Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Дарбадар

Ота ўғилга Абдулбоқий деб исм қўйди. Ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиб, «сенинг исминг Абдулбоқий, сенинг исминг Абдулбоқий» дея шивирлаган, «умрингу ризқинг, дунёю охиратдаги саодатинг боқий бўлсин» дея ният қилган тиллар орадан ўн олти йил ўтиб «йўлда бўл-чўлда бўл, ўлигинг кўчада қолсин», деган дуойибад калимасини айтиб юборди... Дуо ижобат бўлди. Ўғилнинг умри дарбадарликда ўтди, ўлиги кўчада қолди, майитга эга, жаноза ўқиш учун масжид топилмади...
 

Дарбадар

* * *
Қизил инқилобдан сал олдинроқ Бухоро мадрасасини битириб, энг машҳур мударрис­лар олқиши-ю дуосини олиб қишлоғига қайтган Алимхоннинг бошига орадан бирон ой ўтар-ўтмас уйланиш савдоси тушди. Бир куни отаси, томдан тараша тушгандек, «Қурбонбойнинг қизи Моҳтобойимга уйланасан» деди-да, ҳе йўқ, бе йўқ хотини Малоҳатойимни эргаштириб совчиликка жўнади. Малоҳатойим Моҳтобойимнинг она уруғи ҳақида отасидан хунукроқ гап-сўзларни эшитиб юрар эди. «Берди мироб экинига дориган кўп эшакларни тириклайин эски қудуққа ташлаб ўлдирди. Бунинг уволи ёмон бўлади», —  дегич эди раҳматли отаси. Аммо «эр амри — вожиб» деб билган хотин кўнглидагини кўнглига кўмди. 
Тўрт улусга маълуму машҳур Абдураҳмон қори буғдойранг, юзидан нур ёғилиб турадиган, салласини ялтироқ кенг пешонасининг тепа чизиғидан қўйиб юрадиган, келбатли, сўзида қатъий, шунга яраша тутган жойини кесадиган одам эди. Аммо шу бўлишига ўта содда эди, одам танимасди. Қорилик ва олимлик шукуҳи билан маст бўлиб, бир оз ҳаволанаёзган Алимхон эса отасидан чиққан гапга лом-мим дейишга-да улгурмай ҳам қолди. Илло, у пайтлар ота сўзига мункар келтириш фарзанд хаёлининг кўчасига ҳам келмасди. 
Отасидек барваста, қош-кўзлари қоп-қора, юзининг тузилиши ва ранг-рўйи онасига ўхшаб оқ-сариқдан келган Алимхоннинг дарди ичида қолди. Қўшниси Хуршид амакининг қизи Офтобойим хусусида сурган ширин ўйлари, мадраса ҳужраси ичра ўтказган бедор тунлари, орзулари жадал йўлга тушган ота-она совчилар этагининг шамоли остида тўзғиб кетди. Умиднинг йўллари кесилди, ҳаё пардаси таранглашди, тил муз қотди, қалб зикр ва тасбеҳ айтишга тушди, жисм сабр қўрғонига айланди.
Никоҳ ўқилди. Барча расм-русумлари келтирилиб ўтказилган тўй қишлоқ одамлари орасида узоқ вақтлар достон бўлиб юрди.
Моҳтобойим исми жисмига унчалар ҳам монанд бўлмаган, буғдойранг дейилса, буғдойнинг ҳаққи кетадиган, қорача дейишга-да тил боравермайдиган тус қора бир қиз эди. Шу боис Моҳтобойимнинг қизлик таровати-ю, келинлик шукуҳи кетиб, Алимхон маҳалласининг «ўз одами»га айланган вақтга келиб «Махтоб қора» номини олганига ажабланилмаса ҳам бўлади. Бора-бора бу номга Моҳтобойимнинг ўзи ҳам кўникди, ҳатто ўрганиб қолди.
Орадан бир йилча ўтиб, Моҳтобойим ўғил туғди. Алимхоннинг ўз аёлига ҳатто чимилдиқда ҳам иймаган меҳри, гарчи онасига ўхшаб қоп-қора туғилган бўлса ҳам, бош фарзандига нисбатан илк баҳордаги дарё мисол тўлиб-тошди. Бақолик орзуларимга эш бўлсин деб исмини Абдулбоқий атади. Икки йил оралатиб Моҳтобойим қизлик бўлди. Қизга Нодира исмини бердилар. Қизалоқнинг туриш-турмуши отасининг худди ўзи эди. Шу тариқа Алимхонга оид ботин-у зоҳир, аҳли аёл-у рўзғор ишлари гўё изга тушгандек эди. 
* * *
Нодира иккига тўлган йили Абдураҳмон қори бандаликни бажо келтирди. Йил ошмай Малоҳатойим ҳам омонатини топширди. Бу вақтга келиб оқ-қорани таний бошлаган Абдулбоқийнинг қўшни болалар билан кўча чангитиб ўйнашга, ит-мушукларни тирқиратиб қувишга, бобосидан қолган улкан ҳовли четида қурилган катакда тухум босиб ётадиган курк товуқларни безовта қилишга, бобоқ хўрознинг кутилмаган ҳамлаларидан қочиб қутилишга қурби келиб қолган, фақат ўқиш-ёзиш борасида отасини ранжитарди, холос. Аслзода уламолар авлоди бўлишига қарамай, унинг ёзувга қўли, ўқувга тили, ёд олувга онги халақит берарди гўё. Ҳатто ота тиззасида гап ўғирлаб ўтирадиган икки яшар Нодира ундан кўра пешқадамроқ чиқди. Эндиликда маҳалла шумтакалари томонидан «Боқи қора» деб атала бошлаган бош фарзанд эса тавҳид калимасини айтолмас, таҳоратни чала қилар, намоздан қочар эди. Ўғил ажабтовур онасига тортган эди.
Бу ҳолатдан отанинг кўнгли ўксир, кайфияти бузилар, ўғли хусусида ўйлаб ўйига етолмас эди. Аёли билан юз берган илк жиддий тўқнашувлари ҳам шу ўғилни деб бўлди. Она ичи-ю таши ўзига монанд эркатойига киройи меҳр қўйган эди. Шу боис боланинг манаман деб кўриниб турган қусурлари ҳам онага фазилат бўлиб туюлар, шўрванинг юзини, ошнинг тагини, димламанинг илигини шунга илинар, унга берилган ҳар қандай танбеҳ қаршисида қизил матодан асаби ўйнайдиган она куркадек хурпайиб олар эди. 
Бир куни Алимхон ҳали-ҳамон алифбони-да тузук-қуруқ ёд олмаган ўғлига ҳўл хивич билан пўписа қилди. Анча эсини таниб, ўн иккини қоралаб қолган ўғил тун бўйи қайларгадир бекиниб юрди. Жойига келиб ётмади. Шунда Махтоб қоранинг меҳр уммонида пўртана қўпиб, кўнглидаги қораликни ҳам қирғоққа итқитиб ташлади. У китоб устига муккасидан кетган эрига эшиттириб «хотин бўлиб сендан нима кўрдим, топганинг ўлимлигингга етмайди, боламни ўқитиб ўзингдек ялангоёқ қилмоқчимисан, қўлинг сингур», дея вишиллади. Алимхон бир сўз демади. Отаси Моҳтобойимга совчиликка кетган кун қандай мум тишлаб, сабр қилган бўлса, ҳозир ҳам шундай қилди.
Эр умри давомида бир ҳикматни бошига тож қилиб яшади: «Ўнг қўлинг берганни чап қўлинг билмасин». Гарчи қишлоқнинг энг обрўли мулласи бўлса-да, Алимхоннинг топиши бир деҳқон, бир косибникидан кўп эмас эди. Элдан тушган назр-ниёз-у маъракалардан бериладиган ҳадяларни эса етим-есир, ўзидан қолганларга тарқатарди. Ўз қўллари билан ясаган от, эшак эгарларини сотар, бунинг дастмоясидан ортган маблағни эса рўзғорига яратарди. Шу сабаб қишлоқнинг қилни қирқ ёрадиган доноларидан тортиб, бою қашшоқ, катта-ю кичиги фақат унинг айтганларига амал қилишар, бошқа муллани тан олишмасди. Хотин тушмагур эса шундай эрининг энг нозик жойига пичоқ санчган эди. 
Ўғил-ку икки кун қайлардадир санғиб, учинчи кун деганда бошини чап ёнига эгганча қайтиб келди. Ҳеч нарса кўрмагандек еб-ичиб юраверди. Башарти эркатойнинг ўтакаси ёрилмаган бўлса ҳам, Алимхон сермаган хивич ибтидо кунидан эътиборан омонат турган оила кўприкчасига дарз солган экан. Шундан сўнг эр-хотиннинг ораси сира илимади. Кўнглига солинган дарзни ямай олмаган Алимхон яна бир-икки йил амал-тақал қилиб яшашга тиришди-ю охири бўлмади, ўн тўрт йиллик аёлига уч талоқ берди. Қиз отаси билан қолди, ўғил онасига эргашди. 
* * *
Қишлоқ одамлари ҳали қирққа етмаган қирчиллама мулласини хотинсиз қўярмиди. Орадан қирқ кун ҳам ўтмади. Ўз тенгига берилиб, эри икки йил бурун улоқ чопаман деб отдан учиб ўлган, ҳозирда боши очиқ ўша соҳибжамол Офтобойим икки томоннинг ризолиги билан Алимхонга хотин бўлди. Енг учида тўй берилди. Ота уйига бот-бот келиб юрадиган Боқининг ўша кеч қўрага ўт қўйганини истисно этганда тўй яхши ўтди, янги оила барпо бўлди.
Боқи қоранинг ёши ўн бешга етди. Энди у на отасиникида, на Султон ўғри деган бир суллоҳга тегиб кетган онасиникида қўним топар, гоҳ у, гоҳ бу қариндошлариникида, гоҳ кўча-кўйда яшаб юрарди. Отасиникига келганида эса ўгай онасини зимдан таъқиб этар, кўнглига нима тукканини билдирмаслик учун мулойим супурги мисол жилмайиб, майда-чуйда рўзғор ишларига қарашиб турар, мукофотига отасидан бир-икки танга пул, ўгай онасидан эса лазиз таомлар, кийим-кечаклар ундириб кетарди. 
Боқининг писмиқона режаси ўта пишиқ, ота уйини фалокат тўрлари билан чирмаб ташлаш учун ташлаган арқони жуда узун эди. У отасидан олган кучли сабр ва чидам билан ҳомиласи кун-кундан катталашиб бораётган ўгай онасининг кўзи ёрийдиган кунни кутарди. 
Ниҳоят ўша кун келди. Эрта баҳор кунларининг бирида Офтобойимнинг кўзи ёриди. У ўзидек сулув қизча туғди. Доя хотиннинг айтишича, қизча жуда осон туғилибди. Бу хайр-баракадан дарак берармиш.
* * *
Бўй етиб, барваста қизчага айлана бошлаган Нодиранинг қувончи ичига сиғмайди. Тин олмасдан рўзғор ишлари билан елиб-югуради. Сигир соғади, ҳовли супуради, уй йиғиштиради, овқат пиширади. Ора-орада акасининг кўнглини олишни ҳам унутмайди. Отаси ақиқа деб сўйган қўчқор гўштидан солиб пиширилган шўрвадан сузиб беради. Энг яхши гўшт бўлаклари, сергўшт, серёғ иликлар билан косасини тўлдиради. Боқи ҳам ўзини гўё шодлиги ичига сиғмаётгандек тутади. Ақиқага деб келган меҳмонларга елиб-югуриб хизмат қилади. Фарзанд кўрганидан шод отанинг кўнгли Боқининг бу ишлардан кейин баланд тоғлар қадар юксалади. Ич-ичидан ўзини койийди. Ўғлига совуқ муомала қилган пайтларини хотирига келтириб хижолат тортади. Бирон йил ўтиб муносиб оилалардан бирига совчи қўйишни, келин-у невара кўришни кўнг­лига тугади. Писмиқ Боқи отасидаги бундай кайфиятни сезмай қолмайди. Аммо бундан қувонмайди. Аксинча, кўнглида яккаш алам ва нафрат ўт олади. Онасининг Офтобойим ҳақида қулоғига қуйиб юрадиган фисқу фасодлари юраги тубини пармадек тилиб боради. Дастлаб у пинҳоний режасини шу бугуноқ амалга оширишни ўйлайди. Аммо меҳмонлар издиҳоми аро бўладиган кўнгилсиз ҳолатни тасаввур қилади, сири ошкор бўлиш эҳтимолини чамалайди. Эрта тонгни кўзлаб режа устига режа тузади.
Ёш бўлишига қарамай, кўча боласига айланиб бўлган Боқи ўгай онасининг ҳомиласи ҳақида хабар топган пайтдан бош­лаб, бола туғилган кундаёқ туққан хотинни заҳарлашни кўнглига туккан, Бешим кал дегич атторга мўл-кўл пул бериб заҳар топтириб келган, бу мудҳиш оғуни неча ойларки иштонбоғида сақлаб келади. Бугун у одатига хилоф равишда саҳарлаб уйғонди. Отаси масжидга чиқиб кетиши билан туққан хотинга атала пиширишга киришган синглиси Нодира атрофида парвона бўла бошлади. Ўтин келтириб, ўчоқ тагига ўт ёқди. Сув ташиб берди. Атала уни қоврилгунга қадар Нодира нима буюрса, қулбаччадек югуриб-елиб бажарди. Ҳатто синглисига хушомад тариқасида, ўгай отасиникидан ўмарган, тилла билагузукни ҳам совға қилди.
— Бу жуда қиммат туради-ку! Қаердан олдингиз, ака? — деди Нодира кутилмаган совғани олов ёруғига солиб кўрар экан.
— Сенга деб олган эдим. Ўзим ишлаб топган ҳалол пулимдан, олавер. Ҳам суюнчи, ҳам ҳадя, — деди у бўйнини чап елкаси томон қийшайтириб, нон тилаган мушукдек синглисига мўлтираганча.
— Раҳмат, акажон! Топганингизга Аллоҳим барака берсин!
Нодиранинг кўзлари ёшланди. Ихтиёрсиз тарзда ҳаммалари бирга яшаган болалик кунларини эслади. Худо акамга инсоф берибди, дея ич-ичидан суюнди. 
Атала қайнаб чиқди, маромига етиб пишди. Нодира бунинг хабарини бериш, сузиш-сузмаслик тўғрисида Офтобойим ва унинг қошида чақалоқ боқаётган ўгай бувисидан рухсат сўраш учун уйга кириб кетганда Боқининг минг йиллик қора нияти амалга ошди. У ҳатто туғишган синглиси, ўз отаси таомланиш эҳтимоли юз фоиз бўлган катта қозондаги аталага қўйнида ардоқлаб юргани заҳарни қўшди. Ёғоч чўмич билан яхшилаб аралаштирди-да, илондек сирғалиб ҳовлидан чиқиб кетди.
* * *
Бомдод намозидан кўнгли ғаш бўлиб уйига қайтган Алимхон ҳовлидаги фавқулодий сукунатни туйиб дастлаб ҳайрон бўлди. Масжидга кетганида аёлларнинг гангур-гунгури, бир кунлик чақалоқнинг «инга-инга»си билан тўлиб-тошган уйи қабристон тусини олган, ғимирлаган жон, тиқ этган товушга илҳақдек эди. Бу муборак хонадон барпо этилмиш кунидан бери илк бор гунг, соқовга айланганди. Дафъатан ўлик сукунатни бузишга чўчиган Алимхон кўнглининг туб-тубидан яратганга истиғфору тасбеҳ айтишга куч топа олди. Ғайришуурий шижоат билан чақалоқ туғилган хонага кирганда эса ғалати бир манзарага гувоҳ бўлдики, тилидан беихтиёр «субҳаноллоҳ» калимаси сирғалиб тушиб кетди...
Хона марказига қурилган сандалининг тўр томонида солинган қалин тўшакнинг юқори қисмида чақалоқ беозор ухлаб ётар, унинг ёнида кечагина кўзи ёриган Офтобойим сулув юзларини тириштириб, тилини ғарчча тишлаганча тош қотган, сандалининг ўнг кадагида қайнонаси беҳуш бош қўйган, чалқанчасига ўзини билмай ётган Нодиранинг ўнг қўлида атала юқи қошиқ, ёнида сопол тобоқ думалаб ётарди. Унинг кўнглида гумон чумолиси ғимирлади. Аммо ҳозир ўз гумонларини тафтиш этгудек аҳволда эмасди...
Алимхон шитоб бориб қизини кўтариб олди. Юзига чойнакда совиб қолган чойдан сепди. Бироз ўзига келгач, эмаклаганча ошхонага югурди. Кеча ивитилган қатиқни идиш-пидиши билан кўтариб келди-да, ёғоч қошиқни тўлдириб қизининг оғзиги пайдар-пай қуя берди. Сўнг судралганча хотини томон ошиқди. Унинг кўкариб совий бошлаган юзларига қўли теккан заҳоти вақт ўтганини тушунди. Кутилмаган мусибат кўнгилни муз, ақлни чақмоққа айлантириб қўяркан. Нодира ўзига келиб, ўғжий-ўғжий қуса бошлаганда Алимхон қайнонасининг оғзига ҳам уч-тўрт қошиқ қатиқ қуйишга улгурган эди...
* * *
Офтобойимнинг жанозасидан икки кун ўтиб қайғу ва ҳолсизлик гунг қилиб қўйган Нодира тилга кирди. У сузган аталасининг биринчи тобоғини Офтобойимга олиб кирган. Ўзи ва бувисига атала сузиб киргунига қадар ғофил онаизор ўз қўллари билан қизига ўша заҳри қотилни ичирган. Ичига иссиқ атала кириб бир оз тетиклашган Офтобойим қолган аталани ўзи ичган. Бундан руҳланган ҳамроҳлари ҳам бир-икки қошиқдан ичган бўлишган. Шундан сўнггина Офтобойимда безовталик бош­ланган. Дастлаб инграган, кейин бутун жисмини иситма ва қалтироқ босган, тинимсиз ўғжиб қусган, орадан ҳеч вақт ўтмай кўкара бошлаган. Заҳар ўта кучли экан шекилли Офтобойимга қараётганлар ҳам қоринларида оғриқ туриб бўғила бошлаганлар. Кейин нима бўлганини ҳеч ким билмайди...
— Аканг қаерда эди, — отасининг бир оз ҳадик, бир оз паришонлик билан берган бу саволини ўзича тушунган Нодира юм-юм йиғлаганча атала пишгунча бўлган ҳамма гапни тўкиб солди. Сўнг етим қолган чақалоқни, ташлаб кетган онасини, нонкўр акасини гапирди. Андиша залвори оғир келдими, ҳушидан кетди. Уч кунгача гоҳ ҳуш, гоҳ беҳуш бўлиб алаҳлаб ётди. Тўртинчи куни Ҳожи табиб қилиб берган даф дори таъсирида ўзига келди. Ёш вужуд заҳардан зўр чиқди.
 Офтобойимнинг онасини бир томондан заҳар таъсири кучдан қолдирган бўлса, бошқа томондан фарзанд доғи адо қилди. Олти ойлаб рамақижон бўлиб сургалиб юрган бўлди-ю жонини Яратганга топширди. Шу олти ой ичида бор меҳрини чақалоққа бериб улгурди. Эчки сути билан боқиб, қизалоқни оёққа турғизиб кетди. Эҳтимол, унинг ёдгора чақалоққа бўлган меҳри олти ойлик умр қиёфасида липпиллаб тургандир...
Ана шунда ғишт қолипдан кўчди. Ота ўз зурриёдини дуойибад қилди...
* * * 
Ота ўғилга Абдулбоқий деб исм қўйди. Ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиб, «сенинг исминг Абдулбоқий, сенинг исминг Абдулбоқий» дея шивирлаган, «умрингу ризқинг, дунёю охиратдаги саодатинг боқий бўлсин» дея ният қилган тиллар орадан ўн олти йил ўтиб «йўлда бўл-чўлда бўл, ўлигинг кўчада қолсин» деган дуойибад калимасини айтиб юборди... Дуо ижобат бўлди. Ўғилнинг умри дарбадарликда ўтди, ўлиги кўчада қолди, майитга эга, жаноза ўқиш учун масжид топилмади... 
Отабек ҲАЙДАР




Ўхшаш мақолалар

Илон ютган бола

Илон ютган бола

🕔11:09, 27.05.2020 ✔92

(Бўлган воқеа)

Офтоб қайтса ҳам ҳаво қайнаб кетди. Устига-устак уч-тўрт кундан бери ҳаво анча иссиқ. Ўтган ҳафта ёмғир ёғиб, пайдар-пай туман босиб салқин шабада эсган эди.

Батафсил
ОЧКЎЗАН

ОЧКЎЗАН

🕔11:08, 27.05.2020 ✔91

Туянинг ўркачини эслатувчи, тўлқинсимон қир-адирларда кўклам нафаси сезилиб қолди. Қуёш ер остидаги турфа майсаларни «қулоғидан тортиқилаб» ташқарига судраб чиқаза бошлади. Тўрғай бир жойда учмасдан қотиб туриб, чинқирганича қўшиқ куйлайди. Сал нарида очкўзан зўр бериб ин қазияпти.

Батафсил
Бўрибосар

Бўрибосар

🕔12:02, 22.05.2020 ✔170

Қорлар эриб, баҳор нафаси уфуриб қолган ойдин кечаларнинг бирида сомонхонадан ит болаларининг ғингишгани эшитилди. Фермер Рустам амаки ошиқиб шу томон йўналди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Илон ютган бола

    Илон ютган бола

    (Бўлган воқеа)

    Офтоб қайтса ҳам ҳаво қайнаб кетди. Устига-устак уч-тўрт кундан бери ҳаво анча иссиқ. Ўтган ҳафта ёмғир ёғиб, пайдар-пай туман босиб салқин шабада эсган эди.

    ✔ 92    🕔 11:09, 27.05.2020
  • ОЧКЎЗАН

    ОЧКЎЗАН

    Туянинг ўркачини эслатувчи, тўлқинсимон қир-адирларда кўклам нафаси сезилиб қолди. Қуёш ер остидаги турфа майсаларни «қулоғидан тортиқилаб» ташқарига судраб чиқаза бошлади. Тўрғай бир жойда учмасдан қотиб туриб, чинқирганича қўшиқ куйлайди. Сал нарида очкўзан зўр бериб ин қазияпти.

    ✔ 91    🕔 11:08, 27.05.2020
  • Бўрибосар

    Бўрибосар

    Қорлар эриб, баҳор нафаси уфуриб қолган ойдин кечаларнинг бирида сомонхонадан ит болаларининг ғингишгани эшитилди. Фермер Рустам амаки ошиқиб шу томон йўналди.

    ✔ 170    🕔 12:02, 22.05.2020
  • Дарбадар

    Дарбадар

    Ота ўғилга Абдулбоқий деб исм қўйди. Ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиб, «сенинг исминг Абдулбоқий, сенинг исминг Абдулбоқий» дея шивирлаган, «умрингу ризқинг, дунёю охиратдаги саодатинг боқий бўлсин» дея ният қилган тиллар орадан ўн олти йил ўтиб «йўлда бўл-чўлда бўл, ўлигинг кўчада қолсин», деган дуойибад калимасини айтиб юборди... Дуо ижобат бўлди. Ўғилнинг умри дарбадарликда ўтди, ўлиги кўчада қолди, майитга эга, жаноза ўқиш учун масжид топилмади...
     

    ✔ 173    🕔 11:52, 22.05.2020
  • Чўпон

    Чўпон

    Адир ёнбағрида толчўплардан маташтириб қурилган қўтон. Қўтондан йигирма қадамча нарида худди шу таҳлит тикланган омонат чайла. Чайла бўсағасида тошўчоқ. Ўн-ўн бир ёшлардаги набира ўчоқ остига қаланган қуруқ ўтин остига гугурт чақади, сўнг тутай бошлаган ўтинни «пуф-пуф»лаганча ўт олдириб, устига сув тўла қумғонни ўрнаштиради.

    ✔ 91    🕔 11:24, 22.05.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар