Махлуқ бақалоқ ўртоғимизни бутунича ютиб юборди. Жағлари қимирлаганини сезмадик ҳам. Бир луқмада ишини ҳал қилди-қўйди. Бечорани шундай оёғидан кўтарди-да, ғордек очилган оғзига ташлаб юборди. Гўё қудуққа тушгандек, бақирганча тубсизлик қаърига равона бўлди шўрлик ўртоғимиз.
 

МАХЛУҚ

Кўчада у ёқ-бу ёқдан гаплашиб, кулишиб тургандик. У осмондан тушгандай тўсатдан пайдо бўлди. Бечора Қўзивой нима бўлганини сезмай ҳам қолгандир. Ҳаммамиз оёқни қўлга олиб қочиб қолдик. Қолганларнинг ҳоли нима кечганидан хабарим йўқ. Амаллаб уйга кириб, дарвозани қулфлаб олдим. Хайриятки, махлуқ уйи­мизга кирмади. 
Бўйи симёғочдан баланд, юрганда ларзонга тушарди. Тишлари улкан темир қозиқни эслатар, юзи бўшашган хамир бошига чаплаб қўйилгандек оқиб тушай дерди. Айниқса кўзлари қўрқинчли эди. Қорачиғи йўқ, оловранг ҳолда ёниб турган бу нигоҳларни кўриб қўрқмай бўлмасди. Ҳа, улар оловранг бўлиб, ёниб турарди. Худди бошининг ичида ўт ёняпти-ю, иккита катта тешикдан ташқарига отилаётгандек туюларди одамга. Юзининг оқ мумдек эриб тушаётгани балки шундандир.
Уйдагилар тарашадек қотиб қолган, яна бир семизгина қўшнимиз —Тошмат бобони иштаҳа билан ямламай ютаётганини девор олдидан томоша қилиб туришарди. Энди бечора Тошмат бобо ҳам йўқ. Жон дегани шунчалар сабил эканда-а! Кўчамизни нолаю фарёдлар тутиб кетганди. Дев яна уч кишини жиғилдонига ташлади. Шу пайт у мени кўрди-ю, лекин эътибор бермадими, бош­қа бир қурбонини қува кетди. Қадамлари зарбидан замин ларзага келаётганди, худди қиёмат қўпгандек. 
Бу тушми ё ўнгмиди, билолмасдим.
Чиндан ҳам, одамсифат махлуқ ҳовлиларга кира олмас экан. Мана, бир неча кундан бери ким қурбон бўлган бўлса, бу фалокат унинг уйидан ташқарида рўй берди. Ҳеч ким кўчага чиқолмай қолди. Қиш­лоғимиз одамлари қамалда қолишганди. Ташқи дунё биз учун берк, озиқ-овқатларимиз эса борган сари камайиб борарди. Тарих дарсликларида ўқигандим: узоқ муддат қамалда қолганлар ҳаром нарсаларни ҳам ейишга мажбур бўлишган. Масалан, ўлимтик, калтакесак, мушук, илон, қурбақа, ит... Лекин бизнинг ҳолатимиз аждодларимизникидан кўра оғирроқ эди. Сабаби улар бир ҳудуд доирасида қамалиб қолишган. Бир-бирлари билан бемалол гаплаша олишган, қийинчиликларга қарши бирлашишга имкониятлари бўлган. Бизда эса ҳамма ўз уйида қамалда. Бу жуда ёмон эди. Чунки ҳолат одамларнинг ўзаро иттифоқ бўлиб махлуққа қарши чора кўриш имкониятларини йўққа чиқарарди. Кимда-ким дарвозаси остонасидан бир қадам силжидими, бас — ўзини махлуқнинг жиғилдонида кўрарди. Аҳвол бундай бўлгач, ким ҳам юрак ютиб ташқарига чиқа оларди, дейсиз?
Қишлоқдошларимиз ҳатто бир девор қўшнисиникига ҳам ўтолмай қолди. Бизникига девор оша ўтган ён қўшнимиз Қулмат амакини махлуқ кўз олдимда чинқиртириб ютди. Мен ҳам тамом бўлдим деб ўйлаган эдим, лекин у бошқа ҳеч кимни кўрмагандек орқасига қайтиб кетди. Қишлоқ ўз қобиғига ўраб қўйилди. Одамлар ичида яшайсану, лекин худди кимсасиз оролга тушиб қолгандек ёлғизликка маҳкумсан. Биргина фарқи оила аъзоларинг ёнингда. Аммо бунинг ҳам ёмон томони бор: вақти келиб озиқ-овқатлар тугаб, очлик бошлангач, яқинларинг кўз олдингда хароб бўлаётганини кўргандан Робинзон Крузо тақдирини афзал биласан, киши. 
Кунларимиз игнадан ип ўтгандек қийин кеча бошлади: очлик, тушкунлик, қўрқув... Аммо бу кунлар махлуқ учун ҳам осон ўтмаётганди. Сабаби у ҳам одам емаса, борган сари озиб, бўйи ҳам пасайиб бораверар экан. Бир неча кун ичида у шунчалик кичрайиб қолдики, девордан боши зўрға кўринарди. Махлуқ ва инсон сабри ўртасида кураш бошланди. Бир неча кун ичида ё униси, ё буниси қолиши аён бўлди. Қиш­лоқ аҳли учун қаттиқ синов келганди. Ҳамқишлоқларимиз телефон орқали бўлса-да бирлашиш, балойи азимга қарши курашишни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Қўрқув ҳисси идрокларимиздан ҳам айирган эди. Хаёлимизда фақат қорин тўйғазиш, нима қилиб бўлса-да, омон қолиш. Балки энг тўғри йўл ҳам шудир. Чунки бундай ғаройиб махлуқни енгиб бўлмаслиги кундай равшан бўлиб қолди. Биргина нажот — сабрдан. 
Энг қийини сабр экани ке­йинроқ маълум бўлди: махлуқ биз ўйлагандан анча ақллироқ чиқиб қолди. У энди кўчаларимизни баъзан маликасифат қиз, баъзан хушбичим йигит бўлиб кеза бошлади. Энг синчковларимиз ҳам унинг одам боласидан фарқлай олмасди. Деворлар тагига бир-биридан тансиқ таомларни тўкиб қўйди. Махлуқ ақлли тадбир кўра бошлаган, баҳайбат гавда иш бермаслигини тушуниб, шундай йўлга ўтган эди. Яъни бизнинг нафсимизга ҳужум бошлади. Тушмагур махлуқ нозик жойимиздан тутди. Натижа узоқ кутилмади. Баъзи ҳамқишлоқларимиз очликдан ўлгандан кўра девнинг жиғилдонида ҳазм бўлишни афзал кўрдилар. Уларни ҳам тушунса бўларди, ахир ўлим муқаррар бўлганидан кейин нима фарқи бор қай тарзда ўлишни. Бундай қарорга келган одамларга махлуқ тў­йиб-тўйиб овқатланишга имкон берарди. Сўнг эса худди ўзи семиртирган қўйни еб ётган ҳақдордек, уларни бемалол ейишга тушарди.
Айрим ҳамқишлоқларимиз ҳали егуликлари бўла туриб, ўз оёқлари билан тансиқ ўлимга томон интила бошладилар. Зотан, махлуқ таклиф қилаётган таомлар анвойи, лаззатли эди. Ким бўлмасин, бир татиб кўрсам дерди. Дастлаб эркак зотини сулув қиз қиёфасида жалб қилган махлуқ, энди хушбичим йигитга айланиб қизларни ҳам тўкин дастурхонига чорлай бошлади. Орзусидаги «йигит» томон шошилаётган қўшни қизни дарахт устидан махлуқни кузатаётган пайтим кўриб қолдим. Унга қараб бор овозда бақирдим:
— Тўхта! Ҳой, Мухлиса, қаёққа кетяпсан? Жонингдан тўйдингми?! 
— Бундай йигитни севмай бўладими, Каримжон. Энди усиз яшолмайман! Йўлимни тўсма! 
Мухлисанинг ота-онаси кўчага чопиб чиқишганда, «йигит» ўз асирасини аллақачон еб улгурганди. Махлуқ уларни ноз-неъматлардан татишга ундади. Рози бўлишмагач, уларни ҳам қизларининг ортидан «жўнатди».
Махлуқнинг «ишлар»и шунчалик юришиб кетадики, бутун бошли қишлоқда саноқли одам қолди. Энг қайсар, сабрли, иродали, махлуққа нафрати кучли бўлган саноқли одамлар...
Кимлар омон қолгани номаълум, аммо жуда камчилик бўлиб қолганимизни билардик. Чунки уйимизга ёндош ҳовлилардан деярли одам овози эшитилмас, чақириғимизга жавоблар бўлмасди. Очдан ўлсам-да, махлуқни ўзим билан бирга олиб кетишга қарор қилдим. Афтидан, қолганларнинг бари менга ўхшаб қайсар шекилли махлуқнинг қораси кўринмай қолди. Балки бу навбатдаги ҳийласидир ёки чиндан бизнинг сабримиз енгиб чиқдими, билмадим. Хуллас, бир неча кун ўтди, лекин уни кўчаларимизда кўрмадим. Барибир ишонгим келмасди: бу ерда бир гап бор, дердим ўзимга ўзим. Чунки қанча одамни ютиб, нафси қонмаган бу махлуқ шунчаки таслим бўлиши мумкин эмасди. Энди мен очликни ҳам ўлимни ҳам унутгандим. Хаёлим фақат махлуққа нима бўлгани билан банд эди. У мени яқинларим, ҳамқишлоқларимдан айирди. Қишлоғимни хароб қилди. Энди унга ҳам, ўзимга ҳам шафқат йўқ. Уни ўзим билан олиб кетаман, вассалом! Хуллас, ғалаба жуда яқиндек туюларди менга... 
Бир куни эрталаб кўчамиздаги шовқиндан уйғониб кетдим. Ташқарига мўраласам, омон қолганлар хурсандчиликдан бемажолгина рақсга тушишяпти. Улар мен ўйлагандан кўра хиёл кўпроқ ҳам эдилар. Аммо этлари устихонларига ёпишиб кетган, қадлари букилиб қолган, рангларида ранг қолмаган эди. Лекин охирги кучларини тўплаб хурсандчилик қилишарди. Аввалига кўзларимга ишонмадим. Туш кўряпманми деб ўйладим. Лекин ҳеч уйғонай демасдим. Кўчага чиқдим. Лекин уларга ўхшаб хурсанд бўлмадим, қайтага қўрқиб кетдим: ташқарида бирорта ҳам тиккайган кўкат қолмаган, уйларнинг ўзигина сўппайиб турарди. На ҳайвон, на дарахт, на қурт-қумурсқа, на бирор қуш кўринарди атрофда. Фақат бизгина махлуқдан омон қолгандик, холос. 
Аммо ҳаётимиз ҳамон таҳлика остида эди. Охирги кучимизни тўплаб,  ҳувиллаган уйлар, далаларни кезиб егулик қидирардик. Махлуқ қиёмати тугаб, очлик қиёмати келгану, бани Одам тарихи қайтадан ёзилиши керакдек. Тарих қайта ёзилишига бизнинг илвираб қолган жонларимизгина тўсиқ бўлиб турарди. Ҳаракатларимиз зое кетди. Ҳаётдан умидимизни уздик. Энди фақат ўлимни кутиш қолганди. Бироқ мен ҳамон махлуқнинг бундай осон жон беришига ишона олмаётгандим...
Кўзларимизда маъно қолмади. Бир-биримизни деярли кўрмасдик. Идрок миямизни деярли тарк этган, фақат очлик ҳиссигина қолган, қорин ташвишигина бизни ўйлантира оларди. Шу онда хаёли жо­йида одам бизга қараса, ҳайвоний истакни илғаган бўларди. Биз бир-биримизга оч назар ташлар, ўзим ҳам кимнидир ғажишни, қорин тўйғизишни истар эдим.
Лекин унгача бормадик. Яқин атрофдан ўта ҳузурбахш мусиқа садолари эшитила бош­лади. У шунчалик ёқимли эдики, очликни-да унутаёздик, танимизга қайта куч кирди. Куй билан бирга турли таомларнинг ёқимли ҳиди димоғимизни қитиқларди. Афтидан, қаердадир базм бўлаётганди. Карнай, сурнай, ноғора, доира, ғижжаку торларнинг садолари ҳалиги ҳидларга омухта бўлиб бизни ўзига оҳанрабодек торта бошлади. Худди ойпарастлардек куй ва ҳидлар сари йўналдик. 
Юра-юра бир ҳашаматли саройга бориб қолдик. Бунақасини умримда кўрмагандим.  Қасрда базм авжига чиққан, раққоса қизлар дейсизми, турли хил ноз-неъматларми, машшоқу созандаларми, ҳаммаси муҳайё эди. Бизни бир катта хонага таклиф қилишди. Бу ерда узун қилиб дастурхон ёзилганди. Бу бошидан у боши кўринмасди. Дастурхоннинг очиқ жойи йўқ, хилма-хил егуликлару мева-чевалар тўлдириб ташланганди. Юмшоққина кўрпачалар устидан жой олган одамлар овқатларни ютоқиб ейишарди. Шерик­ларим ҳам ҳеч ўйлаб ўтирмасдан уларнинг ёнидан жой олиб, ўнг-терсларига қарамай қоринлари нағмасига ўйнай кетишди. Мен ҳам ўтирдим. Ниҳоят очлик барҳам топди, деб қувондим. Эл қатори дас­турхонга қўл чўздим. Таомни энди оғзимга солаётган эдим, остонада ўтирган бир хушбичим йигитга кўзим тушди. Чеҳрасида нимтабассум билан бизга термулиб турарди. Ногоҳон у билан кўзларимиз тўқнашди. Э Худо, унинг кўзлари... Кўзлари... оловланиб турарди. Қўлимдаги овқат тушиб кетди, тарашадек қотиб қолдим, миям жуда тез ишлай бошлади. Билардим, ҳаммаси шу тахлит жўнгина тугаши мумкин эмаслигини. Махлуқ шунча одамни семиртириб, емоқ учун боқиб ётарди. Бу ҳам етмагандек,  уларнинг устидан кулиб ўтирарди. Наҳот сезишмаяпти... Барибир бизни енголмайсан, ўлсак ҳам сенга бўйсунмаймиз, дея қичқирдим бор овозда. Лекин у жим эди. Менга ачингандек қарарди, холос. Қўлингдан ҳеч нарса келмайди, ҳаммаси тамом, мен ғолибман, сизларни тиз чўктирдим, деган маънони уқиб олса бўларди нигоҳларидан.. 
Кўп ўтмай махлуқ асл қиёфасига кирди. У энди пайдо бўлган пайтидагидан ҳам анча баҳайбат кўринарди. Одамлар эса ўз оёқлари билан унинг тубсиз ғорни эслатувчи оғзига қараб йўл олишганди. Кўзлари ҳам махлуқникидек оловланиб кетган, худди унингсиз яшай олмайдигандек тоқатсизланиб, шошганча,  бир-бирларига урилиб-сурилиб ғор оғзига интилишарди. Ҳа, кечагина махлуқдан қочиб юрган одамлар эди улар.
«Ҳой биродарлар, қаёққа кетяпсиз, ном нишонсиз йўқ бўлиб кетасиз. Ахир шу эмасми бизни яқинларимиздан жудо қилган, шу эмасми, қанча азобларга солган! Ўз оёғингиз билан ўлимга бор­япсизми», дея бақиришга ҳаракат қилардим-у, овозим чиқмас, бўғзимдан қандайдир ҳирқираш, калта йўтал чиқарди, холос. Шунчаки таслим бўла олмасдим. Аламимдан биттасининг белидан маҳкам қучоқлаб олдим. У аввалига ҳеч нарсани сезмади, кейин қўлимдан чиқиб кетиш учун юлқина бошлади. Лекин мен қўлимни бўшатмадим, бундай қила олмасдим. Унга бор кучим билан чирмовиқдек ёпишиб олгандим. Биқинимга тирсаги билан қаттиқ турта бошлади. Негадир оғриқни сезмай, қитиғим келарди. «Ўлдирсанг ҳам қўйвормайман тушундингми, қўйвормайман, йўўўўқ!..»
Кўзим очилиб кетди. Қаттиқ бақириб ётган эканман, чоғи, тепамда онам турарди. Кўринишлари ташвишли. «Ҳа болам, сенга нима бўлди, айтувдим-а, ярим кечагача теливизор кўрма деб. Шу кетишинг бўлса, тентак бўлиб қоласан, кўзларингни нурига раҳминг келмайдими?» — дея куюняптилар онам шўрлик. «Чойинг совиб қолади, турақол тезроқ. Кейин бозоргаям бориб келишинг керак...»
Демак, буларнинг ҳаммаси тушим экан-да, наҳотки шунча воқеаларни бир тушга сиғдириб бўлса, ахир қанча азобларни бошимдан ўтказдим. Нега ўшандай мушкул пайтларда уйғониб кетмадим, шунақаям бўладими?.. Ўйлаган сари бошим оғрий бошлади, нима бўлганда ҳам кўрган даҳшатларим ўнгим эмас экан-ку, шунисига ҳам шукр. 
Бозор айланяпману, хаёлим паришон: ўша оловранг қорачиқсиз кўзлар ҳамон хаёлимдан кетмайди. Лекин нима бўлганда ҳам у махлуқдан қутилдим-ку, деб ўзимни овитган бўламан. Бу ерда биров билан бировнинг иши йўқ, ҳамма ўзи билан овора. Сотувчилар иложи борича қимматроққа сотсам, дея умрида кўрмаган кишисини тоғажон, аммажон, амакижон, акажонлаб  ҳалак. Харидорлар эса арзонроқ олай дея сотувчини авраш билан банд. Бозор шовури билан тушим ҳам эсимдан чиқди-кетди. Олиб чиққан пулимни қандай қилиб сарфлаганимни билмай ҳам қолдим. Чунки табиатан бироз ҳавойироқман. 
Энди кетмоқчи бўлиб турсам, тўсатдан ғала-ғовур бош­ланиб, ҳамма бир жойга қараб югуриб қолса бўладими! Мен ҳам нарсаларимни қўйиб ўша ерга шошганча чопдим. Атрофни одам ўраб олган, нима бўлаётганини кўриб бўлмас, аммо жуда қизиқ нарса, шекилли, бозорнинг бор одами шу ерда тўпланганди. Ёнимдаги амакидан сўраб билсам, иккита олибсотар ўзаро мижоз талашиб, жиққамушт бўлаётган экан. Қулоғимга баланд овозда айтилаётган ҳақоратли сўзлар эшитила бошлади. Улар бир-биринининг етти авлодини ағдариб сўкар, оғзидан чиқмаган гап қолмаётганди. Маълум бўлишича, доимий мижози бўлган бир чолнинг ўзидан эмас, шеригидан савдо қилаётганини кўрган бир аёл ёнидаги бошқа аёл билан жанжаллашаётган экан. Жанжал тугай демас, қишлоқдошларим уларни ажратиш ўрнига томошага зўр беришарди. Худди шу пайт одамлар орасида яна ўша оловранг, қорачиқсиз кўзларни кўргандек бўлдим. Унга биров эътибор бермас, у эса бундан ҳузурлангандек, одамларнинг олдига тушиб, турли масхараомуз ҳаракатлар қилар ва қотиб-қотиб куларди...
Оёғимдан жоним чиқиб, ўтириб қолдим. Вужудимни титроқ босди. Тушимми ё ўнгим? Агар бу туш бўлса, кўрганим нима? Ўнгим бўлса-я?!!

Ойбек ҲАЙДАРОВ 
2018 йил.




Ўхшаш мақолалар

Тоғдек яхшилик

Тоғдек яхшилик

🕔10:27, 23.10.2020 ✔39

Бир куни кечаси бир одам кучли ёмғирнинг ёғишига зўрға чидаганча, бирор бир машина тўхтаб унга ёрдам беришини илҳақ кутарди. Боиси, унинг машинаси шу ерда бузилиб қолган, нима қилишини билмасди. У сувга бўккач, оқ байроқ ясаб, биров кўрсин учун силкий бошлади.
 

Батафсил
ТУШДАГИ БАХТ

ТУШДАГИ БАХТ

🕔09:20, 28.09.2020 ✔470

(Йиғлоқи синглимнинг орзуси ушалди)

Туш кўряпман, тушимда дадам менинг ёнимда. У мени уйғотди, қўлидаги «Кока-кола»ни тутиб, «қизим, сув ич, сенга олиб келдим» деди. Сапчиб турдим, ўгирилиб қарасам ҳеч ким йўқ. Бехосдан телефонимнинг ёниб-ўчаётганига кўзим тушди (аслида овозсиз қилиб қўйгандим). ​​​​​​​

Батафсил
«КЎЗЛАРИМ  ЙЎЛИНГДА, БОЛАМ...»

«КЎЗЛАРИМ ЙЎЛИНГДА, БОЛАМ...»

🕔09:19, 28.09.2020 ✔482

Онажоним пойтахтни кўрмаганлар. Ҳар гал улар билан телефон орқали гаплашганимда шаҳардаги ўзгаришлар, қурилишлар, азим Тошкентнинг ўзгача тароватини сўзлаб бераман. Қишлоққа борсам, албатта, Қамчиқ довонининг шифобахш, табиий гиёҳлари, тоғ эчкисининг қурутларидан олиб бораман. Кўзларида қувонч ёшлари билан узундан-узун дуо қиладилар.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 29-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 20 19 18
17 16

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тоғдек яхшилик

    Тоғдек яхшилик

    Бир куни кечаси бир одам кучли ёмғирнинг ёғишига зўрға чидаганча, бирор бир машина тўхтаб унга ёрдам беришини илҳақ кутарди. Боиси, унинг машинаси шу ерда бузилиб қолган, нима қилишини билмасди. У сувга бўккач, оқ байроқ ясаб, биров кўрсин учун силкий бошлади.
     

    ✔ 39    🕔 10:27, 23.10.2020
  • ТУШДАГИ БАХТ

    ТУШДАГИ БАХТ

    (Йиғлоқи синглимнинг орзуси ушалди)

    Туш кўряпман, тушимда дадам менинг ёнимда. У мени уйғотди, қўлидаги «Кока-кола»ни тутиб, «қизим, сув ич, сенга олиб келдим» деди. Сапчиб турдим, ўгирилиб қарасам ҳеч ким йўқ. Бехосдан телефонимнинг ёниб-ўчаётганига кўзим тушди (аслида овозсиз қилиб қўйгандим). ​​​​​​​

    ✔ 470    🕔 09:20, 28.09.2020
  • «КЎЗЛАРИМ  ЙЎЛИНГДА, БОЛАМ...»

    «КЎЗЛАРИМ ЙЎЛИНГДА, БОЛАМ...»

    Онажоним пойтахтни кўрмаганлар. Ҳар гал улар билан телефон орқали гаплашганимда шаҳардаги ўзгаришлар, қурилишлар, азим Тошкентнинг ўзгача тароватини сўзлаб бераман. Қишлоққа борсам, албатта, Қамчиқ довонининг шифобахш, табиий гиёҳлари, тоғ эчкисининг қурутларидан олиб бораман. Кўзларида қувонч ёшлари билан узундан-узун дуо қиладилар.

    ✔ 482    🕔 09:19, 28.09.2020
  • СТАТУСИНГИЗДА  ВИЖДОНИНГИЗ КЎРИНАДИ

    СТАТУСИНГИЗДА ВИЖДОНИНГИЗ КЎРИНАДИ

    Интернетда бугун йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Айниқса ижтимоий тармоқларда ҳар ким ўз профилида фикрини ёзиш, расм, видео жойлаш учун кенг майдон ажратилган. «Фикр билдириш», «Дўстлар билан бўлишиш», «Ўз профилида бўлишиш» ҳам бор бунинг устига. Хуллас, мулоқот доираси ҳам, янги-янги дўстлар билан танишув имконияти ҳам кенг.

    ✔ 461    🕔 09:19, 28.09.2020
  • МАХЛУҚ

    МАХЛУҚ

    Махлуқ бақалоқ ўртоғимизни бутунича ютиб юборди. Жағлари қимирлаганини сезмадик ҳам. Бир луқмада ишини ҳал қилди-қўйди. Бечорани шундай оёғидан кўтарди-да, ғордек очилган оғзига ташлаб юборди. Гўё қудуққа тушгандек, бақирганча тубсизлик қаърига равона бўлди шўрлик ўртоғимиз.
     

    ✔ 587    🕔 13:02, 28.08.2020
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар