Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«БУ — РОМАНТИКА ЭМАС, СЎНГГИ ИМКОНИЯТ»

«Оила даврасида» газетаси оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан таниқли ижодкор, ҳамиша ҳақ сўзни айтиб, ўз қаламига садоқат кўрсатиб келаётган тажрибали журналист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раиси Карим Баҳриев билан махсус суҳбат уюштирди. Ушбу суҳбатнинг бир қисми гарчи таҳририят ва муаллифнинг рухсатисиз эълон қилинган бўлса-да, уни тўлиқ ҳолда сизга тақдим этишни маъқул топдик.

«БУ — РОМАНТИКА ЭМАС, СЎНГГИ ИМКОНИЯТ»

«Ҳақиқатни айтганлар
қатағонга учради…»

— Карим ака, сизнинг кўп­лаб чиқишларингиз газетамиз ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотган. Сизни журналистик фаолият билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келаётган тажрибали журналист сифатида биламиз. Матбуотнинг паст-баланди сизга яхши маълум. Айтинг-чи, кейинги ўттиз йил ичида ўзбек матбуоти нималарга эриша олди? «Эришилган»лардан ким кўпроқ манфаат кўрди?
— Ўттиз йил олдин Ўзбекис­тон мус­тақилликка эришди. Матбуот ҳақидаги гапни яна ҳам аввалроқдан бошлаш керак. Ана шу мустақилликка эришиш учун «қайта қуриш» даврида матбуот катта хизмат қилди, эрк кунларини яқинлаштирди. Шўроларнинг зулм салтанати ошкоралик туфайли қулади, имкон пайдо бўлиши билан миллатларнинг зиёлилари матбуотда тарих қатламларини очдилар, миллий ўзликни ва миллий тилларини талаб қилдилар, динларига ва маданиятларига соҳиб чиқдилар. Натижада кўзи очилган халқлар «ягона ғоя» билан яшашни истамай қолдилар ва ўз мустақилликларини бирин-кетин эълон қилдилар. 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон парламенти Мустақиллик декларациясини қабул қилди.
Шундан кейинги тарихга келсак, бугун ўтган чорак асрга ҳаққоний баҳо берилмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу даврни «қўрқув даври» деб атади: «У даврлар бошқача эди. Қанча жим юрсанг, шунча яхши эди… Бизлар қўрқув даврида яшагандик».
Ўтган ўша даврга қарасак, матбуот билан боғлиқ бир қонуниятни кўрамиз. Дастлаб 1990 – 1994 йилларгача кўп яхши ишлар қилинди – Конституция ва беш юзга яқин қонунлар ошкора муҳокамалар асосида қабул қилинди, Президентлик таъсис этилди ва реал муқобиллар асосида сайлов ўтказилди, парламентда ҳурфикр­лик ва матбуотда ошкоралик ҳукм сурди, бозор иқтисодига ўтиш, маданий дунёга интеграцияланиш учун ҳаракатлар бошланди. Дастлабки парламентда ҳамма масалалар ошкора муҳокама этилар, халқда ҳам бир кўтаринкилик ҳукмрон эди. 
Бироқ аста-секин маъмурий-буйруқбозлик тизими ўзини мустаҳкамлаб олди, ҳақиқатни айта оладиган кучлар қатағонга учради, қамалди ёки юртни тарк этди, оммавий ахборот воситалари энди оммавий тарғибот воситаларига айлантирилди. Шахсга сиғиниш вазияти қарор топди, мадҳия­бозлик авжга чиқди, танқид қилинса, фақат «мустақиллигимизни кўра олмайдиганлар», «иқтисоддаги ютуқларимизга ҳасад қилувчилар», хорижда юрган «ватан хоинлари» танқид қилинарди. Буларнинг бари Қодирий, Чўлпон, Беҳбудийларни қатағон қилган Сталин даврини ёдга соларди. Эътибор қилинг: матбуот гунг ва кар ҳолатга солингач, осонгина сиёсий «якдиллик» шароити юзага келтирилди ҳамда иқтисод ҳам инқирозга юз тута бошлади, коррупция авж олди, бугун хориж банкларидан қайтаришга уринаётганимиз миллиардлаб долларлар ўшанда ўмарилганди, ҳатто деҳқонларга нима экиб, кимга сотишни ҳам давлат режалаштирадиган ва ҳосил йиғим-теримини ҳуқуқ-тартибот органлари назорат қиладиган маъмурий иқтисод юзага келди...
Бугун ана шу вазият бутунлай ўзгарди. Сўнгги тўрт йилда ошкоралик, сўз эркинлиги эпкинлари эса бошлагач, бунинг ижобий таъсири миллий оммавий ахборот воситаларимизда ҳам акс эта бошлади. ОАВ ўзининг бош вазифаси – жамиятдаги муаммоларни очиқ танқид қилиш билан ҳам шуғулланмоқда.

«Бойнинг овози
баландроқ чиқади»

— Танқид ҳеч кимга ёқмаслиги кундай равшан. Аммо журналистдан ҳамма кўпроқ танқидни кутади. Айтинг-чи, аслида танқид кимга кўпроқ керак: журналистгами, у чиқаётган нашргами ёки жамиятга?
— Танқид — агар тузум ҳуқуқ устувор бўлган, адолатли ва демократик тузум бўлса, ҳамма учун фойдалидир.
Ҳақиқатни ёзиш журналистга фойда, чунки у, аввало, ўз касбининг шарафини оқлайди, ўз номуси ва орини юксакка кўтаради ва халққа ҳам, Холиққа ҳам мақбул ишни қилади.
Ҳақиқатни чоп этиш, такрор айтамиз, агар тузум демократик ва адолатли бўлса, нашрга ҳам фойдали, чунки унинг ҳақиқий обуначилари, мухлислари кўпаяди, натижада реклама берувчилари кўпаяди, даромади ошади. Достоевский: «Пул — чоп этилган озодлик», — деган. Бойнинг овози баландроқ чиқиши шундан. Аслида бобомиз Замахшарий: «Ҳақ сўзлаганнинг овози арслон ўкиришидан ҳам кўра шиддатлидир», деганлар.
Ҳақиқатни ўқиш, тафаккур қилиш, муаммоларнинг илдизига етиш ва ечимларни топиш — жамиятга ҳам фойдалидир, турли-туман фикрларсиз тафаккур ўлади, иқтисод инқирозга учрайди, маънавият пароканда бўлади. 

«Тиз чўкиб қилинадиган
қароқчилик»

— Матбуот расман эмас, фақат қоғозлардагина эмас, реал ҳаётда бошқа учта ҳокимият билан бўйлаша оладиган чинакам тўртинчи ҳокимият бўла олишига ишончни оммада шакллантириш учун нима қилмоқ керак?
— Матбуот, оммавий ахборот воситалари Конституциямизни жиддий ўқиган ва тафаккур қилган инсон учун ҳаққоний тўртинчи ҳокимиятдир. Биласиз, шундай касблар борки, юз минглаб, миллионлаб инсонлар у билан шуғулланади, лекин уларнинг касб-кори Конституцияда тилга олинмаган. Конституцияда Президент ва Вазирлар Маҳкамаси, Суд ва куч ишлатар тизимлари ҳамда Оммавий ахборот воситалари алоҳида инс­титутлар тарзида тилга олинган. Оммавий ахборот воситаларига алоҳида боб бағишланган. Нари борса, мингта атрофида ОАВ бўлса ва уларда беш-ўнтадан одам ишласа, беш ё ўн минг кишининг фаолияти Конс­титуцияга кирган. Иккинчи томондан, журналистика худди шифокорлик ва муаллимлик каби ижтимоий касбдир, адолат ва ҳақиқат унинг ўзаги бўлиши шартлигидан келиб чиқиб, унга Конституциявий институт мақоми берилган.
Янги Ўзбекистондаги янги ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари яна ўз вазифасини ҳалол бажаришга тараддудланмоқда. «Тўртинчи ҳокимият» истилоҳига келсак, уч ҳокимият нима қилади: қонун чиқарувчи ҳокимият — давлат ва жамият фаолиятига асос бўладиган қонунларни ишлаб чиқади ва қабул қилади, ижро ҳокимияти ва халқ шу қонунлар асосида ишлайди, яшайди ва фаолият юритади, суд ҳокимияти давлат мансабдорлари ва халқнинг қонунларни бузган ҳолларига ҳакамлик қилади ва жазо беради. «Тўртинчи ҳокимият» — оммавий ахборот воситалари эса бу учта ҳокимият ва жамиятнинг ҳаётини шаффофлаштиради, уларнинг ўз вазифаларини амалга оширишларига кўмаклашади, камчиликларини ошкор қилади, муаммоларининг ечими сайловларда қатнашганда, тафаккур билан овоз бериши учун жамоатчилик фик­рини шакллантиради. Матбуотнинг ҳокимияти — халқ фикрига таъсир ўтказа олиш кучидадир.    
ОАВнинг тўртинчи ҳокимиятга айланиши қатор омилларга боғлиқ.
Энг аввало, сиёсий ирода керак. Бу ирода давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан айтилмоқда ва қайта-қайта даъват этилмоқда.
Иккинчидан, ОАВга оид қонунлар такомиллашуви лозим. Масалан, туҳмат ва ҳақорат деган жиноятларни ғайрикриминаллаштириш таклифи амалга ошиши керак. Бу қонунбузарликларнинг маъмурий ва фуқаролик кодексларида бўлиши етарлидир. Сўз учун, фикр учун қамоқ жазоси бўлиши мамлакатда фикр эркинлигига ҳеч қачон йўл бермайди. Бирор бир тараққий қилган, маданий халқда ва давлатда бундай модда мавжуд эмас, у фақат авторитар ва тоталитар давлатларда қолган. Уни мансабдорлар танқиддан қўрққани учун ушлаб туради ва халққа эса шундай дейди: «Наҳотки, сизга газетада ёки интернетда туҳмат ё ҳақорат қилишса ва жазосиз қолса?!» Аввало, жазосиз қолмайди — маъмурий ва фуқаролик кодексларига кўра жазоланади, жарима тўлайди, ОАВ ёпилиши мумкин, қолаверса, ОАВ қонунчилигига кўра ёлғон маълумотлар раддия қилинади ва фикрларга жавоб бера олади. Фақат сўз учун қамоқ жазоси бўлмайди, холос. Агар бир журналист сўзи учун қамалар экан, қолган минглаб журналистлар танқиддан тийилади, жим ўтиришни ёки мақташни афзал кўради. Мақтов эса «тиз чўкиб қилинадиган қароқчиликдир».
Учинчидан, ОАВ менежменти бозор иқтисоди шароитига ўтиши керак. Қонунчиликка кўра, исталган соҳага сармоя кирита оласиз, лекин ОАВ соҳасида чегара бор, низом жамғармасида хориж сармояси 30 фоиздан ошмаслиги керак, бевосита бирор матбуот хориждан маблағ жалб эта олмайди, аввал «умумий ўра»га — Фондга тушиши керак ва у кимга беришни ҳал қилади. Сармоядор эса муайян, аниқ лойиҳага пул беради. Кўряпсизки, матбуот соҳаси бозор иқтисодининг рақобат шароитига кира олмайди. Тушунаман, бу чекловлар орқали жамоатчилик фикрига хориж таъсир ўтказмасин, дейилгандир балки. Бироқ жамиятда адолат ҳукм сурса, нимадан қўрқамиз?!
Тўртинчидан, айнан халқнинг ошкора фикрлаши ва онгли қарорлар қабул қилиши – ҳақиқий барқарорлик ва хавфсизликнинг асосидир. Онгсиз оломон – хавфсизликнинг душманидир.
(Давоми 10-бетда.)
(Давоми. Бошланиши 8-бетда)

«Танқид қилиб кўрдик, 
лекин…»

— Сўнгги уч-тўрт йилда ўзбек матбуотида анча жонланиш сезилаётган эди. Бироқ газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатларини нима билан изоҳлайсиз?
— Кўряпмизки, сўз эркинлигининг бор-йўқлиги мамлакатдаги адолатнинг бор-йўқлигини белгилайдиган омилдир. Агар сўз эркинлиги бўлса, иқтисод ҳам ривожланади, коррупция ҳам жиловланади. Лекин ҳақиқатни ёзадиган журналистлар, блогерлар яна таъқибга олина бошланса, «ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз» бошланади — коррупция, турғунлик ва зулм авж олади, дунё яна бизга ёввойи қабилага қарагандек қарай бошлайди, ижобий жозибамиздан асар ҳам қолмайди, рейтингларда яқиндагина олдинга чиқаётган еримизга, яна охирги сафларга қайтамиз.
Биз бошдан кечираётган даврнинг ўзига хослиги шундаки, жамиятда янги ислоҳотлар тарафдорлари ва ҳаммасини аввалги ҳолига қайтариш ҳаракатидаги эски кучлар курашмоқда. Бу эски кучлар пастдан то энг юқоригача мавжуддир. Газеталарда яна ўша «ура-ура» материаллар кўпайиб қолгани, сайтлардан айрим материалларни ими-жимида олиб қўйиш ҳолатлари шундан далолатдир. Сайтлардан бу хабарларнинг битта-яримтаси йўқолса, уни қўйган бирор дадиллик қилган муҳаррирнинг қўрқоқлиги билан изоҳласак бўларди, лекин уларнинг бирданига ҳаммасидан олиб ташланиши масаланинг анчайин кучли шахслар томонидан олишга мажбурланганини билдиради. Лекин мамлакат раҳбарининг сиёсати цензура эмас, очиқликдир.
2020 йил 3 июнь куни қашшоқликни камайтиришга бағиш­ланган видеоконференцияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уни минтақаларда олиб борилаётган ислоҳотлар учун мақтамасликни сўради. 2020 йилга мўлжалланган давлат бюджетида 410,5 миллиард сўм  миқдорида маблағ ажратилган Миллий телерадиокомпания раисига мурожаат қилиб: «Менга «Президент шундай қилди», — деб мақташга ҳожат йўқ. Ислоҳотлар натижасида одамларнинг дунёқараши ўзгаради, қизиқиш пайдо бўлади, «ер меники» ҳисси пайдо бўлади. Ислоҳотларни шунчаки мақтов эмас, балки амалда намойиш қилинг», — деди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатда ижобий ўзгаришлар президент туфайли эмас, балки ислоҳотлар ва қонунларнинг ишлаши туфайли рўй беради: «Сизга бир нарса айтишдан қўрқаман, сиз дарҳол президентни мақтай бошлайсиз. Бунинг барчаси президент томонидан эмас, ислоҳотлар, қонун асосида амалга оширилишини айтдим».
Орадан уч кун ўтиб, Ўзбекис­тон Президенти 6 июнь куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида «мақтовлар керак эмас»лигини таъкидлади: «Мен қисқа, сизлар кўпроқ гапирсаларингиз тўғри бўлади. Мақтов керак эмас. Президентга энг катта мақтов бўлиб бўлган — бу халқ ишончи. Ҳали энди биринчи қадамларни қўйяпмиз. Келиб, қарсак эшитиб кетиш менгаям осон. Лекин бундан натижа бўлмайди... Аччиқ-аччиқ масалаларни қатъий қўйинглар».
Шу гаплардан сўнг ҳам танқидга, ошкораликка, ҳаққоний муҳокама ва мулоқотларга йўл бермайдиган раҳбарларнинг тафаккурида (агар фикрласа) шундай хаёллар бўлса керак: ё у асли қўрқоқ, ё  биз билгандан кўра кўпроқ нарсани билади. Қадимги замон файласуфи Ксенофонт: «Рост гапирганим, танқид қилганим учун кўп балоларга учрадим, лекин мақтаганим учун ҳеч пушаймон бўлмадим», — деган. Бу унинг киноясидир.
Президент танқид қилинг­лар, «аччиқ-аччиқ масалаларни кўндаланг қўйинлар», «мақтов керак эмас» деб турганда, яна мақташда давом этадиган ОАВ раҳбарларининг қилмишини, фикратини шундай изоҳлаш мумкин: 
Биринчидан, у шундай фикрда: «Давлат раҳбари бу чиройли гапларни гапиргани билан ич-ичидан ошкораликни истамайди, мен унинг гапларига эмас, ички истагига бўйсунаман ва шу туфайли лавозимимда узоқ қоламан!» 
Иккинчидан, ёки: «Президент балким сўз эркинлигини истайди, биз танқид қилиб кўрдик, лекин унинг атрофида ўтирганлар дарҳол бурнимизни ерга ишқаб қўйишди, уларнинг қўли узун ва улар кўпроқ хабардор. Кўзимга қараб юришим керак!» У ўнлаб танқиди туфайли ёпилган газеталарни, ишидан айрилган бош муҳаррирларни, юзлаб ҳақ сўзи учун қатағонга учраган журналистларни ва блогерларни мисол қилиб келтиради, яна минглаб мақтагани учун ўрнидан жилмай ўтирган нашр ва оммавий ахборот воситлари раҳбарлари ва ходимларига ишора қилади. 
Мен бу фикрларнинг қай бирида жон борлигини билмайман, тўғриси билишни истамайман ҳам. Мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Жамоат назорати ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласида ортга қайтиш бўлмайди», – деган сўзларига ишонаман, бир куни коррупционерлар ва монополистлар уни эгиб олишига ва ҳаммаси аввалги ҳолига қайтишига ишонмайман. Бу – романтика эмас, балким, сўнгги имкониятдир.
Шу ишонч билан танқидий мақолаларни ёздим, ёзяпман ва яна ёзаман. 




Ўхшаш мақолалар

МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ ВИЖДОН

МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ ВИЖДОН

🕔21:26, 08.07.2020 ✔73

Орол инқирози ва унинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида матбуотда бонг урила бошлаганида бўзбола эдим... ...Мактабимиз директори Болтабой Худойназаров адабиёт муҳиби бўлгани учунми, мендек ҳаваскор ўқувчисини ўзига яқин дўст деб биларди. Хонасига чақириб олиб, катталардек гурунглашарди.

Батафсил
ҲAЛ ҚИЛУВЧИ ЛAҲЗA

ҲAЛ ҚИЛУВЧИ ЛAҲЗA

🕔21:26, 08.07.2020 ✔72

Коронавирус офатидан инсоният қандай хулосалар чиқармоқда?

Батафсил
БИЗ ҲАМ ОДАМЛАРДЕК ЯШАШНИ ИСТАЙМИЗ...

БИЗ ҲАМ ОДАМЛАРДЕК ЯШАШНИ ИСТАЙМИЗ...

🕔10:39, 03.07.2020 ✔210

Бу Қашқадарё вилояти Нишон тумани «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Боғишамол қишлоғи аҳолисининг фарёди
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ ВИЖДОН

    МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ ВИЖДОН

    Орол инқирози ва унинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида матбуотда бонг урила бошлаганида бўзбола эдим... ...Мактабимиз директори Болтабой Худойназаров адабиёт муҳиби бўлгани учунми, мендек ҳаваскор ўқувчисини ўзига яқин дўст деб биларди. Хонасига чақириб олиб, катталардек гурунглашарди.

    ✔ 73    🕔 21:26, 08.07.2020
  • ҲAЛ ҚИЛУВЧИ ЛAҲЗA

    ҲAЛ ҚИЛУВЧИ ЛAҲЗA

    Коронавирус офатидан инсоният қандай хулосалар чиқармоқда?

    ✔ 72    🕔 21:26, 08.07.2020
  • БИЗ ҲАМ ОДАМЛАРДЕК ЯШАШНИ ИСТАЙМИЗ...

    БИЗ ҲАМ ОДАМЛАРДЕК ЯШАШНИ ИСТАЙМИЗ...

    Бу Қашқадарё вилояти Нишон тумани «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Боғишамол қишлоғи аҳолисининг фарёди
     

    ✔ 210    🕔 10:39, 03.07.2020
  • «КОММУНИЗМ ИЗЛАЁТГАН»ЛАР

    «КОММУНИЗМ ИЗЛАЁТГАН»ЛАР

    ёхуд нонингизни ҳалоллаб енг, ҳамкасб!

    Яқинда марказий телеканаллардан бирида «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросига бағишланган кўрсатув намойиш қилинди. Тошкентдаги Халқаро пресс-клубдан тўғридан-тўғри эфирга узатилган ушбу кўрсатув баҳс-мунозараларга жуда бой тарзда кечди. Унда мазкур қонун ижросига масъул бўлган мутасаддилар, тилшунос олимлар, ижодкорлар, журналист ва блогерлар қатнашгани билан эътиборни ўзига жалб қилди.
     

    ✔ 197    🕔 10:36, 03.07.2020
  • ҚОНУН ВА «зам»ҲОКИМ ЎРТАСИДА САРСОН АЁЛ

    ҚОНУН ВА «зам»ҲОКИМ ЎРТАСИДА САРСОН АЁЛ

    ёхуд Урганч шаҳар ҳокимлиги камбағалликни қандай қисқартирмоқчи?

    Хоразм вилоятида ҳозир 58 минг оила камбағаллик бўсағасида яшамоқда, уларнинг 856 таси эса ўта ночор аҳволда экани ачинарлидир. Бу рақамларни мамлакатимиз Президенти жорий йилнинг март ойида Хоразмга қилган ташрифи доирасида Урганч шаҳрида ўтказган фаоллар йиғилишида алоҳида таъкидлаган эди.

    ✔ 267    🕔 12:57, 26.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар