Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

АҚЛНИНГ ҚУДРАТИ НИМАДА?

Луқмони ҳакимнинг дарвозасига шундай ёзилган экан:
«Бизнинг ҳикматимиздан ўзини таниган, нафсини меъёрида тия олган ва бошига тушган ишлар тадбирини инсоф билан амалга ошира оладиган инсонгина фойдалана олади. Кимда шу сифатлар бўлса, кирсин, йўқса, то шуларни ҳосил қилмагунича қайтиб кетаверсин».
Ҳакимлар ҳикматга қуйидагича таъриф беришади: «Ҳикмат  –  нарсаларнинг ҳақиқатини инсоннинг имконияти етадиган даражада асл ҳолида билишдир».  
 

АҚЛНИНГ ҚУДРАТИ НИМАДА?

Икки нафас
оралиғи

Дарҳақиқат, ҳикмат инсон ҳаётини тартибга солишга, унинг осо­йишта,  сермазмун ва сермаҳсул ҳаёт кечиришига, хато-камчиликлардан, тойилишлардан холи бўлишга хизмат қилувчи юксак билимдир. Ҳикмат ақлни чархлайди, заковатни оширади. Ҳикмат билан иш тутиш инсоннинг оиладаги, жамиятдаги, ҳатто ўз наздидаги мартабасини кўтаради. Ҳикматлар инсонга ҳаёт тажрибасининг тайёр хулосасини тақдим қилади.

Огоҳ бўл ҳамиша:
        бу жаҳондир бор-йўқ,
Ҳеч нарса йўқки унда
        кемтиги зинҳор йўқ. 
«Йўқ» десалар «бор» деб
            уни қил исбот,
«Бор» десалар айла
        дадил инкор: «Йўқ!» 

Эсингизда бўлса, халқ эртакларининг барчаси деярли бир хил бошланади: «Бир бор экан, бир йўқ экан...»
Бундай муқаддима нимани англатади?
Кузатган бўлсангиз керак: болалар қумдан чиройли уйлар қуришади. Бунинг учун анча вақт сарфлашади. Шундан ҳузурланишади. Кейин бир пасда ўша уйларни бузиб ташлашади. Энг эътиборлиси, бунга ҳеч ачинишмайди, ҳатто хурсанд бўлишади...
Бола учун қимматбаҳо, қадимий катта чинни гулдонни чил-парчин қилиш ҳеч нарса эмас. У бунга жуда оддий ҳолат сифатида қарайди. Унинг учун бору йўқ аслида бир нарса. Шу сабаб бордан ортиқча ғурурланмайди, йўқнинг қайғусини чекмайди... Боланинг табиатидаги ўзига хос самимийлик тоза фитратнинг аломати бу. 

Эй қилибон қаҳр ила лутфунг шиор,  
Борни йўқ айламаку йўқни бор,
Йўқ эдилар ҳар неки — 
            бор айладинг,  
Фаҳму хирад бориға ёр айладинг.

Ҳазрат Навоийнинг бу сатрларида борлиқ ва йўқлик ҳақидаги ҳикматнинг туб моҳияти яққол кўриниб турибди. 
Кўзимиз билан кўришимиз мумкин бўлган бу олам олдин йўқ эди. Кейин биргина «Бўл!» деган амр билан бор бўлди. Унинг йўқ бўлишига ҳам шундай бир амр кифоя. Дунё деган тебраниб турувчи бешик Яратганнинг ана шу икки буйруғи орасида ҳамиша илҳақ туради.  
Ўзимиз ҳам бир пайтлар йўқ эдик, кейин йўқдан бор қилди. Охир-бир кун фурсатимиз етиб, яна йўқликка кетамиз. 
Умримиз олиб-чиқараётган нафаслардан иборат. Ҳар бир нафасимиз — умримиз. Шу нафасларнинг бирида бормиз, бирида эса йўққа айланамиз. Улуғ ва донишманд бобомиз балки шу маънодадир бизга: «Ҳар нафасинг ҳолидан огоҳ бўл», дея таъкидлайдилар. Борлиқ ва йўқлик орасида саргардон банда умр сафаридан нимани орзулаяпти? Шу қисқа сафардан мурод нима? Ана шу саволларга топилган тўғри жавоб шу икки нафасни улкан саодатли ҳаётга ёки беҳудалик ортидан келувчи залолатга айлантиради.  
Бору йўқни билмак учун энг зарур омиллардан бири — ақл. Бугун ақлимиз ҳаминқадар аҳволга тушиб қолди. Айни сабабга кўра, бору йўқ баҳсига ақлимиз етмайди.
Илгари аждодларимиз ақлни ўстириш, уни тинимсиз чархлаб, машқ қилдириб, бойитиб ва ривожлантириб боришнинг турфа йўлларини яхши билишган ҳамда шунга муттасил амал қилиб келишган. Хусусан, ақл ва унинг хусусиятлари ҳақида баҳс юритувчи мантиқ илмини пухта ўзлаштиришган. Унинг асосий қонуниятларидан кундалик турмушда, илм ва ижодда унумли фойдаланишган. Мантиқ қоидаларига кўра, бу оламдаги ҳар бир моддий нарса қайсидир миқёс асосида ўрганилади. Масалан, сувни ҳажмни билдирувчи бирон идиш ё асбоб билан ўлчаймиз. Дейлик, ҳар бир челакка бир челак сув сиғади. Демак, челак нисбий. Унга икки челак сув ҳам бемалол сиғавериши мумкин, агар ўша челак бу челакнинг ярми баробарида бўлса. Бошқа нарсалар ҳам шунга қиёс. Масалан, мантиқ қоидаларига кўра офтобнинг совуқлик даражаси ҳақида ҳам бемалол баҳс юритиш мумкин. Яъни, у нолга тенг. Демак, ҳамма моддий нарсалар қайсидир мезонга баробарлигидан келиб чиқиб фикр юритилади. 
Афсуски, бугунга келиб биз ақл ва тафаккурга эътиборсизлигимиз туфайли ақлимиз ҳатто эркак-аёлни фарқлашга ҳам етмай қолди. Натижада, бир жинслилар орасида ҳам оила қуриш каби ақл ва мантиқдан миллиард чақирим йироқ ҳодисаларга оддий ҳолдай қарайдиган, энг даҳшатлиси — изн берадиган бўлдик.
Аслида гўдакнинг ақли катта одамникидан анча кучли. Лекин бу ақл йиллар давомида йўқотиб борилади. Бу дунёнинг бор-йўқлигини билиш учун бизга бурнимиздан нарироқни кўрсата оладиган ақл зарур! Биз ҳамма нарсани тариқдеккина ақлимиз тарозусига тортиб, унга мувофиқ келмаса, дарҳол инкор этадиган бир ҳолатга тушиб қолганмиз. Бу — калтабинлик! Аҳмоқ киши ҳеч қачон ўзининг аҳмоқлигини тан олмагани каби биз ҳам ўз калтабинлигимизга асло иқрор бўлмаймиз. Тўғрироғи, бунга ақлимиз етмайди. Бу ҳақда Матназар Абдулҳакимнинг чиройли сўзлари бор:

Гулдираган қаҳ-қаҳанг билан
Ларза солиб осмон-фалакка.
Отангни ҳажв қилганинг тўғри,
Тўғридир қилганинг калака. 
Агар чиндан ақли бўлсайди,
Бўлса эди фаросат-фаҳми,
Туғдирмаган бўларди асло 
Онангга сендайин аблаҳни.  

Мантиқда келадиган яна бир машҳур мисол бор. Шиша идишнинг сув билан тўлдирилганлик даражаси ҳақида. Унинг бир қисмида суюқлик бор, бошқа қисмида эса йўқ. Бундай масалаларда мутлоқликка эришиш эса имконсиз. Шунга кўра, одамлар ҳам икки тоифага ажралади: идишнинг ярми тўла дейдиганлар ва идишнинг ярми бўш, дейдиганлар. Бу ҳам бор-йўқ орасидаги кичик бир баҳс.
Психологларнинг таъкидлашича, инсоннинг шу нуқтадаги нуқтаи назарига кўра у ҳақида анча-мунча маълумотга эга бўлиш мумкин. Яъни ана шу нуқтаи назар некбин (оптимист) ва бадбин (пессимист) оламининг чегарасини белгилаб беради.
Биз бирон нарсага қараганимизда ёки бирон нарса ҳақида фикр юритганимизда унинг ҳамма жиҳат ва хусусиятларини кўра олишимиз муҳим. Калтабинликдан қутилишнинг чораси шу. Бир нарса ҳақида хулоса чиқаришда шунчаки хомхаёлларга, тез-тез ўзгариб турувчи ёки бизни алдаб қўювчи ҳиссиётга эмас, аввало, соғлом ақлга таяниб фикр юритишимиз зарур. Акс ҳолда, зинҳор тўғри хулоса чиқара олмаймиз. 
Афсуски, бугун инсониятнинг бу табиий хусусиятига қарши жиддий кураш бошланган. Айрим паст савияли нарсаларни «маънавият маҳсули» атаб кенг тарғиб қилинаётгани, оммага оқни қора, қорани оқ сифатида таништирилаётгани, аксар ишларда атайин ақлсизлик қилиш талаб этилаётгани ҳамда бу замонавийлик, илғорлик ва нуфуз сифатида баҳоланаётгани соғлом ақлнинг тез орада муомаладан чиқариб юборишга қаратилган ҳаракатлардан баъзилари холос. 

Ҳеч нарса йўқки унда
        кемтиги зинҳор йўқ.

Буни дунёдаги ҳеч бир нарса камчиликсиз бўлмайди, деб тушунмаслик керак. Масалан, осмон мукаммал қилиб яратилган. У гарчи устунсиз бўлса-да, устимизга қулаб тушмайди. Бирон жойи тешилиб, йиртилиб, эскириб қолмайди. Бошқа яратиқлар ҳам худди шундай. 
Банданинг қўли билан яратилган ҳеч бир нарса эса нуқсондан холи эмас. Шунинг учун ҳам банда яратган ҳар бир нарсанинг мукаммаллиги ҳақида ҳам, ноқислиги ҳақида ҳам соатлаб баҳс қилавериш мумкин. Фақат бунинг учун ўткир назар, теран ақл ҳамда таянч ва мушоҳадавий билимлар зарур. Яна кучли хотира ҳам.
Дейлик, сиз бир кишини яхши кўриб қоласиз. Хаёлингизда у дунёдаги энг мукаммал инсон бўлиб кўринади. Орадан вақт ўтиб сиз унинг камчиликларини пайқай бошлайсиз. Мутлоқ деб билган ҳақиқатингиз завол топади. Балки, бир куни ўша ҳақиқатдан асар ҳам қолмаганини кўрасиз. Шундай кезларда эсдан чиқармаслик керакки, бу дунёда онийлик ҳукм суради. Юзингизга тикка тушиб, кўзингиз қамаштираётган қуёш вақт ўтиши билан ўзини секин-секин четга олади. Дунёда ҳар оннинг ўз ҳақиқати бор. Бир лаҳзадан сўнг биз ўз қўлимиз билан ясаган ё ўйлаб топган ҳақиқатимиз эскира бошлайди ва тезда яроқсиз ҳолатга келиб қолади. 
...Эсимда, болаликда пахта терими чоғида қуёш қайси биримизнинг эгатимиз бошида тургани ҳақида узоқ баҳслашардик. Ўша кезлар бизда қуёшнинг ҳажми ҳақида ҳеч бир маълумот йўқ эди. Биз қуёшни каттароқ баркашдай нарса деб ўйлар эдик...

«Йўқ» десалар «бор» деб
            уни қил исбот,
«Бор» десалар айла
            дадил инкор: «Йўқ!» 

Назаримда, бу тушунчалар ҳар қандай масалада унинг бошқалар кўролмаётган тарафларини кўришга ундайди... 
Кўзнинг кўра олиш қувватига қалбнинг мунавварлиги ҳам қўшилиши зарур. Дейлик, деразадан қараган киши нималарни кўради? Дераза олдидаги ҳолатни. Бу яхши албатта. Аммо нега у дераза олдидаги дарахтзор ортидаги йўлни, баланд-баланд биноларни, ўша томонда қаерлардадир ястаниб ётган тоғни, денгизни, уммонни, сув ортидаги қуруқликни, ундан нарироқдаги ўзи турган жойни ва қулоғининг орқасини кўрмайди? Ахир, Ернинг думалоқлигига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ-ку! Шундай бўлгач, нега биз деразадан қараганда уч-тўрт қадам жойни кўриш билангина чекланиб қолганмиз? Нега минг-минг чақирим жойлар ҳам айнан мана шу дераза ташқарисида эканини англамаймиз? Нега дунёқарашимиз шунчалар биқиқ ва тор бўлиб қолган? 
Мукаммаллик деган тушунча бор. Бу ҳар бир нарсанинг энг олий даражаси дегани. Ундан хабаримиз бўлмаса, кўлмак сувни уммон фаҳмлаб ўтиб кетаверамиз. Аслида мукаммалликдан хабари бўлган киши ноқисликни илғай олади. Йўқса, бор-йўқ баҳсининг унга алоқаси йўқ. У атиги биргина нарсани билади. Унинг ақлига шугина сиғади. Кейин кўр ушлаганини қўймас, деганларидек, ўз жаҳолати ботқоғига ғарқ бўлиб юраверади. Бундайларнинг равиши шу. 
Мукаммаллик шевасидан тотган киши эса ҳар қандай ноқисликни ҳис қила олади. Шу сабабли бор-йўқ баҳсида у фаол қатнаша олади. Юнон олимларидан бири «биз ҳамма саволга жавоб бера оламиз, фақат савол тўғри тузилган бўлса бас», деган экан. Худди шундай, дунёдан зарра тополмайдиганлар сафида заррадан дунё топа олувчилар ҳам бор. Бу баҳснинг беқиёслиги шунда. 
Биз ҳар бир нарсанинг мусбат ва манфий томонларини аниқ-тиниқ кўра олишимиз шарт. Бу инсон умрининг моҳияти билан боғлиқ. Абу Ҳанифа (Аллоҳ раҳмат қилсин) фиқҳга инсоннинг ўз фойдаси ё зарарига қилинадиган ишлар ҳақиқатини билишидир, деб таъриф берганлар. Демак, ҳар бир инсон бу дунёдаги ҳар бир нарсанинг барча хусусиятларини тўлиқ билмоғи зарур. Шундагина у фойда ва зарарни ажрата олади. Чунки ҳар бир нарсанинг жавҳарида фойда ва зарарлар бор. Бундан хабарсизлик инсон ҳаётини таназзулга ғарқ қилади. 
Имом Аъзам (Аллоҳ раҳмат қилсин) «Таҳорат қилмай намоз ўқийдиган, ўлимтик ейдиган киши ҳақида нима дейсиз?» деганларида шогирдлар шоша-пиша у кофирдир, деб жавоб беришди. Устоз тушунтирдиларки, таҳорат қилмаган киши таяммум билан намоз ўқиши мумкин. Айрим жонзотлар, хусусан, балиқни ўлимтик ҳолда ейишга изн берилган.
Бу бугун бизга анча жўн туюлади. Сабаби ўша маълумотлар билан танишмиз. Аслида бошқа маълумотлар билан ҳам таниш бўлиш бошқа масалаларни ҳам ақл, ҳис ва фаросат билан осонгина ҳал қилишга ўргатади.    
Инсонга фойдаларни ўз ҳаётида бор этмак, зарарларни эса йўқотмак вазифаси топширилди. Шу сабабли авлиё зотлар инсонларга бирон нарсанинг фойдаси ё зарари борлигини кўрсатиб берувчи, ўргатувчи муаллимлардир. Айниқса, улар бу баҳсда жуда моҳир бўлганлар. Минглаб шайхларни тарбиялаган шайх вали тарош ўз шогирдларига (шу рубоий воситасида) пайғамбарнинг вориси аслида қандай бўлмоғи кераклигини уқтиради.
Ҳар қандай нарса бор ё йўқ бўлади. Учинчиси мустасно. Шу қоидага кўра,  баъзан борлар йўқ, гоҳида эса йўқлар бор ҳисоблади. Бу жўн бир мантиқ. Лекин айримлар уни хотирдан фаромуш қилиш билан тўғри фикрлашдан ва шу орқали тўғри хулоса чиқариб, тўғри қарор қабул қилишдан адашади. Ҳар бир инсон умри давомида ҳар куни, ҳар лаҳзада кўплаб қарор қабул қилади ва шу асосида яшайди. Демак, умримиз бизнинг қабул қилаётган қарорларимиздан иборат. Нотўғри фикрлаш — нотўғри хулоса чиқаришга, нотўғри хулоса чиқариш — нотўғри қарор қабул қилишга, нотўғри қарор қабул қилиш иш-амалларимизни нотўғри йўлга қўйишга олиб келади. Умр нотўғри йўналишга томон оғиб кетади. Масалан, касал бўлган кимса касалликни қандай қабул қилади? Албатта, оғриниб, хуш кўрмай, жаҳли чиқиб, норозилик билан, асабийлашиб ва ҳоказо... Сабаби у ўзига берилган ҳолатдан ҳеч бир хушхабар топа олмайди. Касалликнинг турган-битгани ёмонлик, деб ўйлайди. Ундан қўрқади, ҳаяжонланади, асабийлашади ва унинг учун куч-қувватини беҳуда йўқотади. Шу касаллик ортидаги не-не афзалликлар эса унга кўринмайди. Боиси, онгини жаҳолат зулмати қоплаб олган. Жаҳолат зулмати бу билимсизлик, дегани. Ана шу билимсизлик уни нотўғри ўйлаш, нотўғри хулоса чиқариш, нотўғри қарор қабул қилишга ундайди.
Туробжон АБДУРАЗЗОҚ,
Сурхондарё вилояти
 




Ўхшаш мақолалар

ҚАДДИНГНИ ТИК ТУТ, БОЛАМ!

ҚАДДИНГНИ ТИК ТУТ, БОЛАМ!

🕔11:20, 27.05.2020 ✔175

«Сардоба»нинг аччиқ сабоқлари

Қалдирғочнинг ин қуришини ҳеч кузатганмисиз? Мен бу болажон қушнинг уя қуриши, меҳнатсеварлиги ва ишни пухта бажаришига неча бор гувоҳ бўлганман. Баҳор келиши биланоқ хонадонимиз қадрдонлари бўлган бир жуфт қалдирғоч даҳлизда гирён ура бошлайди. 

Батафсил
ЯНГИ ВА ХОЛИС НАЗАР

ЯНГИ ВА ХОЛИС НАЗАР

🕔11:20, 27.05.2020 ✔173

«Оила даврасида» газетасининг ўтган сонида чоп этилган «Қодирийни буюк қилган уч маслак» мақоласини ўқигач, анчадан бери ўйлаб юрган мулоҳазаларим хаёлимда яна қайта гавдаланди... 
 

Батафсил
МАТБУОТ ЭРКИН БЎЛИШИ ШАРТ

МАТБУОТ ЭРКИН БЎЛИШИ ШАРТ

🕔11:19, 27.05.2020 ✔174

Акс ҳолда дунё ҳамжамияти олдида кулгига қолаверамиз
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ҚАДДИНГНИ ТИК ТУТ, БОЛАМ!

    ҚАДДИНГНИ ТИК ТУТ, БОЛАМ!

    «Сардоба»нинг аччиқ сабоқлари

    Қалдирғочнинг ин қуришини ҳеч кузатганмисиз? Мен бу болажон қушнинг уя қуриши, меҳнатсеварлиги ва ишни пухта бажаришига неча бор гувоҳ бўлганман. Баҳор келиши биланоқ хонадонимиз қадрдонлари бўлган бир жуфт қалдирғоч даҳлизда гирён ура бошлайди. 

    ✔ 175    🕔 11:20, 27.05.2020
  • ЯНГИ ВА ХОЛИС НАЗАР

    ЯНГИ ВА ХОЛИС НАЗАР

    «Оила даврасида» газетасининг ўтган сонида чоп этилган «Қодирийни буюк қилган уч маслак» мақоласини ўқигач, анчадан бери ўйлаб юрган мулоҳазаларим хаёлимда яна қайта гавдаланди... 
     

    ✔ 173    🕔 11:20, 27.05.2020
  • МАТБУОТ ЭРКИН БЎЛИШИ ШАРТ

    МАТБУОТ ЭРКИН БЎЛИШИ ШАРТ

    Акс ҳолда дунё ҳамжамияти олдида кулгига қолаверамиз
     

    ✔ 174    🕔 11:19, 27.05.2020
  • АҚЛНИНГ ҚУДРАТИ НИМАДА?

    АҚЛНИНГ ҚУДРАТИ НИМАДА?

    Луқмони ҳакимнинг дарвозасига шундай ёзилган экан:
    «Бизнинг ҳикматимиздан ўзини таниган, нафсини меъёрида тия олган ва бошига тушган ишлар тадбирини инсоф билан амалга ошира оладиган инсонгина фойдалана олади. Кимда шу сифатлар бўлса, кирсин, йўқса, то шуларни ҳосил қилмагунича қайтиб кетаверсин».
    Ҳакимлар ҳикматга қуйидагича таъриф беришади: «Ҳикмат  –  нарсаларнинг ҳақиқатини инсоннинг имконияти етадиган даражада асл ҳолида билишдир».  
     

    ✔ 249    🕔 12:04, 22.05.2020
  • ЎҚ ЁМҒИРЛАРИ ОСТИДА ЎТГАН КУНЛАР...

    ЎҚ ЁМҒИРЛАРИ ОСТИДА ЎТГАН КУНЛАР...

    Инсоният бошига беҳисоб офатлар олиб келган иккинчи жаҳон уруши тугаганига ҳам бу йил 75 йил тўлади. Осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз тинч, осуда. Уйлар қурамиз, тўйлар қиламиз, фарзандларимизни ўқитамиз, тинч ухлаймиз, ҳаловатимизни ҳеч ким бузмайди.
     

    ✔ 92    🕔 11:35, 22.05.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар