Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Умид — Сизифона меҳнат

Николай Кун «Қадимги юнон афсона ва ривоятлари» китобида Сизиф ҳақидаги мифни Гомернинг «Илиада» достони асосида батафсил баён этган.
 

Умид — Сизифона меҳнат

Сизиф шамоллар ҳукмдори Эолнинг ўғли ва Коринф шаҳрининг асосчиси эди. Унинг маккорлиги, уддабурон ва чаққонлиги олдида бирор юнон ип эшолмас, у ҳатто маъбудларнинг кўзини шамғалат қилишдан тап тортмасди. Сизифнинг бой-бадавлат эканлиги, бемисл хазинаси ҳақидаги овоза тўрт тарафга тарқалган, ўзи эса бўлажак ҳодисаларни ўткир зеҳни билан ҳис этарди. У шунинг учун ўлим маъбуди Танат жонини олгани келаётганини олдиндан сезди. Сизиф уни ҳийла-найранг билан қўлга олиб кишанлади, ғорга банди этди. Шундан сўнг одамлар ўлмай қўйди. Қудратли Зевс ерда ўрнатган тартиб-интизом шу тариқа издан чиқа бошлади. Талвасага тушган Зевс уруш маъбуди Аресни ер юзига юборди, у ўлим маъбудини кишандан озод қилди. Танат эса Сизифнинг жонини Аид салтанати – ўликлар ерости дунёсига бажонидил олиб кетди.
Лекин айёр Сизиф хотинига ўз жасадини кўмдирмасликни, ер­ости маъбудлари учун қурбонлик келтирмасликни тайинлади. Сизифнинг хотини эрининг гапини иккиланмасдан адо этди — маъбудлар учун қурбонлик қилмади. Аид ва Персефона дафн қурбонларини узоқ кутса-да, ҳамон қурбонликдан дарак йўқ эди. Сизиф Аиддан ёруғ дунёга бир зумга чиқаришини сўрайди, у «хотинимга қурбонлик келтиришни амр этаман-у, Аид салтанатига яна қайтаман», деб ваъда беради. У Аидни бу сўзлар билан алдаб, тирикликка – ер юзига қайтади. Ким ҳам ўзи истаб ёруғ дунёни ташлаб кетарди, албатта, Сизиф ҳам ўликлар дунёсига қайтиб боришни хаёлига келтирмай, базму жамшид қуриб, шод-хуррам яшаб юраверади. 
Аиднинг қаҳри келиб, Сизифнинг арвоҳини қайтариб олиб келиш учун яна Танатни юборади. Нариги оламдан омон қайтиб келган ягона фонийзот эканидан мамнун ҳолда зиёфат қилиб ўтирган Сизифни Танат ўликлар салтанатига мангуга олиб кетади.
Сизиф оғир жазога — улкан тошни баланд ва тик кўтарилган тоққа юмалатиб олиб чиқишга маҳкум этилган эди. Сизиф бор кучи, машаққатли меҳнат билан тошни қояга олиб чиқишга уринади. Лекин тошни чўққига олиб чиқишга бир баҳя қолганда тош яна пастга юмалаб кетади. Сизиф ҳеч қачон тошни чўққига олиб чиқолмайди — ҳеч қачон мақсадига етолмайди.
Айёрлик — ақл маҳсули, лекин у манфур манфаатлар хизматкори бўлгани учун гуноҳни яратади. (Гомерга кўра, таъмагир Сизиф йўловчиларни тунаб, бойликларини тортиб олгач, уларни тош остига бостириб, азоблаб ўлдирган, маъбудларни алдаб, уларнинг устидан кулган.) Шунинг учун ақл камолот чўққиси – донишмандлик мақомига кўтарилгунча хатолар билан машаққатли юксалиш йўлини босиб ўтиши зарур. Сизиф ҳаётлигида маккорлиги, уддабуронлиги туфайли фаровонликка, бойликка, обрў-эътиборга эга бўлди, бир марта ўлимга чап беришга муваффақ бўлди, бироқ барибир маҳв этилди. Ўлимдан кейинги у олган жазо ҳаётининг бир рамзий кўриниши эмасми? Фарқи шуки, заковат завқидан маҳрум ҳолда беҳуда, бешавқ қора меҳнатга — улкан тошни тик тоққа юмалатиб олиб чиқишга мубтало. Зевс ақл бандаси — Сизиф учун бундан баттарроқ — бесамар қора меҳнатга мажбурликдан ортиқроқ жазо ўйлаб топиши мумкин ҳам эмас эди.
Сизиф — бутун инсоният рамзи. Унинг тошни юқорига олиб чиқиш машаққатлари — одамзоднинг тирикчилик кўйидаги уринишлари ва тараққиёт йўлидаги изланишлари. Чўққига етса-да, тошнинг юқорида тўхтаб қолмаслиги — камолот йўлидаги интилишларнинг ҳеч қачон интиҳо топмаслиги, қайта ва қайта такрорланиш тимсоли. Эҳтимол, бу асотир инсоният инсонлик мақомидан кўтарилиб, мутлақ Комил ақл даражасига етолмаслиги ҳақидадир.
Олайлик, Сизиф — даҳо, йўлбошчи, санъаткор, олим; тош — жамият, санъат, илм; чўққи — тараққиёт рамзи. Олим илмни, йўлбошчи жамиятни, санъаткор санъатни маълум бир босқичга олиб чиқади. Бошқа бирови юксалишни ўша жойидан давом эттирганида, узвийлик равон давом этганида эди, ҳаёт жуда мукаммал бўлар эди. Аксинча тез-тез барча соҳаларда, жамиятда таназзул юз бериб туради ва тараққиётни баъзан ибтидодан, баъзан ярмидан қайтадан бошлашга тўғри келади.
Сизиф ҳақидаги асотир мутафаккирлар — Гомер, Эсхил, Софокл, Еврипид, Критий; адиблар — Сартр, Жойс, Кафка, Пруст, Мерлp, Никитин, Камю, Хуршид Дўстмуҳаммад; психоаналитиклар — Эрик Берн; мусаввирлар — Вечеллио Тицианнинг ижодида турли қиёфада намоён бўлади. 
Албер Камю «Сизиф ҳақида асотир» эссесида абсурд ҳақидаги ўз фалсафий қарашларини Сизиф мисолида акс эттиради. Уни қандай яшашни, кимга ва нимага ишонишни билмайдиган, қалбида маъбудларга исён, ўлимга нафрат яшаётган, уқубатли бесамар машаққатга маҳкум абсурд қаҳрамон дейди. 
Эрик Берн «Ўйин ўйнаётган одамлар» китобида омадсиз инсонлар ҳаёти ҳақида ёзаркан, «Яна ва Яна» деб номлаган воқеалар тизимини Сизиф ҳақидаги асотир асосида тушунтиради. Сизиф қисмати — омадсиз одам ҳаёти сценарийси, бирор ютуққа эришиб улгурмасдан, кейин яна янгидан бошлашга мажбур бўлган, шундан кейин «Озгина қолган эди-я...», «Шундай бўлмаганида эди...» деган афсус чекувчилар тақдири дей­ди. Гарчи «Имкон борида ҳаракат қил» ғояси уларга хос бўлса-да, бу фақат жараёндир, аммо натижаси йўқ, оғир «сизифона меҳнат»дир, деб баҳолайди. 
Хуршид Дўстмуҳаммад «Донишманд Сизиф» романида бетоле тақдир тимсоли Сизиф мисолида одамзоднинг изтироби, исёни, умиди, машаққатли умр йўлини тасвирлайди. Ҳатто тош, қояга муҳаббат қўя оладиган инсоннинг метин иродаси оқибатда тошни ҳам емиради. 
Сизиф адабиётда беҳуда меҳнат, маъносиз ҳаётга маҳкум этилган абсурд қаҳрамон, динда ёруғ дунёда қилган гуноҳлари, исёни, алдам-қалдамлари учун муносиб жазо олган, маҳшаргача тош юмалатиш машаққатига маҳкум осий, фалсафада камолотга ета олмаган, ўзини тўла англаб донишмандга айланолмаган шахс, психологияда иши юришмаган омадсиз, мағлуб образи бўлиб келган. Кўриб турганимиздек, буларнинг барчаси яхлитлашиб, айрим инсонлар эмас, бутун бир инсоният қисматининг мукаммал мужассамлашган тимсолини ифодалайди. Ким омадсизликка учраб, қайтадан бошлашга мажбур бўлмаган? Инсон зотидан нари борса даҳо, авлиё, ҳакимлар чиққан, лекин бу Аллоҳ сифатлари олдида ҳечдир. Мушоҳада қилиб кўрайлик, инсонни инсонлик мавқеида тутиб турган сифат — умид Сизиф ҳақидаги асотирнинг асоси эмасми? Уни машаққатларни бошидан бошлашига куч берган, тоққа такрорий кўтарилишда аввалги хатоларини бартараф этиб, ҳатто ҳаракатларига сайқал берган, илҳомлантирган ана шу умид эмасми? Шунинг учун ҳам Сизиф жазоланаётган, беҳуда қора меҳнат қилаётган инсон образи бўлиш билан бирга умидли инсон рамзи бўлиб қолажак.

Дилрабо МИНГБОЕВА




Ўхшаш мақолалар

ОНАМ

ОНАМ

🕔10:37, 03.07.2020 ✔125

Ниҳоят, ўқишга кирдим. Нақадар бахтлиман. Онамнинг орзулари рўёбга чиқди. Туну кун ўқиб, изланганим ўз йўлига, аммо элнинг дуоси барибир ижобат бўлишини англаб етдим.
 

Батафсил
ОЗОДЛИК ИСТАГИ

ОЗОДЛИК ИСТАГИ

🕔10:31, 03.07.2020 ✔122

«Омон қорақошнинг неварасимисан?..» – деб кампирлар каттаотамга ошкора қарай олишмаганининг ҳиссасидан чиқмоқчидек менга суқланиб қарашарди...

Батафсил
ЖИНҒИЛНИ ҚАНДАЙ АСРАБ ҚОЛАМИЗ?

ЖИНҒИЛНИ ҚАНДАЙ АСРАБ ҚОЛАМИЗ?

🕔12:34, 26.06.2020 ✔233

Дашту далаларни айланиб бўлиб, Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳридан Жиззах томон қайтмоқда эдик. «Мирзачўл-Жиззах» катта йўли ўнгу сўлидаги ариқ ва катта йўл ёқаларида сон-саноқсиз саф тортган жинғил (юлғун) буталари учрайди. Офтоб тиғига дош бериб кўкка бўй чўзаётган ушбу буталар чор-атрофга ўзгача кўрк-тароват бағишлайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ОНАМ

    ОНАМ

    Ниҳоят, ўқишга кирдим. Нақадар бахтлиман. Онамнинг орзулари рўёбга чиқди. Туну кун ўқиб, изланганим ўз йўлига, аммо элнинг дуоси барибир ижобат бўлишини англаб етдим.
     

    ✔ 125    🕔 10:37, 03.07.2020
  • ОЗОДЛИК ИСТАГИ

    ОЗОДЛИК ИСТАГИ

    «Омон қорақошнинг неварасимисан?..» – деб кампирлар каттаотамга ошкора қарай олишмаганининг ҳиссасидан чиқмоқчидек менга суқланиб қарашарди...

    ✔ 122    🕔 10:31, 03.07.2020
  • ЖИНҒИЛНИ ҚАНДАЙ АСРАБ ҚОЛАМИЗ?

    ЖИНҒИЛНИ ҚАНДАЙ АСРАБ ҚОЛАМИЗ?

    Дашту далаларни айланиб бўлиб, Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳридан Жиззах томон қайтмоқда эдик. «Мирзачўл-Жиззах» катта йўли ўнгу сўлидаги ариқ ва катта йўл ёқаларида сон-саноқсиз саф тортган жинғил (юлғун) буталари учрайди. Офтоб тиғига дош бериб кўкка бўй чўзаётган ушбу буталар чор-атрофга ўзгача кўрк-тароват бағишлайди.

    ✔ 233    🕔 12:34, 26.06.2020
  • БАХТЛАРДАН БАЛАНДДА

    БАХТЛАРДАН БАЛАНДДА

    Рўзининг кун бўйи қиладиган иши шу: эрталаб хотини ажратиб олиб кетган картошка-пиёзларни арчиш, айтганидай қилиб тўғраш. Кейин уйда зерикиб ўтириш. Хотини ўтқизиб кетганича ўтирган жойидан ўзи на тура олади, на ёта олади, зарурат учун ҳам қўшнининг ўғлини чақиради… 

    ✔ 228    🕔 12:26, 26.06.2020
  • ЎРГАНГАН КЎНГИЛ...

    ЎРГАНГАН КЎНГИЛ...

    Жуманинг иши юришмади. Ота-онаси ҳаётлигида бирон касб-кор бошини тутмади. Уйланди. Бола-чақали бўлди. Бахтига хотини ақлли чиқиб, бозорда товуқ олиб сотишга ўтди. Бозордан тушган беш-олти сўм пул билан рўзғорни тебратишарди. Маҳалладаги бир-икки фермерлар Жумага гап солиб кўришди:

    ✔ 127    🕔 12:26, 26.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар