Инсон ўзинг      Бош саҳифа

БАХТЛАРДАН БАЛАНДДА

Рўзининг кун бўйи қиладиган иши шу: эрталаб хотини ажратиб олиб кетган картошка-пиёзларни арчиш, айтганидай қилиб тўғраш. Кейин уйда зерикиб ўтириш. Хотини ўтқизиб кетганича ўтирган жойидан ўзи на тура олади, на ёта олади, зарурат учун ҳам қўшнининг ўғлини чақиради… 

БАХТЛАРДАН БАЛАНДДА

Олти йилдан буён аҳвол шу. Турмуш қурганларининг иккинчи йилида оғайнилари билан тоққа бориб, оёғи тойиб кетиб баландроқдан йиқилиб бошидан жароҳат олган. Шифокорлар «ҳаммаси марказий асаб тизимининг иши, беморга яхши муҳит керак. Аллоҳ инояти кўрсатиб оёққа туриб кетганлар ҳам бор...», деган. Аммо Рўзи шунча вақт ичида ҳали бирор қилт этган ўзгариш сезмади. Бу орада хотини Мастура мактабдаги фаррошлигидан ташқари яна нон заводига ишга кирди. Баъзида мактабдан ортиб, эридан хабар олиб кетишини айтмаса, бошқа кунлар уйга ярим кечаси  соатни ўн бир қилмасдан келмасди. Калитни топишга ҳам ҳоли йўқдай қўнғироқни бетоқатланиб босади. Рўзи минг марта айтган: «хотин, калитни тайинли еринг­га сол, келиб аввал сумкангга бир қўл солиб кўр, тополмасанг, майли, кейин қўнғироқни бос...» Лекин Мастура нари борса бир-икки кун унинг айтганини қилган бўлади. Кейинги кунлар эса аввал қўнғироқни босиб қўяди-ю, эри очаётганини билгач, йўлига ўзини калит қидираётганга солиб туради, эртасига эса қарабсизки, эски ҳамом эски тос. Эшикни очган эрига салом бериб, кўзларини пирпиратганча тураверади. У одатда ўзининг айбдор эканини билиб турса, шундай қилиқ қилади. Охирига бориб кўзни пирпиратиш-да ёдига келмай қўяди. Хотинини ўзгартиролмаган эр ўзи одатланди: соат кечки ўнлар бўлиши билан аравачасини йўлакка ғилдиратиб олиб боради-да, кейин нима қилса қилади. Кўпинча уйқуси келмай китоб ё мактаб муаллимлари обуна бўладиган газетларни варақлайди, хотинини кутади. Ёки кўзлари илиниб қуш уйқу қилиб олади. Асли кун бўйи қиладиган энг кўп иши шу ухлаш… хотини эшикдан «Ассалому алайкум» деб кираркан, албатта куннинг қандай бўлгани исиб ё совиб кетганини, ёки ишхонасида нима муаммою, нима янгилик бўлганини айтишга улгуриб олади. Эрининг уйқусини бузганини ҳам пайқамайди бунақа вақтда. Одати бўйича аввал уст кийимини ечиб илгичга илиб, сўнгра оёқ кийимини ечади-да, уларни тўғрилаб ҳам ўтирмай апил-тапил хонага отилади. Қозонни газга қўйиб тагини ёқади, орада кийимларини алмаштиришга улгуриб, шундан кейингина эрига қараб:
— Ўзи яхши ўтирибсизми? — деб ҳол-аҳвол сўраган бўлади. Эри ҳали тайинлироқ жавоб бермасидан яна боя бошлашга улгуриб қолган гапини давом эттиришга ошиқади. Кайфияти жуда яхши ёки иши осонроқ бўлган кунларидагина «Қандай китоб ўқияпсиз?», «Ие, янгисини бошладингизми? Вой, тунов кунги китобингизни тугатиб бўлдингизми?», деб ҳайратланган бўлади. У эри ўқиган бирорта китобни ўқимагани учун ҳеч қачон «Қаерига келдингиз?», «Мана бу ерига сизнинг фикрингиз қандай?», демайди. Эри бирор таъсирли гап ёки воқеани айтиб берса, индамай, гапини бўлмай эшитади-ю кейин сўзи тугаши билан эшитганларининг мағзини ўзича чаққан бўлиб, бошини сарак-сарак қилиб ўйланиб яна ишидаги, кўча-кўйдаги одамлар, уларнинг нима деганию, нима қилгани хабари билан боғлашга уринади. Рўзи бўлса, унинг бу гапларидан мийиғида кулиб жим ўтираверади. У буларни юзма-юз ўтириб эмас, қозондаги капгирини айлантираётиб, эрига қарамай айтаверади. Энг қизиғи, унга бир мавзу бошланса бўлгани, ўзи савол бериб, ўзи инкор қилиб гапираверади. Ора-орада эрига қараганида унинг «ҳа» деб бош силкиб қўйиши  унга етарлидек. Энди жим эшитиш навбати Рўзида бўлади. Хотинининг гапини бўлгиси келмайди, «тушунмаяпсан», дегиси келмайди. У билан гаплашмаса яна ким билан гаплашарди, ахир. Шунисига-да шукр қилади. «Уйда бир ўзи зерикиб ўтиришдан яхши-да бу ҳам» дейди ўзига ўзи.  
Мактаб вақтидан бери шу: Мастура сергап, кўнгли очиқ, баъзи ўғилболача қизиқ характерлари бор қиз эди. У қанча гапирса ҳам ҳеч гапини, фикрини эплаб тушунтириб беролмас (ўзи айтадиган фикри борми ёки гапиришни яхши кўрганидан тинимсиз гапираверадими буни пайқаб бўлмасди ҳам), сўзини боғдан бошласа, тоққа олиб бориб тўхтатар, шу боисдан дарсларда муаллимлар ундан бирор гап сўраб қолган ҳамоноқ синфхонада гурра кулги кўтарилар эди. Қиз ўзи ҳам узоқ гапирар, алалоқибат, бирор тайинли фикр кутган муаллимларнинг хунобини чиқарар, лекин ўзи  ноўрин гапирганини сезмас, синфдаги кулгини эса одатда узоқ гапиришим сабабидан деб билгувчи эди. Лақаб тўқишга уста бўлиб кетган болалар унга ёшликда «Шалдир-шулдур» деб ном қўйиб олишганди. У гапирганида ҳеч ким унинг фикрини эшитмас, мабодо, эшитишга мажбур бўлиб қолишса, боя айт­ганимиздай ўзларини кулгидан аранг тияр эдилар.
Қиз сулув ҳам, хунук ҳам бўлмай, унинг йигитларни жалб қиладиган алоҳида жиҳати-да йўқ эди: мактабни битирар чоғда ҳам қизнинг бирор кўнгил қўйгани борлиги ҳақида гап чиқмаган бўлса, Рўзига мафтун қизлар эса бармоқлар сонидан кам эмасди. У мактабнинг энг китобсевар, вазмин, олди йигитларидан эди.
Мастуранинг ота-онаси эрта вафот этиб бобосининг қўлида қолган, ёшликдан меҳнатда суяги қотган, сигир соғиб, сут-қатиқ сотиб юрарди. У маҳалладаги бошқа синфдошлариники қатори Рўзиларникига ҳам сут-қатиқ сотиб келарди. Рўзининг отаси уйда сут-қатиқ борми демай, бор дейишса-да, парво қилмай дарвозадан «амаки» деган (у бу хонадонга келганида айнан шундай чақирарди) таниш овозни эшитиши ҳамоноқ унга пул тутқазиб:
— Аянгга айт банка берсин, олиб қол, — дерди.
Рўзи онаси отасининг бу ишидан норозию, лекин айтолмаслигини «сут-қатиқлардан банка қолган бўлса бераманми?» деган шаъмали зардаларини идиш топишдан эринаётган киши ниқобига жойлаганидан сезиб қоларди. Отасининг биргина «дўстимнинг қизи бу…» деб бошини силаб ўтишларидан талтайибми, қизча Рўзи билан анча вақтгача гаплашиб тураверарди.
«Ўзи бу қиз ўғил болалар билан гаплашгани чиқади», — дер эди онаси Рўзини чақириб олиш учун бирор юмуш буюра туриб. Лекин қизга бунинг сира фарқи йўқ, икки кундан кейин яна қўлида сут-қатиқ солинган сумкаси билан тағин йигитчани гап­га солиб турган бўлаверарди. Уст-бошига яхши қаралмаган, дарсларга уқуви йўқ, яна болалар тили билан айтганда синф­дошларникига «ялиниб нарса сотиб чиқадиган», «ота-оналар мажлисига бирор бора уйидан ҳеч ким чиқмаган» бу қизга келажаги бор, яхши оиланинг эрка бу фарзандидан совчи келганида таниган-билганлар: «Пахмоқ қизнинг бахтини бергани шу экан-да», — деб ҳанг-у манг бўлишди. Аслида, Мастуранинг отаси Рўзининг отаси билан қадрдон дўст бўлган, йигит отасининг: «Шунга уйланасан», — деган гапини икки қилолмаган эди.
Турмуш қурган йиллари Рўзи кун бўйи ишда, хотини уйда бўларди. Энди аксинча. «Эр кишига бу ҳолатдан оғирроғи бўлмас экан», — деб ўйга толарди  Рўзи. У дастлабки йилларда оёққа туриб кетишига ишонганиданми, ё аёл кишининг қўлига қарам бўлиш бунчалар оғир эканини ҳали ҳис қилиб кўрмаганиданми ҳозир  миясини банд қилиб келган бу ўйларни хўпам ўйлаб кўрмаган эди. 
Аввалги йилларда Рўзидан истиҳола қилиб турган хотинининг якка-ю ягона жигари — укаси кейинроқ унга очиқ олақараш қилиб қарайдиган  бўлди. Аммо ўз оғзи билан «Опам билан ажрашинг, унинг бахтини тўсманг», деёлмасди. Бунга сабаб опаси қайтиб келса, хотини тор ҳовлисига сиғдирмаслигини яхши биларди… «Агар вазият шундай бўлмаганида, опа, мен сизни олиб кетардим», деб унинг ўзига минг марталаб айтган бўлса керак. Агар ота-онаси ҳаёт бўлишганида борми, аллақачонлар уни эридан ажратиб олишган бўлишарди. Яна орага фарзанд деган риштани Худо бермаётган бўлса…
Шу кунларда Рўзини энг кўп қийнаётган ўйлар эди булар. Мастура буларни ўйламасмикин? Уйда ясаниб эрининг келишини телевизор кўриб кутадиган, бир этак болали қавм-қариндош, қўшни аёлларга ҳаваси келса керак унинг ҳам. У ё Рўзининг оёққа туриб кетишига қаттиқ ишонади ёки у содда эрга тегдимми, энди бир умр шу тақдирга кўниб яшашга мажбурман деб билиб, кетиш ҳақида ўйлаб кўрмаган. Балки ўйлаб кўргану буни эрига айтолмаса, қандай айтишни билмаса керак.
Рўзи кейинги кунларда ҳар куни «бугун, шу бугуноқ барини ҳал қилиб, унинг жавобини бериб юбораман», деб дилига тугардию, хотини келгач гапни нимадан бошлашини билмай масалани яна эртага сурарди.
«Бас! Шундай яшаш эр кишига ярашадиган ишми», деб эшитилар-эшитилмас ғудраниб столни муштлади Рўзи. Аччиқ-чучук тайёрлаш билан банд Мастура бир чўчиб тушди:
— Ҳа сизга нима бўлди, чивин чақдими? — деди кулишга уриниб.
Рўзининг баттар ғазаби келди:
— Сен нима деяпсан? Жуда нима бўлганини билгинг келса, нима бўлди де, тамом-вассалом. Чивиннинг бунга нима алоқаси бор? Ё сен мени калака қиляпсанми? Бунинг чивиндан бошқа нима муаммоси ҳам бўларди, деяпсанми?
Кейин ошириб юбораётганини сезиб қолиб дарров тилини тишлади.
Мастура бўлса, одати бўйича кўзларини пирпиратганча оғзини очиб қолганди. Зум ўтмай, ўзига келиб яна гапни ҳазилга ё бошқа тарафга бурмоқчи бўлибми энди оғиз жуфтлаганди ҳамки, Рўзи:
— Гапирма! — деди бояги ғазабдан ҳали тушмаганини намойиш этишга уриниб асабий оҳангда. У биларди агар ҳозир хотинини гапиртиришга қўйиб берса «ҳа, йўғ-э» деб гапни чивиндан олиб ишхонасидаги шерик фаррош аёлининг қайсидир қилиғини ёки унинг ўғли айтган «қизиқ» бир гапни айтиш билан тугатарди. Кейин гапни бошлаш учун кўрсатган шунча ғазаби ҳавога учиб, унинг масаласини яна эрта-индинга суришига тўғри келарди. Рўзи бундай бўлишини истамади. У бўладиган нарсанинг тезроқ бўлишини хоҳларди. Шунинг учун гапни дангал қилиб қўяқолди:
— Ажарашамиз!    
— Нега-а? — деб каловланиб қолди аёл. Сизни хафа қилиб қўйдимми ё сиз…сиз бошқасини топиб олдингизми?
Рўзининг бу гапдан кулгиси қистади. Мен нима дейман-у қўбизим не дер.  Мен нима аҳволдаману, нималарни ўйлаяпману бунинг топган гапини қаранг. Менга бошқасини топиб олдингизми, дедими… Қизиқ, бу ростданам шунақа ўйлайдими ёки оғзига нима гап келса айтаверадими? У учун бу саволнинг жавоби ҳозир ҳақиқатан қизиқ эди. Шунча йил бирга яшаса-да буни билмасди. Билишга ҳаракат ҳам қилмаганди. Нима бўлганда ҳам «хотиним-ку» деб яшаб келаверган эди.
— Мен шу аҳволда кимнидир топишим мумкинми, хотин? — деб бироз юмшаган бўлди у.
— Аҳволингизга нима қилибди?
Энди бу сафар хотини ошириб юборгандек туюлди эркакка.
— Сенингча, менинг шу аҳволимда кимдир менга илакишиши мумкинми? — деди эр аравасига ишора қилиб ғазаб билан.
— Нега мумкин эмас экан?.. — деб аёл кўзларини катта-катта очиб эрига қараб қолди. 
Рўзи вазият бу тарафга оғиб кетишини ҳисобга олмаган экан. У ўйлагандики, ҳаммаси осон. Ажрашаман дейман, хотиним майли дейди. Ичида озод бўлганига шукр айтади, хайрият, эримнинг инсофи бор экан дейди, деб кутганди. У шундай ўйлаб янглишган экан. Хотини бу ҳақида тузукроқ ўйлаб кўрмаган ҳам чиқди-ку… У «ҳозир ажрашсак, қаерга бораман», деб қўрқиб кетган бўлмасин тағин. Тўшакка михланиб қолган эрдан қутулса, қачондир бахти очилиб кетишини ҳеч ўйлаб кўрмаганми… Яхши, мана энди ўйлаб кўрсин:
—    Уй сенга қолади Мас­тур, тушуняпсанми? Мен қиш­лоққа ота-онам олдига қайтаман. Бир кунимни кўрарман. Жигарларим ташлаб қўйишмайди.
—    Ҳа, қишлоққа кетги­нгиз келаётган бўлса майли, жуда яхши, қайтага яхши, — деди аёл мушкул муаммога осон ечим топганидан хурсанд бўлишга шошилиб: — мен ҳам кетавераман…
Эр ўз пешонасига бир уриб қўйди: «Шунчалик ҳам содда бўладими одам деган?» деб ўйларди у. Аёл гапини давомлайвермоқчи бўлдию бироқ эрининг авзойидан дами ичига тушиб охирги сўзларини базўр такрорлади: «мен ҳам ке-та-ве-ра-ман…»
— Қишлоққа мен кетаман. Сен шу ерда қоласан. Ажрашамиз, — деди Рўзи дона-дона қилиб кескин оҳангда.
— Нега ажрашамиз ахир? — деди хотини. Унинг бу саволида «хато қилган бўлсам, айбимни айтинг» дегандек содда ялинчоқ оҳанг бор эди. Орага узоқ жимлик чўкди…
* * *
— Болаларини етаклаб юрган, ёнида соғлом эри бор аёлларга ҳеч ҳавасинг келмайдими? Улардан қаерим кам, деб ҳеч ўйламайсанми? Фақат рос­тингни айт! — Ҳали ёшсан… — деди эр вазминлик билан теран нигоҳларини хотинига қадаб.
— Ҳа, ҳавасим  келади, — деб унинг гапини дарров илиб кетди хотини. — Нега энди келмасин. Ҳар ким ҳам… — дея гап бошлаган эди Рўзи энди унинг  гапини кесди:
— Ҳозир, ҳозир шу одатингни қўй, хотин. Ортиқча гапнинг нима кераги бор ҳозир. Сен уларнинг ўрнида бўлиб қолиш учун жон деган бўлмасмидинг?
— Йў-ўқ! — деди Мас­тура азбаройи бу тасаввурдан чўчиб тушгандай сесканиб. — Мен ўзимни улардан бахтли санайман!
— Ааа-а?..— деганча анграйиб қолди эр. 
«Бахтли дейдими..? Бу ўзи ўйлаб гапиряптими?» 
Кейин қизишиб киноя билан сўради:
— Хўш, сир бўлмаса, нимага энди улардан кўра бахтли эканлар, қани айтсинлар-чи бизнинг хоним? 
Аёл ҳозир тезда гапириб, жавоб бермаса боридан айрилиб қоладигандай шошилиб гапира кетди:
— Мен… мен суҳбатлашишни яхши кўраман. Сиз билан суҳбатлашишни. Мен сизни эшитиб тўймайман.
Кейин ўзининг жавобидан кўнгли тўлмади шекилли, тағин баттар ҳовлиқиб гапида давом этди аёл:
— Ҳеч кимнинг суҳбати мени сизникичалик қизиқтиролмайди. Ахир, бу дунёда яхши кўрган одаминг билан суҳбатлашишдан ортиқ бахт бор эканми? Ишдан уйга келаётганимда доим шу хаёл билан келаман. Энг бахтли аёл мен бўлсам керак, деб юрагим ёрилай дейди: мен суҳбатлашиб тўймайдиган, мен суҳбатларига тўймайдиган дунёдаги бирдан-бир ягона одамим айнан менинг уйимда экани, у миллиард-миллиард аёллар ичра айнан ўзимга насиб этгани, унинг бошқага эмас ўзимга, менга эшик очиши… 
Аёл хавотиру ҳаяжони зўрлигидан йиғлаб юбораёзди:
— Мен… — деб гапини йўқотиб тутинқираб қолди у. — Мен ишим тугаб, уйга қайтсам, ҳали Рўзи акам билан мазза қилиб суҳбатлашиб ўтираман, деган хаёлда кунни кеч қиламан. Сиз эшикни очсангиз, сиз уйғоқ бўлсангиз… умуман, сиз айнан менинг уйимда эканингиздан мен бор чарчоғимни унутаман… Сиз шуларни биласизми?.. Булар бахт бўлмай тағин  бошқа нима бўлсин!
Аёл тўхтамай, узуқ-юлуқ қилиб яна нималарнидир узоқ гапирди…
Ширин ЎЛМАСОВА




Ўхшаш мақолалар

ОНАМ

ОНАМ

🕔10:37, 03.07.2020 ✔125

Ниҳоят, ўқишга кирдим. Нақадар бахтлиман. Онамнинг орзулари рўёбга чиқди. Туну кун ўқиб, изланганим ўз йўлига, аммо элнинг дуоси барибир ижобат бўлишини англаб етдим.
 

Батафсил
ОЗОДЛИК ИСТАГИ

ОЗОДЛИК ИСТАГИ

🕔10:31, 03.07.2020 ✔122

«Омон қорақошнинг неварасимисан?..» – деб кампирлар каттаотамга ошкора қарай олишмаганининг ҳиссасидан чиқмоқчидек менга суқланиб қарашарди...

Батафсил
ЖИНҒИЛНИ ҚАНДАЙ АСРАБ ҚОЛАМИЗ?

ЖИНҒИЛНИ ҚАНДАЙ АСРАБ ҚОЛАМИЗ?

🕔12:34, 26.06.2020 ✔234

Дашту далаларни айланиб бўлиб, Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳридан Жиззах томон қайтмоқда эдик. «Мирзачўл-Жиззах» катта йўли ўнгу сўлидаги ариқ ва катта йўл ёқаларида сон-саноқсиз саф тортган жинғил (юлғун) буталари учрайди. Офтоб тиғига дош бериб кўкка бўй чўзаётган ушбу буталар чор-атрофга ўзгача кўрк-тароват бағишлайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ОНАМ

    ОНАМ

    Ниҳоят, ўқишга кирдим. Нақадар бахтлиман. Онамнинг орзулари рўёбга чиқди. Туну кун ўқиб, изланганим ўз йўлига, аммо элнинг дуоси барибир ижобат бўлишини англаб етдим.
     

    ✔ 125    🕔 10:37, 03.07.2020
  • ОЗОДЛИК ИСТАГИ

    ОЗОДЛИК ИСТАГИ

    «Омон қорақошнинг неварасимисан?..» – деб кампирлар каттаотамга ошкора қарай олишмаганининг ҳиссасидан чиқмоқчидек менга суқланиб қарашарди...

    ✔ 122    🕔 10:31, 03.07.2020
  • ЖИНҒИЛНИ ҚАНДАЙ АСРАБ ҚОЛАМИЗ?

    ЖИНҒИЛНИ ҚАНДАЙ АСРАБ ҚОЛАМИЗ?

    Дашту далаларни айланиб бўлиб, Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳридан Жиззах томон қайтмоқда эдик. «Мирзачўл-Жиззах» катта йўли ўнгу сўлидаги ариқ ва катта йўл ёқаларида сон-саноқсиз саф тортган жинғил (юлғун) буталари учрайди. Офтоб тиғига дош бериб кўкка бўй чўзаётган ушбу буталар чор-атрофга ўзгача кўрк-тароват бағишлайди.

    ✔ 234    🕔 12:34, 26.06.2020
  • БАХТЛАРДАН БАЛАНДДА

    БАХТЛАРДАН БАЛАНДДА

    Рўзининг кун бўйи қиладиган иши шу: эрталаб хотини ажратиб олиб кетган картошка-пиёзларни арчиш, айтганидай қилиб тўғраш. Кейин уйда зерикиб ўтириш. Хотини ўтқизиб кетганича ўтирган жойидан ўзи на тура олади, на ёта олади, зарурат учун ҳам қўшнининг ўғлини чақиради… 

    ✔ 229    🕔 12:26, 26.06.2020
  • ЎРГАНГАН КЎНГИЛ...

    ЎРГАНГАН КЎНГИЛ...

    Жуманинг иши юришмади. Ота-онаси ҳаётлигида бирон касб-кор бошини тутмади. Уйланди. Бола-чақали бўлди. Бахтига хотини ақлли чиқиб, бозорда товуқ олиб сотишга ўтди. Бозордан тушган беш-олти сўм пул билан рўзғорни тебратишарди. Маҳалладаги бир-икки фермерлар Жумага гап солиб кўришди:

    ✔ 127    🕔 12:26, 26.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар