Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади, деганда ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамиз. Аммо оилада ҳар бир ота-она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга бугун на ота-она, на атрофдагилар аниқ бир жавоб бера оляпти. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак.

ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

Ақлли жонзотда мақсадсиз фаолият содир этилмайди. Демак, оиладаги фарзанднинг ким бўлиб вояга етиши шу оила аъзоларининг ўз олдига қўйган аниқ савол ва мақсадларидан бошланиши лозим. Шундай экан биз ўз фарзандимизни жамиятнинг энг илғор кишиси қилиб тарбиялашимизга нималар етишмайди ва нима бизга халақит беради?
Совет даврида кибор (араб тилидан бизга кириб келган катталар, улуғ кишилар маъносини берувчи сўз), аристократ (юнон тилидан яхшилар, аристо ва кратос ҳукумронлиги, яъни яхшилар ҳукумронлиги) сўзларини халқимизнинг онгидан чиқарилишига уринганлар маълум натижаларга эришгани туфайли бизнинг онгимизга улар ёмон сўз ва ёмон тушунча бўлиб кириб қолди. Эндиликда уларнинг асл маъноларини қайтариш ва шу йўл билан жамиятимизга, айниқса, кириб келаётган ёш авлод вакилларига ушбу киборлик, аристократлик кўникма ва тушунчаларини сингдиришга ҳисса қўшиш зарур.
Маълумки, шахснинг биргина жамоат жойида ўзини қандай тутишига қараб уни жамиятнинг қайси табақасидан эканини, оилада қандай ахлоқий тарбия олганини аниқлаб олса бўлади. Психологларнинг ўтказадиган кўпгина сўровларида кишининг ахлоқий нормаларга эътибори ва унинг хусусиятидаги бу кўринишлар, унинг кийиниши, жамиятда ўзини тутиш тарзи ва шунга ўхшаш одоб ва ахлоқ нормалари шахснинг ижтимоий ўсишида, хизмат каръерасида амалий ёрдам берадими, деган саволларга 80-90 фоиз респондентлар ижобий жавоб беришади. Шундай экан, юқорида қўйилган саволга фақат ижобий жавоб берган ҳолда, биз ёшларимизни киборлар, аристократлар руҳида тарбиялашимиз керак, деб бу борада амалий ишларга ўтиш вақти аллақачон келган, деб ўйлайман.
Билмадим, кимга қандай, менга кибор, аристократ, мулоқот сирларидан тўлиқ хабардор, маълум маънодаги «ҳамма бирдай» тушунчасидаги советлар тарбиясидан қутулган кишилар ва улар билан суҳбатлашиш жуда ёқади. Қизиғи шундаки, бу талаб ва иштиёқ фақат мендагина эмас, кўпчиликда ҳам уйғониб келяпти. Энди биз ўз фарзандларимизни фақатгина олий ўқув юртларида билим олишгагина қаратмай уларнинг юқори тарбия намуналаридан ҳам хабардор бўлиш тарафдорига айланяпмиз. Демак, болаларимизнинг руҳига мактаблардаёқ аристократлик, киборлик руҳи аллақачон керакли дарслар орқали сингдирилган бўлиши лозим.
Аристократлик, киборлик кийиниш маданиятисиз тасаввур қилинмайди. Демак, бу дарслар ҳам мактаб дастурларидан жой олиши керак. Ушбу амалий аристократик дарслар тизимида албатта суҳбат, мулоқот маданияти дарслари бугунги кунда ҳаммамизга, айниқса, ёшларимизга сувдай зарурлиги сезиляпти.
Кўпчилик суҳбатларда баъзан ёшлар ва уларнинг тарбияси ҳақида сўз кетади-да «Бугунги ёшлар...», деб баъзилар ҳозирги ёшларимиздан нолий бошлайди. Аслини олганда бу нолишлар тарбия йўналиши учун янгилик эмас. Бундан икки минг йил илгари файласуф Суқрот ҳам ёшлар борасида ана шундай нолишларнинг ўта катта намунасини қолдириб кетган. У шундай ёзади: «Ҳозирги ёшлар бойликка ўрганиб қолган. Улар катталарни ҳурмат қилмайди, бообрўларни ёқтиришмайди, ёмон хулқлари билан ажралиб туради, ота-оналари билан можаро қилишади, овқатда очкўзлик қилиб, ўқитувчиларга азоб беради», деган эди.
Жамиятимиз табақалашиб бораётган бир пайтда биз ёшлар орасида икки йўналишни очиқ-ойдин кўряпмиз. Бири юқорида айтилгандай, яқиндагина ­жамиятимизда учрайдиган ўртамиёначаликдан ҳам тубанлашиб бораётган бўлса (бу албатта яхши эмас), бошқалари, асосан кўпчилиги секин-аста ўз тилларига эътибор беришдан бошлаб, яхши маънода киборлик намуналарини ўз шахсий хусусиятларига сингдириб бор­япти. Бундай ёшларимизнинг тилида ўз қишлоғию оиласи­нинг лаҳжасини, вилоятининг шева намуналарини ҳам учратяпмиз. Шунинг ўзи ўсиб келаётган авлодимиз ўз келажагини яратишида тўғри йўлдан бораётганини кўрсатади.
Энди масаланинг асосий томонларидан бири – қандай қилиб ёшларимизнинг кўпчилигини мана шу киборлик, аристократлик руҳида тарбиялаш муаммоси. Бу йўналишда мен тарбияга бағишланган кўплаб мақолаларимда такрорлаб келадиган бир фикр шуки, биз советлар тарбиявий фалсафасидан, унинг назарий ва айниқса амалий намуналаридан бутунлай воз кечишимиз керак. Булардан бири, қадим-қадимдан одамзод томонидан инобатга олиниб келинаётган ва бугунги кундаги илмий ютуқлар билан тасдиқланаётган ирсий белги – одамларнинг ҳаммаси баравар қилиб яратилмаганини тан олиш. Шундагина биз тарбияга бағишланган буюк маънавий хазинамиз – Авестодан бошлаб, «Қобуснома»гача, Муҳаммад Солиҳнинг «Адабул солиҳин» асаридан, Абдулла Авлонийнинг «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» китобигача, Абушийнинг «Туркий қавмлар тарихи» ёки турк ҳоқонликларига бағишланган китобларидан тортиб «Жавоҳирул ҳикоят»гача ва бошқа минглаб тарих ҳамда тарбияга бағишланган китобларимизни тўғри тушуна бошлаймиз.
Бу борада «Қутадғу билиг», «Қобуснома», «Адабул солиҳин» ва бошқа манбаларни қайтадан кашф қилишимиз бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолганга ўхшайди. Акс ҳолда, биз Евроиттифоққа ўхшаб бирикиш, туркий халқларнинг тарихдан йиғиб келган маънавий бойликларини уларнинг ҳаммасига бойлик сифатида етказиш йўлидан эмас, бир-биримиздан узоқлашишга юз тутамиз. Масалан, усмонли  турклардаги «гунойдин», қозоқ ва ўзбеклардаги «ойналайин» бир-бирини маънавий жиҳатдан тўлдиришини кўрмаслик маънавий жоҳилликдан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Дардлар ичида жоҳилликдан оғирроқ дард йўқлигини боболаримиз бекорга айтишмаган.
Ёшларимиз эртанги кунда дунёнинг энг зўр олий ўқув юртларида таълим олиб бизнинг жамиятимизга ўша биз юқорида айтган киборлар бўлиб, аммо бизнинг ўзимизнинг минг йиллик урф-одатларимизни эмас, ўзлари ижтимоийлашиб улгурган жамиятнинг киборлик унсурларини ўзларига сингдириб қайтишни бошлашади. Бу эса миллий маданиятимизга баъзи ҳолларда салбий таъсир қилиши, миллий менталитетимизнинг жаҳон нормаларига узвийлашувини узоқлаштириши мумкин. Аслида эса биз дунё янгиликларини олиш билан бир вақтнинг ўзида ўз миллий маданиятимиздаги керакли нормаларни жаҳонга олиб чиқишни ҳам унутмаслигимиз керак. Ахир биз минг йиллик тарихга ва маданиятга эга халқмиз.
Бугунги кунда хоҳлаймизми йўқми, жамиятимизда юқори табақа тушунчаси бор, бу табиий ҳол ва бу тушунча кундан-кунга катта кучга эга бўлиб бораверади. Бу табақа вакили бўлиш учун эса кўпчилик ўйлагандай фақатгина катта мол-мулк эгаси бўлишнинг ўзи етарли эмас. Баъзилар ўша катта бойлик эгаси бўлган ҳолда ўз вақтларини маишатхоналарда ўтказишга киришади ва ўша маишатхоналарда уларнинг баъзилари бир кун бўлмаса, бир кун «Ҳой, гаплашайин десанг одам тополмайсан киши», деган оҳларни қилишади. Чунки уларнинг орасидан ҳам овқат ейишнинг ўзи биргина физиологик эҳтиёжни қондириш бўлибгина қолмасдан, у бир мутафаккирнинг айтганидай, алоҳида санъат эканлигини тушуниб етадиганлари чиқади. Ишхонага кийиб борадиган кийимнинг ошхонага кийиб борадиган кийимдан жиддий фарқ қилишини теран англайди, атрофдагилар эса ошхонага ишхонадаги кийимлари билан келганидан ва улар ўзининг ватандошлари эканидан виждонан қийналади...
Кибор, аристократ одамлар, баъзиларнинг назаридагидек оғир, «катта», «қораси босади», ҳатто советлар давридагидай кибор, аристократ дейилган тушунчаларда эмас, аксинча уларни енгил, оддий, фикри тиниқ, теран, суҳбатлашсанг, ҳузур қиласан деган ибораларда қабул қилиниши керак.
Асл кибор бўлиб ўсмаган, аммо ўзини аристократлардан санайдиган одам ҳам вақти келиб бирон ноқулай ва но­жўяроқ ҳаракат ва сўзи билан бошқа бировни анча ранжитиб қўйиши мумкин. Бу деган сўз асли шундай бўлар экан, деб ҳолатни ўз йўналишига ташлаб қўйишимиз керакми ёки яшаш тарзимизни, болаларимиз тарбиясини кундан кунга яхшилаш, келажак авлодимизни асл киборлар авлодидан қилиб тарбиялашга бугунданоқ киришишимиз керакми, деган саволга сўзсиз ижобий жавоб бериб тарихий «мен»имизни тиклаш деган хулосага келасан киши.
Бундай қарасак бизнинг олдимизда икки йўналишдаги йўл турибди. Биринчиси, маълум, ҳозирги ҳолатдан қониққан ҳолда барчасига кўниб, бошқаларнинг орқаси бўлиб яшаш. Иккинчиси, бундай қараганда қийини, аммо, бошқа йўлни танлашнинг ўзи иложсиз ва шу йўлдан боришимиз шарт, вазиятни ўз қўлимизга олиб бугунданоқ ишга киришиш, яъни жаҳон цивилизацияси ютуқларини ўзлаштириб олган халқлар маънавий бойлигини ва ўз тарихимиздаги бойликларни руҳимизга сингдирган ҳолда тезликда ана шу илгарилаб кетган халқларни қувиб етиш ва керак бўлса ошиб ҳам ўтиш. Бунга бизда тарихий маънавий бойлик, руҳий, ирсий, миллий ва бошқа имкониятлар етарли.
Мен ўз фарзандининг ниҳоятда тарбияли, ниҳоятда билимдон, бир сўз билан айтганда кибор, аристократ бўлишини хоҳламаган ота ва онани билмайман. Бу деган сўз, ўз фарзандимизнинг шундай киши бўлиб етишишига қандай қилиб эришишимизда. Бунинг учун эса оиладан бошлаб ва бугундан бошлаб яхши одатларнинг улар руҳи ва шахсиятига сингдириб борилишини бошлашимизда.

Маҳмуд ЙЎЛДОШЕВ,
психология фанлари 
номзоди
 




Ўхшаш мақолалар

РАҲБАРЛАР ЭНСАСИНИ ҚОТИРГАН ДЕПУТАТ

РАҲБАРЛАР ЭНСАСИНИ ҚОТИРГАН ДЕПУТАТ

🕔17:27, 13.12.2019 ✔1802

бу галги сайловда номзодини қўя олмади.

Батафсил
ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

🕔17:26, 13.12.2019 ✔1494

Бугунги кунда фуқаролар жойларда бўлаётган турли қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўринли равишда шикоятлар билан мурожаат қилишмоқда. Уларни ўрганиб чиққанимизда фуқаролар талаби асоссиз эмаслиги маълум бўлди. 

Батафсил
ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

🕔17:25, 13.12.2019 ✔1181

Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади, деганда ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамиз. Аммо оилада ҳар бир ота-она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга бугун на ота-она, на атрофдагилар аниқ бир жавоб бера оляпти. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • РАҲБАРЛАР ЭНСАСИНИ ҚОТИРГАН ДЕПУТАТ

    РАҲБАРЛАР ЭНСАСИНИ ҚОТИРГАН ДЕПУТАТ

    бу галги сайловда номзодини қўя олмади.

    ✔ 1802    🕔 17:27, 13.12.2019
  • ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

    ФУҚАРО 1,2 МИЛЛИОН ПЕНЯДАН ОЗОД ЭТИЛДИ

    Бугунги кунда фуқаролар жойларда бўлаётган турли қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўринли равишда шикоятлар билан мурожаат қилишмоқда. Уларни ўрганиб чиққанимизда фуқаролар талаби асоссиз эмаслиги маълум бўлди. 

    ✔ 1494    🕔 17:26, 13.12.2019
  • ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

    ЁШЛАРИМИЗНИ НЕГА КИБОРЛАР РУҲИДА ТАРБИЯЛАЙ ОЛМАЯПМИЗ?

    Бола тарбияси қачон ва қаердан бошланади, деганда ҳаммамиз оиладан бошланади, деб айтамиз. Аммо оилада ҳар бир ота-она ўз боласини ким қилиб тарбияламоқчи, деган саволга бугун на ота-она, на атрофдагилар аниқ бир жавоб бера оляпти. Ваҳоланки, оиладаги тарбиянинг асоси мана шу саволлардан бошланиши керак.

    ✔ 1181    🕔 17:25, 13.12.2019
  • «БИЗНИ  ОРЗУЛАР  ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    «БИЗНИ ОРЗУЛАР ОҲАНГИДА АЛДАЁТГАНЛАР...»

    ёки замонавий судхўрлик феномени 

    «Уч кундан зиёд ўзингни бахтиёр сезяпсанми, демак нимадандир ҳали бехабарсан... Қувонч унчалик узоқ давом этиши мумкинмас», – дейди донолар. Яхши хабарларни кам эшитяпмиз. Улкан уммон ҳам ундан олинган пиёладаги бир ҳўплам сув кабидир, бир тошни ушлаб, буюк тоғни тасаввур қилиш мумкин.

    ✔ 1303    🕔 11:18, 10.12.2019
  • ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    ШАРАФЛИ КАСБНИНГ «ШАРАФ»И ҚАЕРДА?

    иқтидор ва қобилиятни юзага чиқариш осон эмас. Бу ўқитувчидан катта маҳоратни, ўқувчидан, айни вақтда унинг ота-онасидан улкан матонатни талаб этади. Жамиятдаги ҳар бир ўзгариш ҳам, биз катта умид билан кўз тикаётган ислоҳотлар ҳам шунга боғлиқ аслида.
     

    ✔ 238    🕔 11:16, 10.12.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар