Даромад манбаи      Бош саҳифа

«ТОМОРҚАГА ЖАРИМА» – МУАММОГА ЕЧИМ БЎЛАДИМИ?

Шу кунларда томорқа ерларидан унумли фойдаланмаган фуқароларга жарима қўллаш борасидаги масала кенг муҳокама қилинмоқда.
 

«ТОМОРҚАГА ЖАРИМА» –  МУАММОГА ЕЧИМ БЎЛАДИМИ?

Гап шундаки, жорий йил 14 апрель куни «Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» Ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, туман (шаҳар) ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги экин турларини ва етиштириладиган маҳсулот прогноз кўрсаткичларини маҳалла фуқаролар йиғини кесимида белгилашни назарда тутувчи қарорлари қабул қилинади. Ушбу қарорларда, шунингдек, томорқасига экин экмаган ер эгасига ер солиғини оширилган ставкада қўллаш масалалари назарда тутилади.
Шунингдек, экин экмаган томорқа ер эгаларини маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Шунга мувофиқ «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бу билан эса томорқа ерлардан унумли фойдаланмаганлик учун маъмурий жавобгарлик қатъийлашади.
Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда ушбу масала юзасидан чиқишлар, баҳс-мунозаралар бўлмоқда. Қуйида ушбу мақолалардан бирини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик. Албатта бу таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди. Агар сиз ушбу масала юзасидан бошқа фикрда бўлсангиз, марҳамат, газетамиз минбар ажратади.

Таҳририят

Янгиликни эшитдингизми? «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексининг 65-моддасига қўшимча киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилибди. Бу нима дегани биласизларми? Бу – халқ учун коронавирусдан ҳам хавфли хатар дегани. Сабр-бардошли бу халқ коронавирусни енгади албатта. Аммо солиқ тўлаб келаётган ери учун жарима тўлаш – коронавирусдан қутилган халқ учун жуда оғир бўлади. Шундоқ ҳам «нотўғри босилган ҳар бир қадам» учун жарима тўлаяпмиз. Энди эса «босилмаган қадамлар» учун ҳам жарима тўланадими?
Халқ депутатларимизни шу учун сайлаганмиди? «Биз сени депутат қиламиз, сен биз учун янги-янги жарималарни жорий қиласан, шу орқали биз давлатимизга қўшимча даромад келтирамиз. Бўлмаса давлатга қандай пул тўлашни билмаётган эдик» деган умидда депутат сайловига чиққанмиди одамлар?
Қишлоқда туғилиб ўсган, томорқада меҳнат нималигини татиб кўрган киши  сифатида деҳқонларнинг ҳаётини яна бир бор кўз олдингизда гавдалантиришга ҳаракат қиламан:
Аввал ўйланг, қишлоқда деҳқончилик қилаётган одамлар қандай ишлаяпти экан деб. Унинг фақат ери бор. Ер ҳайдаш учун на бир трактори, на бир транспорти бор. Сольярканинг баҳоси 7 минг сўм. Сиз шошилманг, сольярканинг баҳоси фалон пул деб айтишга. Қоғозларда қанча қилиб белгилаб қўйилганини билмадиму, мен реал ҳаётдаги деҳқон сотиб оладиган сольярка нархини айтяпман. Бу деҳқоннинг уруғ сотиб олишга маблағи йўқ. Кредит олмоқчи бўлса, банкларимиз «ўлиб кетган бобосининг ўлганлиги ҳақида гўрковдан ҳам справка» талаб қилади. Кредит олмоқчи бўлган деҳқон бир йил банкирнинг изидан югуриши керак. Албатта, «Банкнинг ўз тартиб-қоидалари бор-да» демоқчи бўлаётгандирсиз ҳойнаҳой. Аммо ўша тартиб-қоидалар фақатгина бир томоннинг манфаатини кўзлаб чиқарилган. Бу ҳам бўлса – банк манфаати. Банк бошқарувчиларининг бирдан-бир қоидаси бор: кейин ўзлари югурмаслиги учун пулни пули борга беради.

«Қўй кўрмаган қува-қува ўлдиради»

Экинини бир амаллаб экиб олган деҳқон кейинги азобларга тайёр туриши керак. Яъни энг катта масала, бу – сув муаммоси. Қишлоқлардаги жанжалларнинг кўпчилиги сув талашиш оқибатида келиб чиқишини шаҳарлик раҳбарлар қайдан билсин? Кечқурун ухламасдан ўнлаб километрдан пиёда бориб сув ҳайдаб келади, бечора деҳқон. Сув томорқасига келгунича йўлда яна қанчаси билан «қир-пичоқ» бўлиши керак. Бундай жанжалларни ёшлигимда кўп бора ўзим кўрганман. Ҳаттоки, ўзим ҳам сув талашиб бошим ёрилган. Ўзим ҳам қанчасининг бошини ёрганман. Яхшиямки, деҳқон халқи танти, кечиримли бўлади. Акс ҳолда қамалишлар сони ортган бўларди. Қисқаси, Худо кўрсатмасин, агар шу қонун кучга кирадиган бўлса, одамлар жарима тўлашдан қочиб билмадим нималарга қўл уради...
Биз ёшлигимизда сув талашиб, уришиб юрган вақтларда чироқ ҳам бўларди. Ҳозир қишлоқларда шу ҳам йўқ. Айни вақт артизан қаздириш учун маблағ топилган билан артизаннинг умуман фойдаси йўқ. Чунки, биринчидан артизан учун қишлоқларда электр муаммо. Ҳозирда қишлоқларда «свет ўчдими» дейишмайди, «свет келдими» деб сўрашади. Иккинчидан, экин-тикин учун ер остидан чиққан сув оқиб келадиган сув каби фойдали бўлмайди. Буларни шинамгина офисларда ўтирган раҳбару депутатлар қайдан билсин? «Қўй кўрмаган қува-қува ўлдиради» деб шунга айтсалар керак-да.
Булар деҳқоннинг хор бўлгунича бўлган асосий муаммолар.

Катта шаҳарларга сиғмаган деҳқон

Бир амаллаб ҳосилини йиғиштириб олган деҳқоннинг олдида энг катта муаммо пайдо бўлади. Яъни уни сотиш керак.
Деҳқон ҳосилини йиғиштириб олгач, фалон пулга юк машинаси гаплашиб шаҳарга қараб йўл олади. Уни эса нархни калта бичувчи олибсотарлар қарши олади. Бу профессионал калта бичувчилар минг бир усул билан суф-куф қилиб кетказган харажатини қўлига тутқазиб юборишади. Деҳқон эса ўзининг пули чиққанига шукр қилиб оиласи бағрига қайтади. Аммо келгуси йили ҳам шундай жон бериб ишлашга унда ҳафсала қолдимикан – гап мана шунда!
Бундай вазият бўйича, хўш ким айбдор? Мана шунинг ҳам бир учи депутатларга тегмайдими? Негаки, мавжуд қонунларимиз деҳқон маҳсулотини эмин-эркин сотишига йўл қўймайди. У шаҳарга олиб келган билан қаерга олиб боради? Албатта жойлари олғирлар томонидан бир умрга банд қилинган бозорларга-да. Шаҳарнинг хоҳлаган жойига олиб бора олмайди. Ундай қилса, «участковой» чопиб келади уч кундан ортиқ турганинг учун жарима деб, изидан яна бир ташкилот пайдо бўлади санитарияга тўғри келмайди деб… Ҳаттоки, ЙПХ ходими ҳам транспортининг камчилигини топиб, жарима қилиб кетади.
Буларнинг барчаси айримлар учун бўрттирма бўлиб туюлиши мумкин. Аммо шундай ҳодисаларни бошдан ўтказганлар ҳозир томорқасида ишлаб ётибди.

Меҳнатнинг баҳосини ким белгилайди?

Шу кунларда «картошканинг нархи кўтарилиб кетди, пиёзнинг нархи фалон экан» дея айюҳаннос солаётганларни кўп учратяпмиз. Меҳнатни деҳқон қилади-ю, нархни тўрт девор орасидан чиқмаган шаҳарликлар белгилаши керакми? Деҳқон ҳам меҳнатининг роҳатини кўришга ҳақли. У ҳам ўзи эккан, йиғиштирган маҳсулотини эркин нархлашга қонуний ҳаққи бор. 
Деҳқон ҳам картошкани осмондан тайёрини териб келмайди. У бюрократларнинг изидан йиллаб чопиб ер олади, сольяркани сотиб олиб ҳайдатади. Уруғни қарзга олади, экиб, сувни кимлар биландир талашиб суғоради, картошкани уч маротаба тагини юмшатиш керак. Ниҳоят машина гаплашиб шаҳарга олиб келади. Бозорга кириш учун белгилаб қўйган отнинг калласидай суммани бериб киради. Бир амаллаб сотади. Энди ўйлаб кўринг. Картошканинг нархи қанча бўлиши керак? 2-3 мингми? Йўқ, шаҳардаги айрим шахслар учун картошка текиндан сал қиммат бўлса, шуни ҳам ноинсофлик дейди. Агар уйига текин олиб келиб берсангиз, нега кеч келдинг деб уриб-сўкиб ҳайдайди.

Ўтган йиллари айрим жойларда картошка арзонлигидан деҳқонлар транспортга ортиб бориши қопламаслигини билиб чорвага едирганини биламан. Энди бу деҳқон қандай қилиб, картошка экади? Қандай қилиб томорқага кўз тикади? Энди у кўпчилик қатори иш излаб хорижга кетади. Энг мақбул йўл ҳам шу. Агар астойдил суриштириб кўрсангиз, Россияда ишлаётган ўзбекларнинг ярмидан кўпи деҳқончилик ортидан банкрот бўлганлар.

Бу дарднинг давоси бор, фақат хоҳиш керак

Олдин ўзимизнинг имкониятларимизни тақиқлаб, кейин энг пастдаги қора халқни жаримага тортиш стратегиясидан воз кечиш пайти етган. Қуёш ўз нурини дариғ тутмайдиган бу юртнинг мева ва полиз экинлари жуда мазали. Меваларимизни ўзга юртларда кўзига суртиб олишади. Аммо деган жой шуки, полиз экинларини экспорт қилиш муаммо. Экспорт ҳамма учун очилса-чи? Нима эмиш, юртимизда озиқ-овқатлар нархи ошиб кетармиш. Деҳқон банкрот бўлса ҳам нарх кўтарилмаса бўлди.
Меваларни экспорт қилиш эркинлаштирилса, нарх албатта кўтарилади. Аммо бир-икки йил ичида изига тушади. Чунки ишлатилмай ётган ҳар бир қарич ердан йилига тўрт маротабагача ҳосил олишга интилиш бошланади. Натижада, деҳқон бой бўлади, у ҳам шаҳарга келиб дам олади, боласини шаҳарда ўқитади, шаҳарда оиласини даволатади, шу каби циркуляцион маиший тизимлар орқали шаҳардан олиб кетган пулларини яна шаҳарга қайтариб ташлаб кетади.

Яхшиси, халал берманг!

Агар қайсидир деҳқоннинг омади чопиб мўл ҳосил оладиган бўлса, дарҳол ўша туманнинг раҳбарлари биринчи планга чиқиб олишади. «Мана бизнинг саъй-ҳаракатларимиз туфайли, ажратган кредит маблағларимиз сабабли шунча мўл ҳосил олдик» каби олға-ура гаплар билан улоқни олиб қочишади. Аслида эса деҳқоннинг олдидаги энг катта тўсиқлардан бири мана шу бюрократлар эмасмиди?
Деҳқон умр бўйи табиат инжиқликларидан қўрқиб яшайди. Гоҳида экинини совуқ уриб кетади, гоҳида қурғоқчилик бўлади, гоҳида эккан уруғи пуч чиқади. Ҳар қандай азобларга чидаб кўниккан деҳқон буларнинг барчасини пешонасидан кўради. Аммо солиқнинг устига жарима каби  сунъий офатлар деҳқон учун ортиқча.
Деҳқону миришкорлар манфаатини ҳимоя қилиш учун вазирликдан ташқари яна қанчадан-қанча ташкилот ва уюшмалар тузилган. Ҳимоя ва ёрдамга муҳтож бўлиб турган бу ташкилотлар қандай қилиб деҳқонга ёрдам беради? Улар фақат мажбуран аъзо қилиб аъзолик бадалларини ундиришни қойиллатишади холос.
Икки йил олдин Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тузилган эди. Яқинда эса «Томорқа хизмати» МЧЖлари ҳам пайдо бўлди. Деҳқонларимизга бундай ўзи ёрдамга муҳтож ташкилотлар керак эмас. Фақат уларга халақит берилмаса бўлди. Уларга тўсиқ эмас, эркинлик берилса, Қозоғистону Россияни «қора меҳнати» билан эмас, шириндан-шакар мева ва полиз экинлари билан забт этади.
Бизнинг халқимиздай меҳнаткаш халқ ҳеч бир юртда йўқ. Фақат уларнинг шу юртда ишлаши, меҳнат қилишлари учун имконият ва эркинлик керак. Сизнинг чиқармоқчи бўлган янги инновацион қонунларингиз ўзга бир юртдаги дангаса халқ учун, биз учун эмас.
Хулоса ўрнида биргина савол: нега раҳбарлар ҳаракатсизлиги учун жарима тўламайди-ю оддий халқ қилмаган иши учун жарима тўлаши керак? Шунга ҳеч ақлим етмаяпти...

Шерали ОТАБОЕВ




Ўхшаш мақолалар

ТОМОРҚА УЧУН ЖАРИМА МАЪҚУЛЛАНМАДИ

ТОМОРҚА УЧУН ЖАРИМА МАЪҚУЛЛАНМАДИ

🕔12:01, 22.05.2020 ✔2029

Газетамизнинг ўтган сонида экин экмаган томорқа ер эгаларини маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши мумкинлиги ҳақида айтган эдик. Ва томорқачиликдаги муаммолар тўғрисида атрофлича мақола ҳам чоп этилган эди.
 

Батафсил
МАҲАЛЛАНИНГ МИЛЛИОНЕР РАИСЛАРИ даромадни қаердан олишяпти?

МАҲАЛЛАНИНГ МИЛЛИОНЕР РАИСЛАРИ даромадни қаердан олишяпти?

🕔11:57, 22.05.2020 ✔2081

Хаёлингизга келган тўмтоқ ва тумтароқ фикрларни қувиб ташланг-э! Отамзамонлар қоптими ҳозир!? Кимгадир «бола пули», «суюнчи пули» ё бўлмаса «моддий ёрдам» ёзиб бериш эвазига ўнта сўм-йигирмата сўмнинг пайида юрмаяпти бугунги раислар. Улгурганча улгуржи ишлашяпти ҳозиргилари...

Батафсил
«ТОМОРҚАГА ЖАРИМА» –  МУАММОГА ЕЧИМ БЎЛАДИМИ?

«ТОМОРҚАГА ЖАРИМА» – МУАММОГА ЕЧИМ БЎЛАДИМИ?

🕔11:29, 22.05.2020 ✔2031

Шу кунларда томорқа ерларидан унумли фойдаланмаган фуқароларга жарима қўллаш борасидаги масала кенг муҳокама қилинмоқда.
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ТОМОРҚА УЧУН ЖАРИМА МАЪҚУЛЛАНМАДИ

    ТОМОРҚА УЧУН ЖАРИМА МАЪҚУЛЛАНМАДИ

    Газетамизнинг ўтган сонида экин экмаган томорқа ер эгаларини маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши мумкинлиги ҳақида айтган эдик. Ва томорқачиликдаги муаммолар тўғрисида атрофлича мақола ҳам чоп этилган эди.
     

    ✔ 2029    🕔 12:01, 22.05.2020
  • МАҲАЛЛАНИНГ МИЛЛИОНЕР РАИСЛАРИ даромадни қаердан олишяпти?

    МАҲАЛЛАНИНГ МИЛЛИОНЕР РАИСЛАРИ даромадни қаердан олишяпти?

    Хаёлингизга келган тўмтоқ ва тумтароқ фикрларни қувиб ташланг-э! Отамзамонлар қоптими ҳозир!? Кимгадир «бола пули», «суюнчи пули» ё бўлмаса «моддий ёрдам» ёзиб бериш эвазига ўнта сўм-йигирмата сўмнинг пайида юрмаяпти бугунги раислар. Улгурганча улгуржи ишлашяпти ҳозиргилари...

    ✔ 2081    🕔 11:57, 22.05.2020
  • «ТОМОРҚАГА ЖАРИМА» –  МУАММОГА ЕЧИМ БЎЛАДИМИ?

    «ТОМОРҚАГА ЖАРИМА» – МУАММОГА ЕЧИМ БЎЛАДИМИ?

    Шу кунларда томорқа ерларидан унумли фойдаланмаган фуқароларга жарима қўллаш борасидаги масала кенг муҳокама қилинмоқда.
     

    ✔ 2031    🕔 11:29, 22.05.2020
  • Имконият қўлингда, ҳаракат ўзингда

    Имконият қўлингда, ҳаракат ўзингда

    Ҳаётдан нолиб, ҳамма нарсадан камчилик излаб, қачон қарасанг, иши юришмаганидан тушкун кайфиятда юрадиганлар йўқ эмас. Одамларнинг яна бир тоифаси борки, ҳаракатчан, изланувчан ва ташаббускор бўлиб, эзгулик ҳисларини бошқаларга улашиб яшайди. Энг яхши ғоялар, янгича фикрлар ҳам ана шундай кишилардан туғилади, аслида.

    ✔ 7323    🕔 12:56, 25.03.2019
  • Ёш фермернинг  муваффақиятли одимлари

    Ёш фермернинг муваффақиятли одимлари

    Қуйичирчиқлик ёш фермер Дилмурод Тўрақулов «Ёшларкелажагимиз» давлат дастури доирасида банкдан имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятини кенгайтирди. У бугун энг омадли фермерлардан бири.

    ✔ 6060    🕔 17:31, 13.12.2018
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар