Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

Бу овоз ҳали-ҳамон кўпчиликнинг қулоғида жаранглаб туради
 

«CИРЛИ САНДИҚ»ДАГИ СЕҲРЛИ САС

Хоразм ўз бағрида буюк илм-­фан намояндалари, давлат арбоблари, адабиёт ва санъат вакилларини камолга етказган қадимий ва навқирон диёрдир. Бу замин азалдан санъат бешиги, санъаткорлар юрти экани дунёга маълум.
Воҳа санъатининг тури кўп, бироқ биз ҳозир сўз санъати ва бу санъатнинг иқтидорли вакили – таниқли журналист, воиз, сухандон ва бадиий сўз устаси Раҳимбой Жуманиёзов ижодий фаолияти ҳақида мухтасаргина сўз юритмоқчимиз.
Бу серқирра ижодкорни нафақат республикада, балки қўшни юртларда ҳам танишади, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, ёши улуғроқ телетомошабинлар уни «Aлифбо сабоқлари», «Сирли сандиқ», ёши кичикроқлар эса «Иқтидор» кўрсатуви орқали жуда яхши билишади, муаллифининг исми шарифи хаёлдан фаромуш бўлганларга ўз даврида машҳур бўлган ушбу кўрсатувлар номини эслатиш кифоя, ўша сеҳрли овозни дарров фаҳмлаб олишади. 
Мен бир пайтлар бу йигит тўғрисида орқаваротдан хўп мароқли гаплар эшитиб, ижодий фаолиятига, айниқса, оташнафас санъаткор Комилжон Отаниёзовга бағишланган ажойиб китобчасига ҳурматим ошиб юрардим­у, лекин ўзи билан учрашиб, бевосита суҳбатлашиш насиб этмаган эди. Икки ­ми­нгинчи йилларда Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг «Вақт­-Время» газетасида ишларканман, кунлардан бир кун юракнинг мазаси қочиб, госпиталда даволаниб чиқишга тўғри келди. Ярим ойлардан сўнг хизматга қайтсам, таҳририятга янги ходимлар қабул қилинибди. Булар Раҳимбой Жуманиёзов ҳамда бир неча ёшлар эди. Бундан астойдил хурсанд бўлдим, чунки Раҳимбойдек тажрибали ва билимдон ижодкор ҳар қандай таҳририят учун қимматли хазина эди.
Маълумки, тарбиявий ишнинг осони йўқ, лекин жазони ижро этиш жойларидаги шахснинг ахлоқий-маънавий, руҳий тарбияси энг мураккаб тарбия туридир. Чунки у инсоннинг онги, руҳияти, дунёқараши билан боғлиқ бўлиб, маҳкумда узоқ йиллар давомида нотўғри шаклланиб улгурган салбий урф­-одатлар йиғиндиси ҳамда ички талаб-эҳтиёжни ижобий томонга буриш, янги ўзанга солишни, бир сўз билан айтганда, қайта тарбиялашни тақозо этади. Бу эса бир ҳафталик машғулот эмас, балки ушбу соҳада узоқ йиллар давомида тўпланган тажриба ва самарали усуллардан фойдаланган ҳолда сабр-тоқат ва қунт билан амалга ошириладиган сермашаққат ишдир. Бу ишни амалга оширишда бизнинг газетамиз Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассасалари ходимларига яқиндан камарбаста бўлиб, умумтарбия ишига маънавий-­ахлоқий тарбияга оид чуқур мазмунли мақолалар, дидактик ҳикоятлар, ҳикматлар, гўзал шеърлар, ғазаллар, бир сўз билан айтганда, одоб илми билан муносиб ҳисса қўшарди.
Бироқ мутахассис кадрлар етишмаслиги таҳририят олдидаги жиддий муаммо эди. Русийзабон бош муҳаррирнинг кўп йиллик тажрибаси ҳамда ижодкорлиги туфайли газета рус тилидаги материалларга бир қадар бой бўлса­да, миллий тилли мутахассислар бўлмагани учун бу борада анча орқада эди. Раҳимбой Жуманиёзов, у кишининг шогирдларидан Бекзод Ҳакимов, Нозима, Дилноза каби ёшлар келиши билан аста­секин бу ҳолат ўзгара бориб, ўзбек тилида ҳам чуқур мазмунли мақола ва бадиий ижод намуналари берила бошлади.
Раҳимбой Жуманиёзов ўзбек мумтоз адабиётининг рубоий жанридаги гўзал шеърлар таҳлилига бағишланган «Тўрт устун ҳикматлари» рукнини тайёрлаш ва ўқувчига содда тилда талқин этиш масъулиятини ўз зиммасига олди ва бир неча йил давомида бу вазифани сидқидилдан адо этди. Натижада газетхонлар Абу Абдуллоҳ Рудакий, Паҳлавон Маҳмуд, Умар Ҳайём, Жалолиддин Румий, Навоий, Бедил сингари машҳур алломалар ижодининг гултожи ҳисобланмиш гўзал рубоийлари сатрларига яширинган маънолар хазинасидан баҳраманд бўлдилар.
Раҳимбой ўткир мавзудаги публицистик мақолалари билан ҳам кўпчиликка яхши таниш. Газетада ишлаган пайтида махсус мухбир сифатида турли вилоятлардан қизиқарли репортажлар ёзиб келарди. Баъзан эса иккаламиз Тошкент вилоятидаги муассасаларга бориб, маҳкумлар ҳаётидан ахлоқий-­тарбиявий мазмунда мақолалар тайёрлардик. Олмалиқ, Товоқсой, Зангиота, Назарбекдаги жазони ижро этиш муассасаларидан тайёрлаган долзарб мақолаларимизга кўпчилик маҳкумлар хат ёзиб муносабатлар билдиришгани эсимда.
Маълумки, маҳкум – яримкўнгил киши, шу ярмини ҳам доим очавермайди, унинг кўнг­лига йўл топиш суҳбатдошдан улкан маҳорат ва тажриба талаб қилади. Раҳимбой ўзининг ажойиб суҳбатдошлиги, сўз бойлигининг дарёлиги, киши кўнглини чуқур ҳис қила олиши, ҳар бир каломини аниқ мақсадга йўналтириш маҳоратига эгалиги сингари ажойиб фазилатлари туфайли бундай ишларга осонлик билан эришар ва «Йилдирим» тахаллуси остида инсон қалбининг энг нозик нуқталаригача етиб борувчи таҳлилий­-тарбиявий суҳбатлар тайёрларди. Таъкидлаш лозимки, ҳақиқатан ҳам, бу адабий тахаллус унинг серғайрат, завқ-­шавқли, шижоатли, қувноқ, мустақил, баъзан андак қизиққон, темирни иссиғида босишни кўзловчи табиатига жуда ҳамоҳанг.
Ўрни келганида яна шуни айтиб ўтишни истардимки, русларнинг «человек с юмором» деган ибораси ҳам Раҳимбойга тўла мос бўлиб, у табиатан ҳазил­-мутойибага мойил, бош суққан даврасида кулги улашиб юрадиган хушчақчақ инсон. Баъзан ҳазил-­ҳузуллари очиқдан-­очиқ бўлмай, тагдор гаплар остида бекиниб келгани боис коса тагидаги ним косани бирданига англаш осон бўлавермайди. Шунинг билан бирга, ўта ҳозиржавобки, сўзларни қофиялаб қўллашини эшитиб, бу кишининг топқирлиги билан сўз бойлигига ҳар қандай сўзамол ҳам тан бермай иложи йўқ.
Раҳимбой дўстимиз чуқур мушоҳада соҳиби бўлгани сингари жуда зийрак кузатувчи ҳамдир. Баъзан унинг айрим дўст-­биродарлар табиатига хос қилиғ-у фазилатларига қилган тақлидини кўриб, бениҳоя ўхшашлигидан ёқа тутганимизни билмай қолардик...
Мен бу ўринда Раҳимбой Жуманиёзовнинг сухандонлиги, бошловчилик маҳорати, воизлиги, нуктадон олимлиги-ю моҳир хаттотлиги, продюссерлиги-ю кичик роллар ижрочиси каби қатор ажойиб сифатларини санаб ўтирмадим. Менимча, шу айтилган фазилатларнинг ўзи ҳам оламчадир. Лекин қаҳрамонимиз бу эришган ва эришаётган ютуқлари билан, Раҳимбойчасига айтганда, қаноатланадиган эмас, қанотланадиган ижодкорлар тоифасидан бўлмагани сабаб, доим ижодда, доим изланишда.
Тақдир тақозоси билан шу пайтгача Раҳимбойнинг таваллуд кунида иштирок этиш насиб этмади, сабаби камина ҳам 1 июль санасида дунёга келганмиз. Юртга келган синов боис Раҳимбой Жуманиёзовни бу йилги юбилейи – 60 ёшга тўлиши муносабати билан «Вақт»чилар номидан табрикни мана шу мақола орқали изҳор этишга қарор қилдик. Серқирра истеъдод соҳибини самимий муборакбод этамиз ва унга мустаҳкам сиҳат­саломатлик, ижодий баркамоллик, оилавий бахт­-саодат ва тотувлик тилаб қоламиз.
Карим ҚЎЧҚОР




Ўхшаш мақолалар

ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

🕔15:58, 03.08.2020 ✔72

Биз ростдан ҳам бирдам халқмиз...ми?!

Батафсил
ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

🕔15:56, 03.08.2020 ✔66

Ундан чиқаётган ҳар сўз ақл тегирмонида тортилиши керак
 

Батафсил
Бувимнинг армони

Бувимнинг армони

🕔13:49, 25.07.2020 ✔191

Бувим ёмғирни яхши кўрарди. Ёмғир ёғаётганда ҳаммамиз уйга биқиниб олган пайтларимиз ҳам бувим ташқарида куймаланиб юраверар, бошларидаги рўмоллари жиққа ҳўл бўлгандагина, алмаштиргани уйга кириб, тағин ташқариларди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

    ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

    Биз ростдан ҳам бирдам халқмиз...ми?!

    ✔ 72    🕔 15:58, 03.08.2020
  • ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

    ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

    Ундан чиқаётган ҳар сўз ақл тегирмонида тортилиши керак
     

    ✔ 66    🕔 15:56, 03.08.2020
  • Бувимнинг армони

    Бувимнинг армони

    Бувим ёмғирни яхши кўрарди. Ёмғир ёғаётганда ҳаммамиз уйга биқиниб олган пайтларимиз ҳам бувим ташқарида куймаланиб юраверар, бошларидаги рўмоллари жиққа ҳўл бўлгандагина, алмаштиргани уйга кириб, тағин ташқариларди.

    ✔ 191    🕔 13:49, 25.07.2020
  • ДУНЁҚАРАШИМИЗ ҚАЧОН ВА ҚАНДАЙ ЎЗГАРАДИ?

    ДУНЁҚАРАШИМИЗ ҚАЧОН ВА ҚАНДАЙ ЎЗГАРАДИ?

    Жамият доим муайян қонуниятларга боғланган ҳолда тараққий этган. Ҳар қандай давлатчилик шаклларидаги эврилишларда шахсларнинг мантиқан мазмунли, моҳиятан яхши ниятли холис натижаларга эришишида қонуниятлар муҳим ўрин тутган. 
     

    ✔ 254    🕔 11:35, 20.07.2020
  • «БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

    «БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

    Фарзандни севиш нимадан бошланади? Фарзандни севиш, аввало, ота-онанинг ўзаро бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишидан, бир-бирини ҳурмат қилиши, асраб-авайлашидан бошланади. Жумладан, отанинг фарзандини севиши жуфти ҳалолига яхши муносабатда бўлишидан, уй ишларида унга ёрдамлашиб туришидан, киприклар кўзни чанг-ғуборлардан асрагандай, аёлини эъзозлашидан бошланмоғи даркор.

    ✔ 536    🕔 10:38, 03.07.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар