Ўзлик      Бош саҳифа

«СИЗ ЎШАМИ?..» БИР ЖУМЛАДАГИ МАҲОРАТ

XX асрда мумтоз адабиётнинг назарий анъаналари асосида яратилган буюк асар Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи ҳисобланади.

«СИЗ ЎШАМИ?..» БИР ЖУМЛАДАГИ МАҲОРАТ

Роман сўзбошисида муаллиф романнинг ёзилиши хусусида тўхталиб, уни: «янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси бир ҳавасдир», деган бўлса ҳам, ўтган бир аср давомида ўзбек адабиётида яратилган бирон роман «Ўткан кунлар» даражасига чиқа олмагани таъкидланади. Бу эса асарнинг зуваласи ҳақиқатда ўта пишиқ, маъно қатламларига бой, муаллифнинг ижодий концепцияси мукаммал асосларга қурилганидан далолат беради.

Бу ўринда асар муваффақиятининг устуни бўлган биргина жиҳат хусусида қисқача сўз юритмоқчимиз.
Асардаги сўз, ибора ва жумлалар шу қадар пишиқ, табиий, маънодор ва халқона тарзда яратилганки, улар халқнинг тилидан мустаҳкам ўрин олган, айримлари зарбулмасалга айланган. Сўзнинг маъно кўлами ва сиғимлилиги, бир томондан, ақлни ҳайрон қолдирадиган даражада кенг бўлса, иккинчи томондан, зеҳнни ўзига тўла жалб қиладиган ҳамда бир марта ўқигандаёқ эсда қоладиган даражада маҳорат билан ифода этилган. Бу фикрни нафақат сўз, балки асарни ташкил этувчи ҳар бир нуктага нисбатан қўллаш мумкин.
Масалан, асарнинг «Кутилмаган бахт» қисмида Отабек ва Кумушнинг илк мулоқоти қаламга олинган. Биринчи суҳбатда Кумушнинг илк саволи асар воқелигидаги жуда кўп маъноларни ўзида акс эттиргани билан эътиборлидир. Бу ҳолат асарда шундай ифодаланади:
«...Кумушбиби шу чоқғача қарамаған ва қарашни ҳам тиламаган эди. Мажбурият остида, ёв қараши билан секингина душманига қаради... Шу қарашда бирмунча вақт қотиб қолди. Шундан кейин бир неча қадам босиб Отабекнинг пинжига яқин келди ва эсанкираган, ҳаяжонланған бир товуш билан сўради:
– Сиз ўшами?»
Иккитагина сўздан иборат ушбу жумла савол берувчи назарда тутган барча мақсадларни тўлиқ ифода этаётгани билан эътиборлидир. Асар қонуниятларини ўрганишда мумтоз адабиётимизда ўзига хос ўрин эгаллаган, бадиий асар назарий асосларини белгилаб берган балоғат илми Абдулла Қодирий яшаган давр учун етакчи хусусият саналган. Бу илм соҳасида яратилган асарлар ўша пайтдаги анъанавий таълим тизимида дарслик сифатида ўқитиб келинган. VIII асрдан бошлаб турли илмлар доирасида чуқур ўрганила бошлаган ҳамда XII асрга келиб мустақил фан сифатида эътироф этилган балоғат илми мақсадни ўз ўрни ва ҳолатига энг мувофиқ тарзда энг гўзал сўзлар билан етказиб беришга асосланади. Унга кўра, кам сўзлар воситасида кўп маъноларни ифода этиш усули балоғат илмининг учта таркибий қисмларидан бири – илми маонийнинг «ийжоз» бўлимида ўрганилади. «Ийжоз» мақсадни имкон қадар энг кам сўзлар билан англатиш баробарида нутқнинг таъсирчанлигини ошириш, ортиқча баёндан чекиниш, сўзловчининг ўзига хос маҳоратини намойиш этиш каби вазифаларни бажаради. Шунингдек, мақсаднинг айрим жиҳатларини сўз билан тўла-тўкис ифодаламасдан, зарур ўринларда уни яширин тутиш, лекин турли далиллар орқали ишора қилиб ўтиш йўлидан боради. Бу эса муаллифнинг матндаги мақсадини англаб олишда ўқувчи эътиборини янада кучайтиради. Матнга ўткир зеҳн ва ўзига хос фаросат билан ёндашишни талаб қилади. Бир сўз билан айтганда, ўқувчининг бадиий дид ва савиясини, бадиий тафаккурини ўстиришга хизмат қилади. Шу ва шу каби ўнлаб жиҳатларни назарда тутиб, балоғат илмининг пешқадам олимлари «балоғат бу ийжоздир», деган концептуал хулосага келишган.             
Юқоридаги мисолда савол жумласи иккитагина сўздан ташкил топган бўлса-да, ўз мақсадини тўла ифода этувчи мукаммал бир гап тусини олган. Балоғат илми қоидаларига кўра, мақсадни англатиш учун баён қилинаётган ифода тугал шаклга эга бўлиши, яъни гап бўлиши зарур. Ҳар қандай гап матнда тақдиран ёки ҳақиқатан мавжуд бўлган эга ва кесимдан ташкил топади. Баъзан эса, уларга иккинчи даражали бўлаклар ва бошқа омиллар ҳам қўшилиши мумкин. Юқоридаги гап савол берувчининг мақсадини савол берилувчига энг қисқа, энг равон ва энг тушунарли тарзда ифода этган. Шу билан бирга, асарда олдин тилга олинмаган, муаллиф ўқувчидан маҳорат билан яшириб келаётган катта бир маъно – Отабек ва Кумушнинг «илк учрашув»ига зимдан далолат қиляпти. Муаллиф Отабекнинг Марғилон борганидан сўнг анча ўзгариб қолгани, бу ҳақда сўралганда сабабни «Марғилон ҳавоси ёқмаган»ликка олгани, лекин бундан кетишга ҳам чоғланмагани, ўй оғушида тилидан чиққан баъзи сўзларининг асл сабабчисини айни мана шу савол бериш асносида ўқувчига аён қилади. Асарнинг шу жойигача муаллиф Отабек ва Кумуш ўртасидаги «илк учрашув» билан боғлиқ асосий воқеани маҳорат билан яшириб келгани ўқувчида ўзгача бир қизиқиш уйғотади. Бундай тасвир усули муаллиф маҳоратининг яна бир жиҳати сифатида намоён бўлади.
Шунингдек, савол жумласининг айни пайтдаги ҳолат тақозоси (муқтазои ҳол)га тўла мувофиқлиги шунда кўринадики, савол берилувчи (Отабек)да ушбу қисқа ва бир қарашда англашилмасдай таассурот уйғотадиган савол жумласи ҳеч бир англашилмовчилик, ортиқча сўроқ ва таажжубга ўрин қолдирмайди. Савол берилувчи худди шундай сўроққа тутилишини кутган киши сифатида саволга худди савол берувчи каби қисқа ва ихчам жумла билан жавоб қайтаради:
«– Мен ўша, – деди бек. Иккиси ҳам бир-бирисига беихтиёр термулишиб қолдилар...»
Муаллиф бу ўринда қаҳрамонининг юксак даражадаги балоғат билан берилган саволига ҳудди ўзидай моҳирона жавобни муқобил келтирган. Саволда бўлгани каби жавобда ҳам иккита сўз ишлатилган бўлса-да, тингловчи (Кумуш)нинг идрок этишида ҳеч қандай муаммо ёки нуқсон туғдирмайди. Демак, «жавоб жумла» «савол жумла» билан балоғат илми талабига кўра, тенг кучга эга.  
Бир қарашда матндаги маъноларнинг зич ёки ихчамлашуви, сўз, ибора, бирикма, жумлаларнинг қисқартирилиши мақсадни англашда ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин. Лекин балоғат илмидаги «ийжоз» усулининг моҳияти шундан иборатки, маънонинг зичлиги, сўз ва ифоданинг қамровлилиги, ихчамлаштирилгани ёки зарур ҳолатда қисқартирилгани мақсадни англашда ноқислик келиб чиқишига эмас, аксинча, мақсад ифодасида муаллифнинг етук маҳорат эгаси эканига, кам сўзлар билан кўп маънолар ифодалай олишига далолат қилади.
Юқорида келтирилган савол-жавобдаги «ўша» ҳодисасининг батафсил баёни – балоғат истилоҳи билан айтганда «итноб»и – асарда бир оз кейинроқ келтирилган. Бу баён қарийб бир саҳифадан иборат. 
Адибнинг маҳорати батафсил ифода этилганда бир саҳифага жо бўладиган катта маънони ўрни келганда бор-йўғи биргина сўз (ўша) билан ифода эта олганидадир. Бунга қадар Абдулла Қодирий сабаб-воқеа тафсилотини атайин яширганки, натижада ушбу «ийжоз жумла» романдаги бир бутун ишқ концепцияси марказини эгаллаган.   
Муаллиф бадиий маҳоратининг яққол кўриниши бўлган бундай ҳолатларга асарда жуда кўп дуч келамиз. Уларнинг баъзиларида келтирилган «ийжоз»нинг батафсил баёни («итноб»и)ни муаллифнинг ўзи тўлиқ келтириб ўтса, яна баъзиларида «ийжоз»нинг батафсил маъно кўламини очиш ва идрок этишни ўқувчининг топқирлиги, бадиий фаросати ва зеҳнига ҳавола қилади. Айрим ҳолатларда эса батафсил маънога фақатгина ишора қилиш билан чекланади. Асарнинг турли ўринларида Отабек тилидан айтилган «мозористонда «ҳаййа алалфалаҳ» хитобини ким ҳам эшитар эди», «...келинингиз қаршисида мени бир жонсиз ҳайкал ўрнида тасаввур қилингиз»; Юсуфбек ҳожи нутқидаги «Бизнинг каттадан-кичигимизнинг топқан-тутқанимиз фақат бош олиш» ёки Фузулий девони ҳақида сўз очган Кумушнинг дабдурустдан «Мен рози, мен кўндим» дейиши, ­кейинроқ «мени унутмайсизми?» дея берган саволи; уста Алимнинг Шокирбекдан «Хоти­нингиз­га муҳаббатингиз борми?» саволига «йўқ» жавобини олгач, кутилмаганда «яхши экан» дейиши, яна шу қаҳрамоннинг Саодат билан фотиҳа қилингач, «Саодат, эшитдингми, майлими?» сўроғи ва унга жавоб тарзида айтилган «Ош емай кетасизми?» жавоби, мажнуна Зайнабнинг ўзини «Мен Кумуш!..» деб танитиши, унга жавобан берилган сўнгги ҳукм («Кет мундан!») жумлалари қатларида ҳам муаллиф мақсадни ифода этишда «ийжоз» усулидан маҳорат билан фойдаланганини кўрсатади.
Шунингдек, асарнинг кўпчилик кутган нурли тонг билан эмас, айнан ғира-шира шом тасвири билан бошланиши, атрофдан янграётган азон детали, асар сўнгидаги Отабек ва уста Алим шаҳидлиги хабаридан сўнг Юсуфбек ҳожи ва Ўзбек ойимнинг ҳолатлари асарнинг нафақат диологларида, ҳатто воқеа, тавсиф ва ҳолатларни ифодалашда ҳам ўзига хос бир ихчамлик, сўз «ийжоз»и, балоғати ва қамровдорликка асосланганини кўрсатади. Асарнинг бир асрдан бери такрор-такрор баҳс-мунозаларларга боис бўлиб келаётгани ҳам айни шу каби жиҳатлари билан боғлиқдир.

Ғулом БОБОЖОНОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таянч докторанти

 




Ўхшаш мақолалар

«СИЗ ЎШАМИ?..» БИР ЖУМЛАДАГИ МАҲОРАТ

«СИЗ ЎШАМИ?..» БИР ЖУМЛАДАГИ МАҲОРАТ

🕔14:47, 29.12.2019 ✔1473

XX асрда мумтоз адабиётнинг назарий анъаналари асосида яратилган буюк асар Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи ҳисобланади.

Батафсил
ҲАЁТ  ТИЛСИМЛАРИ

ҲАЁТ  ТИЛСИМЛАРИ

🕔17:50, 18.10.2019 ✔2210

Чингиз Айтматов

«Биринчи муаллим»

Уни ўқир экансиз, турли хил ички кечинмалардан тўлқинланиб, қаҳрамонларга баъзида таҳсин айтасиз, баъзида уларга раҳмингиз келса, баъзида ғазаб туйғусини туйиб, уларнинг тақдирини хоҳлаганингиздек ўзгартиришга ҳаракат қиласиз. Балки ёзувчи маҳоратининг сири ҳам шундадир.

Батафсил
ҚОДИРИЙ БОҒИДАГИ НИҲОЛЛАР

ҚОДИРИЙ БОҒИДАГИ НИҲОЛЛАР

🕔18:36, 12.09.2019 ✔2691

Буюк ёзувчи яратган мактаб қайта бунёд бўлмоқда, у ерда кимлар ўқийди?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «СИЗ ЎШАМИ?..» БИР ЖУМЛАДАГИ МАҲОРАТ

    «СИЗ ЎШАМИ?..» БИР ЖУМЛАДАГИ МАҲОРАТ

    XX асрда мумтоз адабиётнинг назарий анъаналари асосида яратилган буюк асар Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи ҳисобланади.

    ✔ 1473    🕔 14:47, 29.12.2019
  • ҲАЁТ  ТИЛСИМЛАРИ

    ҲАЁТ  ТИЛСИМЛАРИ

    Чингиз Айтматов

    «Биринчи муаллим»

    Уни ўқир экансиз, турли хил ички кечинмалардан тўлқинланиб, қаҳрамонларга баъзида таҳсин айтасиз, баъзида уларга раҳмингиз келса, баъзида ғазаб туйғусини туйиб, уларнинг тақдирини хоҳлаганингиздек ўзгартиришга ҳаракат қиласиз. Балки ёзувчи маҳоратининг сири ҳам шундадир.

    ✔ 2210    🕔 17:50, 18.10.2019
  • ҚОДИРИЙ БОҒИДАГИ НИҲОЛЛАР

    ҚОДИРИЙ БОҒИДАГИ НИҲОЛЛАР

    Буюк ёзувчи яратган мактаб қайта бунёд бўлмоқда, у ерда кимлар ўқийди?

    ✔ 2691    🕔 18:36, 12.09.2019
  • НОМАРДЛАРГА АСЛО КУНИНГ ҚОЛМАСИН...

    НОМАРДЛАРГА АСЛО КУНИНГ ҚОЛМАСИН...

    Халқ достонларининг моҳир куйчиси Ёдгор бахши Исҳоқовни ёд этиб...

    ✔ 2807    🕔 23:00, 29.08.2019
  • Қафасдаги қуш

    Қафасдаги қуш

    Болалар кўчада ўйнаётиб бир қушни топиб олишди. Жонивор касалмиди ёки бошига бир кулфат тушганмиди — ҳарқалай ёнига яқинлашган шарпани сезса ҳам қочишга интилмади. 

    ✔ 2265    🕔 11:01, 17.05.2019
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар