Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Қинғир ишлар виждондан бошланганда

ёхуд «учиб кетган том», «ўпирилган дамба»  бизни нимадан огоҳлантирмоқда?

Қинғир ишлар виждондан бошланганда

Ўзи шундоғам пандемия туфайли одамлар уйига қамалиб, жуда кўп муаммоларга рўбарў бўлиб турган бир пайтда кетма-кет келган бало-ю офатлар дард устига чипқондек бўлди. Аввалига кучли бўрон туфайли Бухорода қанча уй-жойлар, бинолар вайрон бўлди, минглаб юртдошларимиз бош-панасиз қолди. Кўп ўтмай Сирдарёнинг Сардоба туманида сув омборининг дамбаси ўпирилиб, минглаб уй-жойларни сув босди, катта-катта ер майдонлари, экин-тикинлар ҳаммаси сув остида қолди. Сардоба туманидан ўн минглаб аҳоли турли жойларга кўчирилди.

Кутилмаган бу талафотлар кўпчиликни саросимага, таҳликага солгани аниқ. Чунки оддий халқ балогардон бўлган бу офатларнинг зарари эрта-индин дарров қопланиб кетмайди. Моддий зарари ҳам, элимиз руҳиятида қолдирган жароҳатлари ҳам ҳали анчагача тузалмаслиги аниқ.
Халқнинг тийнатидаги бирдамлик оғир дамларда билинади, деган гап рост. Элимиз ҳеч қачон бошига кулфат тушганларни ёлғизлатиб қўймайди. Кетма-кет юз берган бу офатларни эшитган юртдошимиз борки жабрдийдалар учун нимадир ёрдам беришга шошилди.
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухорога ҳам, Сирдарёга ҳам зудлик билан етиб борди. Табиий офат юз берган, тўғондан чиққан сув талафот еткизган жойлар билан бевосита танишди, бунинг жабрини тортган одамлар билан шахсан учрашди. Давлат раҳбарининг сўзлари бундай синовларни мардонавор енгиб ўтишда уларга катта далда бўлаётгани шубҳасиз. Сардобадаги вазият изига тушмагунча, одамларнинг шарт-шароитини яратиб бермагунча бирорта раҳбар бу ердан кетмайди, деди мамлакат раҳбари ва ўзи ҳам Сирдарёда қолди. Бирдамликнинг, халқни рози қилиш, ҳар қандай вазиятда эл дардини ҳис этиб, уларга елкама-елка туришнинг яққол ифодаси бўлди бу.
Ҳозиргача юртимизнинг барча ҳудудларидан Сирдарё аҳлига кўмак карвонлари оқиб келмоқда. Жабрдийдаларга ҳамма ўзининг қалб амри билан баҳоли қудрат кўмак беряпти.
Бу фалокатлар юз берганидан сўнг кўпчиликнинг дилида ҳам, тилида ҳам бир савол айланди: майли, табиат инжиқликлари Яратганнинг иши. Аммо шунга бардош бермаган янги иморатларни, намунавий лойиҳа деб бутун дунёга достон қилинган уйларни қурганлар ёхуд давлат бюджетининг миллиардлаб маблағларини сарфлаб сифатсиз тўғон кўтарганлар жавоб берадими? Мана шундай кўзбўямачиликка йўл қўйган, «мендан кетгунча» қабилида иш тутганлар сувдан қуруқ чиқмайдими?
Дарвоқе, Бош прокуратура «Сардоба» сув омбори ўпирилиши оқибатида рўй берган сув тошқини юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида эса шундай таъкидлади: «Халқимиз бир нарсадан кўнгли тўқ бўлиши керак, ҳеч қандай ортиқча гап-сўзларга ва миш-мишларга ўрин бўлмаслиги лозим. Менинг топшириғимга кўра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сув тошқини билан боғлиқ воқеа юзасидан объектив, холис ва кенг қамровли тергов ҳаракатлари бошланган. Халқимизни ишонтириб айтаман, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради.»
Бу кўпчилик кутаётган гап бўлди. Чунки йиллар давомида қанча-қанча қурилишлар белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳолатда топширилиб келинган бўлсада, биров эътироз билдира олмас эди. Шунинг учун ҳам давлат раҳбарининг бу гаплари оддий одамларни, қурилишлар сифатсизлигидан жабр чекиб келганларни хурсанд қилиб юборди.
Албатта, айбдорлар топилади, тегиш­лича жавобгарликка ҳам тортилади... Аммо шу билан ҳаммаси ўз изига тушиб кетмайди, масаланинг яна бошқа томони ҳам бор, бизнингча.
Энг аввало, юз берган ҳодисалар ҳаммамиз учун дарс бўлиши керак. Бундан ҳамма бирдек хулоса чиқариши зарур. Унутмайлик, буларнинг бари биз ўзимиз шу вақтгача яратган, тарбиялаган, қанотининг остига «сув пуфлаган» ёлғонларимиз, якунига етмаган ишларимизни «кўз-кўз» қилишга бўлган иштиёқимиз, «бугун мен учун яхши бўлса бўлди, эрта билан нима ишим бор» деган қарашларимизнинг дастлабки аччиқ натижалари холос. Бу масалага шунчаки қараб бўлмайди. Катта бунёдкорлик ишларининг остонасида турибмиз-ку, ахир!
Хўш, қаттиқроқ шамолга томи кўчиб кетган уйларни, ўпирилиб кетадиган тўғонни қурганлар тепасида турганлар жавоб берсин деяпмиз. Аммо қолганлар-чи? Қолганларни ҳам эсдан чиқармайлик. 

Ўша уйлар ва иншоотлар учун оддий мих ёки шағал ишлаб чиқарувчидан тортиб сувоқчигача, қурилиш ашёларини етказиб берган шофёрдан тортиб, объектга қоровуллик қилган «охрана»гача – ҳаммаси жавоб бериши керак эмасми? Нима, улар ҳаммасидан бехабар бўлган дейсизми?.. 
Албатта, уларнинг ҳаммасини ёппасига ўғри-муттаҳамга ёхуд жиноятчига чиқариш фикридан бутунлай йироқмиз. «Жавоб бериш» деганда ўша одамлар ўзининг олдида, ўз виждони, қалб амри олдида жавоб беришини назарда тутяпмиз. Мана шу томондан олиб қаралса, нима деб ўйлайсиз, улар ўзларининг олдида қандай жавоб бера олади? Энг ачинарлиси, ўзини ўзи, ўз виждонини сўроққа тута оладиган одамлар ҳозир ҳам бормикан? Ҳамма гап мана шунда.
Отам раҳматли дурадгор уста эди. Уйимизнинг томини қайта ёпганда девор устига болор оширишдан тортиб, тунуканинг охирги михини қоққунча бўлган жараённи кузатганман. Отамнинг ёнида ишини томоша қиларканман кўпинча болаларча қизиқиш билан «мана бу тўсинни шунча йўғонидан қўйиш шартми, енгилроғи ҳам барибир кўтараверадику», «тўсин шунча қалин бўлиши шартми, бунинг устида одам юрмаса, сув турмаса...» дея сўрардим. Ўшанда отамнинг айтган гаплари ҳали ҳамон эсимда: «Тўғри, тўсинни ингичкароғидан қўйсак ҳам бемалол кўтаради. Стропилни бундай қалин қўйиш бугун ёки эртага, балки умуман керак ҳам бўлмас. Аммо иморат уч-тўрт йиллик нарса эмас. Уни қуришда ҳатто юз йилда бир марта бўлиши мумкин бўлган кучли шамол ёхуд қалин қорни албатта ҳисобга олиш керак. Бир вақти билан бирор фалокат юз бериб, мен қурган уйнинг томини шамол учириб кетса ёки қор босиб қолса, ингичка тахта олиб берган уй эгаси эмас, мен жавобгар бўламан. Бунинг савобу гуноҳи ҳам менинг гарданимда туради...»
Томини шамол учириб кетган намунавий уйларни, дамбаси ўпирилиб кетган тўғонни кўриб отамнинг ўша айтган гаплари эсимга келди. Ана шу объектлар қурилишида иштирок этганлар бугун ўзларини ўзлари сўроққа тутиб кўришмаятимикан?!
Баъзи нарсалар бугун ёхуд эртага дарров ўз натижасини кўрсатмайди. Неча йиллар давомида томчима-томчи йиғилиб ўз таъсирини, натижасини кўсатадиган нарсалар бор. Тарбия, инсон руҳияти, онгу тафаккуридаги эврилишлар (бир сўз билан инсон маънавияти дегим келмади, чунки яна бир «маънавиятчи» дегувчилардан истиҳола қилдим) ана шулар сирасига киради. Моддий нарсалар қанчалик аҳамиятли бўлса, инсон руҳиятдаги ўзгаришлар ҳам ундан кам эмас. Инсон ҳар қанча билимли бўлмасин, унинг маънавиятида ноқислик бўлса ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайди, бировнинг ҳақидан қўрқмайди, ҳеч қачон виждони олдида ўзини сўроққа тумайди.
Энди тасаввур қилайлик. Қайсидир қурилишлар тепасида турган пудратчилар катта ўғриликлар қилган ҳам дейлик. Аммо ўша ерда ишлаётган мутахассислар (аслида мутахассислар ишлаганмикан ўзи) нега белгиланган стандартларга жавоб бермайдиган материаллардан кўз юмиб фойдаланган? Нега фалон метр куб жойга фалон тонна цемент, фалон метр арматура кетишини тўққиз пулдай билсада ўшанча материалнинг ярими билан ишни битириб юборган? Ўнта мих керак бўлган том нега бишта мих билан ёпилиб кетган?.. Бундай саволларни истаганча келтиришимиз мумкин.
Агар ўша материалларни ишлатаётган мутахассислар, усталар бировнинг ҳақидан, ҳаромдан қўрққанида, вақти келиб улкан бир офатларга сабабчи бўлиб қолишдан заррача чўчиганда эди вазият бутунлай бошқача бўлган бўларди.
Балки, бу масаланинг жуда кичик бир жиҳатидир. «Катта ўғрилар четда қолиб, энди қурувчилар айбдор бўлиб қолдими? Улар берилган материални ишлатганда, ишламаса, кўча тўла уста-ку...» каби мулоҳазаларга бораётган бўлишингиз ҳам мумкин. Албатта, катта қурилишларнинг тепасида турганларнинг катта ўйинлари, уюштирилган сохта тендерлару таннархи минг сўм турадиган ашёни ўн минг сўмга харид қилишларгача ҳеч кимга сир эмас. Аммо менинг назаримда одамларнинг қарашини, ўз ишига бўлган муносабатини, онгу тафаккурини, виждон амрини тўғри тарбиялай олмас эканмиз, ҳар қанча кучли мутахассислар ишламасин қурилишлардаги кўзбўямачиликлар давом этаверади.
Тан олиш керак, ҳали ҳамон қурилишлар, ўтказилаётган тендерлар, ишлатилаётган маблағларнинг қанчалик тўғри йўналтирилиши борасида нафақат жамоатчилик, балки халқ вакиллари бўлган депутатларимиз ҳам етарлича маълумотларга эга эмас. «Фалон компания тендерда ғолиб чиқиб, қурилиш ишларини олиб бормоқда. Бунинг учун бюджетдан фалон миллиард сўм сарфланди...» Бўлди, жамоатчилик биладиган маълумот – шу холос!
Хўш, қурилишларда минглаб одамлар ишлайди, нега у ерда бўлаётган қинғирликларнинг «миси» чиқиб қолмайди? Чунки цементу арматурадан, тахтаю михдан оз-оздан «уриб» қолишдан тортиб катта-катта коррупцион ўйинлар, «откат»лар занжирдек бир-бирига боғланиб кетган. Мабодо занжирнинг бир ҳалқаси силкитилгудай бўлса, ўша ҳалқа ва ундан пастдагилар узилиб тушади холос.
Нима бўлган тақдирда ҳам сўнгги кунларда юз берган бу офатлар ҳаммамиз учун жиддий огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлиши шарт. Ҳар қандай иш, ҳар қандай вазифани сидқидилдан адо этиш масъулияти қанчалик муҳим эканини тушунайлик. Бугунги жамият учун нафақат билимли, балки онг-тафаккури соғлом, виждонини йўқотмаган, атрофга ва келажакка озгина бўлса ҳам тафаккур билан қарай оладиган одамлар кераклигини унутмайлик.
Ҳусниддин БЕРДИЕВ
 




Ўхшаш мақолалар

БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

🕔11:22, 27.05.2020 ✔255

2022 йилда аҳоли рўйхатга олинади, бу нима учун керак?

2022 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ўтказилади. Бу муҳим жараёнга тайёргарлик кўришнинг ҳуқуқий асослари шаклланмоқда.

Батафсил
ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

🕔11:16, 27.05.2020 ✔97

Муҳокама қандай ўтди ва нималарни кўрсатди?

Адлия вазирлиги томонидан шу йил 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ниҳоясига етди.
 

Батафсил
ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

🕔11:14, 27.05.2020 ✔97

Яқинда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг ОАВ учун брифингда бутун бир халқнинг она тилига нисбатан беписандлик ва беҳурматлик билан билдирган муносабатини ўқиб, беихтиёр «уятсизлик ҳам эви билан-да» деган гап кўнглимдан ўтди.
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

    БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

    2022 йилда аҳоли рўйхатга олинади, бу нима учун керак?

    2022 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ўтказилади. Бу муҳим жараёнга тайёргарлик кўришнинг ҳуқуқий асослари шаклланмоқда.

    ✔ 255    🕔 11:22, 27.05.2020
  • ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

    ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

    Муҳокама қандай ўтди ва нималарни кўрсатди?

    Адлия вазирлиги томонидан шу йил 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ниҳоясига етди.
     

    ✔ 97    🕔 11:16, 27.05.2020
  • ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

    ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

    Яқинда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг ОАВ учун брифингда бутун бир халқнинг она тилига нисбатан беписандлик ва беҳурматлик билан билдирган муносабатини ўқиб, беихтиёр «уятсизлик ҳам эви билан-да» деган гап кўнглимдан ўтди.
     

    ✔ 97    🕔 11:14, 27.05.2020
  • ЯНА МАТБУОТ МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА

    ЯНА МАТБУОТ МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА

    ёхуд ҳукумат қароридан кўзланган асл мақсад нима?

    Босма оммавий ахборот воситалари, асосан газеталарнинг келажаги керак-керак эмаслиги ҳақидаги муҳокамалар кетаётган шу кунларда ҳукумат порталига бир қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

    ✔ 321    🕔 12:10, 22.05.2020
  • Қинғир ишлар виждондан бошланганда

    Қинғир ишлар виждондан бошланганда

    ёхуд «учиб кетган том», «ўпирилган дамба»  бизни нимадан огоҳлантирмоқда?

    ✔ 100    🕔 11:34, 22.05.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар