Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» асарини ўқиб...

ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

Фарзандсизлик – инсон қалбининг энг оғир нуқтаси, дил ҳароратининг совуқ нафаси. Бу ҳақда кўплаб асарлар битилган, достон-у шеърлар ёзилган. Аммо адиб Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида тирноққа зор икки ошиқнинг дил туғёнлари ўзгача тасвирланган. Бу оғир дард юракка яқин самимий сўзларда, муҳаббатга лиммо-лим ҳисларда акс этади.

Асар қаҳрамонлари Қоплонбек ва Оймомо чин маънода севгисини оқ орзуларга белаган инсонлар, ойдин оқшомлар уларнинг дил фарёдларига гувоҳ, покиза қалблари дилозор кимсалар дастидан маҳзун... Асарда фақатгина фарзанд йўлларига зор жуфтликнинг дил фарёди куйланмайди, балки қаҳрамонлар бизга оилага, севган ёрига садоқатли, ҳаёт синовларига сабр-бардошли бўлиш, инсонларнинг озорига қарши турмоқ учун оила эгаларининг бир-бирига таянч экани ҳақида сабоқ беради.
Асарнинг бошланишиёқ, бизга аёлнинг турмуш ўртоғи олдидаги вазифаси, унга муомаласидан сўзлайди. Онамиз (адиб қаҳрамонларини ҳурмат билан аввалда «отамиз», «онамиз» деб, ёшлари улғайгач эъзоз билан «бобомиз», «момомиз» деб қаламга олади) отамизга бирор марта ҳам исми билан мурожаат қилмайди. Бу шарқона лутф намунаси, чин ўзбек аёлига хос иффат демакдир. Оиланинг ками фарзанд билан тўлиши, уй боланинг қўнғироқдек кулгиси билан янада файзга эниши бор гап. Шунинг учун, Отамиз ва Онамиз гўзал орзулар оғушида, юлдузли осмон остида Аллоҳдан фарзанд тилайдилар. Фарзанд умидида кунни тунга, ойни йилларга улаган Қоплонбек ва Оймомо сочларига оқ оралай бошлаганини ҳам сезмай қолишади. Ҳа, улар бир йил эмас, ўн йил эмас, бутун умр сабр билан гўдак овозига муштоқ бўлиб ўтишади. Бормаган табиби, кўрсатмаган дўхтири қолмагач, сабр косаси тўлган Қоплонбекнинг ота-онаси  ажрашишни, бошқага уйланиши кераклигини қатъий талаб қилишади. Ота-она қистовидан «Бир ўйлаб кўрайин» дея қутилган ўғил ўйловининг ҳам охири кўринмайди.
Отамиз ва Онамиз умидини узмай яшашда давом этишади, далага чиқади, меҳнат қилади. Ҳатто бир куни ишга кечикиб борганида бригадирдан «Сизларнинг йиғлаб қоладиган болаларинг бўлмаса уйда, нега бунча кеч келдинглар» деган куракда турмайдиган, дил озорига минг бир дард қўшадиган сўзлар эшитади. Қисмат бу икки пок қалбга оғриқли зарбалар беришдан толмайди.
Ёзувчи асарда қаҳрамонларнинг монологларини ҳам китобхон қалбига ҳарорат берувчи, кўзларига ёш сиздиргувчи сатрлар билан сийлайди. Айниқса, Отамизнинг Худога ҳам гина-кудуратли, ҳам ёлворувчи оҳангда айтган сўзлари ҳар қандай ўқувчи ичини бир тимдалаб ўтиши шубҳасиз: «Бандаларинг динидан қайтди, бандаларинг Худосидан қайтди, бандаларинг имонидан қайтди! Сен айнан ана шу бандаларинг­ни зурриётли қилиб яратдинг, эй Худо!.. Мен ёлғиз Худони дедим! Шундай экан, бир содиқ бандангни бунчалар хўрлама-да, эй Худо! Бир содиқ бандангни бунчалар оёқости қилма-да, эй Худо! Ҳар не қилсанг қил, пушти камарли қил-да, эй Худо!..»
«Юракни яширса бўлади. Боиси, юрак кўринмайди. Юрак жамики дардларни пинҳон тутади. Аммо кўзларни яшириб бўлмайди. Кўзлар ўзини ўзи фош этади» дейди ёзувчи. Қоплонбек ва Оймомо бир-биридан дардини, дил сўзини қанча яширишга уринмасин, уларнинг кўзларидан, қароқларидан ичига ютиб юрмиш дардлари балқиб туради.
«Табиат аёлни фарзанд учун яратади». Лекин табиат Онамизга айирмачилик қилади, адолатсизлик қилади, у Онамизни фарзанд кулгисидан мосуво қилади. Онамиз фарзандни туш кўриб, кўзларини юмиб, қалбан суйиб қучади, тушидаги қизалоғининг сочларини силайди, армонга айланган Хушвақтининг бешигини тебратиб, унга алла айтади. Онамиз сочининг учидан тирноғи қадар меҳрга беланади, нурга чулғанади. Лекин меҳрга муштоқ фарзанд, аллага ором олгучи гўдак қани?! Момомизни тунлари ўз фарзандининг йиғиси эмас, қўшни аёлнинг боласи уйқусидан уйғотади, бегона гўдак унинг оқ ойдинларни орзулаган тушидан мосуво қилади...
Оймомо бир куни ўша тушидан айир­ган қизалоққа қараб «Биғ-биғ қилмаганингда... қизимнинг отини билиб олар эдим...» дея тикилади. Бешикда ётган гўдакни эркалаб, бешикка яқин боради... гўдак исини туяди, майин овоз ила алла айта бошлайди. Шунда Онамизнинг кўкракларига игна санчилгандай бўлади ва ҳушидан кетади. Онамиз кўкрагига... сут келади. Ҳушига келгач, дардга ҳамроҳи, турмуш ўртоғини кўриб, юзларига табассум югуради ва кўзларини юмади. Отамиз Онамиздан рози-ризолик олиш учун «Мендан рози бўл, момоси, кўзингни оч» дейдилар. Онамиз зўрға бошларини қимирлатиб, кўзларини юмадилар... бу онамизнинг сўнгги нигоҳлари бўлади. Отамиз ўкириб йиғлайдилар...
Асар шу тахлит сабрга йўғрилган қалбнинг ҳаёт билан видолашиши, Қоплонбекнинг ёнида бир умр тиргаги бўлган, қувончига шериги, дардига малҳами бўлган ёридан айрилиши билан тугайди...
Аёл бамисли сабри метиндек мустаҳкам зот, қалби олча япроғида омонат турган томчи каби нозик. Унинг меҳрга тўла қалби гўдакка ошиқ, қувончи фарзанд дийдори билан чамбарчас. Аёлнинг кўнгли тинч бўлиши учун фарзанди саломат бўлса, шунинг ўзи дунёларга тенг. Уни фарзанддан айирмоқ эса аёлнинг қаддини букмоқ учун кифоя. «Аёл фарзанд учун яралган» деган эди шоир. Аёлни хилқат қилиб яратган Яратувчи унинг тинчини фақатгина фарзанд йиғиси билан ўғирласин экан. Токи гўдак кулгисидан сармаст бўлиб юрсин Момо Ҳаводан мерос аёл!

Маҳфуза ПЎЛАТОВА




Ўхшаш мақолалар

ТИЛ ҚОМУСИ

ТИЛ ҚОМУСИ

🕔10:33, 03.07.2020 ✔118

Халқнинг эҳтиёжини инобатга олиб, беш жилддан иборат «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг янги нашри чоп этилди.
 

Батафсил
КЎНГИЛ БИТИКЛАРИДА ҲАЁТ ДАРСИ

КЎНГИЛ БИТИКЛАРИДА ҲАЁТ ДАРСИ

🕔10:32, 03.07.2020 ✔119

«Одатда, кундалик дафтардаги битиклар ҳаммага ҳам ошкор этилавермайди. Лекин шундай ёруғ, ўлмас хотиралар ҳам борки, уларни эл-улус билан баҳам кўрсангиз, қалбингиз таскин топади, кўнгил хотиржам бўлади...» 
 

Батафсил
ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

🕔12:50, 26.06.2020 ✔236

Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» асарини ўқиб...

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ТИЛ ҚОМУСИ

    ТИЛ ҚОМУСИ

    Халқнинг эҳтиёжини инобатга олиб, беш жилддан иборат «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг янги нашри чоп этилди.
     

    ✔ 118    🕔 10:33, 03.07.2020
  • КЎНГИЛ БИТИКЛАРИДА ҲАЁТ ДАРСИ

    КЎНГИЛ БИТИКЛАРИДА ҲАЁТ ДАРСИ

    «Одатда, кундалик дафтардаги битиклар ҳаммага ҳам ошкор этилавермайди. Лекин шундай ёруғ, ўлмас хотиралар ҳам борки, уларни эл-улус билан баҳам кўрсангиз, қалбингиз таскин топади, кўнгил хотиржам бўлади...» 
     

    ✔ 119    🕔 10:32, 03.07.2020
  • ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

    ОЙДИННИ ОРЗУЛАГАН ФАРЁД

    Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» асарини ўқиб...

    ✔ 236    🕔 12:50, 26.06.2020
  • РАМЗЛАРГА ЯШИРИНГАН ДАРД

    РАМЗЛАРГА ЯШИРИНГАН ДАРД

    Саид Аҳмаднинг «Қоракўз мажнун» номли ҳикояси ёзувчининг ижодий маҳорати ниҳоятда бебаҳо эканини белгилаб беради. Ҳикоя нега айнан «Қоракўз мажнун» номи билан аталган? Дунёда ким борки, кўнгил бермаган, меҳр қўймаган. Мана шу муҳаббатни ёзувчи Қоракўз орқали тасвирлайди. Қоракўз Саодат аяга, яъни унинг меҳрига мажнун эди.
     

    ✔ 231    🕔 12:49, 26.06.2020
  • «ҲАМИША СЕН ХИЗМАТ ЭТГИЛ ХАЛҚ УЧУН...»

    «ҲАМИША СЕН ХИЗМАТ ЭТГИЛ ХАЛҚ УЧУН...»

    Эл саломатлиги учун шифокорлик касбининг нақадар юксак аҳамиятга эга экани мана неча ойдирки дунё миқёсида намоён бўлмоқда. Жаҳонда коронавирус пандемияси авж олган шу кунларда бу балодан одамлар ҳаётини асрашга, уни енгишда, аввало, мана шу фидойи касб эгалари кечаю-кундуз ҳаракат қилмоқда. Шундай вақтларда шифокорлик касбини танлаганларга, уларни ўқитган, тиб илмидан сабоқ берган устозларига ҳар қанча раҳматлар айтса арзийди. Элнинг мана шундай эътирофига сазовор бўлиб келаётган, ҳар йили юзлаб ёшлар қўлига шифокор деган шарафли касб дипломини тутқизаётган табаррук даргоҳлардан бири – Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳисобланади.
     

    ✔ 132    🕔 12:44, 26.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар