Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЯНА МАТБУОТ МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА

ёхуд ҳукумат қароридан кўзланган асл мақсад нима?

Босма оммавий ахборот воситалари, асосан газеталарнинг келажаги керак-керак эмаслиги ҳақидаги муҳокамалар кетаётган шу кунларда ҳукумат порталига бир қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

ЯНА МАТБУОТ МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан муҳокамага қўйилган ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қароридир.

Бу мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, омма­вий ахборот воситаларини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга алоҳида эътиборнинг яна бир муҳим қадами эканини таъкид­лаш жоиз. Чунончи, бугун матбуот нашрларини фақатгина классика учун эмас, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ҳар бир воқеликка холис муносабатни шакллантириш, кенг аҳоли қатламини ўқишга, фикрлашга, тафаккур қилишга ўргатиш, саводини чиқариш учун ҳам қанчалик муҳим эканини исботлашга ҳожат йўқ.
Газеталар ривожланмаётгани ҳақида бугун бот-бот айтил­япти. Баъзида босма матбуотнинг «ўлими» ҳақидаги гаплар ҳам қулоққа чалиняпти. Бундай гапларни шошмасдан, яхшилаб мулоҳаза қилиб кўриш зарур, назаримда. Республикамиз аҳолисининг кўп қисми қишлоқ жойларда яшаши, уларнинг барчаси замонавий коммуникатив ресурслар билан тўла таъминланмагани, улар орасида ахборот олишда анъанавий воситаларни маъқул кўрувчилар кам эмаслиги, босма нашрларнинг аналогсиз жиҳатлари, миллий-этник хусусиятлар, ижтимоий-маънавий омилларни ҳам инобатга олиш муҳимлигини эътибордан четда қолдирмаслик керак, албатта.  
Қарор лойиҳаси билан танишиб чиқиб, тўғриси, ундан газеталар айнан бугун дуч келаётган асосий муаммолар ечими борасида айтарли гап тополмадим.  Бир нарсани тўғри тушунайлик: газеталар ривожланиши учун инфраструктура зарур, ахир. 

Ҳозиргача матбуот нашрларига обуна қилиш, уларни чоп этиш ва ўқувчининг қўлига етиб боришгача бўлган жараён совет замонидан келаётган шароитда қолган. Қарор айни шу борада ечим бўлиши, матбуот нашрлари учун янгича муҳит яратишини кутган эдик.
Тайёр обуна қилиб бериш, кейин «Бўлди, йил охиригача амаллаб чиқариб олсак бўлди», деган боқимандалик кайфияти билан газета чиқариш замони аллақачон ўтган. Ҳар бир газета ўз ўқувчисини топиши учун курашиши керак. Кўп газеталар шунга ҳаракат қиляпти, айни ўқувчилар дилидаги гап­ларни ёзяпти ҳам. Унда нима учун уларнинг адади сонма-сон ошмаяпти? Нима учун бирор нашр «Мана шу номерда ўта долзарб материал беряпмиз, шундан қўшимча 20 ёки 30 минг нусха чиқарайлик, сотилиб кетади», деб ўйламайди? Чунки буни амалга ошириш механизми йўқ.
Мана шунинг ўзи рақобатни ўлдиради. Изланишга рағбат йўқолади. Долзарб бир мақола тайёрласа ҳам ёки ахборот агентликларининг тайёр материалини кўчириб босса ҳам – бир хил. Куни ўтаверади.
Матбуот нашрларининг обунаси, чакана савдоси ва кунлик газетани ҳар бир хонадонгача етказиб бериш механизми қандай бўлади? Мисол учун, фалон тумандан кимдир сизга «Газетангиз яхши экан, қандай обуна бўламан?», деса сиз қандай жавоб берасиз? «Туман марказига борасиз, почтага кирасиз, квитанция тўлдирасиз, кейин банкка борасиз...» Бунақа ҳолатда ҳеч ким обуна бўлмайди. Ҳалигача газеталаримизга ҳамманинг қўлидаги оддий мобиль телефон орқали обуна бўлиш ёки сотиб олиш имкониятини яратиб бера олганимиз йўқ. Газеталар ҳозир туман почта бўлимига борганидан кейин ҳам ўша ердаги ташкилотларга етиб бориши учун 2-3 кунлаб ётади. Қишлоқларга етиб боришини энди тасаввур қилаверинг.
Ҳозир деярли ҳар бир қиш­лоқда одамлар учун қулай савдо дўконлари бор. Балки шуларни ёнида мўъжаз бир маърифат дўкони очиш мумкиндир. Унда фақат китоб, канцелярия ва газета журналлар сотилиши керак. Фақат улар фаолиятини ривожлантиришнинг механизмлари яратилиши, уларга имтиёзлар берилиши керак.
Қарор лойиҳасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда барча матбуот нашрлари учун махсус «Обуна портали»ни яратиш масаласи қўйилиши зарур, назаримда. Бу портал орқали мамлакатимиздаги исталган даврий нашрларга осон ва қулай тарзда онлайн обуна бўлиш, тезкор тўлов тизимлари орқали обуна тўловини амалга ошириш мумкин бўлади. Ҳар бир обуначи истаган пайтда ўзи обуна бўлган нашрнинг чоп этилиши, манзилга қачон етиб келиши ҳақида аниқ маълумот олиш имконига эга бўлади.
Газеталар ўқувчи қўлига ўз вақтида етиб бормаслиги бугун жиддий масала. Бунда кўпчилик таҳририятларни айбдор қилади. Лекин масаланинг бошқа томони борки, ҳозир аксарият таҳририятлар ўз газетасига босмахонага топширгунча жавоб бера олади. Босмахонадан чиққандан ке­йин қачон етиб бориши матбуот тарқатиш билан шуғулланаётган ташкилотларга боғлиқ. Бугун бундай ташкилотлар сони жуда кўп, аммо уларнинг аксариятида жавобгарлик ҳам, газетани вақтида етказиб бериш масъулияти ҳам йўқ. Чунки газета қанча масофага, қанча вақтда етиб бориши зарур, деган мезон йўқ. Бирор бир почта бўлими ёки матбуот тарқатувчи ташкилотлар газеталарни етказиб беришда скутер ёхуд велосипед каби техникалардан фойдаланиш муносиброқ самара бериши ҳақида ўйлаб кўрмайди. Ҳолбуки, битта туманда 4-5 нафардан шундай тарқатувчилар ёлланса мингдан зиёд одам иш билан таъминланиши ҳам мумкин.
Кейинги вақтдаги таҳлиллар кўрсатяптики, аксарият юртдошларимиз обунага қарши эмас. Фақат обуна нархи арзон бўлиши, ҳар ким ўзи истаган газета ва журналга обуна бўлиши учун шароит яратилиши, газета-журналлар энг долзарб масалаларни кўтариб чиқиши ва муҳими, вақтида етказиб берилиши тарафдоридир.
Матбуот нашрлари асосан ташкилот ва идораларда қолиб кетиши сир эмас. Хонадонларга кунлик газета кириб бориши бутунлай йўқолган, деса ҳам бўлади. Мамлакатимизда 7 миллиондан зиёд оила бўлса, унинг 1 фоизига ҳам газета кириб бормаслиги жуда ачинарлидир. Аксинча, газета ҳар куни эшигининг тагигача етиб борса, одамлар газета ўқий бош­лайди. Шундагина матбуот­га ишонч пайдо бўлади, газеталарга ўз хоҳиши билан обуна ҳам бўлади.
Агар газеталарга обуна бўлиш ва уларни етказишда, чакана савдосида шундай изчил механизмлар яратилса, газеталар ўз ўқувчисини топиш учун ўзлари қайғуради. Соҳада тенг имкониятлар замиридаги соғлом рақобат юзага келади. Мазмунан ранг-баранглик пайдо бўлади. Дейлик, бир нашр «теша тегмаган» долзарб бир мавзуни кўтариб чиқяпти. Бу ҳақда керак бўлса олдиндан реклама қилади, ўқувчиларни қизиқтиради. Ўша мақола чоп этилган номердан 10-15 мингта қўшимча ҳам сотувга чиқаради.
Ана шундан кейин нашрлар тиражи оша бошлайди, обуна нархи ҳам, газета таннархи ҳам сезиларли пасаяди. Соғлом рақобат муҳитида газеталарнинг иқтисодий имкониятлари ошар экан, бирор ҳокимликка ёки вазирликка молиявий қарам бўлмайди.
Қарор лойиҳасини маромига етказишда юқорида санаб ўтилган муаммолар ечими ўз аксини топади деган умиддамиз. Бу муаммоларни ҳал этиш, матбуотнинг сифатини, тезкорлигини ошириш, унинг арзон, ҳамма учун мақбул бўлишини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсатида муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз.
Салоҳиддин
ЗАЙНИДДИНОВ




Ўхшаш мақолалар

БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

🕔11:22, 27.05.2020 ✔255

2022 йилда аҳоли рўйхатга олинади, бу нима учун керак?

2022 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ўтказилади. Бу муҳим жараёнга тайёргарлик кўришнинг ҳуқуқий асослари шаклланмоқда.

Батафсил
ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

🕔11:16, 27.05.2020 ✔97

Муҳокама қандай ўтди ва нималарни кўрсатди?

Адлия вазирлиги томонидан шу йил 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ниҳоясига етди.
 

Батафсил
ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

🕔11:14, 27.05.2020 ✔97

Яқинда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг ОАВ учун брифингда бутун бир халқнинг она тилига нисбатан беписандлик ва беҳурматлик билан билдирган муносабатини ўқиб, беихтиёр «уятсизлик ҳам эви билан-да» деган гап кўнглимдан ўтди.
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

    БИЗ ҚАНЧАМИЗ?

    2022 йилда аҳоли рўйхатга олинади, бу нима учун керак?

    2022 йилда Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ўтказилади. Бу муҳим жараёнга тайёргарлик кўришнинг ҳуқуқий асослари шаклланмоқда.

    ✔ 255    🕔 11:22, 27.05.2020
  • ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

    ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

    Муҳокама қандай ўтди ва нималарни кўрсатди?

    Адлия вазирлиги томонидан шу йил 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ниҳоясига етди.
     

    ✔ 97    🕔 11:16, 27.05.2020
  • ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

    ХАЛҚ ҚАЛБИ БИЛАН ЎЙНАШМАНГ!

    Яқинда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг ОАВ учун брифингда бутун бир халқнинг она тилига нисбатан беписандлик ва беҳурматлик билан билдирган муносабатини ўқиб, беихтиёр «уятсизлик ҳам эви билан-да» деган гап кўнглимдан ўтди.
     

    ✔ 97    🕔 11:14, 27.05.2020
  • ЯНА МАТБУОТ МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА

    ЯНА МАТБУОТ МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА

    ёхуд ҳукумат қароридан кўзланган асл мақсад нима?

    Босма оммавий ахборот воситалари, асосан газеталарнинг келажаги керак-керак эмаслиги ҳақидаги муҳокамалар кетаётган шу кунларда ҳукумат порталига бир қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

    ✔ 323    🕔 12:10, 22.05.2020
  • Қинғир ишлар виждондан бошланганда

    Қинғир ишлар виждондан бошланганда

    ёхуд «учиб кетган том», «ўпирилган дамба»  бизни нимадан огоҳлантирмоқда?

    ✔ 100    🕔 11:34, 22.05.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар