Одамнинг шарманда бўлиши жуда осон экан. Ўн беш кун шифохонада ётаман деб, элу-юртга масхара бўлаёздим.
 

Ўзингиз биласиз, шифохонада дастлабки уч кунда сенинг билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Шунгача ўн икки мучангни қолдирмай, текшириб, анализ олиб, кейин даволай бошлайди.
Менда эса бунинг акси бўлди. Анализдан кейин шифокор ҳам, ҳамшира ҳам менга ажабланиб қараб, ғалати саволлар бера бошлади. Нима сабаб, билмайман! Сўрашга журъатим етмайди. «Эҳтимол, йўли шунақадир, ҳар касбнинг ўз сир-асрорлари бўлади…»
Тўртинчи кун деганда, ҳамшира хонадагиларга дори тарқатиб юриб, менга кўзи тушди-да, бирдан «пиқ» этиб кулиб юборди. Қўлидаги таблеткалар ерга сочилиб кетди. Ўзи эса кулгисини тия олмай, оғзини босиб, хонадан югуриб чиқиб кетди. Кечқурун бу аҳвол яна такрорланди. Ахийри, бунинг сабабини сўрашга мажбур бўлдим.
– Сизга ўхшаган бир бемор ётганди, – деди қиз бирдан гап топа олмай, талмовсираб. – Ўзи жуда қизиқ одам эди, кап-катта бўлиб, доридан, уколдан қўрқарди. Мен келишим билан боладай йиғламсираб, ёлворади. Сизни кўрганимда, ўша киши эсимга тушиб кетди…
Эрталаб мени даволовчи шифокор чақирди. У мени рўпарасида ўтирғизиб қўйиб, худди танимаётгандай, узоқ вақт кўзимга тикилди.
– Аҳволинг қалай? – деди сўнгра.
– Ёмон эмас.
– Уйқунг бутунми?
– Бутун.
– Бошинг оғриб, кўнглинг айнимайдими?
– Йўқ.
– Қани, тапчанга ёт-чи.
Ётдим. У аста-секин кўйлагимни ­кўкрагимгача кўтариб қўйиб, қорнимнинг устини беозоргина сийпалади.
– Бу қорин сизда қачондан бери бор?
– Ўн йилдан ошиб кетди.
– Ўшандан бери шу туришидами ёки ўсаяптими?
– Э, лаънат бўлсин бу қоринга, ўсаяпти.
– Хўш-хўш, қачондан бери? – У ўзига калаванинг учини топгандай, жонланиб кетди.
– Қачондан бери десам экан… Хуллас, йилдан-йилга чолворимнинг бели торлик қиляпти, шуни биламан.
– Яқиндан бери ҳеч қандай ўзгариш сезмадингми?
– Йўқ.
Доктор кўйлагимни туширди-да, кетишга рухсат берди. Шу тариқа орадан яна бир кун ўтди. Ҳалиям бизнинг муолажага киришилмади. Кўпчилик қатори ҳар маҳал битта таблетка ичаман, холос. Уни ҳам ҳамшира қизлар ўзлари обкелмай, пакетга солиб, ҳамхоналаримдан бериб юборадиган бўлишди.
Агар даҳлизда дуч келиб қолсак, ё лабини тишлайди, ё тирноғининг учига қарайди. Хуллас, ўзларини зўрға кулгидан тийиб турганлигини сезаман. «Ё тавба, дейман, ичимда, менинг юриш-туришим шунчалик кулгилимикан-а? Шу пайтгача ҳеч ким ҳеч нарса демасди-ку. Дунёда ёлғиз менми семиз? Ҳатто мана шу касалхонанинг ўзида, қоринлари чўян қозондай тўнтарилган тўрт-беш киши бор».
Чоршанба куни эрталаб даволовчи врачимиз бўлим мудирини бошлаб келди. Улар ёнимдаги беморларни енгил-елпи кўздан кечиришди-да, менга келганда, ўтирғични олиб, бемалол жойлашиб ўтиришди.
– Қани, қорнингни оч-чи, – деди бўлим мудири. – Қорин бўшлиғингда ҳеч қандай оғриқ сезмайсанми?
– Йўқ.
– Ҳар куни ухлаганда қай ҳолатда ётасан?
– Чалқанча.
– Ёнбошлаб ётганда, безовта бўласанми?
– Билмадим. Ўзим азалдан чалқанча ётиб ўрганганман.
У бармоқларининг учи билан секин-аста қорнимнинг ҳар жой-ҳар жойини босиб кўра бошлади.
– Оғримаяптими?
– Йўқ.
– Қорнингда қаттиқлик бордек туюлмаяптими?
– Билмадим, бормикин?
– Йўқ, биз шунчаки сўраяпмиз, холос.
У қорин ҳақида бундан бошқа ҳам тўрт-бешта савол берди. Сўнгра даволовчи врач иккалови бир-бирига қараб, елкаларини қисди-да, белгили бир ечимга келолмай, чиқиб кетишди.
Аслида менинг қон босимим пасайиб кетганди. Шифохонага келишимга ҳам ана шу сабаб бўлганди. Лекин мен бу ҳақда қанчалик гапирмай, улар эшитишни ҳам истамайди.
Афтидан, мен улар қизиққан объектдан бирон дуруст нарса айтмаётгандай. Аммо қорин масаласида ҳеч қандай шикоятим йўқлигини ўзим яхши биламан. Бола бўлиб, ичим тиришиб кўрганини ҳеч эслай олмайман. Иштаҳам зўр. Овқатдан кейин ҳам икки коса қатиғингни кўрдим демайман. Ҳайит кунлари бир кунда ўн тўрт уйдан овқат еган пайтларим бўлган. Етти уйдан еганлар уч кун ётиб туришди. Менга эса ҳеч нима қилмади.
Ҳафтанинг охирида тушга яқин улар яна мени шифокорлар хонасига чақиришди. Бордим. Тўрт врач ўтирган экан. Учови шу ердан, ёши элликларга бориб қолган аёл докторнинг юзи менга нотаниш. Чамаси, менинг касалим бўйича маслаҳатга чақирилган бўлса керак. Чиндан ҳам шундай бўлиб чиқди.
– Қани, мана бу тапчанга ётинг, – деди аёл доктор ўзи ҳам тапчанга яқин келиб. – Кўйлагингизни кўтаринг. Танангиз­ни бўш тутинг.
У менинг қорнимни шу қадар эҳтиёткорлик билан силадики, худди қўли билан мина излаб, унинг портлаб кетишидан қўрқиб турган одамга ўхшарди.
– Қорнингиз қуриллайдими?
– Йўқ.
– Қорнингизда бир нарса сузиб юргандай бўладими?
– Билмадим.
– Овқатга иштаҳангиз қалай?
– Яхши.
– Мой доғлаган пайтларда кўнгли­нгиз айнийдими?
– Йўқ.
Сезиб турибман, у мендан ўзи кутган жавобларни ололмаяпти. Шунинг учун жаҳл билан қўлини қиличдай қотириб, қорнимни ҳар жой-ҳар жойини босиб-босиб юборди-да, ўрнига бориб ўтирди. Кейин улар фақат ўзларигина тушунадиган ибораларда бир пиёла чой ичгулик фурсат гаплашиб ўтиришди.
– Ажимурат дўстим, икковимиз тенг­қур эканмиз, – деди бир пайт бўлим мудири менга гап бошлаб. – Сиз яқинда газетада чиққан бир қизиқ воқеани ўқидингизми?
– Қандай?
– Американинг қайси бир штатида яшайдиган Жон Клейд деган йигит қирқ бешга чиққанда ўзидан-ўзи аёл табиатли бўла бошлабди. Ҳалиги йигит қозон-товоқнинг овози келса ошхонага югуриб борармиш.
Бора-бора кўкрак безлари ҳам ўсиб, эмчак пайдо бўлибди. Хуллас, бошинг­ни қотириб не қилайин, ҳалиги йигит бор-йўғи тўққиз ойда бутунлай аёлга айланиб қолибди. Орадан икки йил ўтгач, турмушга чиқиб, иккита болали бўлибди.
Ҳаммамиз ҳиринглашиб кулдик.
– Табиатнинг ғалати ишлари кўп, – деди ҳозиргина мени кўрган аёл доктор. – Уч-тўрт йилликда «Вокруг света» журналида сурати билан бир йигит ҳақида мақола чиқди. Ҳалиги йигит эгиз бўлиб туғилиши керак экан.  Орадан йигирма беш йил ўтгандан кейин йигитнинг қорнида эгизаги ривожлана бошлабди. Операция қилиб олишса, бола тирик экан.
Дастлаб уларнинг гаплари менга қизиқдай туюла бошлаган эди. Лекин, кейинчалик ҳамма гапининг якуни менга қаратилгандай, улар қандайдир бир сирни менга айтолмаётгандай сезила бошлади.
– Мен тушунмаяпман, – дедим секин ўзимга келиб. – Бу гапларнинг ҳаммасини нима учун айнан менга айтаяпсизлар? Ёки менинг ички тузилишимда қандайдир ўзгариш сезиляптими?
Улар бир-бирига қарашди.
– Сен кўнглингга олма, – деди бўлим мудири гап бошлаб. – Ҳалиги айтгандай, табиатда ҳар хил ишлар бўлиб туради. Мана, биз сени бир ҳафтадан бери қайта-қайта текширяпмиз. Ҳозирча аниқ бир нарса дейиш қийин-у, лекин анализ натижасига ҳам қараш керак. Сенинг анализинг сал бошқачароқ чиқяпти.
– Қандай? Қўрқинчлими?
– Йўқ, қўрқинчли эмас. Лекин ноқулайроқ.
– Тортинмай айтаверинг, бошга тушганини кўз кўрар.
– Айтсам, пешобингдан олинган анализнинг кўрсатишича, қорнингда уч ойлик ҳомила бор.
Этим жимирлаб кетди. Юрагим шув этди. Чўчиб тушдим. Лекин шу заҳоти бир нарса эсимга тушиб, кулиб юбордим.
– Нега куласиз?!
– Қанақа анализ? Ахир мен... топширмаганман-ку?
– Қанақасига? Мана, анализнинг натижаси ёзилган, сизнинг фамилиянгиз!
– Тўғри, топширишга топширдим. Лекин ўша кунги санитарка уни бехосдан тўкиб қўйибди. Кейин яна менга келди «қайтадан беринг», деб. Мен бермадим, нима эрмакка ётибманми деб...
Бўлим мудири бирдан бақириб юборди:
– Санитаркани чақиринг!!!
Шу заҳоти менинг анализимни тўкиб қўйган санитарканинг оёғини ерга теккизмай олиб келишди.
– Бу кишининг анализи қаёқда? — деди бўлим мудири.
– Топширдим.
– Ёлғон гапирма! Сен уни тўкиб қўйгансан. Кейин мана бу хулосани кимга ёздирдинг?
Санитарка ерга қаради.
– Сендан сўраяпман, ким ёзди буни?!
– Тўкиб қўйгач, уришадими, деб қўрқиб, ўрнига ўзимникини…
Биз ҳаммамиз чидолмай кулиб юбордик.
Муратбой НИЗАНОВ




Ўхшаш мақолалар

«Ҳайдалган мухбир»

«Ҳайдалган мухбир»

🕔12:43, 26.06.2020 ✔229

Журналистика касбининг ўзига хос ажабтовур олами бор. Журналист деган мардум кунда-кунора бирор «бошоғриқ»қа учрайди, қизиқарли бир ҳангома устидан чиқади. Баъзан ёш боладек соддалиги ҳам бу фидойи инсонлар танлаган касбига мос. Касб байрами арафасида иш жараёнида, ҳаётда содир бўлган «бир қайнови ичида» гаплар, айрим воқеаларни ёдга олмоқчи бўлдик.

Батафсил
Матбуотнинг кучи

Матбуотнинг кучи

🕔12:41, 26.06.2020 ✔231

Бешинчи синфдалигимдаёқ газетага мақола ёза бошлаганман. Еттинчи-саккизинчи синфларга чиқиб шеърлар, кичик-кичик ҳикоя, масаллар ёзардим. Мактабни тамомлаган даврларимда эса газетачиликка қўлим анча келишиб қолганди.

Батафсил
Ханка билан танка

Ханка билан танка

🕔12:24, 26.06.2020 ✔231

Саид АҲМАД

Олимбой ака келинини кутиб олиш учун раисдан «Волга»ни сўраб, қоқ пешинда станцияга чиқди. Поезд келиб вагон эшигидан ўғли Тантибой билан келинининг қораси кўриниши биланоқ пешонасига шарт этиб биттани туширди! Бай-бай-бай! Келин деган ҳам шундоқ, латта қўғирчоқ бўладими? Ойдеккина экансан-ку, ола-байроқ кийимларга бало борми? Ўзинг-ку, ҳомиладорсан, сипороқ кийинмайсанми, қизталоқ!
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Ҳайдалган мухбир»

    «Ҳайдалган мухбир»

    Журналистика касбининг ўзига хос ажабтовур олами бор. Журналист деган мардум кунда-кунора бирор «бошоғриқ»қа учрайди, қизиқарли бир ҳангома устидан чиқади. Баъзан ёш боладек соддалиги ҳам бу фидойи инсонлар танлаган касбига мос. Касб байрами арафасида иш жараёнида, ҳаётда содир бўлган «бир қайнови ичида» гаплар, айрим воқеаларни ёдга олмоқчи бўлдик.

    ✔ 229    🕔 12:43, 26.06.2020
  • Матбуотнинг кучи

    Матбуотнинг кучи

    Бешинчи синфдалигимдаёқ газетага мақола ёза бошлаганман. Еттинчи-саккизинчи синфларга чиқиб шеърлар, кичик-кичик ҳикоя, масаллар ёзардим. Мактабни тамомлаган даврларимда эса газетачиликка қўлим анча келишиб қолганди.

    ✔ 231    🕔 12:41, 26.06.2020
  • Ханка билан танка

    Ханка билан танка

    Саид АҲМАД

    Олимбой ака келинини кутиб олиш учун раисдан «Волга»ни сўраб, қоқ пешинда станцияга чиқди. Поезд келиб вагон эшигидан ўғли Тантибой билан келинининг қораси кўриниши биланоқ пешонасига шарт этиб биттани туширди! Бай-бай-бай! Келин деган ҳам шундоқ, латта қўғирчоқ бўладими? Ойдеккина экансан-ку, ола-байроқ кийимларга бало борми? Ўзинг-ку, ҳомиладорсан, сипороқ кийинмайсанми, қизталоқ!
     

    ✔ 231    🕔 12:24, 26.06.2020
  • Анализ

    Анализ

    Одамнинг шарманда бўлиши жуда осон экан. Ўн беш кун шифохонада ётаман деб, элу-юртга масхара бўлаёздим.
     

    ✔ 414    🕔 12:15, 15.06.2020
  • Куёвбола ва тўтиқуш

    Куёвбола ва тўтиқуш

    Ниҳоят, ўғилни уйлайдиган бўлдик. Ўзига қолса ҳали-бери уйланиш хаёлига келмайди. Ҳозир қайси бола «Ота, менга хотин олиб беринг!», дейди?
     

    ✔ 209    🕔 11:34, 15.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар