Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

Биз ростдан ҳам бирдам халқмиз...ми?!

ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

«Дўст синовда билинади», «Инсон бошга кулфат келганда синалади» дейди ёши улуғлар. Ҳақиқатан, бугунги кунларни бутун инсоният бошига келган синов деб ҳисоблайдиган бўлсак, у яхши-ю ёмонни, инсофли-ю инсофсизни, виждон аҳлини-ю, қолаверса ўз манфаати йўлида жони ҳалак кўзбўямачини оз фурсат давомида умр элагида элади. Қийин шароитда инсонларнинг мушкулини осон қилиб, оғир дамларида елкадош бўлишга қодир юртдошларимиз қатори ҳалигача узилгани йўқ. Бу қувонарли, албатта.
Бироқ яхшилик йўлида қандайдир имтиёзларга эга бўлган ёки имтиёз мақсадида саховатга бел боғлаган тадбиркорлар ҳам, ўз қилган эҳсонини овоза қилиб, ҳисобот варақаларини тўлдирган амалдорлар ҳам бўлди ва бу ҳали-ҳамон давом этмоқда.
Маҳалла-кўй ёки бирор ташкилот томонидан кам таъминланган оилаларга саховат неъматлари тарқатилар экан, бу дамлар фотоаппаратсиз, телевидениясиз ўтмаётгани бор гап. Шунда ўйлаб қоласан киши, хайр-эҳсон ортида қандай манфаат яширин экан?! Ахир, «Яхшилик қил, сувга от, билса балиқ, билмаса Холиқ билади», деган нақл бежиз айтилмаган. Бироқ заррадек саховатни кўз-кўз қилиш «эпидемияси» бугунги яшаш тарзимизни намоён этаётгандек. Ҳар бир қадамимиз расмхонлик, қоғозбозлик, ҳисоботчилик устига қурилар экан, қилган кичкина саховатимизни бир баҳя эфир қаршисида кўрсатиб қўймасак кўнгил қурғур ўз жойига тушмайдигандай. Буни кўрган бошқалар ҳам қатордан қолмайлик, биз ҳам ойнаи жаҳон юзини кўрайлик дегандай, дарҳол тўрт-бешта нарсани қутига жойлайди-ю, муҳтож хонадон остонасига қадам қўяётганини экранда кўз-кўз қилади.
Бу гаплар кимларгадир эриш туюлар балки, бироқ ўнг қўлимиз қилган яхшиликни чап қўлимиздан яшириш тугул, бутун халққа овоза қилиш замони келди, чамамда. Яқинда биздан икки уй нарида турадиган етмишлардан ошган, ёлғиз келини ва икки вояга етмаган набираси билан яшайдиган онахонникига саховат «карвонча»си қадам ранжида қилибди. Мўъжазгина қутида бир килограммча картошка, шунча пиёз, сабзи, бир литр ёғ ва бир-икки хил маҳсулот. Унинг ортида эса, ўндан ортиқ одам, қоғоз-қаламини тайёрлаб, фотоаппаратларини шай ҳолатга келтириб турганига нима дейсиз?!
Онахон бу ҳолни кўриб, «мен бу нарсаларга зор эмасман, буларни олишга ўзимнинг ҳам қурбим етади» дея ҳеч нимани олмабдилар. Кўчамизда яна тўрт-беш нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган шундай оилалар бор. Уларга шунча ой-йил ўтибдики, маҳалла томонидан ёрдам пули ёки бирорта кўмак кўрсатилмаган. Ваҳоланки, маҳалла фондига кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш учун қанча-қанча маблағ келиб тушади. Бу пуллар қаерга, кимнинг тешик нафсига ямоқ бўлаётгани ҳакидаги узунқулоқ гаплар ижтимоий тармоқларда айланиб турибди.
Энди бу яхшиликка қўл уриб қолишганига сабаб, «юқори»дан шундай буйруқ келган. Уни бажарилганини исбот қилиш учун бир варақ қоғоз, тўрт-бешта расм бўлса кифоя. Мана, сизга «яхшиликлар карвони»… Яна ҳали бундай топшириқлар баҳонасида ярим садақани ўз чўнтагида қолдириб, ҳисоботларни «чиройли» қилиб қўяётганлар қанча.
Мана тўрт ярим ойдан бери кўпчилик қора қозонини қайнатиб турган даромадидан ҳам айрилди. Пандемия шароитида қийналиб қолган рўзғорлар оз эмас. Муҳтожларга ёрдам берилиши, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги бот-бот айтиляпти ҳам. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ўшандай оилаларга ёрдам бериш имконияти бор экан, нега бу тизимли асосда, мамлакатимиздаги барча муҳтож оилалар қамраб олинган ҳолда ташкил этилмаган? Нега фақат мурожаат қилинса, у ёқ-бу ёқдан ҳомий топиб ёки бирор йўлини қилиб ҳисобот учунгина моддий ёрдам кўрсатиляпти?
Бухоролик ҳамкасбимиз айтиб қолди. Ўтган галги кучли шамол оқибатида ён қўшнисининг томи яроқсиз аҳволга келган. Оила боқувчисидан айрилганига тўрт-беш йил бўлган ёлғиз аёл тўрт фарзандини ўзи вояга етказиб келади. Уй томини қайтадан ёпиш эса анча маблағ талаб қилиши кундай равшан. Бироқ қоғоз-қалам қўлтиқлаган маҳалла катталари уйга келиб, у ёқ-бу ёқдан расмга олиб кетишгану, агар ҳомий топилса, ёрдам берамиз дея жуфтакни ростлашган. Эшитишимча, бир ҳомий неча ойдирки, ҳали ҳамон муҳтож қўл тополмай сарсон. Бузилган том акс этган суратлар баённомага қандай қайд этилгани эса бизга қоронғу…
Биламизки, муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш учун «call-center» фаолият юритиб келмоқда. Бироқ чекка туманлардаги зўрға рўзғор тебратаётган одамлар ҳолати ҳақида кимга хабар берсин? Қоғоз-у ҳисоботдан бош кўтармайдиган «юқори»дагиларгами ёки ишни пайсалга соладиган маҳалла раисига? Ёрдам кўрсатиш ўлда-жўлда бўлиб турган бир пайтда халқ кимга ҳам юрак ютиб, сўз оча олар эди. Тўғри, телевизор орқали хайр-эҳсонлар амалга оширилаётгани баландпарвоз сўзлар билан айтилмоқда. Бироқ сизу биз билмаган тоза сув ўрнига кўз ёш ютиб турган, дори олиш у ёқда турсин, битта ниқобни ювиб-ювиб ишлатаётган юртдошларимиз қанча? Аслида, ҳақиқатда ёрдамга муҳтож бўлган шундай оилалар ўзлари сўрамаса-да, эшигини тақиллатиб бориш керак эмасми?
Ҳеч эътибор берганмисиз, шундай инсонлар борки, қора қозони зўрға қайнаб турса-да, бировдан ёрдам сўрашга ийманади, маҳалла остонаси олдида сарғайиб туришни ор билади. Ҳаттоки, қаердан, қандай ёрдам олишни билмайдиган ёрдамга муҳтожлар ҳам борлигини унутмайлик. Бироқ ўзига тўқ бўлса-да, у ер-бу ердан хат тўғрилаб, жондай жигар бўлиб кетган маҳалладан ёрдам пули оладиган юзсизлар ҳам борлиги ҳақиқат. Нега?.. Чунки маҳаллаларда ёрдамга муҳтожларни аниқлаш ва ёрдам ажратиш комиссиялари ҳам номига тузилган, хўжакўрсинга иш битиришади. Аксарияти аҳолининг қанчасига ёрдам керак, кимлар кўмакка муҳтожлигини билишмайди ҳам. Билиб нима қилишарди… ахир, текин ўлжадан кимлардир қуруқ қолиши тайин-да.
Ижтимоий тармоқларда Жанубий Корея давлатида камбағал оилаларга тарқатилаётган маҳсулотларнинг расми тарқалди. Столни тўлдириб турган нарсалар орасида ун, ёғдан тортиб, чой, тузгача, шампун, гел-у антисептик воситаларгача муҳайё экани акс этиб турибди. Буни кўрган юртдошларимиздан бири Назира Тожибоева «Нега бизда шундай эмас! Нима етишмайди… берган 2 кг. ун, 1 кг. шакар, 1 литр ёғ ва 1 қути тухумни таъна қилиб, ношукр деб гапиришади, ўша маҳсулотни фуқарога бераётганини уялмай эфирда ёритишади. Мен бунақа эҳсонини бошқа давлат кўраётганидан уяламан» дея фикр билдирган. «Йиллар давомида йиғилган иллатларимиз шундай кунларда яна ҳам ўзининг ҳақиқий башарасини кўрсатди» дейди Обида Назарова. Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Дилшод Мамаражабов: «Илмсизлик, жоҳилликдан ҳаммаси… Манманлик бор-у, «мен»лик йўқолди», дея изоҳ қолдирган.
Дарҳақиқат, бу каби фикрлар яна кўплаб юртдошларимиз томонидан айтилган ва уларнинг фикрини қоралашга ҳам ҳаққимиз йўқ, аслида. Негаки, улар оддий халқ ичидан туриб, вазиятни кўриб-билиб туриб ичидагини айтишмоқда. Энг ачинарлиси, «Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади» дейишганидай, бориб-бориб калтак жабрини яна оддий халқ, ўша муҳтожлар тортаётганидир. Уддабуронлар эса шу кунда ҳам пайтдан фойдаланиб қолиш йўлини қилишди. «140 минг сўмлик маҳаллий унни маҳалладагилар халққа сотмасдан дўконларга устига қўйиб пуллади. Кўзим билан кўрдим, деганлар қанча. Лекин одамлар арзон унни тополмай қолди» дея ўз қорни ғамидагилардан ўкиниб гапиради Зиннура Усмон.
Биз бирдам халқмиз, биз саховатпеша халқмиз, дея кўкрак керамиз камера қаршисида. Гўёки, қофиядор сўзлар халқнинг мушкулини осон қиладигандай. Аслида халқ қандай яшаяпти, чекка туманлардаги аҳоли қандай кун кўряпти, ишсиз қолганлар рўзғорини қандай теб­ратяпти, деган саволлар эса ҳали-ҳамон жавобсиз. Аслида, микрафонни оддий халққа, содда, ҳеч нимадан манфаат изламайдиган инсонларга бериш гали келмадими?..
Бирдан гап-сўз тарқалди: «Эргаферон», «Арбидол» каби дориларни ичиш керак. Иммунитетни кўтарар экан. Булар вирус юқтирмас экан» каби. Шу пайтда давр кимларга тегди: ётиб қолгунча, отиб қолиш қабилида иш тутганларга! Аввал 40-50 минг сўм бўлган дорилар, бугунги кунда ўн баробаргача кўтарилиб кетди. Ажабланарлиси, дорихоналарда топилмай қолган дорилар «қора бозор» сандиғида қалашиб ётибди. Қани инсоф? Бирдамлик деган сўзлар қаерда қолди? Мана, аслида қанақамиз ва бугун ким кимни ўйлайдиган замон…
Шу оғир дамларда ҳам кимнинг лотереяси ўйнаса, чек кимга тушса – давр уники. Пайтдан фойдаланиб, бир сўмини ўн сўм қилишга тиришишади. Нега мана шу вазиятни тегишли мутасаддилар жим туриб кузатишади, кўриб кўрмаганга олишади? Дорихоналарни эгаллаб олганлар имконияти чексизлару, айбдор эса ўша дорини 40 минг тугул 4 мингга ҳам олишга қурби етмайдиганлар бўлиб қолаверади... Ҳақиқатан ҳам коронавирус деган кўринмас ёв инсониятга синов учун юборилганига яна бир карра амин бўласан киши. У яхшини синади, ёмонни синади, ҳаммани виждон тарозисига қўйиб кўрди…
Кўз-кўз қилинган яхшиликлар экранни тўрт-беш дақиқа «безаб» туради, берилган озиқ-овқат маҳсулотлари у оилада бир ҳафта ўтиб тугайди. Ке­йин нима қилишади, кунини қандай кўришяпти? Бунга ким қизиқаяпти? Ёки биз фақат ҳаётнинг ёрқин рангларини тасвирга олишга ўрганиб қолганмиз-у, ҳақиқатни ошкор этишга виждонимиз йўл қўймайдими?
Ҳисоботлардан четга чиқиб, камераларни ўчириб, ҳақиқат кўзи билан халққа боқинг. Уларнинг ичида қандай дард, хаёлида қандай ўйлар ҳукмрон, аслида. Кўз ёши билан ивитилган нонга қорин тўқлаётганлар бордир, балки маҳаллангизда, шаҳрингизда. Бунинг учун бир муддат қоғоз-қаламни ўрнида қолдириб, халқ орасига бир бор бош суқиш керак.
Маҳфуза ПЎЛАТОВА,
«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

ЧЕКЛОВЛАРГА ЛОҚАЙДЛИК ВА БЕПИСАНДЛИК

ЧЕКЛОВЛАРГА ЛОҚАЙДЛИК ВА БЕПИСАНДЛИК

🕔09:39, 28.09.2020 ✔63

коронавирусга чалинганлар сони тобора ортиб боришига сабаб бўлмоқда

Батафсил
ЯПОНИЯНИНГ КОРОНАВИРУСГА  ҚАРШИ КУРАШИ

ЯПОНИЯНИНГ КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШИ

🕔09:38, 28.09.2020 ✔41

оддий, содда ва самарали

Ҳа! Японияда ҳам коронавирус бор, табиий. Бинобарин, кунчиқар юртда ҳеч ким талвасага тушгани йўқ.

Батафсил
ИНСОН БАХТЛИ БЎЛИШИ КЕРАК...  АММО ҚАЧОН?

ИНСОН БАХТЛИ БЎЛИШИ КЕРАК... АММО ҚАЧОН?

🕔09:32, 28.09.2020 ✔39

«Дунёда зарур, бажармаса бўлмайдиган касблар қолганда эди, миллионлаб кишилар ишсизликдан очликка, муҳтожликка маҳкум бўлур эди», дейди немис социологи Либерман. Зарур касблар деганда олим шифокор, ўқитувчи, аскар каби касбларни санаб ўтади ва кўчада чақа-пулга этик тозалаб-мойлаб кун кўрувчини ёки тирноқ пардозловчини «зарур касб эгалари» сафига қўшмайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • ЧЕКЛОВЛАРГА ЛОҚАЙДЛИК ВА БЕПИСАНДЛИК

    ЧЕКЛОВЛАРГА ЛОҚАЙДЛИК ВА БЕПИСАНДЛИК

    коронавирусга чалинганлар сони тобора ортиб боришига сабаб бўлмоқда

    ✔ 63    🕔 09:39, 28.09.2020
  • ЯПОНИЯНИНГ КОРОНАВИРУСГА  ҚАРШИ КУРАШИ

    ЯПОНИЯНИНГ КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШИ

    оддий, содда ва самарали

    Ҳа! Японияда ҳам коронавирус бор, табиий. Бинобарин, кунчиқар юртда ҳеч ким талвасага тушгани йўқ.

    ✔ 41    🕔 09:38, 28.09.2020
  • ИНСОН БАХТЛИ БЎЛИШИ КЕРАК...  АММО ҚАЧОН?

    ИНСОН БАХТЛИ БЎЛИШИ КЕРАК... АММО ҚАЧОН?

    «Дунёда зарур, бажармаса бўлмайдиган касблар қолганда эди, миллионлаб кишилар ишсизликдан очликка, муҳтожликка маҳкум бўлур эди», дейди немис социологи Либерман. Зарур касблар деганда олим шифокор, ўқитувчи, аскар каби касбларни санаб ўтади ва кўчада чақа-пулга этик тозалаб-мойлаб кун кўрувчини ёки тирноқ пардозловчини «зарур касб эгалари» сафига қўшмайди.

    ✔ 39    🕔 09:32, 28.09.2020
  • «ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ»

    «ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ»

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган «Энг улуғ, энг азиз» анъанавий кўрик-танловини эълон қилади.
     

    ✔ 237    🕔 11:22, 25.08.2020
  • «ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ»

    «ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ»

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривож­лантириш департаменти Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида Респуб­лика танловини эълон қилади.
     

    ✔ 209    🕔 11:15, 25.08.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар