Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

ОТА-ОНА ОЛДИДАГИ ИЛК ВАЗИФА

Фарзандли бўлишнинг энг катта масъулияти унга чиройли исм танлашдан бошланади

ОТА-ОНА ОЛДИДАГИ ИЛК ВАЗИФА

Албатта, фарзандига қандай исм қўйиш ота-она хоҳиши, бироқ бирор автомашина илинжида уч эгизакларнинг ҳаммасига бир хил исм қўявериш ҳам яхшилик аломати эмас. Шу боис ҳам Наманганда туғилган тўрт эгизакка ота-онаси яхши ният билан Абдулло, Абдураззоқ, Абдураҳмон ва Абдулвосит дея исм қўйгани, исм қўйишдан бирор тама илинжида бўлмагани кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Ҳатто ижтимоий тармоқларда бунинг учун суюнчи йиғиб бериш акциялари бошланди…

Оилада чақалоқ дунёга келганида ота-­онанинг фарзанд олдидаги илк ҳақи  бу – уларнинг гўдакка чиройли, маъноли исм қўйишидир. Динимиз манбаларида ҳам болага чиройли ва маъноли исмлар қў­йиш хусусида бир қанча қайдлар мавжуд. Чунки кейинчалик фарзанд ўз исмидан бошқалар ҳузурида уялмаслиги, исм ўз эгасининг бошқалар олдида масхараланишига сабаб бўлиб қолмаслиги керак.
Фарзандига чиройли исломий исмлар қўйиш ҳар бир ота-онанинг болалари олдидаги бурчидир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Сиз қиёмат куни ўз исмингиз ва оталарингизнинг исми билан чақириласиз, шундай экан, болаларингизга чиройли исмлар қўйинглар», дея марҳамат қилганлар. Чунки чиройли, маъноли исм киши сийратини янада гўзаллаштиради. Ёши улуғлар ақлли, хушхулқ, иймон-эътиқодли, иродали ўғил-қизларга қараб, исмларини сўрашганида, агар феъл-атворларига муносиб бўлса, исми жисмига мос экан, дея алқаб қўйишади. Аксинча, маъносиз, шариатимизга мос бўлмаган исмлар эгасининг тақдирига тортилган бир чизиқ бўлиши ҳам мумкин. Масалан, кетма-кет туғилган қизларнинг кейингиси ўғил бўлиши учун Ўғилой, Улбўлсин каби исмлар билан аташади ва натижада бу номли қизларда аёлларга хос назокат, жозиба каби ҳислар камлиги, уларда ўғил болаларга хос айрим сифатлар зоҳир бўлганига дуч келганмиз. Аслида, фарзандни Аллоҳ беради, уни қайси жинс вакили сифатида яратиш ҳам ёлғиз Яратганнинг хоҳишидир. Бу каби эскидан одат бўлиб қолган анъаналарга риоя этиб исм қў­йиш динимизга ҳам хос бўлмаган ҳолат.

Ишани ёки Солиҳа... Роналдо ёки Юсуф

Баъзи халқларда бола туғилганида отасининг кўзи аввал нимага тушса, чақалоқни шу исм билан атаб кетиш урф бўлган. Болта, Тешавой, Ўроқ, Бўрибой, Мактуба, Бўригул каби исмлар бугун деярли қўйилмайди. Бироқ ҳозирги даврда исмни маъносига эмас, балки унинг қулоққа чиройли эшитилишига қараб чақалоққа исм топиш ҳоллари кўп кузатиляпти. Ёки ота-­онанинг футбол ихлосманди ёки сериал шинавандаси экани ортидан ўзбек чақалоқлари Месси, Роналдо, Ишани, Жессика, Эсмиралда, Элиф каби антиқа исмлар билан аталмоқда. Ҳали-ҳамон эсимда, телевизорда Жонрид исмли бир бола ўз исмидан уялишини, дўстлари орасида исмини бузиб талқин қилиш­лари ортидан кўнгилсизлик­лар келиб чиқишини айтган эди. Ҳайрон қоласан киши, наҳотки не-не орзу-умидлар билан кутган фарзандига ота-она гўзал, маънодор исм қўйиш ҳақида ўйламаса… 
Чет эл сериаллари қаҳрамонларига тақлид қилиб, маъносини сўраганда ўзларининг тиллари ҳам каловланиб қоладиган оналар ўзи кўрган сериал беш-ўн йилдан кейин унут бўлишини, хориж футбол юлдузларининг исмларини ўғлига қўйишга қарор қилган оталар фарзанди кун келиб, нега маъносиз исм қўйгансиз, дея сўрашганида қандай жавоб беришини ҳеч ўйлаб кўрганмикан? Қизининг қалби Ишанидек севгига тўла бўлиши ўрнига Омина, Муслима, Солиҳадек иймонли бўлиши дуруст эмасми? Ўғлининг тўп тепишда «зўр» бўлиши, футбол бобида «Месси»га ўхшашидан кўра гўзал исмлар ила иймон-эътиқоди бутун пайғамбарларга, саҳобаларга қиёс этилганига нима етсин!

Исм «оғирлик» 
қилади...ми?

Баъзида нор ёки каттароқ холи билан туғилган фарзандларга Норхол, Норбек, Холида, жума кунида туғилганларга Одина, Жумавой, таваллуди рўза ойига тўғри келганларга Рўзимбек, Рўзимурод, Рўзигул каби исмлар қўйиб, фарзандим исми билан туғилди, бошқа исм қўйсам оғирлик қилади, деганларни эшитганмиз. Аслида, уламоларнинг айтишича, динимизда «инсон ўз исми билан туғилади», деган гап йўқ. Динимизда гўзал, маъноли исм қўйиш фарзанднинг ота-она зиммасидаги ҳақларидан бири ҳисобланади. Ёки бўлмасам, бола кичиклигида кўп касал бўлаверса, исми оғирлик қиляпти, дейди баъзида Шоҳрух, Азизбек, Фарзоналарнинг оналари. Дардни бандасига Аллоҳ беради, шунинг учун унинг касал бўлишини исмга йўймаслик керак, дейишади уламолар.
Диний уламоларнинг таъкидлашича, исломий исм қўяман деб, маъносига эътибор қилмай қўйиш ҳам яхши эмас. Негаки, Аллоҳнинг исмлари олдидан, албатта, «абду» сўзини қўшиб айтиш зарур, шунда маъноси «Аллоҳнинг қули» бўлади. 
Ҳадисда исм қандай бўлиши кераклиги очиқ баён қилинган: киши ўзининг Аллоҳ таолога суюкли эканини билдирмоқчи бўлса, «Абду…» билан бошланадиган исмларни қўйсин, чунки бундай исмлар инсон Аллоҳ таолонинг қули эканини ҳамиша билдириб туради. Ўғил болаларга пайғамбарларнинг (алайҳиссалом) муборак исмларини қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ саналади. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмларидан «Муҳаммад», «Аҳмад» кабиларни қўйиш фазилатлидир. Шу ўринда Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳу) даврларида бўлиб ўтган воқеани келтириб ўтсак: 
Умар ибн Ҳаттоб ҳузурларига бир киши келиб, ўғлини оқ қилганини айтди. Умар (розияллоҳу анҳу) ўғлини чақиртириб, отаси оқ қилганини билдиргач, отасининг ҳақларига риоя қилмагани учун унга танбеҳ бердилар. Шунда у йигит: «Эй мўминлар амири, отанинг устида боланинг ҳақлари йўқми?» деди. «Бор», деб жавоб қилдилар ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу). «Улар қайсилар?» деди йигит. «Ота боласига яхши она топиши, чиройли исм қўйиши ва Қуръонни ўргатишидир», деди ҳазрат Умар. «Бўлмаса, отам ҳеч нарса қилгани йўқ экан-да. Онам бир маъжусий қўлида қора ишчи бўлиб ишлаяпти. Исмим Хунфусо (гўнг титадиган қўнғиз маъносини англатади). Қуръоннинг эса бирон ҳарфини билмайман, отам ўргатмади», деди йигит. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) йигитнинг отасига: «Олдимга келиб ўғлингни оқ қилмоқчи бўлдинг, ваҳоланки, у сени оқ қилиши керак экан-ку! У гуноҳ қилишидан олдин сен гуноҳ қилибсан», дедилар.

Сўз сўзлашга ҳам эринчоқмиз

Фарзандга яхши исм қўйганидан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) «Абди», «Абдул» дейишади, бу иш исм эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир. Умуман олганда, бугун исмларни айтишда ҳам эринчоқлик қилаётганимиз бор гап. Гулчеҳрани «Гули», Нилуфарни «Нилу», Отабекни «Оташ», Азизани «Ази», Бобурни «Бобка», Жамшидни «Жама ёки Жамик», Дилфузани «Дилка», Нодирани «Нодик», Нормуродни «Норик», Шерзодни «Шерка», Фотимани «Поти», Иродани «Ира» дея тилимизда «енгил» айтилувчи номлар билан чақиришга кўникиб қолганмиз. Аслида, динимизда исмларни бузиб талқин этишдан қайтарилган. Исмни «ҳар кўй»га солиш бу исм эгасига лақаб қўйиш билан баробар. Зероки, инсонни исмидан бўлак турли номлар билан аташ тўрт ҳолатда лақаб қўйиш сирасига киради: жисмоний камчиликларини айтиб масхаралаш: чўлоқ, маймоқ, кал, тепакал, гаранг, соқов ва ҳоказо. Бунда санаб ўтилган кишиларнинг исми ўрнига уларнинг жисмоний камчиликларини айтиб камситилади. Кишиларни маълум турга мансуб ҳайвон номлари билан аташ: чўчқа, эшак, мол, ҳайвон, ит, тулки, қурбақа, бўри, тошбақа, қуён ва ҳоказолар. Исмларни қисқартириб, маъносини бузган ҳолда талаффуз қилиш. 
Аллоҳ таоло Китобида айтади: «Эй мўминлар, (сизлардан бўлган) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавм устидан масхара қилиб кулмасин – эҳтимол (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқдир. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёллар устидан масхара қилиб (кулмасинлар) – эҳтимол (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқдирлар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаб қўйиб олманглар! Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни, мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмон. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардандир» (Ҳужурот, 11).
Эътибор берадиган бўлсак, мазкур оятда «биродарларингизни масхара қилманг», маъноси «ўзингизни масхара қилманг» деб ифодаланмоқда. Бундан мўминларни масхара қилиш, уларга лақаб қўйиш ўзини масхара қилиш билан тенг экани келиб чиқади. Ҳадиси шарифда «Кимки бировни ўз номи ўрнига бирор лақаб билан чақирса, уни фаришталар лаънатлайдилар», дейилган. Кишиларнинг муборак исмлари бор бўлган ҳолда уларни таҳқирли лақаблар билан аташ гуноҳ ҳисобланади. Аслида камситувчи лақаб қўйиш инсонни камситишнинг бир кўринишидир.

Меҳр оловига «ўтин» ташлаб туринг

«Инсоннинг исми кун келиб ақлини таниганида, давраларга қўшилганида ёки бирор лавозимни эгаллаганида психологиясига ҳам таъсир қила бошлайди. Инсонларни таажжубга соладиган исмлар кун келиб фарзанднинг ота-онадан норози бўлишига олиб келади. Болаларнинг антиқа исмларидан дўстлари даврасида уялиш ҳоллари учраб туради. Айниқса, ота-онанинг биринчи галдаги бурчи фарзандга гўзал исм қўйишини эшитган фарзандда ўз-ўзидан турли саволлар юзага келади: «Нима учун ота-онам менга чиройли исм қўймаган?», «Нега дўстларимнинг исми чиройли-ю, меники хунук эшитилади?», «Исмимни ўзгартирсам, шунда ўртоқларим устимдан кулмасмикан?» Негаки исм инсонларни чақирганда хизмат қилишини ҳисобга оладиган бўлсак, кунда атрофимиздагилар томонидан исмимиз ўнлаб-юзлаб маротаба айтилади, – дейди психолог Нилуфар Аҳмедова. – Баъзида ота-оналар фарзандига исми билан эмас, турли лақаблар билан мурожаат қилганини ҳам учратамиз. Бу нотўғри, албатта. Ундан кўра, фарзандини исмига хон, жон, ой, бек каби қўшимчалар қўшиб, эркалаб чақирса, меҳр олови янада аланга олган бўларди».
Халқимизда «Исм ҳам ҳусн» деган нақл бор. Оилада фарзанд дунёга келиши ота-онага олам-олам қувонч бағиш­лайди. Шу билан бирга, унга муносиб исм танлаш ўта масъулиятли вазифа саналади. Келажакда фарзандимнинг дўст-у биродарлари даврасида юзи қизармасин деган ота-она борки, дилбандига қулоққа хуш ёқувчи исм қўйиши зарур. Эзгу умидлар ила қўйилган гўзал ва маънодор исмга фарзанди улғайгач муносиб бўлса, исми жисмига монанд бўлса, не ажаб.
Маҳфуза ПЎЛАТОВА,
«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«УНИ АСРАНГ, УНИ АВАЙЛАНГ»

«УНИ АСРАНГ, УНИ АВАЙЛАНГ»

🕔13:45, 25.07.2020 ✔180

бозорда сотилмайди, тиллога топилмайди

Инсон ҳаётда ҳаракат қилиб ҳамма нарсага эришиши мумкин, дейишади. Лекин неча йиллардан буён фарзанд умидида юрган инсоннинг қалб малҳами бормикан?..

Батафсил
Энг катта рағбат БОЛАГА НИМА БЕРАДИ

Энг катта рағбат БОЛАГА НИМА БЕРАДИ

🕔13:43, 25.07.2020 ✔182

Баъзида фарзандларимизнинг хато ва камчиликларидан нолиймиз: эрталаб нонушта қилмайди, шимини тоза киймайди, уйда сакрамасдан ўйнолмайди...

Батафсил
ОТА-ОНА ОЛДИДАГИ ИЛК ВАЗИФА

ОТА-ОНА ОЛДИДАГИ ИЛК ВАЗИФА

🕔21:24, 08.07.2020 ✔518

Фарзандли бўлишнинг энг катта масъулияти унга чиройли исм танлашдан бошланади

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «УНИ АСРАНГ, УНИ АВАЙЛАНГ»

    «УНИ АСРАНГ, УНИ АВАЙЛАНГ»

    бозорда сотилмайди, тиллога топилмайди

    Инсон ҳаётда ҳаракат қилиб ҳамма нарсага эришиши мумкин, дейишади. Лекин неча йиллардан буён фарзанд умидида юрган инсоннинг қалб малҳами бормикан?..

    ✔ 180    🕔 13:45, 25.07.2020
  • Энг катта рағбат БОЛАГА НИМА БЕРАДИ

    Энг катта рағбат БОЛАГА НИМА БЕРАДИ

    Баъзида фарзандларимизнинг хато ва камчиликларидан нолиймиз: эрталаб нонушта қилмайди, шимини тоза киймайди, уйда сакрамасдан ўйнолмайди...

    ✔ 182    🕔 13:43, 25.07.2020
  • ОТА-ОНА ОЛДИДАГИ ИЛК ВАЗИФА

    ОТА-ОНА ОЛДИДАГИ ИЛК ВАЗИФА

    Фарзандли бўлишнинг энг катта масъулияти унга чиройли исм танлашдан бошланади

    ✔ 518    🕔 21:24, 08.07.2020
  • «КАЛЛАСИЗ» ХОТИН

    «КАЛЛАСИЗ» ХОТИН

    Қўшнимиз бўларди. Исми Оллаберган. Ота-онасидан эрта етим қолиб қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг ёрдами билан вояга етиб уйланди. Маҳалланинг «ўғли» бўлгани боис ҳамма уни яхши кўрарди. Рўзғорида кам-кўсти борми ёки ҳашарми, дарҳол бориб кўмак беришар, Оллаберган ҳам ким бир юмушга айтди дегунча бориб, беминнат хизмат қиларди.

    ✔ 589    🕔 12:32, 26.06.2020
  • ОЛИМЛАРНИ ҚОЛДИРИБ ДОҒДА

    ОЛИМЛАРНИ ҚОЛДИРИБ ДОҒДА

    Олимлар «аёлларнинг хиёнатга мойиллигини бармоқ узунлигига қараб аниқлаш мумкин», деган хулосага келишди.

    ✔ 438    🕔 12:31, 26.06.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар