Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

ДУНЁНИ КИПРИКДА КЎТАРГАН ОНАМ

Мен на шоир, на ёзувчи, на хонандаман. Юртимизнинг олис қишлоқларида яшовчи муштипар бир онанинг фарзанди сифатида юрагимнинг қатларига яширганим, ҳеч кимга, ҳатто, онажонимга ҳам айтолмаган қалб сўзларимни сизга илингим келди.
 

ДУНЁНИ КИПРИКДА КЎТАРГАН ОНАМ

Aфсус, баъзида ўша бизга ҳаётини, соғлиғини, тинчини, қўйинки, бутун борлиғини бахшида этиб, тўққиз ой бағрида кўтариб дунё­га келтирган онаизоримиз қайноқ тафтининг қадрига етмаймиз, гоҳида бир оғиз ширин сўзимизни қизғанамиз.
Мен сизга фарзандларига ҳақиқий маънода беминнат оналик вазифасини адо эта олган, ёлғиз боши билан бизни катта қилиб, вояга етказган, онам ҳақида ёзмоқчиман. У зот ҳаёт синовларига эрта тўқнашди. Тўрт нафар фарзандининг бошини ёлғиз силашга, фоний дунёни эрта тарк этган отамизнинг ўрнини билинтирмасликка ҳаракат қилди. Онам бизга ҳам оналик, ҳам оталик меҳрини бериб ўстирди. Ҳаётнинг бу аччиқ зарбасидан тушкунликка тушмади. Меҳнат қилиб, бизга ҳалол луқма едириб, касбининг орқасидан рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиришга астойдил бел боғлади. Онам бояқиш эрта тонгда уйғониб, томорқамизнинг ярмидан кўпини чопиб қўйган бўларди. Кейин бизни нонуштага уйғотиб, бирга чой ичардик. Укам Оллашукурни синглим Нодирага топшириб, ўзи мен билан бирга мактабга жўнарди. Томорқамиздан чиққан ҳосил ва онамнинг маошига қаноат қилиб яшардик...
Отам вафот қилган йиллари эди. Бизлар – ёш. Оиланинг энг каттаси – мен, ўн бир ёшдаман. Сингилларим Нодира, Саида ҳали кичкина, кенжатойимиз Оллашукур тўрт ёшда эди. Отам юрак хуружидан бу ёруғ оламни тарк этди. У кунларни элас-элас эслайман. Оллашукур укам отамга жуда ўрганган эканми, ўтирса ҳам, турса ҳам отамни сўрайверарди. Онам бечора ичидан зил кетса ҳам унга отасининг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилиб, «отанг узоқларга ишлагани кетди, болам, сенга кўп нарса олиб келади», деб уни овутарди. Оллашукур бунга чиппа-чин ишониб «Ур-ре, дадам келар экан, менга кўп нарса олиб келади», – деб севинарди.
Кунларнинг бирида кўча болаларининг каттароқларидан бири «Сенинг отанг ўлган, энди ҳеч қачон қайтиб келмайди», деган шекилли Оллашукур уйга бўшашиб кириб келди. Онам томорқада ўтоқ қилиб юрган эди. Шунда Оллашукур:
– Ойи, менинг отам ўлганми? Энди ҳеч қачон қайтиб келмайдими? Айтинг, отам қачон келади?! – деб қолди.
Онам бирдан сесканиб тушди. Югуриб келиб Оллашукурни қучоқлади.
– Ким айтди, жоним болам? Ким айтса ҳам бекор айтибди, болам. Ана, қара, отанг сенга пул жўнатибди. Ишонмасанг, шкафда отангнинг костюми чўнтагида турибди. «Оллашукурга велосипед олиб беринглар», деган. Эртага шу пулга сенга кичкина велосипед олиб бераман, хўпми?..
Оллашукурнинг йиғлаган кўз ёшларини енги билан артган онамнинг ўзи ҳам ҳўнграб юборгиси келиб тургани шундоққина сезилиб турарди. Аммо онам йиғламади. Ўзини тутди. Эртасига онам директордан рухсат олиб Оллашукурни етаклаб шаҳарга жўнади. Унга берган ваъдасининг устидан чиқиб, велосипед олиб келди.
Онам бечора йиққан уч-тўрт сўм пулни дадамнинг костюми чўнтагига солиб қўяр экан. Онамнинг айтишича, эркакнинг чўнтагида турса пулнинг баракаси бўларкан. Баъзида костюмнинг ҳамма чўнтаклари пулга тўлиб кетган вақтлари ҳам бўлган, аммо бўшаган вақтлари ҳеч бўлмаган экан. Ҳатто биз катта бўлиб, Оллашукурни уйлантириш тадориги бошланган кунлари тўйга пул етмай, онамнинг боши қотиб, кимдан қарз олишни ўйлаб ухлаб қолибди. Шу куни отам тушига кирибди. Тушида отам: «Онаси, пулдан қийналдингми? Костюмимнинг ён чўнтагига қўлингни тиқ, кичкина тешик бор. Ана ўша ердан сенга керакли пул чиқади», дегандек бўлибди.
Эрталаб биз уйга келсак, онам хурсанд.
– Тўйни бошлайверамиз энди, қизим, пул топилди, – деб қолди.
– Ким берди? – дедим шошиб.
– Отанг, қизим, отанг...
Кейин билсам, онам бояқиш бундан ўн-ўн икки йиллар бурун бир қора кунимизга ярар, деб отамнинг чўнтагини сал тешиб беш юз доллар пулни ташлаб қўйган, аммо ташвишлар билан хаёлидан фаромуш бўлган экан. Дадам тушига кириб шуни аён этибди.
Бир она бўлса, менинг онамдек бўлар, деб ўйлаб қоламан баъзан.
Онам барчамизни олий ўқув юртларида ўқитди. Фарзандларининг ҳаётда ўз ўрнини топишига, юрт равнақи учун хизмат қиладиган инсон бўлиб етишишига эришди. Барчамиз олий маълумотли бўлдик, икки опа-сингил онамнинг изидан бориб ўқитувчи, бир синг­лим шифокор бўлди.
«Отам қачон келади?» – дея тўхтовсиз саволлар билан юрагимизни эзувчи кенжато­йи­мизнинг ўзи бугун оилали, жажжи қизалоқнинг отаси. Отамнинг касбини эгаллаб, ҳаётда ўрнини топишга, онамнинг чеккан машаққатларини унуттиришга, яхши фарзанд бўлишга астойдил ҳаракат қилмоқда.
Онажоним ёлғиз боши билан барчамизни уйли-жойли қилди, емай едирди, киймай кийдирди. Ҳеч кимдан кам қилмади. Лекин бу орада фарзандлар камоли, бахт-иқболи учун курашиб, ўзини аямай, касалликлар ҳам орттирди. Бугун ўзим ҳам она бўлиб, онамнинг қадрини, бедор ўтказган тунлари ҳаққини қандай адо қилиш йўлини, онам олдидаги қарзимни узиш ҳақида кўп ўйлайман. Лекин бу имконсиз, бу қарзимни ҳеч қачон узолмаслигимни янада чуқур англаяпман.
Болалигим ўтган уйимизнинг файзи – онам. Беҳисоб шукрки, шу зот сабаб бизнинг ҳаётмиз фаровон, оиламиз тинч. Мана энди онажонимнинг сочларига тушган оқ қировлар, юзларига тушган ажинлар сабабини сезгандай бўляпман.
Машҳура ОРТИҚОВА,
ўқитувчи




Ўхшаш мақолалар

АЁЛ КИШИНИНГ МАРТАБАСИ

АЁЛ КИШИНИНГ МАРТАБАСИ

🕔13:10, 28.08.2020 ✔612

Кўнглимдан кечган бу ўй-фикрларимни муҳтарама опа-сингилларимга атадим. Зеро, мен англаб етган ҳақиқат шуки, ҳаётда аёл киши учун энг улуғ мартаба, энг катта бахт бу – аёллик саодатини ҳис қилиб яшаш экан.
 

Батафсил
ОИЛАДАГИ АҲИЛЛИК шукр ва қаноат қилишга боғлиқ

ОИЛАДАГИ АҲИЛЛИК шукр ва қаноат қилишга боғлиқ

🕔13:08, 28.08.2020 ✔605

Айрим оилаларда пайдо бўладиган жанжаллар яхшилаб ўйлаб кўрилса, ўта оддий, арзимас сабаблардан келиб чиққан бўлади.
 

Батафсил
ДУНЁНИ КИПРИКДА КЎТАРГАН ОНАМ

ДУНЁНИ КИПРИКДА КЎТАРГАН ОНАМ

🕔10:12, 17.08.2020 ✔763

Мен на шоир, на ёзувчи, на хонандаман. Юртимизнинг олис қишлоқларида яшовчи муштипар бир онанинг фарзанди сифатида юрагимнинг қатларига яширганим, ҳеч кимга, ҳатто, онажонимга ҳам айтолмаган қалб сўзларимни сизга илингим келди.
 

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • АЁЛ КИШИНИНГ МАРТАБАСИ

    АЁЛ КИШИНИНГ МАРТАБАСИ

    Кўнглимдан кечган бу ўй-фикрларимни муҳтарама опа-сингилларимга атадим. Зеро, мен англаб етган ҳақиқат шуки, ҳаётда аёл киши учун энг улуғ мартаба, энг катта бахт бу – аёллик саодатини ҳис қилиб яшаш экан.
     

    ✔ 612    🕔 13:10, 28.08.2020
  • ОИЛАДАГИ АҲИЛЛИК шукр ва қаноат қилишга боғлиқ

    ОИЛАДАГИ АҲИЛЛИК шукр ва қаноат қилишга боғлиқ

    Айрим оилаларда пайдо бўладиган жанжаллар яхшилаб ўйлаб кўрилса, ўта оддий, арзимас сабаблардан келиб чиққан бўлади.
     

    ✔ 605    🕔 13:08, 28.08.2020
  • ДУНЁНИ КИПРИКДА КЎТАРГАН ОНАМ

    ДУНЁНИ КИПРИКДА КЎТАРГАН ОНАМ

    Мен на шоир, на ёзувчи, на хонандаман. Юртимизнинг олис қишлоқларида яшовчи муштипар бир онанинг фарзанди сифатида юрагимнинг қатларига яширганим, ҳеч кимга, ҳатто, онажонимга ҳам айтолмаган қалб сўзларимни сизга илингим келди.
     

    ✔ 763    🕔 10:12, 17.08.2020
  • «ОТАНГ КЕЛСИНЛАР, БОЛАМ,  кейин овқатланамиз»

    «ОТАНГ КЕЛСИНЛАР, БОЛАМ, кейин овқатланамиз»

    Оила деб аталмиш ҳаёт мактабида ўқитувчи «роли» асосан эркак киши зиммасига тушади. Тўғри, оилада аёл кишининг ҳам ўрни беқиёс. Аммо ўша ўриннинг беқиёслиги ҳам эркакка боғлиқ. Ҳаётда ўз «рол»ини ақл ва маҳорат билан ўйнаган эркакка ҳаётнинг ўзи «оила устуни», «суюкли ёр», «севимли дадажон», «жонажон бобожон» унвонларини бериб қўяди.
     

    ✔ 777    🕔 10:11, 17.08.2020
  • «УНИ АСРАНГ, УНИ АВАЙЛАНГ»

    «УНИ АСРАНГ, УНИ АВАЙЛАНГ»

    бозорда сотилмайди, тиллога топилмайди

    Инсон ҳаётда ҳаракат қилиб ҳамма нарсага эришиши мумкин, дейишади. Лекин неча йиллардан буён фарзанд умидида юрган инсоннинг қалб малҳами бормикан?..

    ✔ 539    🕔 13:45, 25.07.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар