Олтинчи туйғу      Бош саҳифа

БОЙЛИК ОРТИГА БЕКИНАЁТГАН ОНАЛАР

қизингиз қалбига қачон қулоқ тутдингиз?!

БОЙЛИК ОРТИГА БЕКИНАЁТГАН ОНАЛАР

У дарсдан жиғи-бийрони чиқиб келди. Онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай, ўз хонасига беркиниб олди. Кечагина бахтдан масрур юрган қиз, бугун ғамгинлик қаърига отилган, ҳеч ким билан гаплашгиси келмас эди. У нимадандир хавотирда, юз-кўзидан бирор аянчли ҳодиса рўй бергани яққол сезилиб турарди. Уйдагилари билан иши йўқ, фақат қўлидаги телефони унинг овунчоғига айланган…

Бу каби воқеалар ҳеч кимга бегона бўлмаса керак. Ё балоғатга етган қиз, ёки ота-она сифатида бу ҳолатни бошдан ўтказганлар оз эмас. Қизининг юриш-туришидаги ўзгаришлар, фарзанди кайфиятининг об-ҳаво сингари тез-тез ўзгариб туриши, жавобсиз қолдирилган саволлар қайси онанинг дилини вайрон қилмайди, дейсиз? Она фарзанди келажаги ҳақида ўй сура бошлайди, қизининг фикрларини, ўй-хаёлларини англамоқ йўлларини қидиради, тарбия бериш жараёнида қаерда хато қилдим, дея ўзини айблай бошлайди…

Палахмон тош тақдири

Қиз бола — палахмон тоши дейишади. Эртага келин бўлиб борган хонадонига файз олиб кириб, берган тарбияси ортидан ота-онасига раҳмат еткизадиган қиз ўстиришни қайси она орзу қилмайди дейсиз. Бироқ қалбдаги хоҳиш доим ҳам ҳаёт аксига кўчавермайди. Фарзанди туфайли бошидан раҳмат ёмғири ёғилишини хоҳлаган ота-она, аввало, тарбия борасида адашмаслиги, ҳаёт ташвишларидан ортиб, дилбандига вақт ажрата билиши зарур. Қиз боланинг тарбияси эса ўзида қуёшни экс эттириб омонат турган шудринг томчисига ўхшайди.

Халқимизда «Бир қиз асрагандан, бир қоп ун сақла» деган мақол топиб айтилган, аслида. Унинг замиридан қиз бола тарбияси нозик эканлиги, агар тарбия жараёнида оз бўлса-да, хатоликка йўл қўйилса, кўплаб салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги англашилади. Айниқса, қиз боланинг балоғатга етиш даври ўзи учун ҳам, онаси учун ҳам бироз эътиборни талаб этади. Бу жараённи ҳамма ҳар хил бошдан ўтказади: кимдадир балоғат давридан ўтиш осонлик билан кечса, кимлардир бу пайтда кўплаб муаммолар гирдобига тушиб қолади.

Ўсмир қизлар кўп ҳолларда имкон қадар ўз хонасида ёлғиз қолишга, оила аъзолари назаридан четроқда бўлишга, ўз ўй-хаёллари билан машғул бўлиб вақт ўтказишга интилиб қолади. Суҳбатлашса ҳам, асосан, ўз тенгдошлари, яқин дугоналари билангина мулоқотда бўлиб, ўз ота-онаси билан имкон қадар камроқ гаплашиб, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Айни вақтда, ўсмирлик даврида кузатиладиган бу ҳодисаларнинг асл сабабини тушунмаган оналар уларнинг бундай ҳолатидан хавотирланиб, улар билан олдингига қараганда кўпроқ қизиқиб қоладилар. Бошқача айтганда, уларнинг психологиясига «бостириб кирадилар». Буни эса аксарият ўсмир қизлар ёқтирмайди. Негаки, ўз оила аъзолари томонидан ортиқча тергаш, назоратни кучайтириш, уларнинг наздида, «Онамнинг менга бўлган ишончи йўқ экан, оиламдагилар менга ишонмайди» каби салбий фикрларни юзага келтиради. Бундай ҳолатлар ўсмир қиз ва унинг ота-онаси ўртасидаги ўзаро муносабатларида келишмовчиликлар, низоларнинг юзага келишига асос бўлиши мумкин.

Балоғат даврида ўсмир қизларнинг «мен»и қайтадан шаклланади, улар ўз шахсиятига алоҳида эътибор бера бошлайди. Хусусан, соч турмакларини ўзгартириш, пардоз қилиш, кийиниш услубини янгилаш каби янги ғоялар пайдо бўлиб, бу уларнинг ўз ташқи қиёфасидан қониқмаслиги натижасида юзага келади. Баъзилар ойнага ҳаддан ташқари кўп қарайдиган, юзида пайдо бўлган ҳуснбузарлар сабабли «Мен хунукман» деган фикрни ўзига сингдириб, атрофидаги қизлар билан ўзини таққослашни бошлайди. Агар мактабидаги бирор йигит ўсмир ёшдаги қизни яхши кўриб қолганини сезгудай бўлса, гўёки уни бошқалар ёқтирмайдигандай, ўша йигитга кўп эътибор берадиган бўлиб қолади, вақтини у билан ўтказишга ҳаракат қилади. Айнан, йигитлар севгисига алданиб қолиш ҳоллари ҳам қизларнинг балоғат даврида кўп кузатилади, чунки бу давр — меҳрга ташна, биргина ширин сўзга муҳтож давр ҳисобланади.

Агар қиз бола оила аъзолари томонидан ўзи етарлича меҳр олмаса, ўзини ёлғиз сезса, эътибордан йироқда ҳис қилса, меҳрни атрофдан, ўзгалардан излай бошлайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам — хоҳ у моддий эҳтиёжмандлик бўлсин, хоҳ маънавий муҳтожлик бўлсин, аёлнинг муҳтожлиги уни ўзи зориққан нарсага қарам қилиб қўяди. Ота-онаси, яқинларидан ширин сўз, кўнгил кўтарувчи ҳақиқий маънавий қувватни ололмаган қиз бегоналарнинг сохта меҳрига учиши ҳеч гап эмас. Оқибатда, ўзи билиб-билмай қалтис йўлга кириб қолиш, алданиш, ҳатто номус ва шаънга тааллуқли хунук ҳодисаларга сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Борингки, ундай нохуш вазиятларга тушмаганида ҳам, меҳрга зориқиб ўсган қиз атрофидагиларга нисбатан эътиборсиз бўлиб қолиши, қалби қаттиқлашиб кетиши мумкин. Шунинг учун, балоғат даврини бошдан ўтказаётган қизига аввало она аввалгидан кўра эътиборлироқ бўлиши, айрим ҳаётий юмушларни четга суриб, фарзандига кўпроқ вақтини ажратиши зарур.

Қизингизда ўзингизни кўряпсизми?

Ҳаётда адашган қизларимизни айблаш, ҳаёти нотекис кечаётганини юзига солиш билан гўёки унга вақтида беролмаган тарбиямизни тўлдирмоқчи бўламиз. Аммо фурсати кечиккан «насиҳат»ларимиз туфайли ўз ёғига қовурилиб ётган қизимизнинг дардига малҳам бўлолмаймиз. Яқинларидан меҳр-муҳаббат, маънавий қувват ололмаган қиз эса четдаги «меҳрли нигоҳ»лардан таскин истайди. Оқибатда, уларнинг яна бир янглиш йўлга қадам босиши, юрагига яна бир ўқ қадалишига сабабчи бўламиз.

Шу ўринда, бир ҳаётий мисол: Холида айни балоғат даврида ўзидан уч ёш катта йигитга кўнгил қўйди. Йигитда ҳам қизга бўлган муҳаббат уйғонди. Бир неча ой улар гаплашиб, учрашиб юрдилар. Кунларнинг бирида, қиз йигитга қўнғироқ қилиб, учрашишни таклиф қилди. Бироқ бола вақти йўқлигини айтиб, кўришишни бошқа кунга қолдирди. Аксига олиб, онаси ҳар куни ишда, кўнглини ёзишга, қалб сўзларини эшитмоққа бир ҳамсуҳбат керак. Бу пайтда Холида яқин дугонаси билан кўришмоққа келишиб, истироҳат боғига йўл олди. У учрашув белгиланган жойда ўртоғини кутиб турганида, яхши кўрган йигити бошқа бир қиз билан қўл ушлашиб юрганига кўзи тушади. Бу ҳолатга, хиёнатга бардоши етмай, уйига бориб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлади. Яхшиямки Аллоҳнинг инояти билан омон қолади…

Баъзан қиз болаларнинг тарбияси ҳақида ёқимсиз гаплар қулоққа чалинса, «эҳ, қиз боланинг дарди оғир», деб қўямиз афсус билан бош чайқаб. Балоғат ёшидаги қизларнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши хусусида салбий гапларни эшитганимда, ўша қиз улғаяётган оиладаги маънавий муҳит, ота-онасининг маънавий қиёфаси ҳақида ўйлайман. Сир эмас, бугун аксарият ота-оналар мол-давлат йиғишга муккасидан кетган, кўп пул топиш учун кечаю кундуз ишлашга ҳам тайёр. Сабабини сўраганингизда, «Фарзандларимнинг келажаги учун, улар нимадандир кам бўлмасин», дея жавоб беришади. Бироқ, йўқчиликнинг давоси топилади, аммо қалб кемтиклигининг ўрнини тўлдириш мумкинмикан?

Айрим оналарни кўрамиз, интернетдан ўзига ёққан кийимни қидириш, буюртма бериш билан овора, тўй-ҳашам деса, оёғини қўлига олиб югуришади. Қизи билан суҳбатлашишга эса вақти йўқ, ёки ишдан, ё базмдан чарчаб келган бўлади. Агар фарзандида асабийлик ҳолатини кўрса, баҳоларида ўзгариш бўлса, нуқул тергашни, ҳатто унга қўл кўтаришгача боради. Онажонлар, ахир, сиз ҳам шу ёшингизда онангизнинг бағрига талпинмаганмисиз? Кўз ёшларингиз болишни намлаганда, бир дардкаш инсон йўлларига зор бўлмаганмисиз?!

Дарҳақиқат, ўсмирлик даврида қиз болалар ўта сирли, дилидагини тилига чиқаришни истамайдиган бўлишади. Ўз ҳолатини, яширин ҳисларини онасига айтишга ийманишади, муаммоларини тенгқур дугонасига айтиш учун ошиқади. Бу, албатта, нотўғри. Ҳали ёш, тажриба кўрмаган, ўзи маслаҳатга муҳтож қиз қандай қилиб ўзи тенги ўртоғига йўл-йўриқ кўрсата олади. Бу пайтда дўст танлашда адашмаслик ҳам муҳим. Она қизининг яқин дугонаси кимлигини билиши, кимлар билан ҳамсуҳбатлигидан хабардор бўлиши зарур. Негаки, атрофимизда яқин дугонам деб сир бой бериб, унинг айтганларига қулоқ тутиб, ҳаётда кўп адашган ўсмир қизлар йўқ эмас. Қиз бола қачон онасига дардини айта олади? Қачонки болаликдан она-бола мулоқоти йўлга қўйилган бўлса, она фарзандининг ишончини қозонган бўлса. Шунинг учун, оналар қизлари билан бола пайтларидан дўст тутинишлари, ўзаро дилдан суҳбатлашишлари керак. Агар қиз фарзанд онасининг қалбан яқинлигини ҳис қилса, меҳрини туйса ҳеч қандай сирни онасидан яшира олмайди, қандай муаммога дуч келса, волидасидан маслаҳат олишга ошиқади.

Балоғат – турмушга чиқиш ёши эмас

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Бахтиёр оила» китобида келтирилишича, бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади... Унга яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон балолардан сақласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, уни зеб-зийнатга ружу қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганда зеб-у зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.

Демак, хоҳ у қиз бўлсин, хоҳ ўғил, фарзандни болалигидан тарбиялаш керак. Бугунги кунда айрим оналарнинг фикр-у ёди қизини бой-бадавлат хонадонга узатиш, унинг сандиғини турли-туман кийим-у тақинчоқлар билан безатиш бўлиб қолди. Нима эмиш, келин борганда, одамлар, аввало, унинг сепига назар солишар экан. Инсонларнинг бир-икки кунлик назари дея, қиз болага эпли бўлишни, одоб-ахлоқни, эртанги ҳаёт олдидаги масъулиятни тушунтиришни баъзи оналар унутиб қўймоқда. Ундан кўра, вояга етаётган қизини касб-ҳунарга ўргатса, илмли бўлиши учун шароит яратиб берса, келажакда ўзи учун ҳам, оиласи-ю жамият учун ҳам фойдали бўлмайдими?

«Ҳозир айрим ота-оналар ҳали балоғат давридан ўтаётган қизини эрта турмушга бермоқда. Бироқ қиз боланинг барвақт турмуш қуриши руҳий ўзгаришларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бир оилавий муҳитдан иккинчи муҳитга тушиб қолган қизга атрофдагилар етарлича ғамхўрлик кўрсатмаса, унинг асаб тизими ишдан чиқиши, баъзи аъзоларининг функцияси бузилиши, организм иммунитети пасайиб, турли юқумли касалликларга чалинувчанлик ортиши кузатилади. Шунинг учун, оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган қиз болани балоғат даврида турмушга бермаслик керак. Аксинча, балоғат даври қиз болани оилавий ҳаётга тайёрлаш пайти ҳисобланиб, она фарзандига бу даврда маънан, жисмонан, руҳан кўникма бериши, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур», — дейди психолог Дилафруз Расулова.

Сир эмас, ўсмир ёшдаги қизни гинеколог кўригидан ўтказишга айрим оналар андиша қилади. Аслида бунинг ҳеч уяладиган жойи йўқ. Албатта, уни кўрикдан ўтказаётганингизни бировга овоза қилиш ҳам шарт эмас. Ўсмир ёшдаги қизингизнинг тўғри ривожланиши унинг келажак ҳаёти, ҳомиладор бўла олиши, соғлом фарзанд дунёга келтира олиши учун муҳимлигини унутманг. Гинекологларнинг таъкидлашича, кўпгина оналар гинеколог-шифокор маслаҳатига фақат қизлари турмушга чиққандан сўнггина зарурат бор, дея хато ўйлашади. Натижада, балоғат ёшидаги қизларнинг айрим касалликлари назардан четда қолиб, ўз вақтида даволанмаслиги боис, ҳар хил хатарли асоратларга, жумладан бачадон ёки тухум йўлларининг қайрилиб қолишига олиб келади. Шу сабабли, йилда бир бора бўлса-да, қизингиз билан болалар гинекологи кўригига бориш тавсия қилинади.

Масалан, Швецияда 8-синфдан бошлаб ўқувчиларга «Болалар ҳақида» деган фан ўтилади. Улар бу фан орқали оила қуриш, ҳомиладорлик, ундан сақланиш йўллари, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар, бола тарбияси ва балоғат ёшида ўсмирлар билиши зарур бўлган барча маълумотларга эга бўладилар. Хўш, бизнинг таълим тизимимизда мана шундай тарбия дарслари қанчалик йўлга қўйилган?

Халқ таълими вазирлиги етакчи мутахассиси Сирожиддин Бўриевнинг таъкидлашича, шу йилдан бошлаб маънавият асослари, динлар тарихи, ватан туйғуси, одобнома каби фанлар бирлаштирилиб, ягона «Тарбия» фани ўқитилади. Бундан мақсад, фанлар шунчаки мавзулардан иборат бўлиб қолмай, дарсликлар ҳаётий мисоллар, замонга мос долзарб масалаларни ўз ичига олган ҳолда тузилади. Ўқувчи ёшларга бу фан орқали экологик, ҳуқуқий ва оилавий тарбия, жамоатчилик орасида ўзини қандай тутиш, комил инсон қандай бўлиши кераклиги ҳақида тушунчалар берилади. «Тарбия» фанида турли машғулотлар ҳам олиб борилади, ўқувчи бевосита ота-она билан суҳбат жараёнида жавоб олинадиган саволлар, топшириқлар уйга вазифа сифатида берилади. Ўйлаймизки, ота-оналар бу жараёнларда фаол иштирок этишади.

Қиз болани қўпол гапириб, ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб бўлмайди. Бу момоларимиздан қолган минг йиллик тарбия усули. Доимий равишда дағал муомала кўрган қиз, юзи қаттиқ, беҳаё ва уятсиз бўлиб улғайиши мумкин. Кўпчилик ота-оналар қиз боласини кичиклигиданоқ хунук сўзлар билан ҳақоратлаб, уриб-сўкиб ўстиради-ю, бўйга етган қизи сурбетларча гап қайтарса ёки ножўя йўлларга кириб кетса «Уруғимизда бундай аёллар бўлмаганди-ку, бу яшшамагур қиз кимга тортди-я?!» деб фиғони фалак бўлади. Шу ҳолат бошимиздан ўтмаслиги учун, кун келиб, фарзандимизга берган тарбиямиз хатосининг жабрини тортмаслигимиз учун, бугундан, қизимизга дўст тутинишимиз керак.

Онажонлар, охирги маротаба қачон қизингиз сочларини силаб, уни яхши кўришингизни, унингсиз ҳаётингизни тасаввур қилолмаслигингизни айтдингиз? Қачон қалбида кечаётган туйғулари билан ўртоқлашдингиз? Сизни кўзлари порлаб, қалби меҳр чашмасига чанқаб турган қизингиз кутмоқда. Уни қучинг… уни эркаланг… қалбига қулоқ тутинг…

Маҳфуза ПЎЛАТОВА




Ўхшаш мақолалар

Ўсмирлик депрессияси

Ўсмирлик депрессияси

🕔10:24, 13.03.2020 ✔209

Ҳайт тарзидан қониқмаслик ва ўзини бахтсиз сезиш қандай оқибатларга олиб келмоқда?

Батафсил
БОЙЛИК ОРТИГА БЕКИНАЁТГАН ОНАЛАР

БОЙЛИК ОРТИГА БЕКИНАЁТГАН ОНАЛАР

🕔11:34, 06.03.2020 ✔350

қизингиз қалбига қачон қулоқ тутдингиз?!

Батафсил
ЎСМИРЛИК ДАВРИ муаммолари

ЎСМИРЛИК ДАВРИ муаммолари

🕔15:32, 24.05.2019 ✔4385

Балоғат ёши — жисмоний ҳолат жадаллашуви, психосоциал ривожланиш ва организмда юз берувчи турли хил ўзгаришларни ўз ичига олган давр. Бу қиз болаларда 10 ёш, ўғил болаларда 12 ёшдан бошланади. Балоғат даврининг тугалланиши катта одамга хос бўлган жисмоний, ақлий, эмоционал хусусиятлар намоён бўлишига боғлиқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ўсмирлик депрессияси

    Ўсмирлик депрессияси

    Ҳайт тарзидан қониқмаслик ва ўзини бахтсиз сезиш қандай оқибатларга олиб келмоқда?

    ✔ 209    🕔 10:24, 13.03.2020
  • БОЙЛИК ОРТИГА БЕКИНАЁТГАН ОНАЛАР

    БОЙЛИК ОРТИГА БЕКИНАЁТГАН ОНАЛАР

    қизингиз қалбига қачон қулоқ тутдингиз?!

    ✔ 350    🕔 11:34, 06.03.2020
  • ЎСМИРЛИК ДАВРИ муаммолари

    ЎСМИРЛИК ДАВРИ муаммолари

    Балоғат ёши — жисмоний ҳолат жадаллашуви, психосоциал ривожланиш ва организмда юз берувчи турли хил ўзгаришларни ўз ичига олган давр. Бу қиз болаларда 10 ёш, ўғил болаларда 12 ёшдан бошланади. Балоғат даврининг тугалланиши катта одамга хос бўлган жисмоний, ақлий, эмоционал хусусиятлар намоён бўлишига боғлиқ.

    ✔ 4385    🕔 15:32, 24.05.2019
  • Меҳр кўрмаган бола

    Меҳр кўрмаган бола

    Ўсмирлик даврида ота-онадан олисда бўлиш бола руҳиятига қандай таъсир кўрсатади?

    ✔ 4457    🕔 16:10, 29.11.2018
  • Тақиқ билан мақсадга эришиб бўлмайди

    Тақиқ билан мақсадга эришиб бўлмайди

    Ўсмирни телефонга қандай куч боғламоқда? Бу муаммони ҳал қилиш мумкинми?

    ✔ 4444    🕔 11:31, 04.10.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар