Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

Оддий қоидалар назоратчининг эмас, ўзимизнинг саломатлигимиз учунлигини англашимиз зарур

БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА  АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

Пандемия сабаб мамлакатимиздаги буюм бозорлари фаолияти бироз муддат тўхтагани кўпчиликнинг ҳаётига, ҳатто, турмуш тарзига ҳам таъсир қилмай қолмади. Халқимизда «Отанг бозор, онанг бозор» деган нақл бежиз айтилмаган, кунда-кунора, ишимиз бўлса-бўлмаса бозор оралашга ўрганиб қолганмиз. Баъзи оилаларда асосий даромад бозордаги тирикчиликдан келишини ҳисобга олсак, айрим рўзғорлар бироз қийналиб қолгани ҳам рост. Айниқса, ёз фасли – биров тўй қилиш, яна биров иморат кўтариш ҳаракатида бўлади. Ўзбекнинг сарпо сандиғининг ками тўлмайди, уни бутлаш учун одамнинг жонидан ўзга ҳамма нарса сотиладиган бозор керак.

Халқимиз ҳаётининг мана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, Коронавирус касаллигига қарши курашиш республика махсус комиссияси қарори билан 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда буюм бозорлари фаолиятига рухсат берилди. Фақат буюм бозорларида эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ва касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш учун барча зарурий профилактик чораларни кўриш, жумладан, ҳар куни иш бошлашидан олдин ва иш вақти тугаганидан сўнг бозорлар дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш каби қатор талаблар қўйилди.
Аммо сўнгги вақтларда айрим бозорлар сотувчиларида, улар билан мулоқотда бўлганларда коронавирус инфекцияси аниқлангани барчани бирдек ҳушёр торттирмоқда. Бозорлар вирус тарқалиш ўчоғига айланиб қолмайдими, деган асосли хавотирга тушаётганлар ҳам йўқ эмас.
Хўш, ўз фаолиятини бошлаган буюм бозорларида санитария-эпидемиологик талабларга қанчалик риоя этилмоқда? Аҳоли бозор ҳудудида карантин қоидаларига риоя қиляптими? Буни ўрганиш мақсадида пойтахтимиздаги йирик савдо мажмуаларидан бири бўлган Чилонзор буюм бозорига бордик.
Бозорга кираётган ҳар бир киши дарвоза олдида ўрнатилган «дизинфекция йўлакчаси» орқали ўтади. Ҳар бир кишининг тана ҳарорати тегишли мутахассислар томонидан ўлчанади, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари эса тартибни назорат қилиб туришибди. Дарвоза пештоқига ниқоб тақишни, 2 метрлик масофа сақлашни, карантин талаб­ларига риоя қилишни эслатувчи плакатлар осилган. Бироқ бунга аҳоли қанчалик тайёр эканлигини билиш учун четроқдан кузатдик. Бозор қаршисига тўхтаган автобусдан бир қанча одам тушиб, ярим метрлик ҳам масофа сақламасдан, навбатсиз киришга ошиқди. Ҳатто «бозорни жуда соғиниб қолган» айрим шахсларнинг дизинфекция йўлаги қолиб, чиқиш жойидан киришга уринганига ҳам гувоҳ бўлдик.
Одамларнинг бундай беэътиборлиги, лоқайд муносабатини кўриб ҳайрон қолдик. Ниқобни оғиз-бурунга эмас, иякка тақиб олганча шошаётган, ички ишлар ходимини кўриши билан ниқобини бирозгина кўтариб олаётганлар гўё карантин уларга тааллуқли эмас, тақиқлар ҳам фақат назорат ходимлари учун чиқарилгандек тасаввур уйғотади. Бунақаларни кўриб, «Соғлиғинг кимга керак, ўзинггами ёки фақат давлатга?» дегинг келади. Вазият ёмон, ҳарқалай болаларга кўзимиз тушмаса керак, деб ўйлаган эдик. Бироқ, қаёқда... «бозорлик қилиш»га энди туғилган чақалоқдан тортиб, боғча-ю мактаб боласигача борган. Энг ачинарлиси, баъзи бировларнинг ниқобни томоққа қистирса ҳам, ҳар қалай «борми-бор» бўлиши-ю, бироқ олдидаги фарзандини ҳеч бир хавотирсиз ниқоб тақмасдан жамоат жойида олиб юрганини нима билан изоҳлашга ҳам ҳайронмиз. 
Наҳот, атро­фи­миз­да хавфли инфекция «кезиб» юрган бир вақтда фарзандларимиз, мурғак гўдакларимиз саломатлигига шунчалик бефарқ бўлсак?!.

– Чилонзор буюм бозори 16 июндан фаолият бошлади. Бозорга кириш 7:00 дан бошланмоқда, 19:00 дан кейин бозор ҳудудида ҳеч ким қолмаслиги керак. Бозорга келувчилар сони пандемия шароитида ҳам анча-мунча. Уларнинг ичида қоидаларни менсимай, тартибдан четга чиқаётганлар ҳам кузатиляпти. Назорат ходимлари йўқ жойларда сотувчи ҳам, харидор ҳам «бемалолчилик»ка йўл қўймоқда, – дейди ички ишлар майори Нурбек Раҳмонов. – Бозор ҳудудидаги овоз карнайлари орқали ҳам карантин қоидалари қайта-қайта уқтирилмоқда. Бироқ қоидабузарлар радио орқали нималар дейилаётгани билан ҳатто қизиқмайди. Ҳамма «ишим битса бўлгани, қолгани билан менинг ишим йўқ» қабилида иш кўришаётгандек.
Бу каби ҳолатлардан таъбимиз хира бўлдию, бироқ аввалги аҳвол билан қиёслаганда, бозор анча тартибга келганини пайқадик. Чилонзор буюм бозори ёнида жойлашган «Дўстлик» бозорининг карантиндан олдинги ҳолати ҳамманинг кўз ўнгида бўлса керак: бир-бирига қарама-қарши дўконлар орасида ҳам «уддабурон сотувчилар»нинг кийим-кечакларни пуллаётгани, одам ўтишига жой йўқ, ўн метрлик масофани аранг ўн дақиқада босиб ўтиш азоби...
Чилонзор буюм бозори шартнома-назорат бўлими бошлиғи Баҳром Саидовнинг айтишича, ҳар уч кунда бозор ҳудуди тўлиқ дизинфекция  қилинмоқда. Дўконларни тозалаш эса тадбиркорлар зиммасида, улардан ҳам озодаликка риоя қилиш талаб этилади. Одам кўп, сабаби тадбиркорлар савдо-сотиқ бўлмасдан, бир муддат уйларида ўтиришган ва шунга яраша харидорлари ҳам етарлича.
Харидорларнинг бозордаги нарх-наво ҳақидаги фикрларини билиш учун суҳбатга тортганимизда, улар карантиндан аввалги нарх билан ҳозиргиси ўртасида деярли фарқ йўқлигини таъкидлашди. Тўй ташвишлари билан овора бўлиб юрган юртдошларимиздан бири – Содиқова Муяссар опа «Мана тўрт-беш кундан бери ҳар куни бозорга қатнайман. Ўғлимни уйлантираётганим сабаб, ҳали у керак бўлади, ҳали бу. Шунинг учун кам-кўстимизни тўлдириш ҳаракатидамиз. Бозордаги нарх-наво кўнгилдагидай» дейди мамнун оҳангда.
Бозорга кираётганларнинг изи узилмайди. Бироқ бизни яна бир савол ўйлантирди: ҳарорати баланд чиққанлар учун қандай чора кўрилмоқда? Саволимизга жавоб олиш учун «кирувчи»ларнинг тана ҳароратини ўлчаётган ҳамшира Гуласал Олимова билан суҳбатлашдик: «Ҳаво иссиқ, инсоннинг тана ҳароратига қуёшнинг иссиғи ҳам таъсир кўрсатиши табиий. Шунинг учун ҳарорати  37 даражадан юқори бўлганлар ҳам учраяпти. Бу вақтда биз уларни соя жойда бироз кутишларини айтиб, қайта ўлчаймиз. Агар ҳарорати меъёрга келган бўлса, бозор ҳудудига киритилади. Йўқса, яна бир марта шу ҳолат такрорланади. Бироқ бозор очилгандан буён учинчи уринишда ҳам ҳарорати баланд чиққан инсон кузатилмади».
Катта йўлнинг нариги томонида жойлашган «Чинни бозор»нинг ҳали очилмаганини кўриб, ошхона буюмлари сотувига қачон рухсат берилишини ўйлаб турганимизда, бозордан сал масофа тепароқдаги йўл юзида гавжум бўлиб турган одамлар эътиборимизни тортди. Бориб кўрсак, «чинни бозор» бу ёқда экан. Бозорда учратадиган барча буюмларингиз йўл ёқасида «бемалол» сотилмоқда. Савдо ҳам авжида. Бир сотувчига «Нима учун ноқунуний савдо қиляпсизлар?» деб савол берганимизда «Нарсаларимиз ўзимизники, қонуний-ку» дея гапни айлантирди. Ҳа, нима ҳам дердик...
Юртимизда эпидемиологик вазият оз-моз ўнглана бошласа, бозорлар ҳам секин-аста тўлиқ ишга тушиши, шубҳасиз. Бироқ ўзича «тартиб-қоида» яратиб олиб, нафақат, ўзининг балки, атрофидаги инсонларнинг соғлиғини ҳам хавф остига қолдираётганларни нима деб аташгаям ожизсан киши. Кўпчилик эҳтиёж юзасидан харид учун боради, бироқ уларни текшириш учун на «санитария пости», на «дизинфекция туннели» бор. Бунинг устига офтоб тиғига чидай олмаган сотувчи ниқобини ҳам ечиб ўтирган бўлса-чи?..
Аслида, ҳозирги вазият ҳар биримиздан эҳтиёткорликни, ўз саломатлигимизга бефарқ бўлмасликни талаб этади. Йўқса, озгина эътиборсизлик ҳам бошимизга «мушт» бўлиб тушиши тайин. Қачон синовлар ортда қолади, қачонки бирдам бўлсак, муаммони биргаликда енгишга ҳаракат қилсак. Ўз ҳолимизча яшаб, ўзбошимчаликни ўзимизга касб қилиб олсак, муаммонинг кучайишига замин ҳозирлаган бўламиз, холос. Шундай экан, яратилаётган енгилликларга яраша яхши муносабатда бўлайлик, ўз соғлиғимизга, фарзанд­ларимиз соғлиғига бефарқ бўлмайлик!

Маҳфуза ПЎЛАТОВА,
«Оила даврасида» мухбири
 




Ўхшаш мақолалар

«БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

«БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

🕔10:38, 03.07.2020 ✔206

Фарзандни севиш нимадан бошланади? Фарзандни севиш, аввало, ота-онанинг ўзаро бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишидан, бир-бирини ҳурмат қилиши, асраб-авайлашидан бошланади. Жумладан, отанинг фарзандини севиши жуфти ҳалолига яхши муносабатда бўлишидан, уй ишларида унга ёрдамлашиб туришидан, киприклар кўзни чанг-ғуборлардан асрагандай, аёлини эъзозлашидан бошланмоғи даркор.

Батафсил
«CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

«CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

🕔10:37, 03.07.2020 ✔196

Бу овоз ҳали-ҳамон кўпчиликнинг қулоғида жаранглаб туради
 

Батафсил
БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА  АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

🕔12:52, 26.06.2020 ✔398

Оддий қоидалар назоратчининг эмас, ўзимизнинг саломатлигимиз учунлигини англашимиз зарур

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

    «БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

    Фарзандни севиш нимадан бошланади? Фарзандни севиш, аввало, ота-онанинг ўзаро бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишидан, бир-бирини ҳурмат қилиши, асраб-авайлашидан бошланади. Жумладан, отанинг фарзандини севиши жуфти ҳалолига яхши муносабатда бўлишидан, уй ишларида унга ёрдамлашиб туришидан, киприклар кўзни чанг-ғуборлардан асрагандай, аёлини эъзозлашидан бошланмоғи даркор.

    ✔ 206    🕔 10:38, 03.07.2020
  • «CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

    «CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

    Бу овоз ҳали-ҳамон кўпчиликнинг қулоғида жаранглаб туради
     

    ✔ 196    🕔 10:37, 03.07.2020
  • БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА  АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

    БОЗОР ВИРУС ЎЧОҒИГА АЙЛАНМАСЛИГИ УЧУН

    Оддий қоидалар назоратчининг эмас, ўзимизнинг саломатлигимиз учунлигини англашимиз зарур

    ✔ 398    🕔 12:52, 26.06.2020
  • ЎРНИМИЗ ҚАЕРДА?

    ЎРНИМИЗ ҚАЕРДА?

    Халқда бир яхши гап бор: қалдирғоч тинч жойда уя қуради. «Тинч жой» деганда фақатгина урушлар ва ҳарбий тўқнашувлардан холи ҳудуд тушунилмайди.  Тинч жой ҳар томонлама қулай, инсонлар эмин-эркин ўз ишини қила оладиган, биров-бировнинг жонию молигагина эмас, ҳурмати, ор-номуси, қадрияти, қалби ва этиқодий эркинликларига ҳам дахл қилмайдиган жойдир. 
     

    ✔ 230    🕔 12:47, 26.06.2020
  • ЧЕТ ТИЛЛАРИНИ ТЕЗ ВА ОСОН ЎРГАНИШ

    ЧЕТ ТИЛЛАРИНИ ТЕЗ ВА ОСОН ЎРГАНИШ

    Бунга қандай эришиш, луғат бойлигини ошириш мумкин?
     

    ✔ 136    🕔 12:27, 26.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар