Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Журналистларга мактуб: БИРЛАШИШ ФУРСАТИ

Замон интернетники дегувчилар – хато қиласиз! Биринчидан, тармоқ соҳиби сиз эмассиз! Иккинчидан, сайтларни юртимизнинг баъзи ҳудудларида ҳозирча ўқий олмайдилар! Пандемия даврида масофавий таълим бежизга телевидениега берилмагандир. Қолаверса, сайтдан материалларни олиб ташлаш унчалик муаммо эмаслигини ҳамма кўрди…
 

Журналистларга мактуб: БИРЛАШИШ ФУРСАТИ

Энг яхшиси теле, радио дегувчилар – сиз ҳам хато қиласиз, чироқ ўчса, қилган меҳнатингиз ҳаво мавжларида йўқолади!
Энг яхшиси матбуот дегувчилар ҳам катта хато қилади! Буни бугунги аҳвол кўрсатиб турибди – қоғоз ҳам, газетани босувчи ускуна ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилмайди! Устига-устак, қоғоз олиб келиш корчалонлар қўлида…

Шундай экан, кучни бирлаштириб, биримиз бош­қамизнинг камчиликларимизни тўлдириб, халққа янгиликларни етказиш, муаммоларни муҳокамага олиб чиқиш, маърифат тарқатиш, алалоқибат, юрт равнақига ҳисса қўшиш муқаддас вазифамиздир.
Ҳолбуки, ёзишга мавзу тополмай қолган ОАВ турлари журналистлари бир-бирини «ғажиш»га киришади. Озгина устунлигини пеш қилиб, ҳамкасбини пастга ураётган журналистни дунёқараши кенг, фидойи дейиш мумкинми?
Албатта, ҳаммада камчилик бор. Қайсидир сайт ўз «тупугини қайтиб олди» (келишди). Газетчилар «уларни иқтисодий манфаат бирлаштирди», дея устидан кулдикми? Кулдик. Хўп, танқид қилинган тараф уларни «сотиб олибди», адолатни тиклаш, ҳеч йўқса, орият устун келиб, ўша сайтдан кетган журналист ҳурматига нега мавзунинг таҳлилини охиригача етказмадик? Журналистларни ҳақорат қилишга баъзи пулдор-у амалдорларга ким ҳуқуқ берганди?
Ёки бошқа оддий мисол. Тошкент шаҳридаги «Матбуот уйи» муаммосини (бинонинг бир неча қавати сотувга қўйилган) ЎзА журналисти кўтариб чиқди. Лекин сайтларда ишлайдиган журналистлар ёрдамга келдими? Келмади, чунки улар босма ОАВга бошқача назар билан қарашади («ўтмиш маҳсулоти»)… Гап-сўзларга қараганда, қайсидир йили бир ташкилот катта миқдорда (Тошкент шаҳри озиқ-овқат захирасига) пиёз сотиб олиш учун банкдан қарзга маблағ (миллиардлар ҳақида гап кетмоқда) олган ва нотавонлар (камина ҳам улар қаторида) ишлайдиган шу бинони гаровга қўйган. Айтишларича, харид қилинган пиёз «чириб кетган», банк эса берган пулни қайтариш учун бинони сотишга ҳаракат қилмоқда. Ҳар олти ойда бир бор суд қарори чиқади, журналистлар яна фарёд кўтаради, Президентга ёзади, савдо тўхтатилади. Бироқ банк пулини қайтиб олиши керак-ку! Яна судга мурожаат такрорланади…
Аслида, банкдан олинган пул эвазига харид қилинган пиёзлар чириганини, унинг сассиғига чидай олмаган омборхона мудирлари маҳсулотларни қаёққа чиқариб ташлашгани, неча машинага юк бўлгани, йўлпатта-ю актларга ким имзо чекканини қайси нашр текшириб кўришга, журналистик суриштирув ўтказишга ҳаракат қилиб кўрди? «Шу каби муаммоларни кўтармаган газетани раҳбарлар ўқийдими?» дея ҳақли равишда устимиздан кулишмоқда…
«Масалан, мен деярли газета ўқимайман, охирги марта қачон ўқиганимни ҳам эслай олмайман», деган раҳбардан хафа бўлишдан не наф? «Автотест»нинг монополиясига қарши фикрлар айтилавергач, унга чек қўйилди. Лекин газеталар «бу қарорни чиқаришда кимлар иштирок этганди? Хусусий ташкилот қандай қилиб тендерсиз бу мавқега эга бўлди? Кимлар унинг манфаатини ҳукумат миқёсига олиб чиқди? Ниманинг эвазига?» сингари саволларни қалаштириб, масаланинг охирига етишлари керак эди. Ахир қанчадан-қанча ташкилотлар, жумладан, мен билган ҳайдовчилар маблағ тўлаб ўқишди, лекин «Автотест» берган ҳужжат бир пулга қиммат бўлиб қолаверди. Мана шу муаммоларни охиригача кўтариб, суриштирув ўтказиб, уларни ҳушёрликка чақириб турганимизда, «аҳён-аҳёнда бўлса ҳам газета ўқиб турибман», дея олдирган бўлардик.
Айб ўзимизда!.. Менда!..
Бугунги оғир кунлар, худо хоҳласа, албатта, ортда қолади. Энди ҳаётга бошқача қарашимиз табиий. Лекин вужудга келадиган янгича тартибларга тараққиётимизга тўсиқ бўладиган коррупционерлар-у муттаҳамлар мослашмайди, дея ким кафолат бера олади? Улар билан ким курашади? Тегишли органларнинг иши,    дея кўрманг. Агар шундай бўлганида эди, айни пайтда жаҳон аҳли адолат салтанатида яшаган бўларди. Иштаҳаси юҳоларнинг нотўғри қадамларини ОАВ айтиб, ҳушёр торттириши, бундай уддабурроларни тийилишга мажбур қилиб туриши шарт! Бу фикрни дунёни бўлиб олишга интилаётган, яна ўзини демократман, маданият ташувчисиман, деб айюҳаннос солаётган зўравон юртлар олимлари (ҳукмдорлари эмас!) ҳам таъкидлашмоқда, журналистлари имкони доирасида курашяпти ҳам.
Шундай экан, янада майдалашиб, ўзимиз билан ўзимиз курашга тушиб кетмаслигимиз зарур. «Бўлиб ташла ва эгалик қил», деган ақидани журналистларга нисбатан ишлатганда, бугунги кун «учар»лари, коррупционерлари учун қўл келади.
Албатта, шу мавзуда холис фикрларини билдираётган мутахассисларнинг газеталар ривожи учун таклифлари ва эътирозларига қўшиламан. Бироқ бир жиҳатни унутмаслигимиз керакки, Ўзбекистоннинг бугунги иқтисоди, ишлаб чиқариши хорижники каби ривожланиб кетган эмас. Муаммонинг фурсат ва шижоат билан боғлиқ залворли сабаб ва омиллари бор. Бу ҳақда бир неча бор фикр билдирганмиз.
Тоталитар жамиятдан демократик жамиятга ўтиш даврида барча ОАВлар барибир қўллаб-қувватланиши керак, акс ҳолда, бу ишни турли грантлар ёрдамида бошқа халқаро ташкилотлар ўз зиммасига олади ва унинг оқибати ҳар доим ҳам мамлакатга хизмат қилмаслигини рангли инқилоблар бўлиб ўтган юртлар мисолида кўришимиз мумкин.
Аҳоли маърифати билан шуғулланадиган «Маърифат», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Жамият», «Оила даврасида», «Оила ва жамият»; ҳуқуқий манфаатни ҳимоя қиладиган «Ishonch», «Ёшлар овози» сингари нашрларга капитализмнинг қаттиқ талабларини бугунги кун, яъни ўтиш даврида татбиқ этиш қанчалик тўғри? Айниқса, болалар нашрлари аҳволи кишининг юрагини ўртайди…
Бир куни ҳамманинг боласи каби 7 яшар қизим аллақандай ширинлик олиб келишимни сўради (номини ёзиб берди). Бир-икки дўконларга кириб сўрадим, сотувчилар елка қисишди. Ҳар гал уйга қайтганимда, «буюртмам қани» дегандек мўлтираб қарайди қизалоқ. Унақаси йўқ экан болам, десам, кўнмайди. Хуллас, бундай ширинлик борлигини қаердан эшитганини сўрадим. Хорижнинг болаларга ихтисослашган каналидаги рекламада кўрган экан. Янги номдаги ширинлик Ўзбекистонгача етиб келмабди, чоғи, унга тушунтиргандим, кўна қолди. Бу мисолдан мурод не? Бола ширинликни яхши кўради. Унинг таъми бор.
Газета ёки журналнинг қандай таъми бор? Маънавий мазаси бор, албатта. Лекин рекламада уни болага тушунтириш мумкинми? «Мумкин, қаловини топса, қорни ҳам ёндирса бўлади», дерсиз. Ундай реклама бериш учун болалар нашрларида маблағ етарлими? Пул ҳам топилди ёки ижтимоий ролик қилиб, телевидение тарғиб ҳам қилди, дейлик. Унда болани матбуотга ким ва қандай қилиб ошно этади?
«Ривожланган давлатларда мактаб бола тарбияси билан шуғулланмайди», дегувчиларга жавобимиз – уларнинг ота-оналари иш билан таъминланган. Ота-онанинг маънавий аҳволи хароб ёки тирикчилик илинжида ўзга юртларда юрган бўлса-чи? Бунда миллатнинг болаларини ким тарбиялайди? Ўқишга ўргатиш ҳам тарбиянинг бир қисми эмасми? Худди шу ўринда халқ таълими масъулиятни зиммасига олиши керак! Шунинг учун ҳам ХАЛҚ таълими дейилади. Акс ҳолда, бу улуғ номни ўзгартиришга тўғри келади…
Шунинг учун тарбиянинг ажралмас қисми бўлган болалар нашрларига обуна масаласи ўқитувчилар томонидан тушунтирилиши, бу ишда таълим бўйича туман ва бошқармалар, вазирлик мутасаддилари бундай тарғибот билан шуғулланган ўқитувчи-ю мактаб директорига тазйиқ ўтказишни бас қилиши, ҳокимлик, ҳукумат бундай эзгу ишларга ҳомийларни ва бошқа чораларни қўллаган ҳолда бош бўлиши шарт. Ваҳоланки, бола она қорнидан китоб ўқишга тайёр ҳолда туғилмайди. Ҳар қандай китобни ўқитишдан аввал газета ва журнални варақлатиб, кичик-кичик шеъру ҳикоя, хабар ва мулоҳазаларни ўқитиб, мутолаага, албатта, мустақил фикрлашга ўргатилади. Бу ҳаракатимиз билан қишлоқдаги интернет тармоғига уланиш у ёқда турсин, телефон олишга қурби етмайдиган оилалар фарзандларига мутолаа маданиятини шакллантирган, ўйлашга, фикрлашга, ўз йўлини топишга сафарбар қилган бўламиз. Бу масалада «бозор талабидан келиб чиқиб кунларингни кўринглар», дейиш мутлақо нотўғридир. Шу гапни айтганлар манқуртдир.
Яна бир бор таъкидлаймиз: болаларимизни ОАВнинг барча турларидан фойдаланишга, фикрлаш, баҳс маданиятини шакллантиришга, муносабат билдиришга, уларда иштирок этишга ўргатишимиз шарт. Ижтимоий тармоқда қўйилаётган масала (пост)ларга берилаётган изоҳларга эътибор қаратинг – фикрлаб, муаммога чуқурроқ кириш керак бўлган пайтда қисқа ва лўнда ҳақоратга ўтилади. Нега? Чунки фикрлаш, баҳслашиш одоби, кўникмаси йўқ! Бу муаммо ҳақида давлатнинг қайсидир тузилмаси мутасаддилари ўйлаши ва уни бартараф этиш чораларини кўриши керак-ку!
Хулоса ўрнида ўзбек интернет сайтларининг сўнг­ги пайтларда ҳақиқий ахборотни тезкор тарқатиш бўйича илғорлигини таъкидлаймиз. Телевидение, жумладан, Халқаро пресс-клубнинг тўғридан-тўғри кўрсатаётган ва бошқа «ток-шоу»ларда кўтарилаётган баҳс-мунозараларини ҳам эътироф этиш адолатдан бўлади. Радиожурналистлар ҳам долзарб муаммоларни кўтариб чиқишга ҳаракат қилишмоқда. Улар қаторида охирги уч йилда аксар газеталар мутлақо ўзгараётганини ҳам тан олиш керак, бунинг учун уларни ўқиш, кўтарилган муаммоларни бошқа ОАВ турлари ҳам жамоатчиликка, ҳокимиятга кўрсатишга кўмак бериши зарур. Ахир ҳаммамизнинг ниятимиз эзгулик-ку!
Мустақилликнинг дастлабки тўрт йилида худди шундай кўтарилиш бўлганини тарих кўрсатди. Кейин…
Шу ўринда ана шу тўрт йилликни 229 йил аввал бошидан кечирган АҚШ тажрибасига тўхталамиз. Ушбу давлат конституцияси 1787 йилда қабул қилингач, дастлабки тўрт йил натижаси ўлароқ (1791 йили), унга «Биринчи тузатиш» («First Amendment») киритишга мажбур бўладилар. Тузатиш мазмуни – АҚШ Конгресси сўз ёки матбуот эркинлигини, халқнинг тинч йўл билан йиғилиши ва ҳукуматга шикоятлари бўйича арз қилиши, диний эътиқод ҳуқуқини чеклайдиган бирорта ҳам қонун қабул қилмаслиги тўғрисида шарт белгиланади. Биз суҳбатлашган америкалик мутахассиснинг таъкидлашича, бу тўрт йиллик воқеа-ҳодисалар, жумладан, партиялар кураши, динлар, ирқлар ўртасидаги келишмовчиликлар, айниқса, муайян бир гуруҳнинг ҳокимиятни эгаллаб, ўз манфаати учун кураши, бугунги тил билан айтганда, коррупциянинг олдини олиш учун ана шу асосий эркинликларга тўсқинлик қиладиган ҳар қандай қонунларни қабул қилиш тақиқланди ва натижада, АҚШ қудратли давлатга айланди.
Айни пайтда биз ҳам жуда масъулиятли, миллат равнақи учун бирлашадиган даврга қадам қўймоқдамиз. Бу бир-биримизга таъна тошлари отиш эмас, балки демократик эркин жамият қуришдаги ҳаёт-мамот фурсатидир.
Ҳалим САЙИД,
журналист




Ўхшаш мақолалар

БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

🕔11:22, 27.05.2020 ✔255

2022 йилда аҳоли рўйхатга олинади, бу нима учун керак?

2022 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ўтказилади. Бу муҳим жараёнга тайёргарлик кўришнинг ҳуқуқий асослари шаклланмоқда.

Батафсил
ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

🕔11:16, 27.05.2020 ✔97

Муҳокама қандай ўтди ва нималарни кўрсатди?

Адлия вазирлиги томонидан шу йил 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ниҳоясига етди.
 

Батафсил
ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

🕔11:14, 27.05.2020 ✔97

Яқинда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг ОАВ учун брифингда бутун бир халқнинг она тилига нисбатан беписандлик ва беҳурматлик билан билдирган муносабатини ўқиб, беихтиёр «уятсизлик ҳам эви билан-да» деган гап кўнглимдан ўтди.
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

    БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

    2022 йилда аҳоли рўйхатга олинади, бу нима учун керак?

    2022 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ўтказилади. Бу муҳим жараёнга тайёргарлик кўришнинг ҳуқуқий асослари шаклланмоқда.

    ✔ 255    🕔 11:22, 27.05.2020
  • ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

    ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

    Муҳокама қандай ўтди ва нималарни кўрсатди?

    Адлия вазирлиги томонидан шу йил 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ниҳоясига етди.
     

    ✔ 97    🕔 11:16, 27.05.2020
  • ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

    ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

    Яқинда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг ОАВ учун брифингда бутун бир халқнинг она тилига нисбатан беписандлик ва беҳурматлик билан билдирган муносабатини ўқиб, беихтиёр «уятсизлик ҳам эви билан-да» деган гап кўнглимдан ўтди.
     

    ✔ 97    🕔 11:14, 27.05.2020
  • ЯНА МАТБУОТ МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА

    ЯНА МАТБУОТ МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА

    ёхуд ҳукумат қароридан кўзланган асл мақсад нима?

    Босма оммавий ахборот воситалари, асосан газеталарнинг келажаги керак-керак эмаслиги ҳақидаги муҳокамалар кетаётган шу кунларда ҳукумат порталига бир қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

    ✔ 321    🕔 12:10, 22.05.2020
  • Қинғир ишлар виждондан бошланганда

    Қинғир ишлар виждондан бошланганда

    ёхуд «учиб кетган том», «ўпирилган дамба»  бизни нимадан огоҳлантирмоқда?

    ✔ 99    🕔 11:34, 22.05.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар