Ўзлик      Бош саҳифа

Маънавий баҳрамандлик

ёхуд «Ҳайратул аброр»даги бир ҳикоят хусусида 
 

Маънавий баҳрамандлик

Бадиий ижодда нимани ва қандай ёзиш керак, деган савол қалам аҳлини бирдай қизиқтирадиган масаладир. Бу саволга ҳар бир ижодкор ўзича жавоб излайди ва топади. Жавоблар ижодкор яратган бадиий асарларда акс этади. Асарни ўқир эканмиз, ижодкор ижод моҳиятини қандай ва қай даражада англаб етганини илғаб оламиз. 
Ҳазрат Алишер Навоий асарлари инсоният тамаддунида яратилган бадиий ижоднинг энг сара намуналари десак, ҳеч бир муболаға қилмаган бўламиз. Навоий асарларини ўқиб ўрганиш ҳар гал шундай хулоса чиқаришга асос беради.   

«Ҳайратул аброр» достонидаги мақолотларда «руҳий тарбия» илмига оид юксак инсоний фазилатларнинг поэтик талқини баён қилинади. Хусусан, иймон, адолат, сидқ, карам, адаб, қаноат, вафо, ростлиқ, илм, нафрасонлиқ (бошқаларга фойда етказиш) каби фазилатлар инсоннинг асл инсонийлик моҳиятига далолат қилиши ҳақида фикр юритилади. Асарда келтирилган юксак ва олийжаноб фазилатлар фақатгина мутафаккир шоирнинг ҳаётда учраши мумкин бўлмаган, инсоният учун қўл етмас эстетик идеаллари эмас. Балки уларнинг барчаси воқеликда мавжуд, ҳазрат Навоийгача яшаб ўтган ёки муаллифга замондош бўлган реал тарихий шахсларнинг гўзал ахлоқ намуналаридир. Асарда келтирилган ҳикоятларда аксарият ҳолларда ана шу конкрет тарихий шахслар ҳаётидаги бирон воқеа қаламга олинган. 
Алишер Навоий чин ихлос ва покиза иймон тақозоси сифатидаги рост сўзнинг инсон ахлоқига таъсири масаласини нозик талқин этган. «Ҳайратул аброр»нинг бир неча ўринларида худди шу ҳолатнинг гувоҳи бўламиз. 
Достоннинг бошқаларга фойда етказиш ҳақидаги «Саҳобдек нафрасонлар боби»да, аввало, инсон ўзига берилган инъомларни бошқалар билан бирга баҳам кўриши, имкон қадар атрофидагиларга хайру саховатпеша бўлиши шартлиги ҳақида сўз юритилади. Навоий талқинича, инсон биринчи навбатда, ўзига берилган неъматларга шукр қилиши зарур. Бу ҳақда ҳазрат Навоий: 

«Ушбу бийик мартаба қадрини бил, 
Бўйла улуғ манзала шукрини қил» 

дейди. Шу билан бирга, шукр қилиш қандай бўлиши ҳақида ҳам аниқ тушунчалар беради. 

«Шукр недир – наф фузун айламак,
Базл камандини узун айламак. 
Бўлмоқ агар кўп эса ҳам базлсоз, 
Бергали ор айламамак бўлса оз…» 

Яъни шукр қилиш дегани инсон ўзига берилган инъомлардан истеъфода этиб, фақат оғиздагина неъмат берганни эътироф қилиш эмас, балки ана ўша ўзига берилган неъматлардан бошқаларни ҳам баҳраманд қилишга интилишдир. Бу иш мол-мулки кўплигида унга ҳирс қўймасдан ёки кам нарсани бошқаларга беришни ор билмасдан амалга оширилиши лозимлиги таъкидланади. 
Агар инсоннинг ўзида бирон нарса бўлмаса, бошқаларга нима бериши, қандай яхшилик қила олиши мумкин, деган саволга ҳам Ҳазрат Навоий ўз ўрнида жавоб берганлар. Яъни: 
«Хайр муяссар гар эмас эл била, 
Наф тегурмак ҳам ўлур тил била.
Ганж бериб бўлмас экин тутса кўз,
Улча қилур вақтида бир яхши сўз..». 
Ҳақиқатда, бирон нарса билан ёрдам бериш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаслиги мумкин ва бу табиий ҳол. Аммо ёрдам илинжидаги инсонга ҳамма қила олиши мумкин бўлган яна бир яхшилик бор. Ким агар қўли билан яхшилик, ёрдам қила олмаса, тили билан – яхши ва фойдали сўзи, маслаҳати, панд-насиҳати билан ёрдам беришга (агар истаса) ­имкон топа олади. 
Ҳазрат Навоий таъбирида, инсон муаззам бир дарахтга қиёсланса, унинг ҳосили сўздир. Лекин у шунчаки сўз эмас. Инсоннинг қалб қўрида пишиб етилган, унинг моддий ва маънавий қиёфасини ўзида акс эттира оладиган, одамнинг феъли билан йўғрилган чинакам таъсирчан ва тирик ҳодисадир. Сўз билан берилган ёрдам ўрни келганда ҳисобсиз мол-дунё билан берилган ёрдамдан афзал бўлиши мумкин. Чунки сўз Навоий таъбирида «ўлимдан нажот» ҳамда «ўлик танга ҳаёт» берувчи восита ҳисобланади. 
Агар яхшилик қилишда инсон шунга, яъни яхши сўз айтишга ҳам имкон топа олмаса, ёрдамга муҳтож кишига нисбатан қалбида бир инсонийлик туюши зарур. Бошқалар муваффақиятидан қувониши, дардига шерик бўлиш ҳам ўзига хос кўмак аслида. 
Навоий асарларида инсонга мол-­дунё, мансаб-мартаба, илм, насл-насаб ёки бош­қа тафовутлардан келиб чиқиб эмас, аввало, инсонлиги ва инсонийлиги нуқтаи назаридан баҳо берилади. «Ҳайратул аброр»да келтирилган «Айюби халаф ва нохалаф ўғри» ҳақидаги ҳикоятда айни шу ҳолатни кўриш мумкин. 
Ҳикоятда шайх Айюб кечаси ўз ҳуж­расида ибодат билан машғуллигида бир ўғри лаҳм кавлаб хонага кириб келади. Хонадаги қўлга илинадиган ҳамма нарсаларни олиб, қайтиб кетаётганида юклари билан лаҳмга сиғмай қолади. Бу ҳолни тўғри англаган шайх Айюб ўрнидан туриб, ўғрига мурувват кўрсатади ва эшикни очиб беради. Шайхнинг бундай муносабатидан қаттиқ таъсирланган ўғри шайхнинг олдида тавба қилади ва ўзининг ножўя ҳолатини ислоҳ этади. 
Одатда бирон номаъқул ишни кўрган киши биринчи галда уни инкор этади. Инкор инкор этилувчи учун худди сув оловни алангалантиргандай вазиятга зид таъсир қилиши мумкин. Ёхуд қуруқ панд-насиҳатга ўтилади. Бу ҳам ҳамиша ва ҳаммага кутилганидек натижа бериши қийин. Бундай пайтда Айюби Халаф учинчи бир йўлни тутди. Ўғрини жазолаш, инкор қилиш, айблаш, камситиш йўлидан бормади. Бир адашган, бечора ва гумроҳ кишига инсонийлик нуқтаи назаридан муносабатда бўлди. Уни инсон сифатида тўғри тушунди ва эшикни очиб, ёрдам берди... 
Шу ўринда нозик бир нуктага аҳамият қаратиш зарур. 
Ҳикоятни ҳақиқий маънода – фақатгина ҳаётий воқеликни поэтик акс эттириш натижаси сифатида ўрганиш ҳам мумкин. Бунда ўқувчи бир пайтлар тарихда икки киши орасида бўлиб ўтган кичик бир воқеа ҳақида маълумотга эга бўлади, холос. Ундан ўзига яраша хулоса чиқариши, ўрнак ё ибрат олиши ҳам мумкин. Аммо асарга бадиий адабиёт қонуниятлари, хусусан, Алишер Навоий ижодий методи принципларидан келиб чиқиб ёндашилса, янада кенгроқ маънолар қатламига дуч келамиз.    
Ҳазрат Навоий асарларида қаламга олинган реал тарихий воқелик бир вақтнинг ўзида мажоз сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бунда кўзда тутилган маъно ва моҳият фақат келтирилган тарихий воқеани ифода этиш билангина чекланиб қолмайди. Ҳикоятдаги воқелик мажозий маънода тушунилса, у горизонтал ва вертикал жиҳатдан чексиз кенгайиб борувчи маъно кўламига эга экани маълум бўлади. Бир қарашда фақат биргина тарихий воқеликни акс эттираётган поэтик ҳодиса айни пайтда барча замон ва маконлар учун хос бўлади ҳамда ўша ҳар бир замон, макондаги ўқувчини ўзига сиғдира олувчи поэтик формула вазифасини бажаради. Энг муҳими, барча сатҳларда ўқувчи руҳий-маънавий савиясини кўтариш ва юксалтиришга хизмат қилади. 
Ҳикоятдаги «Айюби халаф», «тун зулмати», «ибодат», «ҳужра», «ўғри», «лаҳм», «ўғирланиб қопга жойланган нарсалар», «эшик», ҳамда «тавба» – буларнинг барчаси мажозий характердаги воситалардир. Шу жиҳатдан, мазкур ҳикоятдаги «эшик» фақатгина ҳужрадан чиқиш эшиги эмас, мажозий маънода йўлини йўқотиб қўйган кимсанинг барча муаммолар гирдобидан чиқиш эшиги ҳам эди. Айюби Халаф образи – ҳар қандай ҳолатда инсонни тўғри тушуниб, саодат йўлини кўрсата олувчи шахс. Ўғри – ҳаётда муаммолар гирдобида қолиб, йўлини йўқотган ҳамда йўлсизлик зулматида ўзига «нораво йўл» топиб олган, адашган бир банда образи. Ўғрининг олиб кетишга уринган, лекин олиб кетолмаган нарсалари эса, дунёдаги моддий бойликлардир. Ҳазрат Навоий инсон бу дунё ҳужрасидан ҳеч қандай моддий нарса олиб кетолмаслигига, бу иш имконсиз эканига ишора беради. Шу билан бирга, инсон мазкур «ҳужра»га келиб топгани ва ўзи билан олиб кетгани (тавба) олиб кетишга урунгани (моддий бойликлар)дан афзаллиги; маънавий баҳрамандлик билан инсоннинг кўнгли чинакам ҳузур-ҳаловатга етишиши; шу орқали инсон ва умр моҳиятини англашга муяссар бўлиши ифода этилади.      
Инсон то тирик экан, ҳаётда турли йўлсизлик-чорасизликларга учраши бор гап. Лекин бундай вазиятдан қандай чиқиб кета олиш баъзан катта муаммога айланади. Шундай чоғда инсонга суянч бўладиган, кўнглини тушунадиган, тўғри йўл кўрсатиш билан ёрдам бера оладиган бир елкадош зарур бўлади. Ҳикоятдаги Айюб образи фақатгина йўл кўрсатувчи эмас, инсон қалбидаги ички маънавий хасталикларни даволай оладиган моҳир табиб ҳамда мураббий сиймосида акс эттирилган. Айюби халафнинг тутган йўли бир инсон ҳаётини энг тўғри ўзанга солиб юборган энг самарали усул эди. 
Демак, ҳазрат Навоий ижодида сўз фақат қуруқ панд-насиҳатдан иборат эмас. У инсониятга ўрнак бўлувчи чинакам ҳаётий жонли мисолларда мужассамлашишдан ташқари асл инсон – «аброр одам»нинг қалби, амали ва тили бирлигининг нишонаси сифатида юзага келган. Қалб ва амал бирлиги сўз учун мустаҳкам икки асос вазифасини ўтайди. Шу сабабдан у баркамол таъсирчанлик хусусиятига эга.  
Навоийни ўқиш, у зот ижодини ўрганиш орқали ҳаётимиздаги бир қанча муаммолар гирдобидан чиқиш учун ҳар бир инсон ўзига муносиб йўл топа олади. Навоий асарлари бизни сўз воситасидаги ана шу саодатга томон йўналтиради. Таълим-тарбия ва ҳақиқий ислоҳ қандай бўлиши кераклигидан дарс беради. Шу каби жиҳатларни мулоҳаза қилсак, ҳазрат Навоий ижоди ҳар бир давр учун ўта муҳим ва долзарб аҳамиятга эгалигига амин бўламиз.
Ғулом БОБОЖОНОВ




Ўхшаш мақолалар

Болаликка қайтиб: НЕМИС ҚИЗИ ХИЛЬДАГА МАКТУБ ҳамда КУТУБХОНАДА «АСИРЛИК» СИРИ

Болаликка қайтиб: НЕМИС ҚИЗИ ХИЛЬДАГА МАКТУБ ҳамда КУТУБХОНАДА «АСИРЛИК» СИРИ

🕔11:40, 15.06.2020 ✔411

Тўртинчи синфлигимда германиялик мактаб ўқувчиси – немис қизи Хильдага мактуб ёзган эдим. Жаҳлим чиққанидан салом билан бошламаганман...
 

Батафсил
Маънавий баҳрамандлик

Маънавий баҳрамандлик

🕔11:18, 27.05.2020 ✔750

ёхуд «Ҳайратул аброр»даги бир ҳикоят хусусида 
 

Батафсил
ҚОДИРИЙНИ БУЮК ҚИЛГАН УЧ МАСЛАК

ҚОДИРИЙНИ БУЮК ҚИЛГАН УЧ МАСЛАК

🕔12:06, 22.05.2020 ✔827

ёхуд уни таъқиб ва маҳв этган асосий куч нима эди?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Болаликка қайтиб: НЕМИС ҚИЗИ ХИЛЬДАГА МАКТУБ ҳамда КУТУБХОНАДА «АСИРЛИК» СИРИ

    Болаликка қайтиб: НЕМИС ҚИЗИ ХИЛЬДАГА МАКТУБ ҳамда КУТУБХОНАДА «АСИРЛИК» СИРИ

    Тўртинчи синфлигимда германиялик мактаб ўқувчиси – немис қизи Хильдага мактуб ёзган эдим. Жаҳлим чиққанидан салом билан бошламаганман...
     

    ✔ 411    🕔 11:40, 15.06.2020
  • Маънавий баҳрамандлик

    Маънавий баҳрамандлик

    ёхуд «Ҳайратул аброр»даги бир ҳикоят хусусида 
     

    ✔ 750    🕔 11:18, 27.05.2020
  • ҚОДИРИЙНИ БУЮК ҚИЛГАН УЧ МАСЛАК

    ҚОДИРИЙНИ БУЮК ҚИЛГАН УЧ МАСЛАК

    ёхуд уни таъқиб ва маҳв этган асосий куч нима эди?

    ✔ 827    🕔 12:06, 22.05.2020
  • ЙЎҚОТИШ САБОҒИ

    ЙЎҚОТИШ САБОҒИ

    Сабоқ берган устозлар ҳақида ёзиш қийин экан. Тириклигида «Ҳали кўп яшайдилар» деб ўйлайсан, ўтгандан кейин армон қиласан. «Нега шу гапларимни тириклигида ёзмадим», дея афсусланасан. Кун кундан «ер устида танишларинг» камайиб, «ер остида дўстларинг» (Абдулла Орипов) кўпаяётганини ҳис эта борасан. Шунда ҳаёт сабоғи бир ибрат, ўлим сабоғи ҳақ эканига амин бўласан.

    ✔ 1595    🕔 14:20, 31.03.2020
  • Инсон меҳрига муҳтож айиқлар

    Инсон меҳрига муҳтож айиқлар

    Бахмал туманининг Ойқор тоғида қўнғир ва жигарранг айиқларни учратиш мумкин. Улар ҳид билиш ҳисси ёрдамида шерикларини топиб олади. 

    ✔ 1416    🕔 10:20, 13.03.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар