Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

Фарзандни севиш нимадан бошланади? Фарзандни севиш, аввало, ота-онанинг ўзаро бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишидан, бир-бирини ҳурмат қилиши, асраб-авайлашидан бошланади. Жумладан, отанинг фарзандини севиши жуфти ҳалолига яхши муносабатда бўлишидан, уй ишларида унга ёрдамлашиб туришидан, киприклар кўзни чанг-ғуборлардан асрагандай, аёлини эъзозлашидан бошланмоғи даркор.

«БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

Бу каби эътибор ва ғамхўрлик фарзанд дунёга келишидан аввал, она қорнидалигидаёқ бўй кўрсатиши зарур. Негаки, ҳомиладор аёл баъзида инжиқлик қилиши, куннинг хоҳлаган вақтида кўнгли ниманидир тусаб қолиши, музлаткичда йўқ нарсани егиси келиши, шубҳасиз. Бу нафақат, онанинг хоҳиши, балки ҳали туғилмаган фарзанднинг ҳам истагидир. Бунда оила бошлиғининг ўз аёлига бўлган муносабати ҳам фарзандига кўрсатаётган муомаласидан дарак, аслида. Фарзанд дунёга келгач эса, эр-хотин ўртасидаги муносабатларнинг фарзандга таъсири янада бўй чўзади. 

«Ўчириб» ташланган она...

Оиланинг асоси ота-онадир. Уларнинг оилада қандай тарбия топгани ва бир-бирига қандай муносабат кўрсатиши фарзандлар тарбиясининг муҳим омилидир. Нима учун бу фикрдамиз? Негаки, гўдак оилада отасининг онасига бўлган меҳрини, ҳурмат-эътиборини кўрмаса, онасининг отасига итоатини, ғамхўрлигини, ишончини сезмаса, бола ҳам отасига худди онасидек муомала қиладиган, атрофидаги аёл-қизларга отаси онасига қандай муносабатда бўлса, у ҳам шу йўлдан борадиган бўлади. Бекорга «қуш уясида кўрганини қилади», дейилмайди. Оила катталари ўзаро бир-бирига муносабатлари ортидан фарзандларига тарбия бераётганини билмай қолишади, ота-онага бўлган муносабат ҳам шу ҳолда шаклланади.
Бунга биргина мисол: бир танишимнинг айтишича, бобоси бувисига шу пайтгача доимо қўпол муомалада бўлиб келган, оиладаги муҳит шундай бўлганки, аёлнинг, онанинг ўрни оила саҳифасидан буткул «ўчириб» ташланган. Ҳаттоки ҳозир ҳам оиладаги муаммоларни ҳал этишда бувисининг сўзи инобатга олинмайди, негаки, аёлнинг шахсий фикри аввалданоқ бўғилган ва бу ҳозир фарзандларнинг онасига кўрсатаётган муомаласида ҳам кўзга ташланади. Айтишича, бугун унинг барча фарзандлари ўз онасига совуқ муносабатда бўлишади ва онанинг гапини гап ўрнида билмай, бир оғиз насиҳатига «қўл силташ» билан жавоб қайтаришади. Лекин ота тарбия борасида қаттиққўл, бир сўзли бўлган. Фарзандларининг юриш-туриши доимо назорати остига олинган. Бироқ тарбияда қилинган энг катта хато бу – отанинг онага қилган адолатсизлиги, оилада аёлнинг қадр-қиммати ўз ўрнига қўйилмаганида. 
Тўғри, аёл оилада эркакдан бир поғона қуйида туриши айтилади, бироқ бу дегани аёлнинг қадри оёқости қилиниши керак дегани эмас-ку! Энг ачинарлиси, отанинг ўзи аёлнинг қадрини топтагани етмагандай, турли иддаоларни шак-шубҳасиз фарзандлари онгига ҳам сингдириши ва уларнинг кўз ўнгида ҳам жуфтини изза қилиши аёл аталмиш муқаддас зотнинг номига доғ тушириш эмасми? Ахир, эркак «кўча одами» бўлса, уйда фарзанд онадан тарбия олмайдими? Аёл қадри топталган оилада фарзанд онасининг сўзига киради, у берган тарбияга муносиб бўлади, деб ким кафолат беради?! Ҳеч ким… 

«Биринчилик» сари олға

«Минг марта эшитгандан бир маротаба кўрган афзал», дейишади халқимиз, – дейди психолог Дилдора Раҳимова. – Фарзанд тарбиялаётган ота-оналарнинг шу жиҳатга аҳамият беришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Сабаби, инсон маълумотларнинг саксон фоизини кўриш орқали қабул қилади. Шу боис, унинг кўрганлари эшитганларига нисбатан яхши таъсир қилади ва эсда сақланиб қолади.
Мулоҳазали ота-она фарзанд олдида ўзаро тортишмайди, оила сирларини муҳокама қилмайди. Фарзанд кўз ўнгида ота оила бошлиғи, аёл эса уй бекаси сифатида намоён бўлади. Шунга аҳамият қаратиш жоизки, аёл ҳукмрон бўлган, отанинг ўрни сезилмаган оилада улғайган ўғил-қизларнинг тарбиясида бир қатор нуқсонлар кўзга ташланади. Яъни ўғил болалар оила қургач, ё оиладаги бошқарув жиловини аёлига топширади ёки аёлларга нисбатан бўлган нафрат туйғуси билан умрини ўтказади.
Бундай муҳитда ўсган қизлар эса оила қургач, лидерликка интилишади ва ҳар иккала ҳолатда ҳам оилаларнинг парокандаликка юз тутиши катта эҳтимол билан содир бўлади. Шуни унутманг, ўғил бола аёлларга онасидан келиб чиқиб муносабатда бўлади, ҳаётидаги дастлабки қаҳрамон эса унинг отаси бўлади. Қизлар эса юриш-туришдан тортиб онасига тақлид қилса, бўлажак умр йўлдошини танлашда онгли-онгсиз равишда отасидаги жиҳатларга аҳамият қаратади».
Дарҳақиқат, ҳеч эътибор берганмисиз, оилада «юқори поғона»ни эгаллаб олган аёлларнинг қизлари ҳам янги оилага келин бўлганиданоқ «биринчилик» сари олға интилади. У оилада эркак кишининг ўрни қаердаю аёлнинг вазифаси қанақа экани, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар қандай бўлиши кераклигини билмайди. Ота уйидаги тарбия шунақа бўлган ва кейинчалик ҳам кўрганини қилишга тиришади. Натижада, куёв бола ўзининг отасидек «мўмин-қобил» бўлса, хўп-хўп, агар «биринчиликни бермайман», деб курашса, жанжал устига жанжал бўлиши муқаррар. Охирги пайтларда оилавий ажрашишлар кўпаётганининг сабаб­ларидан бири ҳам шу, аслида. Бугун оналар «шунчаки» ўзининг акси қизларига ўтиб қолганини сезишмаяпти ёки афсуски, уларга ўзлари айнан шундай тарбия беришмоқда.
«Болаларингизни тарбияламанг, улар барибир ўзингизга ўхшашади. Шунинг учун ўзингизни тарбияланг», деган экан донишмандлардан бири. Ота-она фарзандга тутилган кўзгудир, уларга қараб ўзларини тузатишади, ёки аксинча. Фарзандга оила ҳақидаги илк тасаввур, ота-оналик мақоми, эр-хотин муносабатлари, фарзандлар тарбияси каби бир қанча омиллар айнан оила остонасидан, ота-онасининг хатти-ҳаракатлари орқали англашилади, дастлабки тасаввур ҳаёт тарзида бирламчи роль ўйнайди. Ота-­она ўртасидаги ўзаро муҳаббат, ишонч, ҳамкорлик ва ҳамфикрлик, иззат-икром, муносабатлар самимийлиги — оила мус­таҳкамлигини таъминлаш учун заминдир, фарзанд учун намуна мактабидир.
Жадидчиликнинг улкан намоёндаси Абдурауф Фитрат айтганларидек: «Эр-хотин мушкулотдан иборат бўлган ҳаёт сафарида бирга бўлиб, жисмоний ва руҳий осойишталикка шерик, инсоний вазифаларни бажаришда дастёр, қайғу ва умидсизлик дамларида ғамхўр, саодат ва бахтиёрлик чоғида бир-бирларига ҳамдам бўлишлари лозим». Дарҳақиқат, ўғил-қиз тарбиясига шай ота-она бутун умри давомида ҳаммаслак, ҳамфикр, ўзаро бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишлари керакки, токи фарзандлари ҳам бундан ўрнак олсин. Кун келиб кўзгу каби тутилган тарбиянинг меваси тотли бўлсин, роҳатидан дил яйрасин. 

Маҳфуза ПЎЛАТОВА,
«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

🕔15:58, 03.08.2020 ✔72

Биз ростдан ҳам бирдам халқмиз...ми?!

Батафсил
ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

🕔15:56, 03.08.2020 ✔66

Ундан чиқаётган ҳар сўз ақл тегирмонида тортилиши керак
 

Батафсил
Бувимнинг армони

Бувимнинг армони

🕔13:49, 25.07.2020 ✔191

Бувим ёмғирни яхши кўрарди. Ёмғир ёғаётганда ҳаммамиз уйга биқиниб олган пайтларимиз ҳам бувим ташқарида куймаланиб юраверар, бошларидаги рўмоллари жиққа ҳўл бўлгандагина, алмаштиргани уйга кириб, тағин ташқариларди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

    ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

    Биз ростдан ҳам бирдам халқмиз...ми?!

    ✔ 72    🕔 15:58, 03.08.2020
  • ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

    ОҒИЗ – ЮЗДАГИ ЙИРТИҚ ЭМАС

    Ундан чиқаётган ҳар сўз ақл тегирмонида тортилиши керак
     

    ✔ 66    🕔 15:56, 03.08.2020
  • Бувимнинг армони

    Бувимнинг армони

    Бувим ёмғирни яхши кўрарди. Ёмғир ёғаётганда ҳаммамиз уйга биқиниб олган пайтларимиз ҳам бувим ташқарида куймаланиб юраверар, бошларидаги рўмоллари жиққа ҳўл бўлгандагина, алмаштиргани уйга кириб, тағин ташқариларди.

    ✔ 191    🕔 13:49, 25.07.2020
  • ДУНЁҚАРАШИМИЗ ҚАЧОН ВА ҚАНДАЙ ЎЗГАРАДИ?

    ДУНЁҚАРАШИМИЗ ҚАЧОН ВА ҚАНДАЙ ЎЗГАРАДИ?

    Жамият доим муайян қонуниятларга боғланган ҳолда тараққий этган. Ҳар қандай давлатчилик шаклларидаги эврилишларда шахсларнинг мантиқан мазмунли, моҳиятан яхши ниятли холис натижаларга эришишида қонуниятлар муҳим ўрин тутган. 
     

    ✔ 254    🕔 11:35, 20.07.2020
  • «БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

    «БОЛАЛАРИНГИЗНИ ТАРБИЯЛАМАНГ, улар барибир ўзингизга ўхшашади...»

    Фарзандни севиш нимадан бошланади? Фарзандни севиш, аввало, ота-онанинг ўзаро бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишидан, бир-бирини ҳурмат қилиши, асраб-авайлашидан бошланади. Жумладан, отанинг фарзандини севиши жуфти ҳалолига яхши муносабатда бўлишидан, уй ишларида унга ёрдамлашиб туришидан, киприклар кўзни чанг-ғуборлардан асрагандай, аёлини эъзозлашидан бошланмоғи даркор.

    ✔ 537    🕔 10:38, 03.07.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар