Ўзлик      Бош саҳифа

ЙЎҚОТИШ САБОҒИ

Сабоқ берган устозлар ҳақида ёзиш қийин экан. Тириклигида «Ҳали кўп яшайдилар» деб ўйлайсан, ўтгандан кейин армон қиласан. «Нега шу гапларимни тириклигида ёзмадим», дея афсусланасан. Кун кундан «ер устида танишларинг» камайиб, «ер остида дўстларинг» (Абдулла Орипов) кўпаяётганини ҳис эта борасан. Шунда ҳаёт сабоғи бир ибрат, ўлим сабоғи ҳақ эканига амин бўласан.

ЙЎҚОТИШ САБОҒИ

Ўйлаб кўрсам, қанчадан қанча муаллимларимиз ўтиб кетишибди. Шариф Юсупов, Бегали Қосимов, Баҳодир Саримсоқов, Абдуғафур Расулов, Муҳсин Олимов... Биз Омонулла акани мана шу авлод қаторида кўрганмиз, таниганмиз, сабоқларини олганмиз. 
Омонулла акани илк бор учратганимга ўттиз йилдан ошибди. Шунча йил домла билан илмий доираларда ҳамкорлик қилдик, ёнма-ён аудиторияларда дарс бердик, тўй-маъракаларда қатнашдик. Ва менинг домладан олган унутилмас сабоғим ўзбекчилик бўлди. Домла ўзбекчиликнинг пири эди. Бизга тўй-маъракага бориш одобидан бошлаб, юриш-туриш, хайр-хўш одобигача шу инсон ибрат бўлганлар десам, рост сўзни айтган бўламан.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Баҳодир Саримсоқов домлани қабрга қўйиб жимгина тарқалаётган издиҳомни бир ўктам овоз жойида таққа тўхтатиб қўйди: «Эй халойиқ! Баҳодир ака қандай одам эдилар?!» Бу сўровда Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатлари адоси ҳам, ўзбекчилик ҳам, армон ва йиғи оҳанги ҳам бор эди. Бир куни Омонулла ака билан шу ҳақда суҳбатлашиб қолдик. Мен кейинги пайтларда майит қабри устида айтилиши суннат бўлган шу сўзлар айтилмаётгани, одамлар қабристонни мум тишлаганча тарк этаётганлари ҳақида гапирдим (Ҳолбуки, одамларнинг тарқалишини кутиб турган фаришталар шу сўроққа берилган жавобни гувоҳлик деб қабул қилишар экан). «Айтишмаётган бўлса, сиз айтинг, – дедилар Омон ака, – энди ёш эмассиз». «Афсус» сўзи ўринлими, йўқми билмадим-у, шу насиҳатларини ўз жанозаларида эсладим. Бор овозда жанозага келган издиҳом ичига шу саволни ташладим. Аммо овозим Омонулла аканикидек чиқмади. Томоғимга бир нима тиқилиб, бўғилиб қолдим. Ўзбекчиликнинг бир пирини йўқотганимизданми ё «ер остида дўстларим» кўпайиб бораётганиданми, ўзимни ғариб, ёлғиз сездим.
Омонулла аканинг яна бир фазилати халқимизга хос чапанилиги эди. Бундай чапанилик Омонулла аканинг муаллимлиги, зиёлилиги, олимлигига сира ҳам соя солмасди. Бу халқона, беозор, самимий чапанилик бўлиб, бошини букиб, «ичимдагини топ» деб турадиган, совуқда панаси, иссиқда сояси тегмайдиганлар олдида, айниқса, бўртиб кўринарди. Холис кузатган одам «Ҳақиқий ўғил бола шунақа бўлади», дер эди.
Бу жиҳат унинг атрофдагиларга муносабатида, ўз-ўзига баҳо беришида яққол кўринарди. Омонулла ака Ғулом Каримов, Муҳаммаднодир Саидов, Анвар Ҳожиаҳмедов, Озод Шарафиддинов каби устозлари ҳурматини ҳаддан ортиқ баланд мақомда тутар эди. «Мен уларнинг олдида ҳеч ким эмасман. Мен уларнинг бир хизматкори эдим», деган сўзларини бир неча бор эшитганман. Инсон ўзгаларга баҳо беришга уста бўлади. Бироқ ўзига баҳо беришда нўноқ шогирдга айланиб қолади. Ўзини яхши кўришини сездириб қўяди. Омонулла аканинг эса ўзига баҳо беришда ҳам усталиги кўриниб турарди.
Навоийга бағишланган бир йиғинда Омонулла аканинг: «Бегалилар (профессор Бегали Қосимов) Навоий ҳазрат дунёсига кириб бўлган. Бизлар эса бор-йўғи унинг эшигини тақиллата олдик», деган сўзларига гувоҳ бўлганман. Ҳолбуки, Омонулла ака Навоий ғазаллари, достонларидан юзлаб байтларни ёд билар, нозик таҳлил қилар, энг муҳими, эшитгувчиларга юқтира олар эди. Ўзбек фольклори, достончилик анъаналари, аския, латифа, эртакларнинг халқона моҳиятини чуқур биларди. Ҳаракатдаги жараённи теран ҳис қиларди. Жонлантириб етказа олар эди. Фольклор жанрлари ҳақида назарий билимлари ниҳоятда кенг эди. Буларнинг барчаси домланинг илмий тадқиқотлари, дарслик ва рисолалари мисолида кўз ўнгимизда турибди.
Омонулла ака олий таълим билан ўрта таълим методика илмини синтезлай олган ноёб педагоглардан эди. Негаки, одатда ўрта таълимни яхши билганлар олий таълимдан, олий таълим усталари ўрта таълим сирларидан узоқ бўлишади. Омонулла Мадаев эса ҳар икки соҳанинг амалий жиҳатларини ўз тажрибасидан ўтказган, назарий жиҳатларини ҳам чуқур билар эди.
Омонулла Мадаевда «бўладиган» талабаларни «таниш» истеъдоди ўта кучли эди. 
Ўнлаб, юзлаб талабалар, ўқувчилар орасидан талантлиларини топар, топиш билан чекланиб қолмай, уларни ёнига олиш ва тўғри йўналтиришни ҳам бопларди. Шунинг учун бўлса керак, Омонулла муаллимнинг атрофи доимо истеъдодли ёшлар билан гавжум эди. 

Ўзбек филологияси, журналистика факультетларини битирган бирор талаба йўқки Омонулла Мадаевни «ўз устозим» деб билмасин.
Омонулла ака билан бир неча бор совчилик, уйлантириш «тадбирлар»ларида ҳам қатнашганмиз. Бир талаба кимнидир яхши кўради-ю қиз томон тихирлик қилади, бировининг ота-онаси севган қизига уйланишига қарши, кимдир ота-онаси олиб бераман деган қизни олмоқчи эмас, бошқа биттаси муносиб, эл кўрган совчи тополмай гаранг... Тўрт томонга мансуб талабалар ҳам ота-онаси, туғишганларига айта олмаган сирини устозига айтади. Ундан маслаҳат, ёрдам сўрайди. Бу борада Омонулла аканинг сира ҳам боши «ғалва»дан чиқмасди. У катталар билан катта, кичиклар билан кичик бўлиб гаплаша оларди. Ҳар икки томонни муросага келтира биларди. Бир неча бор шундай савобли тадбирларга мени ҳам жалб қилган.
Омонулла аканинг шахсан ўзимга қилган яхшиликлари ҳақида бир-икки сўз.
Ўтган асрнинг 80-йиллари. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетининг кечки бўлими биринчи курсида ўқиймиз. Курсимиз жуда катта. Юздан ошиқ талаба бир аудиторияда ўтирамиз. Омонулла ака «Халқ оғзаки ижодиёти» фанидан маъруза ўқийди. Бир куни домла «Алпомиш» эпосидан фалсафий-лирик пафосга йўғрилган бир парчани ўқиди. Ўтирганлардан фикрини сўради. Шеър парчасини ҳар ким ўзича таҳлил қилди. Адашмасам, бу парча «Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема...» деб бошланар эди. Хуллас, мен ҳам кўп қатори бир нималар дедим. Дарс охирида Омон ака мени қўли билан кўрсатиб: «Сан болам, мен билан юр», деди. Юрагим «шув» этди. Нотўғрироқ гап атиб қўйдимми, деб ўйладим. Домла билан изма-из кафедрасига кўтарилдим. Қишлоқдан келган содда бир боламан. Кафедра нима, фан номзоди нима, диссертация нима билмайман. «Фикрлашинг менга ёқди. Сен диссертация ёз. Мавзу ол», деди. Ҳурмат-иззат билан чойлар қуйиб берди. Кўнглим бир ғалати бўлиб кетди. Чунки Тошкентдек улкан шаҳарга келиб, қурилишда ишлаб, ётоқхонада яшаб, биринчи бор бундай эътибор, ҳурмат ва илиқ муносабатни кўришим эди. Шу-шу домлага бўлган меҳр юрагимга муҳрланди.
Иккинчи гап. «Адабиёт ўқитиш методикаси» фанидан Омонулла ака сценарий ёзишни топширди. Мавзу Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўғри» ҳикояси. Ҳамма аудиториянинг ўзида ҳўкизи уриб кетилган ҳовли тасвирини сценарий қилиши керак. Ҳали ҳўкиз ўғирланганидан Қобил бобо ҳам, кампири ҳам хабарсиз. Сценарий финиши молхонага борган кампирнинг ҳўкиз йўқолганини билиб қолиши... Ҳамма дафтарига ёзяпти. Омон ака ёзганларимизни зимдан кўриб келяпти. Менинг тўғримга келганида «Во, анноний сандан!» деди бор овозда. Ҳамма курсдошлар мен томонга бурилиб қаради. «Қаранг! Титр ортидан «Эшакнинг чўзиқ ҳанграши эшитилди», деб ёзибди. Бу ҳикояда йўқ. Аммо асар руҳига зўр тушибди», дея изоҳлади домла ўз мақтовини. Семестр охирида эса мени «автомат беш» билан мукофотлади.
Балки Омонулла ака ва бошқа устозларнинг мана шундай самимий рағбатлари сабаб илмга, ўқитувчиликка қизиққандирман, деб ўйлайман баъзан.
Бундан уч-тўрт йилча олдин докторлик ишим учун «Қутадғу билиг» асари кераклигини, ҳеч жойдан тополмаётганимни гапириб ўтирганим устига Омонулла ака келиб қолди. «Манда бор, – деди сўрамасимдан туриб, – эртага олиб келаман». Ҳақиқатан ҳам, эртаси куни Қаюм Каримов домла тайёрлаган ноёб нашрни келтириб қўлимга тутқазди. Икки-уч ой ўтиб, китобни қайтармоқчи бўлдим. «Шу китоб сизга, – деди домла, – «Омонулла акадан эсдалик» деб ёзиб қўйинг». Шу дастхат санаси билан ёзилган китоб ҳозир кутубхонамда турибди. Ундан кўп фойдаланаман. Ҳар варақлаганда Омонулла аканинг шу гапларини эслайман.
Ушбу хотира қоғозини қоралар эканман, домланинг «Омонулла акадан эсдалик», деб ёзиб қўйинг» деган сўзлари яна бир бор хаёлимда жонланди. Тириклигида ҳаёт сабоғини берган устознинг, ўлимидан сўнг ҳам улкан бир сабоқ бераётганига иймон келтирдим. Бу йўқотиш сабоғи эди...
Сиздан Оллоҳ рози бўлсин, жойингизни равзаи жаннатдан қилсин, Домла!

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,
филология фанлари доктори, 
профессор
 




Ўхшаш мақолалар

Болаликка қайтиб: НЕМИС ҚИЗИ ХИЛЬДАГА МАКТУБ ҳамда КУТУБХОНАДА «АСИРЛИК» СИРИ

Болаликка қайтиб: НЕМИС ҚИЗИ ХИЛЬДАГА МАКТУБ ҳамда КУТУБХОНАДА «АСИРЛИК» СИРИ

🕔11:40, 15.06.2020 ✔755

Тўртинчи синфлигимда германиялик мактаб ўқувчиси – немис қизи Хильдага мактуб ёзган эдим. Жаҳлим чиққанидан салом билан бошламаганман...
 

Батафсил
Маънавий баҳрамандлик

Маънавий баҳрамандлик

🕔11:18, 27.05.2020 ✔1094

ёхуд «Ҳайратул аброр»даги бир ҳикоят хусусида 
 

Батафсил
ҚОДИРИЙНИ БУЮК ҚИЛГАН УЧ МАСЛАК

ҚОДИРИЙНИ БУЮК ҚИЛГАН УЧ МАСЛАК

🕔12:06, 22.05.2020 ✔1164

ёхуд уни таъқиб ва маҳв этган асосий куч нима эди?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Болаликка қайтиб: НЕМИС ҚИЗИ ХИЛЬДАГА МАКТУБ ҳамда КУТУБХОНАДА «АСИРЛИК» СИРИ

    Болаликка қайтиб: НЕМИС ҚИЗИ ХИЛЬДАГА МАКТУБ ҳамда КУТУБХОНАДА «АСИРЛИК» СИРИ

    Тўртинчи синфлигимда германиялик мактаб ўқувчиси – немис қизи Хильдага мактуб ёзган эдим. Жаҳлим чиққанидан салом билан бошламаганман...
     

    ✔ 755    🕔 11:40, 15.06.2020
  • Маънавий баҳрамандлик

    Маънавий баҳрамандлик

    ёхуд «Ҳайратул аброр»даги бир ҳикоят хусусида 
     

    ✔ 1094    🕔 11:18, 27.05.2020
  • ҚОДИРИЙНИ БУЮК ҚИЛГАН УЧ МАСЛАК

    ҚОДИРИЙНИ БУЮК ҚИЛГАН УЧ МАСЛАК

    ёхуд уни таъқиб ва маҳв этган асосий куч нима эди?

    ✔ 1164    🕔 12:06, 22.05.2020
  • ЙЎҚОТИШ САБОҒИ

    ЙЎҚОТИШ САБОҒИ

    Сабоқ берган устозлар ҳақида ёзиш қийин экан. Тириклигида «Ҳали кўп яшайдилар» деб ўйлайсан, ўтгандан кейин армон қиласан. «Нега шу гапларимни тириклигида ёзмадим», дея афсусланасан. Кун кундан «ер устида танишларинг» камайиб, «ер остида дўстларинг» (Абдулла Орипов) кўпаяётганини ҳис эта борасан. Шунда ҳаёт сабоғи бир ибрат, ўлим сабоғи ҳақ эканига амин бўласан.

    ✔ 1931    🕔 14:20, 31.03.2020
  • Инсон меҳрига муҳтож айиқлар

    Инсон меҳрига муҳтож айиқлар

    Бахмал туманининг Ойқор тоғида қўнғир ва жигарранг айиқларни учратиш мумкин. Улар ҳид билиш ҳисси ёрдамида шерикларини топиб олади. 

    ✔ 1438    🕔 10:20, 13.03.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар