Адир ёнбағрида толчўплардан маташтириб қурилган қўтон. Қўтондан йигирма қадамча нарида худди шу таҳлит тикланган омонат чайла. Чайла бўсағасида тошўчоқ. Ўн-ўн бир ёшлардаги набира ўчоқ остига қаланган қуруқ ўтин остига гугурт чақади, сўнг тутай бошлаган ўтинни «пуф-пуф»лаганча ўт олдириб, устига сув тўла қумғонни ўрнаштиради.

Чўпон

Чайла тўрида тўшалган пўстакда эса олачипор соқоли кўксини ёпган, олтмиш беш-етмиш ёшлардаги, икки юзи қип-қизил, елкалари кенг, гуппи чопон кийиб, бошига кўк дастпечли катта салла ўраб олган чўпон ўтирибди. Тонг юлдузи чиққандан бери адр кезиб, пишиб етилган кузги гиёҳларни тергилаган, қорниларини беармон тўйғазган сурувни эндигина қўтонга қамашган бобо-набира, афтидан, нонуштага ҳозирлик кўришади.  

Чўпон ёнидаги жунхуржундан уч дасхирлик сопол хумчани чиқаради-да, оғзидаги латта тиқинни олиб, ичини пичоғи билан ковлай бошлайди. Кейин тиззалари остида солинган дастурхондаги тобоқларга қоқнон бўлакларидан солади, устига икки бош пиёзни тўғраб, бир чимдимдан туз сепгач, ҳалиги хумча оғзини навбати билан ҳар икки тобоқ устига пешлаб силкитади. Косалар ичига ўз ёғ-думбасига қовурилган уч-тўрт бўлакдан гўшт тушади. Бобо ўз тобоғига тушган гўштдан икки бўлагини қолдириб, қолган бўлакларни набирасига аталган тобоққа солади. Қилган ишидан қониққач, хум оғзини обдон бекитади. Сўнг пўстакка ёнбош тушганча набирасининг қумғон келтиришини кута бошлайди. Кўп ўтмай, эски латта билан «боз-боз»лаб турган қумғон бандидан тутган набира кўринади. Қайноқ сувни дастлаб бобосининг, сўнг ўзининг тобоғига қуяди. Қумғонни чайланинг пўстак ёпмаган яланг жойига қўйиб, дастурхонга ўтиради. Шу тариқа чўпоннинг шоҳона нонуштаси — «Қорачой» тайёр бўлади. Бобо-ю набира индамасдан овқатланишга тушишади. 
Бобо набираси ёшидан чўпонлик қилади. Қишин-ёзин сурув кетидан қолмайди. Қишлоққа фақат соч-соқол олдириш, ҳаммом қилиш учунгина тушади.  
Қўтонда ғуж бўлиб ётган қўй суруви бегонаники эмас, чўпоннинг ўзиники. Бир пайтлар отаси иков қўй ҳайдаган кезларда сурувлари саноғини билишмасди. Ҳафта оралатиб бир қўй сўйишар, сўнг гўштини ўз ёғига қовириб, ҳозиргидан икки-уч баробар каттароқ хумга босишарди. Нонуштага ҳам ҳозиргидек икки-уч бўлак эмас, кўнгиллари тусаганча гўшт солишарди. Шундан бўлса керак, чўпоннинг илиги тўқ. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демайди. Юргани дала-адр, егани гўшт-мой. Ҳозир ҳам сурув саноғининг юз йигирмага тушиб қолганига қараб ўтирмайди. Ҳар ой бир семиз қўйни бўғизлайди. «Есанг — ярайсан», дегич ота йўриғини маҳкам тутади. Кунида икки бор овқатланади: нонушта-ю кечки таом. Эсини танибдики, нонуштаси «Қорачой»сиз ўтмайди. Кечки овқати эса «Кўмма нон»-у товада қиздирилган гўшт. Чўпон умри бино бўлиб чой ичмаган. Ҳатто қаҳратон қишда ҳам овқатдан бир-бир ярим соат ўтказиб, тўйгунча муздек сув ичади. Бу ҳам чўпонга отамерос одат. Тонг саҳар туриб, қўйларни ёйиш олдидан таҳорат олади, бомдодни ўқигандан кейинги бир одатини ҳам сира канда қилмайди. Тоғлик асалчи ошнаси керагича етказиб турадиган гулчангдан бир отимини кафтига олиб, тил тагига ташлайди. Ўн-ўн беш дақиқада эриб битадиган гулчанг, ошнасининг айтишича, минг бир дардга даво эмиш.
Отасидан унга яна бир чўпонтаёқ, бир қўшоғиз милтиқ, бир дўмбира ҳам мерос қолган. Чўпон милтиғи ва таёғини ҳеч кимга ишонмайди. Ҳамма жойда, ҳатто ҳожатга ҳам ўзи билан олиб боради. «Яроғ – чўл-адирда йигитнинг йўлдоши эмиш». Дўмбирани отасига тақлид қилиб яхши чертса ҳам, жировликда нўноқроқ... 
Гуриллаган машина товуши чайла яқинига келиб тинди. Тобоғини эндигина яримлатган бола даст турди-да ташқари отилди. Негаки уларнинг бундай осуда, бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаш ҳаёт тарзлари ойда-йилда бир бузилмаса, бу кимсасиз адирга келадиган тирик жоннинг ўзи йўқ ҳисоб. 
Ташқаридан боланинг қувноқ овози эшитилди:
— Бобо, иккита шопир амаки келишибди, сув сўрашяпти!
— А!!? — бобо отасидан олган яна бир сабоқни эслайди. Ўзини гарангликка солади. Раҳматли отаси айтгич эди: «Синамаган отнинг сиртидан ўтма!» Адир аро изғигич, чўпон қўшига келиб-кетгич мардумнинг нияти не, бир Худо, бир келгичнинг ўзи билади. Одамзотнинг тили ҳам, юз-кўзи ҳам алдамчи бўлади. Очиқ кўз, бийрон қулоққа сир бермайди. Невара ҳам бобо сабоғини хўб эгаллаган. Илмоқни дарров фаҳмлайди. Югуриб чайлага киради-да, икки қўлини бобосининг ўнг қулоғига карнай қилиб бақиради:
— Иккита амаки сув сўраб келишибди.
Бобо чайла оғзига дориган меҳмонларга кўз тикиб, бош силкади. 
— Бери келинглар, келаверинглар. — Бобо уларга ёнидан жой кўрсатади. — Йўл бўлсин? Қайдан сўраймиз?
Меҳмонлардан паканароқ, чайирдан келган, кўзлари катта-катта, қоп-қора мўйловлари оғзини қоплагани қиёфасига мос келмайдиган йўғон овозда жавоб беради:
— Биз қўшни қишлоқдан. «Кам­АЗ»да тош ташияпмиз. Ҳозир теварак-атроф тоғ тошига дориган. Ким иморатига пойдевор, ким кўприкка қош, ким дарвозасига ёндори қилади. Тош қўпориб пули борларга сотадиганлари ҳам чиққан. Биз шуларнинг юкини ташиб берамиз. Тирикчилик. 
Набира бобога «таржимонлик» қилади. Ролини ўринлатади.
— Одамлар шу тошгаки дориган бўлса, рўзғорнинг мазаси қочган экан. Уруш йиллари бу халқ ўлимтик еган, кунжара еган, илон, калтакесак, тошбақа ҳам улардан омон қолмаган. Аммо икки нарсада ноинсофлик қилишмаган: иморати нураб кетса ҳам тоғ тошига тегмаган, бировнинг молига кўз тикмаган.
Мўйлов ёнида тоғдек бўлиб жим турган паҳлавон шериги юзига йирик кўзларини ўйнатиб қарайди. Ундан садо чиқавермагач, чўпоннинг айтганларини маъқуллаганнамо гап сўқади:
— Нимасини айтасиз, бобо! Уч ҳафта бурун икки бўз бола оға-ини тош қўпораман деб ўра остида қолди. Ковлаб олганларида кичиги ўлган, каттасининг жони ҳалқумида экан. Касалхонага етмай, у ҳам жон берди. Икки ўғилдан бирдек айрилган онанинг дод-фарёдига бутун қишлоқ йиғлади. Бири ўн етти, бири йигирмада экан, бечоралар.
— Кўргулик. Ишорат. — Ўсиқ қошларини кўтариб суҳбатдошига қарайди чўпон. — Шу ҳам одамларга сабоқ бўлмадими-а? — дея бош чайқайди хумчадан тобоққа гўшт ағдараётиб. Набира эса иккита сопол пиёла келтириб, обжўш қуяди. Пиёлалардан бирини мўйловга, иккинчисини шеригига узатади. Меҳмонлар манзират ҳам кутмай, тобоқдаги серёғ гўштларни иштаҳа билан туширишади. Паҳлавон келганидан бери илк бор оғиз очади. Унинг овози ажобтовур ингичка, ҳатто заифалар товушини эслатиши билан чол-набирани ҳайратга солади. 
— Ҳозир инсоф дейдиган замон эмас...
— Замон жойида турибди. Унга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Гап одамларда. —Чўпоннинг ўктам овози паҳлавонни тил тишлашга мажбур қилади. Мўйлов гап қаловини ўзи томон ростлайди. 
— Майли, инсофни ўзларига берсин. Энди бир дуо қилинг, бобо. Биз ҳам турайлик. Машинанинг радиатри қайнаб кетди. Бир челак сув керак эди.
Дуо қилиб, юзига фотиҳа тортган чўпон набирасига қараб дейди:
— Булар қудуқ қайдалигини билишмас. Эшагингни мин-да, акаларингга икки кўза сув келтириб бер. Йўловчига сув берган савоб, тур, болам.
Болага қўшилиб икки йўловчи ҳам ташқари чиқишади. Набиранинг эшагини «хих-хих»лаб йўлга тушгани эшитилади. Орадан бир пиёла чой ичгулик вақт ўтмай, чайла ичида кўзларини юмиб мудраётган чўпон қулоғи мўйловнинг йўғон овозини илғайди. Чамаси меҳмонлар қўтон атрофида куймаланиб гап сотишаётган эди.
— Бу қўйларни семизлигини қара. Эски чўпон-да, қўйга қарашни билади. Юздан ошиқ келади-ёв. 
Мўйловнинг йўғон овозига заифона товуш ҳам қўшилади. 
— Ҳа, юздан кўп. Ҳаммаси ўзиникимикан ёки чакана боқармикан?
— Калланг жойидами?! Чакана боқадиган чўпон хумча тўлдириб гўшт ейдими? Ўзиники. — Йўғон овоз бир нафас тин олиб қўшимча қилади: — Бу бобой битиб кетган бойга ўхшайди. Қўйни тўла қизилидан бўлса ҳам ажаб эмас.
— «Қуруқ қошиқ оғиз йиртар», деган. Гапни қўйгину шу қўтондан бир қўчқорни қандай чолиб кетишни ўйла, бача. — Заифона овоз мудраб ўтирган чўпонни сергак торттиради. Йўғон овоз шеригини узиб олади. 
— Жасадинг ҳўкизча бўлса ҳам, қийча ақлинг йўқ. Энди бир қўчқорни деб аристон бўлишимиз қолувди. Отам айтарди: «Ўғирлик қилсанг, майда-чуйдага қараб ўтирма. Ўмарганинг бир томонингни обод қилмас экан, ҳаром тутиб қўл булғама!»
— Доно бўлсанг, айт бўлмаса. Нима қиламиз? Ўновини босамизми? Айтавер, хотинни саннашидан жоним бўғзимга келган. Ҳаммасига тайёрман.
— Бу чўпон кар-ботил бўлса ҳам айёр кўринади. Ёнидаги қўшоғизни ҳам кўрдинг. Сезиб қолса тикка отади. Катта ишга режа керак.
— Ўша режангни сўрайман-да, энағар мўйлов, — чийиллайди заифона овоз.
— Гап бундай, — ўсмоқчилайди йўғон овоз. — Ҳозир ҳеч нарса билмагандек хайр-маъзур қилиб жўнаймиз. Чўпонда шубҳа уйғотмаслик учун болага шу охирги рейсимиз деймиз. Шу яқиндаги «Бургуттоғ» орқасига машинани қўйиб, кечаси соат иккида чўпон чайласини одам-подами, ашқол-дашқолига қўшиб, «КамАЗ» билан янчиб ташлаймиз. Кимсасиз адир. Ҳеч ким билмайди. Қарабсанки, бутун сурувни кузовга ташлаб, қўшни тумандаги мол бозорида пайдо бўлиб ўтирибмиз-да. Нима дединг, ҳўкиз?!
— Ўзинг сичқондек бўлсанг ҳам, ақлинг филча сен баччани, — заифона овоз шеригини алқаб туриб чандиб олади. 
Атрофни заиф-йўғон кулги товуши тутади. Шу орада узоқ-узоқдан сув келтириб, ўз кушандаларидан савоб умид қилган набира кўринади. Улар болани мақтай-мақтай «КамАЗ» радиаторига сув қуйишади-да, мезбонлар билан хайр-хўш қилиб жўнаб кетишади. 
Ўз ишидан мамнун чайлага кирган набира бобосининг дўмбира чертиб, қадим бир жангномани хиргойи қилаётгани устидан чиқади. Чўпоннинг дўмбира устига эгилган боши, кўксига сиқилиб ёйилиб кетган соқоли унга ҳамлага шайланаётган арслон қиёфасини беради. Дўмбира дукури, чўпон хиргойиси дам сайин асл жирловга дўниб боради. Жировнинг ёниқ кўзлари бир нуқтага тикилган, авж пардада куйлайди. Ҳатто қаршисида жовдираб турган набирасини ҳам сезмайди. Набиранинг ўткир нигоҳи бобонинг оқ тушган кипригига осилиб қолган ёш томчисини илғамай қолмайди. Бободан савол сўраш у ёқда турсин, чайлада қолиш-қолмаслигини билмай, бир сония тек қотади-да, отилганча ташқари чиқиб кетади. Кун қайтиб, сурув ҳайдаладиган вақт келгунча ичкаридаги садо бир марта, унда ҳам чорак соатга, пешин намози вақтида тинади. Сўнг бобо-набира сурувни ҳалиги қудуққа элтиб суғоришади, кейин эса адир бўйлаб ёйиб юборишади...
Кун ботиш арафасида сурув яйловдан қайтади. Аср намозини яйловда ўқиган бобо бомдодда олган таҳорати билан шомга туради. Бу пайт набира кечки овқатни тайёрлайди. Дастурхон устида на бобо, на набирадан бирор садо чиқади. Набира чайла бурчида йиғилган ўрин-кўрпаларни бир-бир олиб, ётиш учун жой ҳозирлашга киришгандагина бобо сукунатни бузиб дейди:
— Бугун очиқ ҳавода ётамиз, болам. Тўшакларни қўтон ортидаги дўнглик томонга олиб боравер.
Набира бобонинг одатдан ташқари буйруғидан ҳайрон қолса ҳам, лом-мим демайди. Кўрпа-тўшакларни елкалаганча айтилган жойга йўл олади. Чайлада қолган бобо аввал иккита пўстакни думалоқлайди, чайла саҳнига одам шаклига солиб «ётқизади», сўнгра уларнинг устига кигиз ташлайди. Ташқаридан қараган одамга чайла ичида икки одам ухлаб ётгандек кўринади. Чўпон бурчакка таялган қўшоғиз, таёқ ва дўмбирани олади-да, набира кетган томонга жўнайди. Етиб бориб, набира тўшаб қўйган ўринга чўзилади. Милтиқни ўнг, таёқни чап томонига қўяди. Осмондаги юлдузларни санаб ётган набиранинг бободан гап сўрашга журъати етмайди. Сал ўтмай унинг бир текисда пишиллагани эшитилади. Бобо бугун чайлада бошлаган жирини кўнглида давом эттиради. Уйқу ва хаёлни ёнига яқин йўлатмайди. Ҳеч гапдан бехабар набира эса нималарнидир гапириб алаҳлайди, дам қиқирлаб кулади, дам ғўлдирайди, дам тўлғаниб, дам тамшаниб қўяди...
Чўпон жири бўлса бир лаҳза ҳам тинмайди. Ниҳоят олис йўл зулматини аждарнинг кўзидек иккита оловли тиғ ёриб чиқади, чўпон чайласи томон шитоб билан яқинлашиб келади. Чўпон жири авж нуқтасига чиқади. Қўшоғиз бўғзига ўқ қадалади...
Чўпон тажрибали жангчидек пистирма мўлжалини аниқ олган эди. Йўл бўйлаб сурон солиб келган «КамАЗ» фаралари қўтон ортидаги одамларни ялаб-да ўтмайди. Ўкирганча, бутун ғазаби ва залвори билан чайла устига босиб боради. Чайланинг қуруқ толчўпларини қарсиллатганча қоқ белида тўхтайди, орқа-олд юришини қилади. Кўнгли тўлмайди чоғи бир томон оёғини ерга тираб жойида гир-гир айланади. Сўнг қўтоннинг ўнгай томонига қизил кўзларини тикканча тўхтаб, қанот ёзади. Қанотлар остидан икки оёқли қўш кўланка тушади-да, қўтон томон сирғала бошлайди. Орқама-кейин суринаётган икки кўланка туянинг қўш ўркачини эслатади. Шу пайт «КамАЗ» чироғидан ҳуркиб бир жойга ғуж бўлган сурув орасида дам чиқармай ётган қўшоғиз икки совлиқ орасини ёриб бош чиқаради. Дастлаб бир, лаҳза ўтмай иккинчи оғзидан ўт сочади. Туя ўркачининг аввал йириги, сўнг кичиги қулайди. Қўшоғиз шу қадар шиддат, шу қадар ғазаб билан ўт сочадики, кўланкалардан ҳатто «иҳ» деган товуш чиқмайди. Қўрқувдан пароканда бўлган сурув оралаб сургалиб кетаётган қўшоғиз излари на ҳамон беозор пишиллаганча ухлаётган набира томон, на бу ердан чироқлари-да кўринмайдиган қишлоқ томон йўл солади. Тамом бошқа ёққа — одамлар «туман маркази» деб ном қўйган манзил томон чўзилиб кетади...
Саҳарлаб уйғонган набиранинг тийран нигоҳлари, чайла белида, хира чироқларини ҳамон қўтон сари тикиб турган «КамАЗ»ни, машинадан ўн-ўн беш қадам берида чўзилиб ётган кечаги «меҳмонлар»ни, номаълум томонга қараб янги из солган икки хира чизиқни бехато илғайди...     

Ҳабибуллоҳ ҲАЙДАР




Ўхшаш мақолалар

Илон ютган бола

Илон ютган бола

🕔11:09, 27.05.2020 ✔92

(Бўлган воқеа)

Офтоб қайтса ҳам ҳаво қайнаб кетди. Устига-устак уч-тўрт кундан бери ҳаво анча иссиқ. Ўтган ҳафта ёмғир ёғиб, пайдар-пай туман босиб салқин шабада эсган эди.

Батафсил
ОЧКЎЗАН

ОЧКЎЗАН

🕔11:08, 27.05.2020 ✔93

Туянинг ўркачини эслатувчи, тўлқинсимон қир-адирларда кўклам нафаси сезилиб қолди. Қуёш ер остидаги турфа майсаларни «қулоғидан тортиқилаб» ташқарига судраб чиқаза бошлади. Тўрғай бир жойда учмасдан қотиб туриб, чинқирганича қўшиқ куйлайди. Сал нарида очкўзан зўр бериб ин қазияпти.

Батафсил
Бўрибосар

Бўрибосар

🕔12:02, 22.05.2020 ✔171

Қорлар эриб, баҳор нафаси уфуриб қолган ойдин кечаларнинг бирида сомонхонадан ит болаларининг ғингишгани эшитилди. Фермер Рустам амаки ошиқиб шу томон йўналди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Илон ютган бола

    Илон ютган бола

    (Бўлган воқеа)

    Офтоб қайтса ҳам ҳаво қайнаб кетди. Устига-устак уч-тўрт кундан бери ҳаво анча иссиқ. Ўтган ҳафта ёмғир ёғиб, пайдар-пай туман босиб салқин шабада эсган эди.

    ✔ 92    🕔 11:09, 27.05.2020
  • ОЧКЎЗАН

    ОЧКЎЗАН

    Туянинг ўркачини эслатувчи, тўлқинсимон қир-адирларда кўклам нафаси сезилиб қолди. Қуёш ер остидаги турфа майсаларни «қулоғидан тортиқилаб» ташқарига судраб чиқаза бошлади. Тўрғай бир жойда учмасдан қотиб туриб, чинқирганича қўшиқ куйлайди. Сал нарида очкўзан зўр бериб ин қазияпти.

    ✔ 93    🕔 11:08, 27.05.2020
  • Бўрибосар

    Бўрибосар

    Қорлар эриб, баҳор нафаси уфуриб қолган ойдин кечаларнинг бирида сомонхонадан ит болаларининг ғингишгани эшитилди. Фермер Рустам амаки ошиқиб шу томон йўналди.

    ✔ 171    🕔 12:02, 22.05.2020
  • Дарбадар

    Дарбадар

    Ота ўғилга Абдулбоқий деб исм қўйди. Ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиб, «сенинг исминг Абдулбоқий, сенинг исминг Абдулбоқий» дея шивирлаган, «умрингу ризқинг, дунёю охиратдаги саодатинг боқий бўлсин» дея ният қилган тиллар орадан ўн олти йил ўтиб «йўлда бўл-чўлда бўл, ўлигинг кўчада қолсин», деган дуойибад калимасини айтиб юборди... Дуо ижобат бўлди. Ўғилнинг умри дарбадарликда ўтди, ўлиги кўчада қолди, майитга эга, жаноза ўқиш учун масжид топилмади...
     

    ✔ 173    🕔 11:52, 22.05.2020
  • Чўпон

    Чўпон

    Адир ёнбағрида толчўплардан маташтириб қурилган қўтон. Қўтондан йигирма қадамча нарида худди шу таҳлит тикланган омонат чайла. Чайла бўсағасида тошўчоқ. Ўн-ўн бир ёшлардаги набира ўчоқ остига қаланган қуруқ ўтин остига гугурт чақади, сўнг тутай бошлаган ўтинни «пуф-пуф»лаганча ўт олдириб, устига сув тўла қумғонни ўрнаштиради.

    ✔ 92    🕔 11:24, 22.05.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар