Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

«ҲАМИША СЕН ХИЗМАТ ЭТГИЛ ХАЛҚ УЧУН...»

Эл саломатлиги учун шифокорлик касбининг нақадар юксак аҳамиятга эга экани мана неча ойдирки дунё миқёсида намоён бўлмоқда. Жаҳонда коронавирус пандемияси авж олган шу кунларда бу балодан одамлар ҳаётини асрашга, уни енгишда, аввало, мана шу фидойи касб эгалари кечаю-кундуз ҳаракат қилмоқда. Шундай вақтларда шифокорлик касбини танлаганларга, уларни ўқитган, тиб илмидан сабоқ берган устозларига ҳар қанча раҳматлар айтса арзийди. Элнинг мана шундай эътирофига сазовор бўлиб келаётган, ҳар йили юзлаб ёшлар қўлига шифокор деган шарафли касб дипломини тутқизаётган табаррук даргоҳлардан бири – Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳисобланади.
 

Бўй кўрсатаётган 
ниҳоллар

Униб-ўсиб келаётган ҳар бир ёш борки, ўз халқи маърифатининг ғурури ва фахри бўлиш учун зўр ғайрату шижоат билан талпинади. Шу боисдан ёшлигиданоқ жуда зийрак, ноёб зеҳн эгаси, фикрат соҳиблари бўлган ўғил-қизлар ўз ерида, ўз замонасида маълум бўлган ҳамма илмларни жуда тез фурсатда эгаллаб олишга жон-жаҳдлари билан киришадилар. Зотан, ёш ва навниҳол ҳар бир йигит-қиз фитратида ўз туғилган ерини яхши кўриш, Ватанини севиш, халқини ардоқлаш каби фазилатлар жўш уриб туради. Она юртининг шон-шарафи йўлида нимаики зарур бўлса, фақат шу тўғрида қайғуриб, шу тўғрида ўйлайди. Аслини олганда, ана шу ёшлар халқимиз умиди ва эзгу ниятларини амалга оширувчи катта куч ва тўлқиндир.
Сир эмас, ўзбек маърифати, илм-фани тарих солномаларида доим маълум ва машҳур бўлиб келган. Бизнинг заминимизда туғилиб, дунёга довруғ қозонган Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний ва бошқа ўнлаб алломалар илмини ҳали-ҳамон дунё олимлари ўрганмоқда, амалиётда қўлламоқда. Чиндан ҳам, ота-боболаримиз илми туганмас бир чамандирки, ундан ер юзидаги барча халқлар маърифатга, илмга бўлган ташналикларини бемалол қондира олиши мумкин.
Бугунги ёшлар – таъбир жоиз бўлса, тўқ ва фаровон замон авлоди. Ўқиш, илм олиш, яратувчилик билан банд бўлиш учун уларга барча шароитлар яратиб берилган. Ўқиш учун сон-саноқсиз олий таълим муассасалари, яшаш учун тинч ва фаровон ҳаёт, ижод қилиш учун катта майдон – ҳамма-ҳамаси муҳайё. Девордаги дуторнинг ёнидан пашша ўтса билинганидек, ижодкор ёшнинг қалби ҳам ўта сезгир бўлиши керак. Ҳаётда содир бўладиган ҳамма нарсани бирдан сезиши ва илғаб олиши лозим. Очиғини айтадиган бўлсак, кўп тилни билиш ҳам яхши фазилатлардан бири. Кўп тилни билган, ўша тилда бийрон ва бурро сўзлаша оладиган киши ноёб адабиётларни ҳам аслидан ўқиб ўргана олади, бундан ташқари дўстлар ҳаётини чуққуроқ билишига имкон туғилади. Шу аснода, ҳаётни чуқурроқ ва атрофлича билишга имкон туғилади. Ҳаётни миридан-сиригача чуқур ўрганиш эса  ўнқир-чўнқир йўллардан дадил ва мардона одимлашда роса қўл келади. Қолаверса, ҳаёт манзаралари очиқ ва яққол кўринганидек, ҳаёт ичидаги талай муаммо ва камчиликлар ёшлар кўзига аниқ ташланади-қўяди.
Чинор ва япроқлар

Одамзод ақли ва зеҳнининг имконияти бениҳоя кенг ва чексиздир. Шу боисдан ҳам ёши бир жойга бориб қолган кекса инсон бўлса ҳам, имкони бўлса кўпроқ билгиси, ўргангиси келаверади. Гарчанд ушбу йўлда талай қийинчиликлар билан рўбару келсада, лекин кўзлаган мўлжалидан сира-сира ортга чекинмайди. Шу маънода, ҳар бир устознинг шогирдига ўргатган, қулоғига қуйган билими, сабоғи шогирди учун бир кўприкдир. Сойлар қўшилиб, азим дарё бўлади. Бинокорлар бир-бири билан қўшилиб, бир-бирига ёрдамлашиб, ҳавозаларни ва иморатларни тезда баландга кўтаради. Худди шу маънода, ўсиб келаётган ёш ниҳоллар одамларнинг узоқ вақт давомида ушалмаган, рўёбга чиқмаган орзу-умидларини аритишга зўр иштиёқ билан киришади. Гўёки, баланд ва маҳобатли тоғдан қарар экансиз, унинг таниш ва азиз манзаралари очиқ ва яққол кўринганидек, ҳаёт ичидаги талай муаммо ва камчиликлар ёшлар кўзига аниқ ва равшан ташланади. Тошкент педиатрия тиббиёт институтида сабоқ олаётган бўлажак шифокорлар масала моҳиятига шу тахлитда ёндашишга интилмоқдалар. Буни мазкур илм даргоҳида бўлиб, фаолияти билан яқиндан танишганимизда янада теранроқ ҳис этдик.

Ишончлар илдиз
 отганда...

Ортимиздан изма-из ўсиб келаётган фарзандларимиз уфқларни яшнатиб турган қизғалдоқларга ўхшайди. Уларга тўйиб-тўйиб қарагимиз келаверади. Фарзандларимиз умидларимиз, ишончимизнинг сувратларидир. Аслида, ишончга суянишни биз улардан ўрганмоғимиз керак. Зотан, улар ишонч ғунчаларидир. Улар фақат ва фақат яхшиликка ишонади. Дунё боқийлиги кафолати ҳам аслида, ана шу ишончдир.
Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ҳам бир талай эзгу ниятларни дилига жо этган минглаб ўғил-қизлар мамлакатимиз қудратини ошириш,  юксалтириш учун астойдил интилмоқда. Бу борада уларга ўз касбининг устаси бўлиб танилган, тажрибали профессор-ўқитувчилар замонавий асосларда билим бермоқда.
Чиндан ҳам, бугунги кунда илм қудрати бутун дунёни муваффақиятли бошқармоқда. Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, қаерда илм-фан ривожланса, ўша давлат тез фурсатда тараққий этади. Халқи фаровон ва тўкис яшайди. Шаҳару қишлоқлар обод бўлади. Билим кучи ана шундай чек-чегарасиздир.
— Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Бугунги мураккаб шароитда содир бўлаётган янгиликлар, ўзгаришлар инсоният олдига бир қатор долзарб вазифаларни қўймоқда. Муаммоларни бартараф этиш, давр билан бирга қадам ташлаш учун, аввало, жамиятда фикрлар хилма-хиллигига эришиш зарур, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ботир ДАМИНОВ. — Дунё айвонида содир бўлаётган воқеаларга тийран нигоҳ ташлаш, фан ва технологиялар соҳасида олиб борилаётган илмий изланишлардан доимий хабардор бўлиш, жаҳон тиббиёти эришаётган ютуқлардан орқада қолмасдан, аксинча, уларга интеграциялашиш керак, деб ўйлайман. Давлатимиз раҳбарининг олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлашга оид қатор фармон ва қарорларида ана шундай талаблар ўз ифодасини топган. Бизнинг олий таълим даргоҳимизда ҳам бугунги кунда барча ишлар замоннинг ана шу муҳим талаблари, педиатрия соҳасига оид замонавий ва билимли кадрлар тайёрлаш мақсадлари асосида йўлга қўйилмоқда.
Институт ректори Ботир Даминовнинг эътироф этишича, қадим-қадимдан илмий мулоқотлар, баҳслар, учрашувлар, шеърият кечалари, суҳбатлар илм даргоҳлари ва шоирлар ҳузурида бўлиб ўтган экан. Бу борада ўша замоннинг забардаст олим ва шоирлари барчага ўрнак бўлган, маёқ сингари йўл кўрсатган. Шу тариқа алломалардан ўрганиш, улги олиш ёшлар камолотида улкан аҳамият касб этган.
Ота-боболаримиз илм аҳлини, жумладан, шифокорларни қадрлашган, жонига жойлашган, эъзозлашган, давраларнинг тўридан жой бериб келган. Бундан англашиладики, фан ишлаб чиқаришсиз, ишлаб чиқариш фансиз, адабиётсиз, ижоднинг сеҳрли ва сурурли оламисиз тараққий этмайди. Креатив фикрлаш – ҳар бир касб, жумладан шифокорлик касби учун ҳам ниҳоятда аҳамиятли. Шу маънода, пойтахтимизда яқинда бунёд этилган Адиблар хиёбонидаги қорақалпоқ шеъриятининг булбулзабон куйчиси Бердақ Бердимурод Қарғабой ўғлининг салобатли ҳайкали Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Тошкент педиатрия тиббиёт институтига бириктирилгани бежиз эмас. Зеро, бу улкан адибнинг ҳаёти ва ижоди йўлини чуқур ўрганиш, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш бугунги глобаллашув замонида янада долзарб ўрин тутади. Бундайин яқин ҳамкорлик талаба ёшлар қалбида ижодкор аҳлига ҳурмат, ижодга мойиллик ҳисларини уйғотиши тайин.

Соғлом бола –
соғлом дунё

Ўзбекнинг хислатлари бисёр. Санаб адоғига етолмайди киши. Бироқ, барча ўзига хосликлар ичида серфарзандлиги, болажонлиги алоҳида ажралиб турса керак. Унинг болажонлиги ҳам, кўнгли очиқлигию, юмшоқ феъллиги ҳам шундан. Ҳар бир ота-она ўз жигаргўшасини кичиклигидан еру кўкка ишонмасдан ўстиради. Унинг заволини кўрмайин, дея яхши ният қилади. Аммо ҳаётда доим ҳам унинг айтгани бўлавермайди. Бордию, боласи оғриб, бирор бир дарддан озор чеккудек бўлса, дарҳол қўли енгил болалар шифокори ҳузурига ошиқади. Ширин сўз, қўли эм шифокордан даво топган боласини кўриб дунёларга сиғмай кетади.
Тошкент педиатрия тиббиёт инс­титути аудиторияларида ана шундай бўлғуси шифокорларнинг ёш ва навқирон авлодлари билим олмоқда. Бугунги кунда мазкур илм даргоҳида педиатрия иши, касб таълими, даволаш иши, олий ҳамширалик, тиббиёт-биология иши каби йўналишлар ҳамда 28 мутахассислик бўйича магистратура, 28 мутахассислик бўйича клиник ординаторлар илм сирларини қунт билан ўрганиб келишмоқда. Сўнгги уч йил давомида профессор-ўқитувчиларнинг тинимсиз саъй-ҳаракати ва изланишлари билан йигирма тўртта дарслик, саксон тўртта ўқув қўлланма, қирқта услубий қўлланма, етти юз йигирма битта ўқув-услубий мажмуа чоп этишга муваффақ бўлинди.
Илм соҳасида иш илмий-тадқиқотсиз олға силжимайди. Шу боисдан бу масала доимий эътибордан четда қолаётгани йўқ. Яратилган ихтироларга патент, ЭҲМ (электрон ҳисоблаш машинаси) учун яратилган дастурий таъминотга гувоҳнома, мавжуд ишланмаларга эса муаллифлик гувоҳномалари олинаётгани ана шундан далолат беради. Қувончлиси, профессор-ўқитувчилар талабаларга илм бериш билан биргаликда, уларни доимий изланишларга қизиқтириб, юрагига ўт ёқиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, к­линика ва консультация ишлари бир-бирига уйғун тарзда олиб борилаётир.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти қарийб ярим асрлик тарихий йўлни босиб ўтган. Бу даргоҳни муваффақиятли битириб чиққан бир неча ўн минглаб мутахассислар болалар саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Институтнинг клиникаси янги биноси бундан олти йил муқаддам қуриб битказилган эди. Бугун мазкур муассаса тўлиқ замонавий ва сўнгги турдаги асбоб-ускуналар билан таъминланган. Шу билан бирга, институтдан катта ҳаётга учирма бўлган сон-саноқсиз мутахассисларнинг келгуси тақдири ҳам доимий эътиборда. Хориждаги олий таълим муассасалари билан яқин ва манфаатли ҳамкорлик алоқалари ҳам ижобий натижа бермоқда.

Адиблар оламидаги ёшлар

Юртимизда ажойиб шоир ва ёзувчилар сероб. Улар ижоди ва ҳаётини синчиклаб ўрганиш, тадқиқ этиш мақсадида яқингинада пойтахтимизнинг энг сўлим ва хушманзара гўшасида «Адиблар хиёбони» барпо этилди. Бу ҳол барчани бирдай қувонтирди, албатта. Тошкент педиатрия тиббиёт институтига қорақалпоқ халқ шоири Бердақ Бердимурод Қарғабой ўғли ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш мақсадида унинг ҳайкали бириктирилгани ҳақида юқорида айтдик. Шундан сўнг мазкур илм даргоҳида сўз сеҳргари ҳаёти ва ижодини мукаммал ва чуқур ўрганиш ниятида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Унда келгуси ўқув йили давомида талабаларнинг «Адиблар хиёбони»га доимий ва мунтазам ташрифларини уюштириш, бевосита адабиёт дарсларини шу жойнинг ўзида ўтказиш, шоир ижоди ва ҳаётини қамраб олган шеърият тадбирларини ташкиллаштириш, у туғилган Орол денгизи бўйларига сафар уюштириш сингари тадбирлар кўзда тутилган. Бу талаба ёшларни ватанга садоқат, аждодлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини шакллантиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Адиблар хиёбони... Сокин ва осо­йишта манзил. Ҳазрат Низомиддин Мир Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бердақ Бердимурод Қарғабой ўғли, Огаҳий ҳазратларининг бежирим, нафис ва ўта дид билан ишланган ҳайкалларига нигоҳ ташлаб, беихтиёр ўзингизни адабиётнинг сеҳрли оламига тушиб қолгандай сеза бошлайсиз. Бу сўз сеҳргарларининг ўлмас байтлари ҳар хонадонга кириб борган, халқ орасига қўшиқ бўлиб тарқалган, миллионлаб юракларни забт этган. Неча асрлар давомида сайқал топиб камолат чўққисига кўтарилган шеърий ва мусиқий санъат дурдонасини, меросини йиғиш, ўрганиш, тартиб бериш бениҳоя олижаноб ватанпарварлик меҳнатидир. Адиблар хиёбони ана шу жиҳатлари билан мухлисларга манзур бўлмоқда.
«Кўзим кўрганин 
ёздим...»

Чексиз ҳайратларга бой қорақалпоқ адабиётида Бердақ умрининг ўз тарихи бор. Бу адабиётнинг, навқирон шеъриятнинг мазмуни, қорақалпоқ еридай кенг, Жиян жиров, Кунхўжа, Ажиниёз, Ўтеш, Умар ўланларидай нафосатли, таъсирчан. Бу адабиёт қорақалпоқ халқининг қир чечакларидай гўзал, ақлидай теран, фаросатли. Бу адабиёт ўзининг туғишган бовуридай бўлган ўзбек халқига яқин, шунинг учун ҳар икковининг шоирлари ҳам, ёзувчиси бир-бирига оға-ини, қариндош. Айниқса, юртимизда Бердақ шеъриятига ташна мухлислар жуда кўп. Қорақалпоқ адабиётининг фахри ва асосчиси, демок­рат шоир Бердақ Бердимурод Қарғабой ўғлидир. Шоир етмиш уч йил умр кўрган бўлса, унинг ярим асрдан мўлроғини бадиий ижоднинг машаққатли, масъулиятли, лекин шарафли ишига бағишлади. У Орол денгизи бўйларидаги сўлим гўшаларни пою-пиёда кезишни, табиат оройишларини кузатишни хуш кўрарди. Шоир авлодларига йигирма минг мисрадан зиёд шеър, халқ ҳаёти ва курашнинг турли даврларини бадиий шаклда кўрсатиб беришга бағишланган ўнга яқин эпик достонларни ёзиб, мерос қолдирди. Бир шеърида у «Шоир эдим кўзим кўрганин ёздим, Замон жафосидан сарғайдим, оздим, Келурми деб яхши кунлар халқ учун» дея ёзади. Шунинг ўзиданоқ ўша кезлари элнинг аҳволи нақадар хароб эканини англаш қийин эмас.
Ўлканинг тарихи узоқ. Қорақалпоқ халқининг Нўғой ўрдасидан ажралиб чиққандан кейинги (XIX аср) тарихий тақдири Туркистон ўлкасидаги турли хонликлар ҳудудида яшовчи турли халқлар, хусусан ўзбек халқи тақдири билан узвий ва чамбарчас боғлиқлигини кўриш мумкин. Тарихнинг беармон фожиа ва ситамларига кўп бор дуч келган, қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган қорақалпоқ халқининг меҳнаткаш ва қўли қадоқ авлодлари ўз эрки, ҳақ-ҳуқуқига эга даражада эмас эди бир вақтлар. Бердақ айтганидек, «Юз йил қўним билмай» худди сайғоқ галалари каби тинмай кўчиб юрган бу эл. Орол денгизининг шўрҳок ва қумлоқ дашт-биёбонлари, Амунинг қуйи қисмлари бу элатга муқим бошпана бўлиб келган. Ўн ёшида ҳам ота, ҳам онадан етим қолган, талай йил умрини бойлар эшигида ўтказган Бердақ дунёда не жафо бўлса барини татиб кўрди. Ана шу азоб ва ситамлар вақти келиб унинг кўнгли тубидан шеър бўлиб қайнаб чиқди. «Айрилиқнинг жабри ёмон, Бошда ҳар кун охир замон, Баҳром-Гуландом шу достон, Ёмон айрилиқ-айрилиқ» деган дардли сатрлар дунёга келди. Бердақнинг машҳур асари «Излар эдим» ҳамда «Аҳмоқ подшо» достонида шундай ўтли мисралар учрайди. У ўқиган юракни изтиробга солади. «Чор китобдан» нари қочдим, Навоийдан савод очдим, Фузулийдан дурлар сочдим, Доноларни излар эдим». Ёхуд кейинги шеърда «Кулфат қасрида қаридим, Султон Суйин, Миролининг, Шоҳу гадонинг баридан, Дунё ортда қолар экан» сатрлар учрайди.
Бердақ «Кўк узакдан Орол денгизигача бўлган жойларни кезганида қўлидан сираям дутор тушмасди. Ўзи шеърлар тўқиб, уни маромига етказиб куйларди. Ана шундай қўшиқлардан бири мана бу шеърдир:

Йигит бўлсанг арслон каби туғилган, 
Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун.
Йигит бўлсанг арслон каби туғилган, 
Ўзим демай, ғамхўрлик қил шу халқ учун.
Етарсан муродга гар хизмат этсанг,
Элинг йўллаганда ҳар қаён кетсанг,
Ҳар қачон душманинг бошига етсанг,
Аямасдан, хизмат айла халқ учун,
Дўстлик билан ҳар бир ишда шай турсанг, 
Жон аямай эл-юрт учун иш қилсанг, 
Қайғуланмай, улуғ ишга қўл урсанг, 
Шунда менинг кўнглим ўсар халқ учун.

Бу шеър яқинда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида Бердақ бобомизнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб ташкил этилган адабий тадбирда бот-бот янгради. Шоир ўз истеъдоди шуъласи билан сайқал бериб кўнгилларни мунаввар этгандек бўлди.
Адиблар хиёбони узоқ-яқиндан келган турли тоифадаги қизиқувчилар билан гавжум. Айниқса, сенатор Ботир Матмурадов, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори Ботир Даминов, ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, шоира Кавсар Турдиева, Тошкент педиатрия институти ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Муборак Аҳмедова ҳамда бошқа профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирокида Бердақ бобомиз ҳайкали пойида ўтказилган тадбир қизиқарли ва мазмунли якун топди. Эндиликда институтнинг устоз ва талабалари нав­бати билан Адиблар хиёбонида бўлиб Бердақ ҳайкали пойини анвойи гуллар билан безамоқда.
— Қорақалпоқ шеъриятининг Навоийси дея эътироф этиладиган Бердақ Бердимурод Қарғабой ўғли ўз номини тириклигидаёқ туркий халқлар тарихи саҳифаларида мангу муҳрлади, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, фалсафа фанлари номзоди, доцент Муборак Аҳмедова. — Зеро, халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов айтганидек, «Шеърга бахшида умрнинг ажиб мўъжизаси бор, У дунёни тарк этса, ундан дунё қолади, Одам умри сарҳадли, қўшиқ умри пойидор, Навосиз юракларда ўлмас наво қолади».
Сирасини айтганда, адабиётга, шеъриятга кўнгил қўйган ёш ниҳолларнинг ички олами юксалиб, қалби шуълаланиб бораверади. Санъатнинг, адабиётнинг шарти — баркамоллик ва мукаммаликдир. Ана шу икки нарса вобаста бўлса, адабиёт гуллаб-яшнайди, ихлосмандлар чанқоғини худди серсув булоқдек қондиради.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти иқтидорли талаба ёшларининг шеърият осмонида бемалол, эмин-эркин сайр қилмоғини чин дилдан истаб қоламиз. Зеро, ижодга, нафосатга ошуфта юраклар гўзаллик яратишга қодир. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Бердақ номидаги давлат мукофоти соҳиби Ибройим Юсупов шогирдлик эҳтиромига йўғрилган қуйидаги шеърини Бердақ Бердимурод Қарғабой ўғлига бағишлаган:

Оқшом ёқаласам Қозоқдарёни, 
Тинглаб оқ ўтовдан чиққан навони,
Деди: «Бу Бердақнинг янги даврони».
«Кимники?» деб савол берган ерларда.
Кел, давлатли қўноқ, хизматим холис,
«Энг ками юз бўлсин кўз кўрган таниш,
Шундай деб кетганди
    Бердақ бобомиз».
Дер балиқчи меҳмон кутган ерларда.
Китоб токчасига тушганда кўзим, 
Ҳар уйдан қувониб чиқаман ўзим,
Халқ олтинга тинглаб
    Бердақнинг сўзин,
Қўшиқ қилиб айтиб юрган ерларда.

Улуғбек ЖУМАЕВ,
«Оила даврасида» мухбири
 




Ўхшаш мақолалар

ТИЛ ҚОМУСИ

ТИЛ ҚОМУСИ

🕔10:33, 03.07.2020 ✔117

Халқнинг эҳтиёжини инобатга олиб, беш жилддан иборат «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг янги нашри чоп этилди.
 

Батафсил
КЎНГИЛ БИТИКЛАРИДА ҲАЁТ ДАРСИ

КЎНГИЛ БИТИКЛАРИДА ҲАЁТ ДАРСИ

🕔10:32, 03.07.2020 ✔118

«Одатда, кундалик дафтардаги битиклар ҳаммага ҳам ошкор этилавермайди. Лекин шундай ёруғ, ўлмас хотиралар ҳам борки, уларни эл-улус билан баҳам кўрсангиз, қалбингиз таскин топади, кўнгил хотиржам бўлади...» 
 

Батафсил
ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

🕔12:50, 26.06.2020 ✔234

Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» асарини ўқиб...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ТИЛ ҚОМУСИ

    ТИЛ ҚОМУСИ

    Халқнинг эҳтиёжини инобатга олиб, беш жилддан иборат «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг янги нашри чоп этилди.
     

    ✔ 117    🕔 10:33, 03.07.2020
  • КЎНГИЛ БИТИКЛАРИДА ҲАЁТ ДАРСИ

    КЎНГИЛ БИТИКЛАРИДА ҲАЁТ ДАРСИ

    «Одатда, кундалик дафтардаги битиклар ҳаммага ҳам ошкор этилавермайди. Лекин шундай ёруғ, ўлмас хотиралар ҳам борки, уларни эл-улус билан баҳам кўрсангиз, қалбингиз таскин топади, кўнгил хотиржам бўлади...» 
     

    ✔ 118    🕔 10:32, 03.07.2020
  • ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

    ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

    Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» асарини ўқиб...

    ✔ 234    🕔 12:50, 26.06.2020
  • РАМЗЛАРГА ЯШИРИНГАН ДАРД

    РАМЗЛАРГА ЯШИРИНГАН ДАРД

    Саид Аҳмаднинг «Қоракўз мажнун» номли ҳикояси ёзувчининг ижодий маҳорати ниҳоятда бебаҳо эканини белгилаб беради. Ҳикоя нега айнан «Қоракўз мажнун» номи билан аталган? Дунёда ким борки, кўнгил бермаган, меҳр қўймаган. Мана шу муҳаббатни ёзувчи Қоракўз орқали тасвирлайди. Қоракўз Саодат аяга, яъни унинг меҳрига мажнун эди.
     

    ✔ 230    🕔 12:49, 26.06.2020
  • «ҲАМИША СЕН ХИЗМАТ ЭТГИЛ ХАЛҚ УЧУН...»

    «ҲАМИША СЕН ХИЗМАТ ЭТГИЛ ХАЛҚ УЧУН...»

    Эл саломатлиги учун шифокорлик касбининг нақадар юксак аҳамиятга эга экани мана неча ойдирки дунё миқёсида намоён бўлмоқда. Жаҳонда коронавирус пандемияси авж олган шу кунларда бу балодан одамлар ҳаётини асрашга, уни енгишда, аввало, мана шу фидойи касб эгалари кечаю-кундуз ҳаракат қилмоқда. Шундай вақтларда шифокорлик касбини танлаганларга, уларни ўқитган, тиб илмидан сабоқ берган устозларига ҳар қанча раҳматлар айтса арзийди. Элнинг мана шундай эътирофига сазовор бўлиб келаётган, ҳар йили юзлаб ёшлар қўлига шифокор деган шарафли касб дипломини тутқизаётган табаррук даргоҳлардан бири – Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳисобланади.
     

    ✔ 132    🕔 12:44, 26.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар