Долзарб мавзу      Бош саҳифа

УрДУдаги ҚАБУЛ «ЎЙИНЛАРИ»

Унинг бош «режиссёри» ким?
«Нафсим менинг балодур, ёнар ўтга соладур» деган ибора бежиз айтилмаган. Афсуски, баъзан саркаш нафс нафақат ўз эгасини, балки чор-атрофдаги содда ва оми инсонларни ҳам бир олам муаммолар ўчоғига улоқтириб юбориши мумкин экан.
 

УрДУдаги ҚАБУЛ «ЎЙИНЛАРИ»

Янгиариқ туманидаги Остона қишлоғида яшовчи Насиба Қобилова 30-умумтаълим мактабида кутубхоначи бўлиб ишлар эди. 2019 йилнинг ёзида бу аёл ўз адашлари – 4-мактабнинг матема­тика ўқитувчиси Насиба Машарипова ва Урганч давлат университетида ишловчи яна бир Насиба исмли аёл билан ҳамфикрликда олий ўқув юртига имтиҳон топшириб, омади чопмаган йигит-қизларни обдон ўрганишга тушади. Уларнинг ҳийласига учган илк одам остоналик Динара Раҳимова бўлди.
Урганч давлат университетининг жисмоний тарбия факультетига кириш имтиҳонлари топшириб, етарлича балл тўплай олмагани сабаб, «йиқилган» Динара тасодифан Насиба Қобиловани учратиб қолади. Унинг омади чопмаганини эшитган Насиба УрДУда таниш­лари етарли экани ва унинг ўқишини махсус сиртқи бўлимга тўғрилаб бериши мумкинлигини айтиб, аврай бошлайди. Унинг бу гапларига лаққа ишонган Динара дарҳол қайнонаси Орзугул опани қистай бошлайди. Орзугул Қутлимуротова Насиба Қобилова билан учрашади.
– Насиба менга Олий таълим вазирлиги ва УрДУда танишлари борлиги ва йиқилган талабаларни махсус сиртқи бўлимга шартнома асосида талабаликка тўғрилаш мумкинлигини айтгач, сарф-харажатлари учун 1000 АҚШ доллари беришимни талаб қилди. Мен унга сарф-харажатлари ростдан ҳам кўп бўлса керак деб айтилган пулни бердим, – дейди Орзугул опа.
Узоқ йиллар муаллимлик қилиб нафа­қага чиққан Орзугул опанинг содда­лигини кўргач Насиба Қобилова­нинг қувлиги баттар ошади.
«Махсус сиртқига ўқишини тўғрила­моқчи бўлганлар бўлса, бемалол, менга учрашаверсин, ҳаммасини аъло даражада ҳал қилиб бераман», дейди у фурсатдан фойдаланиб. Унинг бу гапига чиппа-чин ишонган Орзугул опа УрДУнинг мактабгача таълим йўналишига имтиҳон топшириб, 53 балл тўплаган қизи Зулхумор Қўчқорова ҳақида сўз очади. «Мактабгача таълим йўналиши сал муаммолироқ, шунинг учун 1200 АҚШ доллари берасиз», дея туриб олади Насиба Қобилова.
– Насиба билан галдаги учрашувимиз УрДУнинг бош биноси ичкарисида кечди. Мен унга қизимнинг ўқишини тўғрилаш учун айтилган 1200 долларни бердим, – дея гурунг қилади Орзугул опа. – Бу пулни бераётганимда пора деб бермаганман, чунки Насиба сарф-харажатлар ниҳоятда кўплигини айтиб, мени ишонтирганди...
Кимсан, оддий бир мактаб кутуб­хо­на­чисининг вазирлик ва УрДУда таниши борлиги ҳақидаги гап бир зумда овулга ёйилди. Қарабсизки, унинг эшигини тақиллатиб, ёрдам сўраб келувчилар сони кун сайин орта бошлади. Янгиариқнинг Остона қишлоғида яшовчи Ғуломжон ва Зафарбек Раҳимовлар ҳам бу аёлга ишониб чув тушди. Насибанинг бу билан нафси қонмади. Ўз «ови»ни яна давом эттираверди. 
– Менинг ўғлим Нусратбек УрДУнинг экология факультетига имтиҳон топшириб, 49 балл тўплаб ўқишга киролмаганини эшитган Насиба Қобилова вазирликда таниши борлиги ва грант асосида талабаликка қабул қилинишига ёрдам беришини айтиб қолди. Унинг сарф-харажатлар учун 2000 АҚШ доллари сўраганида, унга лаққа ишониб берворибман-а, – дейди остоналик Зафарбек Раҳимов.
Насиба Қобиловадан «мадад» тила­ганлардан яна бири Ғуломжон Раҳимовнинг ҳам ҳасрати осмонга ўрлайди...
– Орадан бир неча кун ўтгач ҳамқиш­лоқларини ишонтириш мақсадида Н.Қобилова «Болаларингиз махсус сиртқи бўлимга ўқишга қабул қилинди, шартномада кўрсатилган пулни тўлаб, ўқишни давом эттираверсинлар», дегач қувонганимиздан юрагимиз ёрилаёзди, – дея эслайди Орзугул Қутлимуротова. – Биз унга ишониб контрактда белги­ланган пулни ҳам берибмиз. Насиба­нинг ўғли Фаррух Абдуллаев онаси контрактга деб олган пулнинг банкка тўлангани ҳақидаги квитанция ва ҳисоб варақасини келтириб берди. Ана шундан сўнг унга нисбатан янада ишончимиз ортди.
Аслида бу ишонч шунчаки сароб, ўткинчи бир қувонч ҳосиласи эди. Негаки, «сарф-харажатлар» учун дея На­сиба Қобилова сўраган пулларни ҳеч иккиланмасдан қўшқўллаб берган фуқароларнинг фарзандларини УрДУ махсус сиртқи бўлими на сессия, на синов-имтиҳонларга чақиртирмас эди. Бу эса ота-оналарда шубҳа уйғота бош­лайди.
– «УрДУда ҳаммаси тўғрилаб қў­йил­­ган. Сизлар бемалол уйингизда ўтираверинглар. Сизларнинг номингиз талабалар рўйхатида мавжуд», деб бизнинг шаштимизни қайтармоқчи бўлди Насиба, – дейди Зулхумор Қўч­қорова. – Ҳатто, у УрДУнинг 1-курсида таҳ­сил оляпти деган маълумот­нома олиб, имзо ва муҳр босилган уч томон­лама шартномани ҳам берди. Шунда ҳам кўнглим хотиржам бўл­магач, университетга ўзим бориб текшир­тирсам, талабалар рўйхатида менинг исм-фамилиям йўқлиги маълум бўлди.
Хуллас, бунга ўхшаш ҳасрат-диёдиё қилувчилар бир талай. Биргина Янгиариқ ва Хива туманида бундай алдовлардан куйиб қолганлар сони қирқ нафардан ошади, десам балки ишонмассиз. Уларнинг барчасини қоғозга тушириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.
Гапнинг пўсткалласи шуки, Насиба Қобилова одамларни ўқишга киритаман деб шилгани кундай равшан. У билан телефон орқали суҳбатлашганимизда: «Мени УрДУдаги айрим домлалар алдашди. Мен ҳам бир жабрдийдага айланиб қолдим», – дея йиғламсиради. Унинг сўзлари тўғри ёки нотўғрилигини тасдиқлаш ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг зиммасидаги вазифа. Бироқ бизни қатор-қатор саволлар ўйлантиради.
Насиба Қобилова кимга бунчалик ишониб остоналикларнинг ҳожатини раво қилмоқчи бўлди? Аслида Урганч давлат университетида унга ким пуш­типаноҳлик қилган? Ахир унга тўлов-контракт шартномаларини олиб берган валломат ҳарқалай «деҳқон бозори»да ғалтак ҳайдамаса керак?! Аслида омади кулмаган абитуриентларга «Сизни талабаликка қабул қилинганингиз билан табрик­лаймиз. УрДУ маъмурияти», деган жумлалардан иборат СМС қайси базаси ёки кимнинг телефон рақамидан юборилган?
Ҳақиқатан кириш имтиҳонида 49 балл тўплаган Нусрат Раҳимов 2020 йилнинг январига қадар экология факультетининг 1 босқич талабалари қатори дарсларда иштирок қилади. Унинг номи журналга қайд этиб келинади-ю, кутилмаганда янги йил арафасида Нусратга «кулиб боққан омад» қанотига патта илинади: у аудиториядан ҳайдалади. «Тошкентдан махсус текширувчилар келган, ҳозирча сен ўқишга келмай тур», дейди факультет ўқитувчиларидан бири. Насиба Қобилова орага тушиб, уни грант асосида ўқишга қабул қилишга ёрдамлашишини айтган эди. Қараса... шўрпешона йигит грант тугул супер контракт асосида ҳам талаба бўлолмаган экан.
Хўш, ҳеч қаерда номи қайд қилинмаган фуқарони икки-уч ой талабалар қаторида аудиторияга киритишга кимнинг ҳаққи бор? Унинг номини журналга қайд этиб боришдан мақсад нима эди?
Мана сизга қатор-қатор саволлар карвони! Унга жавоб олиш ўз касбининг устаси бўлган қонун посбони учун чўт эмас. Бироқ ажабланарли жиҳати шуки, Хоразм вилоятидаги энг нуфузли олийгоҳ саналган Урганч давлат университетида назорат, интизом қаерга кетдики, оддий бир қишлоқ аёли унинг бош биносига кириб, одамлар ишончини қозониб, улардан пул ундириб турса?! 
– Ўқишнинг сиртқи бўлимида ҳам семестр, синов ва имтиҳон деган нарсалар бўлишини айтганимдан сўнг Насиба опа бизни УрДУга чақиришаётганини айтди. Бордик, компьютер марказида онлайн тарзда тест олиб, реферат ёздиришган бўлди. Мен ўқиётганим тўғрисида маълумотнома сўрагандим, буни ҳам «шесть секунд»да тўғрилаб беришди. Бу маълумотномани ўзим ишлаётган мактабга топширгандим, ойлик маошим­га устама қўшила бошлади. Ҳозир эса... ҳаммаси ёлғон экани маълум бўлгач, ўша устамаларни қайтариб тўлаб ўтирибман, – дея ҳасрат қилади Динара Раҳимова.
Дилмурод Омонов деган йигит эса УрДУнинг амалий математика ва инфор­матика таълими йўналишига ўқишга кириш учун имтиҳон топширади ва 60 балл тўплайди. Табиийки, у балл билан талаба бўлиш осон эмас.
– Сенинг ўқишингни суперконтрактга тўғрилаб бераман, фақат бунинг учун сарф-харажатлари бор, деб Насиба Қобилова мендан 3000 АҚШ доллари олди. Университетга бордим ва 21 ноябргача ўқув машғулотларига қатнадим. Ўша вақтда текширтирсам, УрДУ бухгалтерияси менга берилган шартномага мувофиқ 9 млн. сўм ҳисоб рақамига тушганини айтишганди. Ноябрь ойи охирларида исм-фамилиям талабалар рўйхатида йўқлигини билгач, пулни қайтариб олмоқчи бўлганимда бухгалтерия масъуллари фақат 3 млн. сўм. тўлагансан, деб туриб олди, – дейди Дилмурод Омонов.
Коррупция – жамиятни ич-ичдан емирувчи иллат экани азалдан маълум. Шу боисдан ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев унга қарши курашни кундалик вазифага айлантирмоқда. Бироқ, афсуски, Урганч давлат университети бу иллатга қарши курашиб, соғлом муҳитни яратиш уддасидан чиқолмаётгани кўриниб турибди. Йўқса, жаноб ректор имзоси қўйилиб, туянинг кўзидек муҳр босилган шартномалар, талабалик тўғрисидаги маълумотномалар бу даргоҳга мутлақо бегона бўлган шахслар қўлига қандай тушар эди? Ачинарлиси шуки, бу олий ўқув юртида сохта диплом тайёрлаб берувчилар ҳам борлиги ҳақидаги гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалинади. Университетда ишловчи ходимлардан бирининг тўрвасида 10-15 та исм-фамилия ёзилмасдан фақат имзо ва муҳр босилган дипломларни кўрган одамларнинг гапига ишониш-ишонмасликни ҳам билмайсан киши.
Қаердаки назорат, виждон ва ҳалоллик тушунчалари инқирозга учраса, ўша ерда коррупция, порахўрлик, қаллоблик ва фирибгарлик авж олади. Аслида Урганч давлат университети теварагида урчиган бу «қабул ўйинлари»нинг бош режиссиёри ким? Қайси муттаҳам бу муаммоларни «парваришлаб» баравж униб-ўсишига шароит яратиб бермоқда? Буниси бизга қоронғу. Саволларга жавоб топиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъуллари гарданидаги юмуш. Биз фақат ҳақиқат қарор топишига ишонамиз, холос.

Абдусалом Мардиев
 




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

🕔14:24, 31.03.2020 ✔11

КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
 

Батафсил
Ваҳимадан хиёнатгача  бир қадам

Ваҳимадан хиёнатгача бир қадам

🕔11:49, 20.03.2020 ✔366

Ўзидан ҳам ваҳимаси ёмон бўлган коронавирус пандемияси мамлакатимизга кириб келди. Шу нарса аёнки, коронавирус каби ялпи хавфларга қарши кураш комплекс жараён бўлиши лозим. Бунда унинг барча турдаги салбий оқибатлари олдини олиш учун кенг кўламли ёндашув зарур.

Батафсил
ФАРЗАНД – СИЗГА ТУТИЛГАН КЎЗГУ

ФАРЗАНД – СИЗГА ТУТИЛГАН КЎЗГУ

🕔11:47, 20.03.2020 ✔283

Сиз унда кимни кўряпсиз?

Ривоят қилишларича, бир она фарзанди тарбиясига қачон киришиши кераклиги ҳақида билиш учун донишманд олдига келибди. Аллома боланинг неча ёшга кирганини сўрабди ва олти ойлик бўлганини билиб онага хитоб қилибди: Сиз бола тарбиясида энг керак бўлган олти ойни бой берибсиз...
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

    КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
     

    ✔ 11    🕔 14:24, 31.03.2020
  • Ваҳимадан хиёнатгача  бир қадам

    Ваҳимадан хиёнатгача бир қадам

    Ўзидан ҳам ваҳимаси ёмон бўлган коронавирус пандемияси мамлакатимизга кириб келди. Шу нарса аёнки, коронавирус каби ялпи хавфларга қарши кураш комплекс жараён бўлиши лозим. Бунда унинг барча турдаги салбий оқибатлари олдини олиш учун кенг кўламли ёндашув зарур.

    ✔ 366    🕔 11:49, 20.03.2020
  • ФАРЗАНД – СИЗГА ТУТИЛГАН КЎЗГУ

    ФАРЗАНД – СИЗГА ТУТИЛГАН КЎЗГУ

    Сиз унда кимни кўряпсиз?

    Ривоят қилишларича, бир она фарзанди тарбиясига қачон киришиши кераклиги ҳақида билиш учун донишманд олдига келибди. Аллома боланинг неча ёшга кирганини сўрабди ва олти ойлик бўлганини билиб онага хитоб қилибди: Сиз бола тарбиясида энг керак бўлган олти ойни бой берибсиз...
     

    ✔ 283    🕔 11:47, 20.03.2020
  • УрДУдаги ҚАБУЛ «ЎЙИНЛАРИ»

    УрДУдаги ҚАБУЛ «ЎЙИНЛАРИ»

    Унинг бош «режиссёри» ким?
    «Нафсим менинг балодур, ёнар ўтга соладур» деган ибора бежиз айтилмаган. Афсуски, баъзан саркаш нафс нафақат ўз эгасини, балки чор-атрофдаги содда ва оми инсонларни ҳам бир олам муаммолар ўчоғига улоқтириб юбориши мумкин экан.
     

    ✔ 390    🕔 11:45, 20.03.2020
  • ВАҲИМА ЁКИ ЭҲТИЁТКОРЛИК

    ВАҲИМА ЁКИ ЭҲТИЁТКОРЛИК

     Бизни нима қутқариб қолиши мумкинлигини биласизми? 

    ✔ 241    🕔 11:34, 20.03.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар