонгги олтини кўрсатди-ю, Ўзбекистон давлат мадҳияси янграй бошлади. Дилшод мадҳиянинг биринчи сўзлари эшитилиши ҳамон сакраб ўрнидан турди ва ўнг кафтини кўксига қўйди. Овозини кўтариб мадҳияга жўр бўлди. Нусрат бобонинг севинчдан кўзлари ёшланди. Бир муддат ўтиб набирасининг ўрнига хаёлан ўзининг болалиги, ўн уч ёшли Нусратни қўйди. Кафтини юрагига яқинлаштирди. Аммо кўкси бу ёлғонни қабул қилмади. Ўйлари чалкашиб кетди. Ўзини ҳеч қачон набираси каби шодон болакай сифатида тасаввур қила олмас­лигини тушуниб етди. Бутун болалиги чинакам ёлғонлар ичида ўтганидан ичи ачишди. Набирасига қараб уни унсиз дуо қилди.
Мадҳия садолари тугагач, экранда катта-катта ҳарфлардаги ёзув пайдо бўлди: «8 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун». Бобо ва набира бирваракайига чапак чалиб юборишди. Нусрат бобо Дилшодни тиззасига олиб пешонасидан меҳр билан ўпди. Қўнғир, майин сочларини қайта-қайта силади. Шу билан бир муддат олдин тирналган хотираларини унутгандек бўлди. Сўнг нигоҳини экранга қаратди. Унда байроғимиз сарлочиндек кўкда ҳилпираб турар, кадр ортида эса Бош қомусимиз ҳақидаги маълумотлар берила бошлади. Бобо набирасига «диққат билан эшит» деди-ю, ўзи ҳам бор эътиборини сухандоннинг сўзларига қаратди. Сухандон Конституциямизнинг илк саҳифасида битилган сўзларни ўқиди:

«Ўзбекистон халқи:

Инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб,

ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда,

ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб,
демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб,

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда,

республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб,


инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб,

фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида,

ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади».

Ҳа, Конституция юртимиз мустақил­лигини ифодаловчи муқаддас тимсолдир. Ўзбек халқининг асрий орзу-истакларини, аждодларимиз ёди ҳамда миллатимиз ғурурини мужассам этади, Ўзбекистонни сайёрамиздаги барча мамлакатлар қаторида тенг ҳуқуқли бўлишини таъминлайди.
Шу пайт Дилшоднинг юзига бир томчи сув тушди. Бундан ажабланган болакай елка оша бобосига қаради – томчи Нусрат бобонинг кўз ёши экан. Бобо набирасининг ҳайрон бўлиб термулаётганига ҳам эътибор бермади. Бўғзидан қуйилиб келаётган аламларини, қайғуларини ичига қайта ютишга ҳарчанд уринмасин, бўлмади. Аксинча, янада зўрайиб бораётган ички туғёнлари бобони узоқ болалик дамларига олиб кетди.

*   *   *
..Ўшанда у Дилшоддан бир ёш кичик – бешинчи синф ўқувчиси эди. Кеч кузнинг аччиқ изғирини. Томсувоқ мактаб деразаларидан ғувиллаб кириб турган совуққа қарамай адабиёт муаллими берилиб шеър ўқирди...

Бинафша сенмисан, бинафша сенми,
Кўчада ақчага сотилган.
Бинафша менманми? бинафша менми,
Севгингга, қайғунгга тутилган?

Бинафша, нимага бир озроқ очилмай,
Бир эркин кулмасдан узилдинг?
Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай,
Ерларга эгилдинг, чўзилдинг? 

...Болалар шеърнинг майин оҳанг­ларига мириқиб қулоқ тутарди. Гўёки ўзининг энг севган қўшиғини куйлаётган ҳофиздек кўзларини ярим юмиб олган Назар муаллим шеърни тугатгач, бир оз хомуш ўтирди. Кейин икки «қўли» тепасига маҳкамланган қуёнқулоқ телпагини бошига чуқурроқ бостирди. Ингичка оёқли стулга ўтириб, томоғини қайта-қайта қирди. Сўнг бошини ўқувчилар ўтирган тарафга имкон қадар чўзди-ю, хавотирли овозда пичирлади:
– Болалар, биласизларми бу кимнинг шеъри – Чўлпонники. У бизнинг, миллатимизнинг фахри, қаҳрамони. Чўлпон – эрк ва озодлик куйчиси... 
Синфхона эшиги зарб билан очилиб ичкарига колхоз бригадири Холмат чў­лоқ кириб келди. Муаллимга бошдан-оёқ қараб бўлгач, важоҳат билан бақирди:
– Нега буларни далага ҳайдамасдан, бу ерда сафсата сотиб ўтирибсиз?! Сизнинг дарсингиздан бизга нима фойда? Эшик тирқишидан ҳаммасини эшитдим. Чиқаринг барчасини ташқарига...
Нусрат ўша куни синфдошлари билан қош қорайгунча даладан чиқмади. Совуқдан оёқлари қотиб, уйига ҳолсиз қайтди. Эртаси куни эса бутун қишлоққа шумхабар тарқалди: «Назар муаллимни қора кийимли кишилар мактабдан олиб кетишибди»...

*   *   *
Нусрат бобо қароғида милтиллаётган кўз ёшларини кўрсаткич бармоғи билан сидирди. Икки кўзи ҳайратга тўла қараб турган набирасининг бошини кафтлари орасига олиб пешонасига лаб босди. Паст овозда «Ўзингга шукр», деб қўйди. Зийрак набира Конституция байрами қанчалик аҳамиятли эканини англаган эди.

Фарҳод ЭШМЎМИНОВ,
журналист
 




Ўхшаш мақолалар

Баҳор ва наврўз талқини

Баҳор ва наврўз талқини

🕔11:42, 20.03.2020 ✔106

Бу ҳақда «бобурнома»да нима дейилган? 
Бобур ўзининг бетакрор ижод намуналарида баҳор, ёз, куз, қиш фаслларининг манзараларини ва киши руҳиятига, айниқса, ўзи каби ижодкор руҳиятига, ижодига таъсирини, шиддатини мароқ билан ёзган. Бироқ у ҳам бошқа шоирлар, адиблар каби ўзининг санъаткорлик тажрибаси асосида баҳор қалам аҳли учун илҳом чашмаси эканига, баҳор сайри, Наврўз байрами шодиёнаси, экин-тикин ва тирикчилик ишларининг ҳаётий ва поэтик тасвирига алоҳида диққат қилиб, ўзига хос тимсол ва тасвирлар, шеърлар яратган.

Батафсил
ОНА ТИЛИМИЗГА ҲУРМАТ

ОНА ТИЛИМИЗГА ҲУРМАТ

🕔11:37, 20.03.2020 ✔101

паспортдаги исм-фамилиямизни тўғрилашдан бошланади

Батафсил
ЙПХ ХОДИМИ НЕГА фақат жарими унадиган жойда?

ЙПХ ХОДИМИ НЕГА фақат жарими унадиган жойда?

🕔10:36, 13.03.2020 ✔267

Автобуслар кечки пайт, айниқса, гавжум бўлади: қарилар, ёшлар, аёллар, эркаклар. Улов ичкарисида биров қалин, жунли пальтога бурканган, биров жинси шиму курткада, нам ўтган оёғини илитиш мақсадида ер тепинади. Ҳамма толиққан, кўпчилик ишдан қайтяпти. Уйга тезроқ боришга ошиққан. Ниҳоят автобус беш-олти бекатни ортда қолдириб, Юнусобод деҳқон бозори ёнига етиб келди. Шундоққина бозор яқинидаги, кўприк остидан ўтиб ўнгга бурилди.  

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Баҳор ва наврўз талқини

    Баҳор ва наврўз талқини

    Бу ҳақда «бобурнома»да нима дейилган? 
    Бобур ўзининг бетакрор ижод намуналарида баҳор, ёз, куз, қиш фаслларининг манзараларини ва киши руҳиятига, айниқса, ўзи каби ижодкор руҳиятига, ижодига таъсирини, шиддатини мароқ билан ёзган. Бироқ у ҳам бошқа шоирлар, адиблар каби ўзининг санъаткорлик тажрибаси асосида баҳор қалам аҳли учун илҳом чашмаси эканига, баҳор сайри, Наврўз байрами шодиёнаси, экин-тикин ва тирикчилик ишларининг ҳаётий ва поэтик тасвирига алоҳида диққат қилиб, ўзига хос тимсол ва тасвирлар, шеърлар яратган.

    ✔ 106    🕔 11:42, 20.03.2020
  • ОНА ТИЛИМИЗГА ҲУРМАТ

    ОНА ТИЛИМИЗГА ҲУРМАТ

    паспортдаги исм-фамилиямизни тўғрилашдан бошланади

    ✔ 101    🕔 11:37, 20.03.2020
  • ЙПХ ХОДИМИ НЕГА фақат жарими унадиган жойда?

    ЙПХ ХОДИМИ НЕГА фақат жарими унадиган жойда?

    Автобуслар кечки пайт, айниқса, гавжум бўлади: қарилар, ёшлар, аёллар, эркаклар. Улов ичкарисида биров қалин, жунли пальтога бурканган, биров жинси шиму курткада, нам ўтган оёғини илитиш мақсадида ер тепинади. Ҳамма толиққан, кўпчилик ишдан қайтяпти. Уйга тезроқ боришга ошиққан. Ниҳоят автобус беш-олти бекатни ортда қолдириб, Юнусобод деҳқон бозори ёнига етиб келди. Шундоққина бозор яқинидаги, кўприк остидан ўтиб ўнгга бурилди.  

    ✔ 267    🕔 10:36, 13.03.2020
  • ОИЛАДАГИ  ЗЎРАВОНЛИКЛАР  ОҚИБАТИ

    ОИЛАДАГИ ЗЎРАВОНЛИКЛАР ОҚИБАТИ

    Бунинг жабрини кимлар тортмоқда?

    ✔ 3803    🕔 17:29, 13.12.2019
  • БОЛАГА  ҚАНОТ  БЕРИНГ

    БОЛАГА ҚАНОТ БЕРИНГ

    Донишмандлардан бири «Ҳар ким ўзи қидираётган нарсани топа оладиган кайфиятда яшасин», деган экан. Назаримда, бу ҳикмат таълим олаётган фарзандларимизнинг ҳаётдаги асл руҳий-маънавий ҳолатини акс эттирса керак.

    ✔ 1977    🕔 17:28, 13.12.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар